Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2019, Тошкент вақти: 04:51

Халқаро хабарлар

Австралия Россияни МН-17 ҳалокати терговида ҳамкорлик қилишга чақирди

Австралия Россия томонини Малайзия ҳаво компаниясига тегишли Боинг-777 учоғининг 2014 йилдаги ҳалокатига алоқадорликда гумон қилинаётганлар терговида ҳамкорлик қилишга чақирди.

Самолёт Шарқий Украина ҳудудида қулаб тушган эди. Ўшанда уннинг бортидаги 298 кишининг ҳаммаси нобуд бўлган.

Австралия Ташқи ишлар вазири Жулия Бишоп Россияни БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 2166-резолюциясини бажаришга чақирди.

Нидерлания терговчилари 2015 йилда бу самолёт Россияга қарашли "Бук" русумидаги ракета билан уриб туширилган, деган хулосани эълон қилган. Бундай ракета шу ҳудудда қолаётган россияпараст сепаратчиларда борлиги аниқланган.

Ўтган ойда эса нидерландиялик терговчилар бу жиноятга алоқадорликда гумон қилинаётганлар тез орада судга тортилишини билдирди, аммо уларнинг шахсига оид маълумотларни ошкор қилмади.

Россия эса бу ҳалокатга алоқадорлигига оид ҳар қандай айбловларни инкор этиб келади.

Кун янгиликлари

Қирғизистон президенти офиси Жээнбековнинг “Азаттиқ” радиоси суриштируви фигурантига алоқасини рад этди

Қирғизистон президенти матбуот котиби Толгонай Стамалиева.

Қирғизистон президенти маъмурияти президент Сўўрўнбай Жээнбековнинг “Азаттиқ” радиоси (Озод Европа/Озодлик радиоси қирғиз хизмати) етакчилигидаги журналистик суриштирув марказидаги шахс билан тижорий алоқада бўлмаганини билдирди.

Айни дамда Қирғизистонда “Азаттиқ” радиоси Коррупция ва уюшган жиноятчиликни тадқиқ қилиш маркази (OCCRP) ва Kloop.kg сайти билан ҳамкорликда Қирғизистон божхона хизматидаги йирик кўламли коррупция ҳамда мамлакатдан олиб чиқилган бир неча юз миллион доллар маблағлар тўғрисида ўтказган суриштирув қизғин муҳокама қилинмоқда.

22 ноябрь куни президент матбуот котиби Толгонай Стамалиева Жээнбеков президент этиб сайланишидан олдин “Азаттиқ” радиоси суриштируви марказидаги шахслардан бири Ҳабибулло Абдуқодир билан учрашганини, аммо у булан ҳамкорликда бизнес қилмаганини таъкидлади.

Қирғизистон Бош прокуратураси эса Туркияда ўлдирилган хитойлик тадбиркор Айэркен Саймаитига ўлимидан олдин қилинган таҳдидлар бўйича иш қўзғатилганини маълум қилди. “Азаттиқ” радиоси суриштируви фигурантларидан бири – келиб чиқиши уйғур бўлмиш хитойлик бизнесмен Айэркен Саймаити 10 ноябрь куни Истанбулда ўлдирилган эди. Саймаитига қарши таҳдидлар журналистик суриштирув давомида ошкор бўлган.

Қўшма суриштирув давомида 37 ёшда бўлган Саймаити мухбирларга Абдуқодир етакчилигидаги тармоқ орқали Қирғизистондан бир неча юз миллион доллар пул олиб чиқиб кетилганини кўрсатувчи ҳужжатларни тақдим этгани маълум бўлди. Хабарларга кўра, Абдуқодир Хитойнинг Синьцзян-Уйғур мухтор районида туғилган этник уйғур бўлиб, Россия паспортига эга.

АҚШ Туркия ва Мисрни Россиядан мудофаа тизимларини харид қилаётгани учун танқид қилди

Россияда ишлаб чиқарилган “С-400“ ер-ҳаво мудофаа тизими.

АҚШ Давлат департаментининг юқори лавозимли расмийси Россиядан ҳарбий техника сотиб олиш тўғрисида келишим имзолаган Туркия ва Мисрни кескин танқид қилди.

