Линклар

Ўзбекистонда хорижга чиқиш учун махсус паспорт жорий қилинади


Эндиликда чет элга чиқмоқчи бўлган Ўзбекистон ватандошлари махсус паспорт олишлари шарт бўлади. Президент қарорига кўра, бир ой ичида чет элга чиқиш паспортини жорий этиш учун таклифлар ишлаб чиқилади. Ҳозирча янги тартиб қачондан йўлга қўйилиши маълум эмас.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги,, Миллий хавфсизлик қўмитаси ва Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш марказига бир ой ичида чет элга чиқиш паспорти жорий этиш учун аниқ таклифлар ишлаб чиқиш топширилди.

Бу ҳақда президент Мирзиёевнинг 12 июль кунги махсус қарорида қайд қилинган.

"Бир ой муддат ичида хорижга чиқиш паспортини жорий этишнинг аниқ босқичлари, муддатлари, техник шартлари ва молиявий харажатлари борасидаги таклифлар киритилсин», дейилади ҳужжатда.

Молия вазирлигига қарорда белгиланган вазифаларни амалга ошириш учун зарур маблағ ажратиш вазифаси топширилган.

Президент қарорида хорижга чиқиш учун рухсатнома - "чиқиш визаси" (ОВИР)нинг тақдири борасида бирор маълумот берилмаган.

Ўзбекистон ҳукумати жорий йил январида “чиқиш визасини” бекор қилиш режасини эълон қилганди.

Лойиҳага кўра, ички ва хорижга чиқиш паспортларини бериш тартибини жорий қилган ҳолда хорижга чиқиш учун рухсатнома (стикер) расмийлаштириш тартибини бекор қилиш кўзда тутилган.

Мутасадди органлар жорий йилнинг учинчи чорагигача мазкур масала юзасидан таклиф киритиши керак.

8 июль куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигида ўтган йиғилишда ҳам "чиқиш визаси"ни бекор қилиш масаласи муҳокама қилинди.

“Ўзбекистон фуқароларининг чиқиш визаларини олиш билан боғлиқ кўп сонли муаммолари борасида турли вариантлар, хатто уларни тўлиқ бекор қилиниш ҳақида мулоҳазалар билдирилди”, дея хабар қилинди Ташқи ишлар вазирлиги расмий сайтида.

Вазирлик хабарига кўра, Абдулазиз Комилов билан ўтган тўғридан-тўғри мулоқот пайти мурожаат қилганларнинг 9,5% "чиқиш визаси" билан боғлиқ муаммоларни кўтарган.

Ўзбекистон ўз фуқаролари учун “чиқиш визаси” аталмиш рухсат бериш тизими сақланиб қолган саноқли мамлакатдан биридир.

XS
SM
MD
LG