Линклар

Жиззахда газ баллонли машина портлашидан бир одам ҳалок бўлди


Жиззахдаги "Чуқур" шохобчасининг портлашдан кейинги манзараси

Жиззах вилоят прокуратураси Жиззах шаҳрида метан газ баллони ўрнатилган машинанинг портлаши билан боғлиқ ҳодисани ўрганмоқда. 30 июн куни эрталаб Жиззах шаҳри марказидаги “Чуқур” деб номланган автомобилга ёқилғи қуйиш шохобчасида Нексия автомобилига ўрнатилган метан газ баллони портлаши оқибатида бир одам ҳалок бўлди, тўрт одам жароҳатланди.

Воқеа гувоҳларининг Озодликка айтишларича, портлаш натижасида Нексия бўлакларга ажралиб кетган.

Жиззахдаги "Чуқур" шохобчасининг портлашдан кейинги манзараси.
Жиззахдаги "Чуқур" шохобчасининг портлашдан кейинги манзараси.

Жиззах шаҳар Ички ишлар бўлимининг ўз исмини айтмаган ходими газ баллонли Нексия машинаси портлашидан бир одам ҳалок бўлгани, икки одам ўта оғир аҳволда ва яна икки одам енгил жароҳат билан касалхонага олиб кетилганини тасдиқлади.

Портлаш сабабларини вилоят прокуратураси тергов қилмоқда.

- Нексия машинасининг портлашига уни орқасидаги баллондан газ утечкаси сабаб бўлганми ёки газ тўлдириш жараёнидаги утечка сабаб портлаш бўлганми, буни терговчилар ўрганяпти,- деди ИИБ мулозими.

Озодлик машина портлаши оқибатида ҳалок бўлган одам шу АЁҚШда машиналарга газ тўлдирувчи бўлиб ишлаган 24 ёшли Комил Тошпўлатов эканини аниқлади.

Марҳумнинг қайнонаси Гулнора опа Озодлик билан суҳбатда куёвининг жасади майда бўлакларга бўлиниб кетганини айтди.

- Шундай портлаш бўлганки, жасад парча-парча бўлиб кетган, ювишга ярамади, куёвимни юзини ҳам кўролмадик. Оққа ўраб олиб келишди, ювмасдан кўмдик. Қизим шокда, олти ой ҳали бўлмаганди турмуш қурганига, - дейди Гулнора опа.

Ҳозирда марҳумнинг яқинлари вилоят ҳуқуқ-тартибот идораларидан портлаш сабабларини обдон тергов қилиб, айбдорларни жазолашни талаб қилмоқда.

Жиззахдаги "Чуқур" шохобчасининг портлашдан кейинги манзараси.
Жиззахдаги "Чуқур" шохобчасининг портлашдан кейинги манзараси.

Ўзбекистонда бензин танқис ва қимматлиги боис кўпгина енгил машиналар, шунингдек, автобус ва юк машиналари газ билан юришга ўтиб олган.

Бензиннинг аҳоли даромадиган нисбатан қимматлиги сабабли кўпчилик автомобилларига газ баллон ўрнатишни афзал билади.

Аммо, Ўзбекистонда баллонли машиналар авария пайти портлаб кетиши билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар кўп бўлган.

- Ўзбекистонда ҳайдовчилар машинасини орқасида бомба олиб юрада, дейишади. Аслида бу ҳақиқат. Лекин бензин қиммат бўлса ҳайдовчи нима қилсин. Газ баллонда юриш икки баравар арзонга тушяпти-да, - дейди жиззахлик ҳайдовчи.

Газ баллони портлаши билан боғлиқ энг даҳшатли ҳодиса икки йил аввал Тошкент шаҳрининг Қўйлиқ бозори яқинида рўй берганди.

Ўшанда ҳам Нексияга ўрнатилган газ баллони портлаган ва машинадаги тўрт киши ҳалок бўлган эди.

Бундай ҳодисаларнинг келгусида олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги расмийлари барча ҳайдовчиларга ўз автомобилларининг ҳолатини, хусусан, ўрнатилган газ баллонларини тез-тез текшириб боришни тавсия қилади.

XS
SM
MD
LG