21 ноябрь куни исмини ошкор қилмаслик шарти билан мухбирлар билан суҳбатлашган Давлат департаменти ходими Анқара Вашингтон билан алоқаларини яхшилашни истаса, Россияда ишлаб чиқарилган “С-400“ ер-ҳаво мудофаа тизимларини “йўқ қилиши“ кераклиги таъкидлади.

НАТО аъзоси бўлмиш Туркияга “C-400“ тизимини етказиб беришнинг биринчи босқичи июль ойида якунланди. Натижада Қўшма Штатлар Анқарага F-35 қирувчи учоқларини етказиб беришни тўхтатди.

АҚШ ҳамда НАТО расмийлари “С-400“ мажмуаси радарлари F-35 учоқлари дастурига таҳдид солишини айтиб, хавотир билдириб келади. Қолаверса, уларнинг сўзларига кўра, “С-400“ тизимлари F-34 учоқлари билан ёнма-ён қўлланилса, Россия АҚШ ҳарбий учоғи ҳақида тўлиқ маълумотни қўлга киритиши мумкин.

Вашингтон Туркияни “С-400“ тизимларидан воз кечиб, АҚШда ишлаб чиқарилганидан Patriot тизимларини сотиб олишга ундамоқда. Аммо президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон АҚШ талабларини бажармай келади.

АҚШ давлат котиби эронликларни намойиш давомида олинган видеолар ва суратларни эълон қилишга чақирди

АҚШ давлат котиби Майк Помпео.

Эронда Интернет алоқаси тиклана бошлар экан, АҚШ давлат котиби Майк Помпео эронликларни намойишчиларни тарқатишда қўлланган кескин чоралар акс этган видео, сурат ва бошқа маълумотларни АҚШга юборишга чақирди.

Хабарларга кўра, Эрон расмийлари мамлакат бўйлаб Интернет алоқасини аста-секин тиклай бошлаган.

21 ноябрь куни Помпео Twitterда “АҚШ қонунбузарликларни фош қилиб, айбдорларга қарши санкция жорий қилади“, деб ёзди.

Эрон матбуоти мамлакатнинг айрим қисмларида Интернет алоқаси тикланганини хабар қилди. Кузатувчиларга кўра, Эронда Интернетга кириш одатий кўрсаткичнинг 15 фоизини ташкил қилмоқда.

15 ноябрда Эрон расмийлари бензин сотиб олишни чеклаш ва бензин учун ажратилаётган субсидия миқдорини камайтириш қарорини эълон қилиши ортидан мамлакат бўйлаб норозилик намойишлари бошланиб кетган эди.

Мамлакатда Интернет деярли ўчириб қўйилгани сабабли 100 га яқин шаҳарга тарқалган норозилик намойишлари ҳақида тўлиқ маълумот олишнинг иложи бўлмади.

Эрон полицияси намойишчиларга қарши аёвсиз куч қўллаганини халқаро ҳамжамият кескин танқид қилмоқда.

Гарчи Эрон амалдорлари намойишларда фақат 12 намойишчи ва хавфсизлик хизмати ходими ўлганини айтаётган бўлса-да, Amnesty International 19 ноябрда ишончли хабарларга таяниб, 21 шаҳарда камида 106 нафар намойишчи ҳалок бўлгани ҳақида баёнот берди

"Азаттиқ" радиоси суриштируви ортидан депутатлар ҳукумат истеъфосини талаб қила бошлади

Қирғизистон парламенти - Жўғўрқу Кенеш депутати Дастан Бекешев.

Қирғизистон парламенти - Жўғўрқу Кенеш депутати Дастан Бекешев "Азаттиқ" радиосининг (Озод Европа/Озодлик радиоси қирғиз хизмати) божхонадаги коррупция тўғрисидаги журналистик суриштируви ортидан парламент ҳукуматни истеъфога чиқариши керак деган фикрни илгари сурди.

«Биринчидан, журналистларнинг хавфсизлигини таъминлаш керак. Бу жиддий суриштирув. Иккинчидан, Бош прокуратура, финполиция, Финразведка, МХДҚ ва Божхона хизмати раҳбарларини истеъфога чиқариш керак. Уларнинг ўрнига жамият ишонадиган инсонларни қўйиш керак. Ҳамда биз янги раҳбарлардан суриштирувлар диққат билан олиб борилишини талаб қилишимиз керак. Жиноят иши очиш, тергов олиб бориш ва айбдорларни судлаш керак. Биз, депутатлар ҳукуматни истеъфога чиқаришимиз керак. Ҳукуматга ишонч қолмади», -деди Бекешев.

