Линклар

Жиззах ва Самарқанддан Тошкентга келиб-кетувчиларнинг йўли 24 километрга қисқарди


Ўзбекистон – Қозоғистон давлат чегарасида “Оқ олтин – Целинний” ва “Малик – Сирдарё” ўтказиш пунктларининг расмий очилиш тантанаси 11 июлда ўтказилди. Мазкур чегара пунктлари орқали Тошкент-Термиз йўналишидаги М-39 трассаси ўтган. Тантана Жанубий Қозоғистон вилояти расмийлари томонидан уюштирилган.

Чегара пунктлари ва М-39 йўлнинг очилиш тадбирида Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳукумати вакиллари ҳамда жамоатчилик иштирок этди.

Трассанинг қайта очилиши Жиззах, Самарқанд томондан Тошкентга келувчилар ва кетувчиларнинг йўлини қисқартириши айтилмоқда.

Ўзбекистон – Қозоғистон давлат чегарасида “Оқ олтин – Целинний” ва “Малик – Сирдарё” ўтказиш пунктларининг очилиши ортидан ўзбекистонликларга М39 йўлининг Қозоғистон ҳудудидан ўтувчи қисмидан фойдаланишга имконият яратилди.

Шу пайтгача ҳайдовчилар 17-пост деб аталувчи йўл-патрул хизмати масканидан Чиноз йўл-патрул хизмати масканигача Сирдарё вилояти ҳудудида 70 километрга яқин йўл босишар эди. Тўғри йўл очилиши билан ушбу масофа 46 километрни ташкил этади.

Трассанинг қайта очилиши Жиззах, Самарқанд томондан Тошкентга келувчилар ва кетувчиларнинг йўли 24 километрга қисқарганини англатади.

Олдинроқ берилган хабарларга қараганда, Ўзбекистон-Қозоғистон давлатлар чегараларининг қайта очилган ўтказиш пунктларида кесиб ўтишда енгиллаштирилган паспорт назорати йўлга қўйилади ва кириш чиқиш штамплари босилмайди.

Жанубий Қозоғистон вилояти ҳокимлиги матбуот хизматининг билдиришича, “Малик – Сирдарё” чегара пунктнинг очилиши бу ердан бир кунда 200 автомобиль ва 5 минг одам ўтишини таъминлайди.

Жанубий Қозоғистон вилоятининг ҳокими Жансеит Туймебаев тантанада: "2006 йили ёпилган йўлнинг қайта очилиши икки давлат президентлари келишувининг натижаси бўлди", - деб билдирган.

Дастлаб, мазкур чегара пунктлари ва М-39 трассасининг очилиши тўғрисида 13 февраль куни Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Ерик Утембаев маълум қилган эди. Утембаев мазкур йўл февраль ойи охиригача очилишига умид билдирган.

Бироқ кейинроқ бу йўл ва чегара пунктлари 15 майда очилиши эълон қилинди. Ушбу иккита чегара пунктини очиш бўйича президент Мирзиёев 26 апрель куни махсус қарорни имзолаган.

Тошкентдан Самарқандгача бўлган йўлни 24 километрга қисқартирувчи М-39 йўли Қозоғистоннинг Мақтаарал тумани ҳудудидан ўтади.

Бу пунктлардан юк ташувчи автомобиллар ва тижорат товарларини ортган машиналар ўтиши тақиқланган.

XS
SM
MD
LG