Линклар

Шошилинч хабар
05 май 2024, Тошкент вақти: 02:20

Россия экзотик ҳайвонларнинг Ўзбекистондан киритилишига чеклов киритди


2017.22.04да Домодедово аэропортида Ўзбекистондан келтирилган 35 макака ушланган
2017.22.04да Домодедово аэропортида Ўзбекистондан келтирилган 35 макака ушланган

Россельхознадзор Ўзбекистон Ветеринария хизматини ноёб ҳайвон ва қушларни ноқонуний савдо қилаётганликда айблаб, Ўзбекистондан келтирилаётган экзотик ҳайвон ва паррандаларга чеклов қўйди.

2017 йилнинг 7 июлидан Россия Ветеринария ва фитосанитария назорати федерал хизмати (Россельхознадзор) Ўзбекистондан қилинаётган экзотик жониворлар экспортига чеклов қўйганини расман эълон қилди.

Идора расмий сайтида ФС-КС-7/13752 сонли қарорда “Ўзбекистон Республикасидан Россия Федерациясига ноқонуний тарзда олиб кирилаётган экзотик ҳайвонларга махсус кўрсатма келгунга қадар вақтинчалик чеклов киритилаётгани” хабар қилинди.

Россельхознадзорнинг ФС-КС-7/13752 сонли қарори
Россельхознадзорнинг ФС-КС-7/13752 сонли қарори

Россельхознадзорнинг Оренбург вилояти бўйича бошқармасида Озодлик сўровига жавобан ушбу кўрсатма Россельхознадзор махсус делегациясининг Ўзбекистонга қилган ташрифидан кейин қабул қилинганини билдиришди:

- Ҳа, экзотик ҳайвонлар ва паррандаларга 7 июлдан чеклов киритилди. ФС-КС-7/13752 сонли қарор бевосита Ўзбекистондан ноқонуний тарзда киритилаётган деб топилган жониворларга тегишлидир. Бу ҳужжатда тадбиркорлик бўлмаган мақсадларда киритилаётган ҳайвонлар ва қушлар чеклов остига тушмагани белгиланган. Яъни, масалан бу ҳайвон ўзингиз билан ҳамроҳликда тегишли ҳужжатлар билан олиб кирилаётган бўлса рухсат этилади. Бу чеклов сабаби – Ўзбекистонда кўрсатилган экзотик жониворлар ноқонуний тарзда олиб кирилаётгани аниқланди. Ўзбекистон ноёб ҳайвонлар экспортини қонуний тарзда расмийлаштирмагунга қадар чеклов олиб ташланмайди. Ҳар қандай бошқа усуллар билан Ўзбекистондан уларни олиб киришга уриниш қонун томонидан жазоланади, деди Россельхознадзор бошқармаси вакиласи Марина Алексеева.

Идора расмийси Ўзбекистонга бориб қайтган Россельхознадзор экспертлари Ўзбекистондан келтирилаётган приматлар ва экзотик қушлар ноқонуний тарзда легаллаштирилаётгани, зеро Ўзбекистонда бу каби жониворларни парвариш қилиш питомниклари мавжуд эмаслигини аниқлаганини билдирди:

Эҳтимолдан ҳоли эмаски, ўзбек ветеринария хизмати бу ҳайвонларга ҳужжатларни расмийлаштириб, Жануби-Шарқий Осиёда етиштирилган примат ва экзотик паррандаларни легаллаштиришга уринган”, дейилади Россия Ветеринария ва фитосанитария назорати хизмати расмий сайтида.

Россияда текширувдан ўтказилган бир нечта партия экзотик ҳайвонлар, Ўзбекистонда берилган ҳужжатларга мувофиқ, одам ва жониворлар учун хавфли бўлган бир қанча касалликларга текширувдан ўтказилган. Аммо лаборатория мутахассислари Ўзбекистонда бундай таҳлилларни олиб бора оладиган лабораториялар йўқлигини аниқлагани айтилди. Шунингдек, Россельхознадзор экспертлари қушларнинг карантин ва вакцинация муддатларида белгиланган саналар тўғри келмаётганини пайқаб қолган.

Россельхознадзор юқорида кўрсатилган фактлар асосида йиғилган материалларни Россия Бош прокуратурасига юборишини маълум қилмоқда. Россия ветеринария ва фитосанитария бош хизмати Россияга экзотик қуш ва ҳайвонларни жўнатаётган бошқа мамлакатларни, жумладан, Арманистон ва Вьетнамдаги питомникларни ҳам текширувдан ўтказишини эълон қилди.

Ўзбекистон Давлат ветеринария қўмитаси: Бизга расман билдирилмади

Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитасида Озодликка бу масаладан хабардор эканликлари, аммо ҳозирча Россиядан бу масалада бирор расмий билдиришнома юборилмаганини маълум қилишди.

- Россельхознадзор расмий сайтида бу маълумот келтирилган, аммо бизга расмий бирор хат келгани йўқ. Интернет, бошқа жойларда ёзилаяпти, лекин бизга келмаган. Бизга Россиядан Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги орқали официал хат келади, шундан кейин Ўзбекистон бирор хулоса қилиб, маълумот чиқариши мумкин, деди исмини ошқор қилмасликни сўраган Ўзбекистон Республикаси ветеринария қўмитаси расмийси.

Идора расмий сайтида Россиянинг бу чекловлари тўғрисида дарҳақиқат бирор маълумот келтирилмаганини кўриш мумкин.

Ўзбекистон Табиатни мухофаза қилиш давлат қўмитаси келтираётган маълумотга кўра, бугунга келиб мамлакатда экзотик ҳайвонларни парвариш қилиш бўйича 22 питомник, ёввойи ҳайвонларни етиштирувчи 19 питомник, 13 зоопарк ва битта кўчма зоопарк мавжуд.

Озодлик айниқса Россия ва Қозоғистон чегарачилари ва божхона хизмати ходимлари томонидан Ўзбекистондан келтирилаётган экзотик ҳайвонларнинг тўхтатиб қолинаётгани тўғрисида кўп маротаба хабар берган.

Хусусан, Ўзбекистондан олиб кирилаётган ноёб жониворлар қаторида тошбақа, қисқичбақа, тўтиқушлар ва бошқа сайроқи қушлар, маймунларнинг бир қанча тури , илонлар, декоратив итлар ва бошқаларни учратиш мумкин.

Россия Бош прокуратураси охирги йилларда Россияда Интернет тармоғи орқали “Қизил Китобга” киритилган ва йўқолиш арафасида турган ҳайвонот олами намояндалари сотувга қўйилаётганидан хавотир билдирганди.

Россия Табиий заҳиралар ва экология вазирлиги келтирган рақамларга биноан, ноёб ҳайвонлар ноқонуний йиллик обороти 10 млрд. рублдан (~166 млн. АҚШ долл.) ошади.

XS
SM
MD
LG