Ўз сайтида депутат баёнот берар экан, мамлакат «контрабандистлар, коррупционерлар, Уюшган жиноий гуруҳлар ва пул ювувчилар» қўлида эканлигини таъкидлади. У фуқароларга мурожаат қилиб четда турмасликни, журналистик суриштирувни #япротивматрстана хаштеги орқали ўртоқлашишни таклиф қилди.

Ўз навбатида парламентдаги «Ата Мекен» фракцияси раҳбари Алмамбет Шикмаматов, коррупция тўғрисидаги журналистик суриштирув ҳуқуқ-тартибот идораларига текшириш ўтказиш имконини беришини маълум қилди.

У «Азаттиқ» билан суҳбатда суриштирувга президент Сўўрўнбай Жээнбеков ҳам эътибор қаратиши кераклигини таъкидлади. «Президент Хавфсизлик Кенгаши раисидир. Коррупцияга қарши кураш бошида турган инсон сифатида у бу суриштирувга муносабат билдириши керак. Агар муносабат билдирмайдиган бўлса, у ҳолда ҳукуматнинг ўзи коррупция ботқоғига ботганидан далолатдир», -деди депутат.

Унинг қўшимча қилишича, хитойлик тадбиркор Айэркен Саймаитининг ўлдирилишини тергов қилиш мақсадида яқинда ташкил этилган парламент комиссияси ўз таркибидан ҚСДП фракцияси аъзоси Искендер Матраимовни чиқариши керак.

Шикмаматовнинг «Азаттиқ» радиосига айтишича, Матраимовнинг комиссия таркибида бўлиши жамоатчилик томонидан ишончсизликни келтириб чиқариши мумкин. «Матраимов комиссия таркибидан чиқиши керак. Чунки жамоатчилик комиссия терговига ишонмаслиги мумкин. Биз бу масалани кўтариб чиқамиз ва Матраимовни комиссия таркибидан чиқаришни талаб қиламиз», -деди Шикмаматов.

«Азаттиқ» радиоси коррупция ва уюшган жиноятчиликни тадқиқ қилиш Маркази (OCCRP) ва Kloop.kg сайти билан ҳамкорликда ўз суриштирувларининг иккинчи қисмини чиқарди, унда Қирғизистондан камида 700 млн доллар олиб чиқиб кетилгани таъкидланади. 10 ноябрь куни Истанбулда журналистик суриштирув фигурантларидан бири – келиб чиқиши уйғур бўлмиш хитойлик бизнесмен Айэркен Саймаити ўлдирилди. У журналистларга фирибгарликка Давлат божхона хизмати раҳбарининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимовнинг оиласи аралашиб қолганини айтган эди.

Тожикистонда одамларни Чехияга ишга юборишни ваъда қилиб алдаган тадбиркорлар қамалди

Чехиянинг "Шкода" автомобиль заводи.

Душанбе суди одамларни Чехияга ишлашга юборишга ваъда бериб, кейин алдаб кетган икки тадбиркорга нисбатан ҳукм ўқиди.

Душанбе шаҳар Самоний туман суди Garduna фирмаси раҳбари Бахтивор Арабовни 9 йилга, фирма бош ҳисобчиси Товус Хушкадамовани 6 йилга озодликдан маҳрум қилди. Шунингдек, улар 80 минг доллар жаримага ҳам тортилдилар.

Garduna фирмаси раҳбарлари икки юздан ортиқ тожикистонликдан Чехиядаги автомобиль заводига ишга ўрнаштиришга ваъда бериб 250 минг доллардан кўпроқ миқдорда пул йиғиб олганликда айбдор деб топилди. Фирма раҳбарлари пулни олганларидан сўнг ўз мажбуриятларини бажармаганлар.

Суд Garduna фирмаси директори ўринбосари Тоҳир Рустамов ишини ҳам кўриб чиқиши керак. Хушкадамованинг турмуш ўртоғи бўлган Рустамов Тожикистондан қочиб кетган. Унинг Ўзбекистонда яшириниб юргани иддао қилинмоқда.

Исроил Бош вазири Нетаняҳуга расман коррупция айблови билдирилди

Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳу.

Исроил Бош прокурори Авичай Мандельблит 21 ноябрь куни Бош вазир Бинямин Нетаняҳуга расман коррупция айбловини билдирди. Бош прокурорга кўра, сўнгги уч йил ичида Нетаняҳу товламачилик, ишончни суиистеъмол қилиш ва пора олиш каби жиноятларни амалга оширган.

Нетаняҳу Бош прокурорнинг бу айбловини “давлат тўнтаришига уриниш” деб атади:

-Бугун кечқурун Бош вазирга ёлғон айбловларни эълон қилиш орқали давлат тўнтаришига уриниш уюштирилганига гувоҳ бўлиб турибмиз,-деди Нетаняҳу.

Қонунчилик бўйича Исроилда жиноят содир этганликда гумонланган давлат амалдорлари истеъфо беришлари лозим. Лекин бу талаб Бош вазирга жорий қилинмайди. Исроилда амалдаги Бош вазирга биринчи марта жиноий айблов билдирилди.

Терговнинг аниқлашаича, Нетаняҳу бадавлат дўстларидан юз минглаб долларлик шампан виноси ва сигаралар олган, икки ҳолатда эса ўзи тўғрисида яхши мақолаларни ёзишлари учун оммавий ахборот воситаларига таъсир кўрсатмоқчи бўлган.

Нетаняҳуга айблов мамлакатда сиёсий кескинлик юзага келган бир пайтда билдирилди. Сентябрда ўтган сайлов натижасида парламентдаги асосий ўринларни эгаллаган Бенни Ганц ва Нетаняҳу партиялари шу кунгача коалицион ҳукуматни туза олмаяпти.

Сербия президенти Россия жосуслар тармоғи мавжудлиги аниқланганини билдирди

Сербия президенти Александр Вучич.

Сербия махсус хизматлари 21 ноябрь куни Россия разведкачилари амалдаги ва собиқ серб ҳарбийларидан иборат жосуслик тармоғини ташкил этганини аниқлади. Бу ҳақда эълон қилган президент Александр Вучич бу воқеа Москва ва Белград алоқаларининг ижобий ривожланишига ҳалақит бера олмаслигини таъкидлади.

17 ноябрь куни YouTube порталида Россиянинг Сербиядаги элчихонаси ҳарбий атташесининг собиқ ёрдамчиси полковник Георгий Клебан акс этган видео тарқатилган эди.

“Россия разведкачисининг Сербиядаги жосус билан учрашуви” деб номланган видеода Клебан бир шахсга катта миқдорда пул бераётгани тасвирланган. Президент Вучич мазкур видео юзасидан хавфсизлик кенгашининг шошилинч йиғилишини ўтказди.

Президентга кўра, пул олган одам серб армиясининг истеъфога чиққан зобитидир ва видеода акс этган учрашув ўтган йилнинг декабрида бўлган.

Вучич серб махсус хизматлари Россиянинг бошқа жосуслари ҳақида ҳам маълумотларга эга эканини маълум қилди. Унга кўра, Клебан яна уч нафар жосус билан ўн марта учрашган ва уч марта уларга пул олиб келган. Бундан ташқари Клебаннинг бошқа 9 жосус билан учрашгани ҳам ҳужжатлаштирилган.

Грузияда полиция билан тўқнашган 10 намойишчи қамалди

Грузия мухолифати мавжуд сайлов тизими ҳукмрон “Грузин орзуси” партиясига ён босишини айтиб келади.

Грузия суди мухолифат намойишида қатнашган 10 шахсни 4 кундан 13 кунгача қамади. Улар полиция ходимларига бўйсунмасликда айбдор деб топилди.

Ҳафта бошида Грузия парламенти олдида бўлиб ўтган намойиш давомида қўлга олинган яна 25 шахс устидан суд ўтказилиши кутилмоқда.

18 ноябрь куни минглаб грузиялик парламент олдида намойишга чиқиб, навбатдан ташқари сайлов ўтказишни талаб қилди.

Намойишларга Грузия парламенти сайлов тизимини ислоҳ қилиш бўйича талабларни кўришдан бош тортгани сабаб бўлди.Тўрт кун давомида бир неча ўн минг одам намойиш ўтказди.

Грузия мухолифати мавжуд сайлов тизими ҳукмрон “Грузин орзуси” партиясига ён босишини айтиб келади. Шу сабаб жорий йилнинг июнь ва июль ойларида минглаб одам сайлов тизимини ўзгартириш талаби билан норозилик намойишига чиққан эди.

“Грузин орзуси” партияси, жумладан, унинг миллиардер асосчиси Бидзина Иванишвили талаб қилинган ислоҳотларни қўллади, аммо 14 ноябрь куни мамлакат парламентида бу ўзгаришлар маъқулланмади.

Зеленский Украина шарқидаги уруш давомида бузилган кўприкни қайта очди

Украина президенти Володимир Зеленский

Украина президенти Володимир Зеленский мамлакат шарқида сўнгги тўрт йил давомида вайрон бўлиб ётган кўприкни қайта очиш маросимида қатнашди.

20 ноябрь куни президент қайта таъмирланган кўприк бир неча кун чекланган режимда, сўнгра аввалги ҳолатидагидек очиқ бўлишини айтди.

Луганск вилоятидаги Станица Луганская шаҳридаги кўприк 2015 йилда россияпараст айирмачилар ва Украина қўшинлари ўртасидаги тўқнашувлар давомида вайрон бўлган эди. Ўшандан бери Северский Донец дарёсининг икки томонидан яшайдиган аҳоли бир-бири билан алоқа қила олмай келаётган эди.

Ўтган ҳафтада айирмачилар ҳамда ҳукумат кучлари Украина шарқида ўз қўшинларини фронт чизиғидан ичкарига олди. Бу ҳолат Украина шарқида тинчлик ўрнатишни муҳокама қилиш учун Россия, Украина, Франция ва Германия ​иштирокида тинчлик саммитига йўл очиб бериши мумкин.

Украина шарқида 2014 йилнинг апрелида бошланган урушда 13 мингдан ошиқ одам ҳалок бўлди. Россия, Украина, Франция ва Германия ўртасидаги навбатдаги тинчлик музокаралари кейинги ойга белгиланган.

Эронда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш фаоллари узоқ муддатга қамалди

Эроннинг экология фаоллари (юқорида чапдан соат мили бўйлаб) Нилуфар Баёний, Ҳуман Жўкор, Амирҳусайн Холиқий, Тоҳир Қодирён, Мурода Таҳбоз ва Сепида Кошоний 6-10 йилга кесилди.

Эрон инқилобий суди маҳаллий атроф-муҳитни муҳофаза қилиш гуруҳининг олти нафар аъзосини жосусликда айбдор деб топиб, 6 йилдан 10 йилгача бўлган муддатга озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳақда уларнинг оила аъзолари ҳамда фаоллар маълум қилди.

22 ой тергов изоляторида ушлаб турилган гуруҳ аъзолари “душман АҚШ ҳукумати билан алоқага чиқишда” айбдор деб топилган. Бу ҳақда 21 ноябрь куни қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган Эронда инсон ҳуқуқлари маркази маълум қилди.

Ташкилоти директори Ҳади Ғаймий:

- Атроф-муҳит ҳимоячиларига нисбатан содир этилган ягона жиноят – уларнинг ноқонуний ҳибсга олингани, узоқ муддат қамоқда сақлангани, уларга кўрсатилган шафқатсиз ва ғайриинсоний муносабат, улар суд процессуал ҳуқуқларидан маҳрум қилингани, уларга қўйилган уйдирма айбловлар ва сохта суддир, - деди.

Эрон матбуоти тарқатган хабарларга кўра, суд тизими матбуот котиби Ғуломҳусайн Исмоилий фаоллар суд қарори устидан шикоят қилишлари мумкинлигини айтган.

Айбдор деб топилганларнинг барчаси Ёввойи табиат жамғармаси форс бўлими аъзоларидир. Ташкилот қизил китобга киритилган ҳайвонларни ҳимоя қилиш ҳамда атроф-муҳитни сақлаш ҳақида тушунтириш ишларини олиб бориш билан шуғулланиб келади.

Қамалган фаоллар уларга қўйилган айбловларни рад этиб келади. Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва олимлар эса Эрон ҳукуматини уларни озодликка чиқаришга чақирмоқда.

Толибон жаҳонда энг кўп одам ўлдирган террор гуруҳи сифатида қайд этилди

Толибон музокарачилари Москвада ўтган тинчлик музокаралари чоғида.

Глобал террорчилик индексида Толибон ҳаракати ўтган йили жаҳонда энг кўп одам ўлимига сабабчи бўлган террор гуруҳи сифатида қайд этилди.

Сиднейдаги Иқтисод ва тинчлик институти томонидан тайёрланадиган мазкур индексда айтилиишча, Толибон томонидан ўлдирилган одамлар сони 2018 йилда аввалги йилдагига қараганда 71 фоизга кўпайган.

Дунёда террор оқибатида ҳалок бўлганларнинг 38 фоизи Толибон ҳиссасига тўғри келади. Толибон бу каби кўрсаткичлар билан “Ислом давлати” гуруҳидан ҳам олдинга ўтиб кетди. “Ислом давлати” гуруҳи тор-мор этилгани ортидан унинг қўлидан ўлганлар сони ўтган йилда 70 фоизга озайган.

Сиднейдаги Иқтисод ва тинчлик институти 2018 йилда террордан ўлган одамлар сони 2018 йилда 15 фоизга озайганини, бу эса 2014 йилга солиштирганда террор қурбонлари сони деярли икки маротаба камайганини билдиришини маълум қилди.

Россия зобити Украина фойдасига жосуслик қилганликда гумонланмоқда

Иллюстратив сурат.

Россиянинг Ростов вилояти Аксай шаҳрида давлатга хиёнатда гумонланган ҳарбий қўлга олинди. Қўлга олиш амалиёти Федерал хавфсизлик хизмати томонидан ўтказилди.

Расмий маълумотда айтилишича, қўлга олинган шахс Украина Мудофаа вазирлиги кўрсатмаси билан Россия армияси тўғрисидаги махфий маълумотларни тўплаганликда гумонланмоқда.

“Очиқ медиа” ташкилотининг билдиришича, Федерал хавфсизлик хизмати 28 ёшли катта лейтенант Руслан Артиковни қўлга олган. У Жанубий ҳарбий округнинг 175-Лунинецко-Пинск бригадасида алоқачи бўлиб хизмат қилган.

Федерал хавфсизлик хизмати ҳозирча қўлга олинган шахс тўғрисидаги маълумотларни ошкор қилмаяпти.

Германияда норозиликларга қарамай Гитлернинг шахсий буюмлари сотилди

Гитлернинг “Майн кампф” китоби.

Германиянинг Мюнхен шаҳрида ички ва ташқи норозиликларга қарамай, нацистлар лидерларининг, жумладан, Адольф Гитлернинг буюмлари ким ошди савдосида сотилди.

Hermann Historica аукцион уйида 20 ноябрда бўлиб ўтган ким ошди савдосида Гитлернинг шляпаси 50 000 еврога сотилди. Гитлернинг “Майн кампф” китобининг Герман Герингга тегишли бўлган нусхаси учун харидор 130 минг евро тўлади.

Бундан ташқари ким ошди савдосида Гитлер ва унинг жазмани Ева Браун, нацистларнинг бошқа лидерлари, жумладан, Генрих Гимлер ва Рудольф Гесга тегишли бўлган кийим-кечаклар ҳам сотилди.

Германия ҳукуматининг семитизмга қарши мухтор вакили Феликс Кляйн ким ошди савдосини танқид қилди.

“Улар ўзларини ҳудди оддий нарсаларни, ҳар доимгидек санъат асарларини сотаётгандек тутишди. Лекин нацистлардан қолган бу нарсалар нацизмга ва унинг доҳийларига сиғиниш рамзига айланиб қолиши мумкин”, деди Феликс Кляйн Funke газетасига берган интервьюсида.

Эрон ҳукумати норозилик намойишларини "душманлар фитнаси" деб атади

Эрондаги намойишлар пайтида юзлаб биноларга ўт қўйилди.

Эрон расмийлари мамлакатдаги норозилик намойишларининг бостирилиши ортидан “душманлар фитнаси амалга ошмай қолгани” тўғрисида баёнот берди.

Президент Ҳасан Руҳоний 20 ноябрда ҳукумат йиғилишида “Биз ғалаба қилдик”, деб айтди. Президент норозиларни “қуролланган анархистлар”, деб атади. Ҳасан Руҳоний намойишлар “Теҳроннинг душманлари Саудия Арабистони, Исроил ва Қўшма Штатлар томонидан уюштирилган эди”, деб эълон қилди.

15 ноябрда Эрон расмийлари бензин сотиб олишни чеклаш ва бензин учун ажратилаётган субсидия миқдорини камайтириш қарорини эълон қилиши ортидан мамлакат бўйлаб норозилик намойишлари бошланиб кетган эди.

Эрон ҳукумати расмий вакили Али Робеий 18 ноябрда мамлакатда «вазият барқарорлашаётгани» тўғрисида баёнот берди.

Amnesty International халқаро ташкилоти 19 ноябрь куни тарқатган баёнотида Эрондаги норозилик намойишларида 21та шаҳарда камида 106 норози ҳалок бўлганини билдирди.

Эрон расмийлари эса намойишларда 12 одам ҳалок бўлгани ва 600 одам ҳибсга олинганини маълум қилган.

АҚШда президент Трампга импичмент доирасидаги тингловлар давом этмоқда

АҚШнинг Европа Иттифоқидаги элчиси Гордон Сондленд.

АҚШнинг олий мартабали дипломати АҚШ конгресси ўтказаётган импичмент тергови доирасидаги тингловда президент Дональд Трамп ўз сиёсий рақиби устидан тергов ўтказишга ваъда берса, Украина раҳбари Володимир Зеленскийни Оқ Уйда қабул қилишга тайёр эканини билдиргани тўғрисида гувоҳлик берди.

АҚШнинг Европа Иттифоқидаги элчиси Гордон Сондленд 20 ноябрда ўтган тингловда бу ҳақда гапирар экан:

-Ўшанда Украинага ҳарбий ёрдамни тўхтатиш тўғрисида АҚШ томонидан ишонарли тушунтириш берилмаётганидан келиб чиқиб, мен бу ёрдам Украина тергов ўтказиш тўғрисида расман эълон қилмагунича берилмаса керак, деган хулосага келган эдим, - деб қўшимча қилди.

Дональд Трампга нисбатан импичмент тергови доирасидаги тинглов 13 ноябрда бошланган.

АҚШ Конгрессининг демократ аъзолари Трампни жорий йилнинг июлида Украина президенти Володимир Зеленский билан телефон мулоқоти давомида уни 2020 йилги президент сайловида асосий рақиби бўлиши кутилаëтган демократ Жо Байден ва унинг ўғлини Украинадаги бизнес фаолияти учун тергов қилишга ундаганликда айбламоқда.

Сербияда Россия фойдасига жосуслик воқеаси юзасидан текширув бошланди

Бош вазир Ана Брнабич.

Сербия ҳукумати Россия фойдасига жосуслик воқеаси юзасидан текширув ишларини бошлади.

Бир неча кун олдин ижтимоий тармоқларда Россия дипломати экани айтилаётган шахс Сербия хавфсизлик хизмати ходими сифатида кўрилаётган шахсга катта миқдорда пул бераётгани тўғрисидаги видео пайдо бўлган эди.

Бош вазир Ана Брнабич 20 ноябрь куни видеода пул бераётган одам Россия ҳарбий разведкаси агенти бўлиши мумкинлиги тўғрисидаги шубҳалар Сербия ҳарбий разведкаси томонидан текширила бошланганини билдирди.

YouTube порталида 17 ноябрда пайдо бўлган мазкур видео “Россия разведкачисининг Сербиядаги жосус билан учрашуви” деб номланган.

Сербия хавфсизлик агентлиги таҳлил маркази раҳбари Реля Жельски «Видеодаги шахснинг Россия разведкачиси эканига шубҳа йўқ», деб айтди. Айни пайтда Жельски видеода юзи яхши кўрсатилмаган шахснинг ким эканини айтишни истамади.

Ниёзов тақиқлаган опера санъати орадан 19 йил ўтиб Туркманистонга қайтди

Туркманистон. Ашхободдаги Маҳтумқули театрида Ружеро Леонкаваллонинг “Паяци” операси қўйилди. 2019, 19 ноябрь.

Туркманистонда деярли 19 йилда илк марта опера асари саҳналаштирилди. Мамлакатнинг биринчи президенти Сапармурод Ниёзов 2001 йилда опера ва балетни туркман менталитетига мос келмайди, деб ман қилган эди.

19 ноябрь куни Ашхободда XIX асрда яшаб, ижод қилган итальян бастакори Ружеро Леонкаваллонинг “Паяци” операси давлат театрида саҳналаштирилди. Опера Туркманистон ва Италия ўртасида маданий алмашиш дастури доирасида намойиш этилди.

Севги ва вафо тўғрисидаги икки қисмли операда Италиядан фақат бир актёр иштирок этди, қолган ролларни туркман арстистлари ўйнади. Уларнинг бири Амангелди Аманов бўлиб, у охирги марта бош қаҳрамон Канио ролини 2001 йилда ижро этган. Ўшандан бери Туркманистонда бирор марта опера асари саҳналаштирилмаган.

Ниёзов вафоти ортидан ҳокимият тепасига келган Гурбангули Бердимуҳамедов 2006 йилда опера ва балетга қўйилган чекловни узайтирган.

Инсон ҳуқуқлари гуруҳлари Туркманистон дунёдаги энг ёпиқ жамиятлардан бири, мамлакат ҳукумати эса жаҳондаги энг репрессив ҳукуматлардан бири эканлигини айтиб келади.

Ҳисобот: Шубҳали пул ўтказишлар ортидан АҚШ йирик швед банкини тафтиш қилмоқда

Швециянинг SVT телеканали АҚШ инспекторлари мамлакатнинг энг йирик банкларидан бирини Россиянинг қурол-аслаҳа ишлаб чиқарувчи “Калашников” ширкатига алоқадор молиявий транзакциялар туфайли тергов қилаётгани ҳақида хабар қилди.

Телеканал хабарига кўра, “Калашников” ширкатининг сармоядорларидан бири, Искандар Маҳмудов исмли олигарх ширкатнинг АҚШда рўйхатдан ўтган “Калашников USA” бўлимига бир миллион евродан ошиқ пул ўтказган бўлиши мумкин.

Маблағ ўтказиш операциясини Swedbank банкининг Эстониядаги бўлими амалга оширган.

Хабарларга кўра, бу операция 2014 йилдан кейин содир бўлган. Ўша йили Россия Қримни аннексия қилиб олиб, Украина шарқида айирмачиларни қўллай бошлагани учун АҚШ Россия ҳукуматига тегишли бир неча ширкатга қарши молиявий санкция жорий қилган.

Эндиликда АҚШ инспекторлари Swedbank амалиётлари санкцияларга зид бўлгани ёки йўқлигини аниқлашга уринмоқда.

Февраль ойида CVT суриштирув журналистлари Swedbankка қарши бошқа пул ювиш айбловлари кўриб чиқилган ҳисоботни эълон қилган эди. Ҳисобот ортидан банк раҳбари ҳамда директорлар кенгаши раиси ва кенгаш аъзолари ишдан ҳайдалган эди.

Исроил Сурияда Эрон ҳарбий объектларига ҳаводан ҳужум қилди

Исроил армиясининг зирҳли машинаси Ғўлон тепаликларида турибди. 2019, 19 ноябрь.

Исроил армияси Ғўлон тепаликларига қилинган ракета ҳужумларига жавобан Сурияда ўнлаб суриялик ва эронлик жангчига зарба берганини маълум қилди.

Исроил армиясининг маълум қилишича, 20 ноябрь куни мамлакат қирувчи учоқлари Эрон инқилобий гвардиясининг Қудс қўшинлари объектларини, жумладан, ердан ҳавога отувчи қуроллар, қурол-аслаҳа омборлари ҳамда ҳарбий базаларни бомбардимон қилган.

Суриядаги урушни кузатиб келган гуруҳнинг маълум қилишича, ҳаво ҳужумлари оқибатида 11 жангчи, жумладан, етти нафар Сурия фуқароси бўлмаган шахс ҳалок бўлган.

Сурия давлат матбуоти аввалроқ Исроил Сурия пойтахти Дамашқ яқинида амалга оширган ҳужумларда икки оддий фуқаро ҳалок бўлганини, бир неча одам жароҳат олганини хабар қилган эди.

Эрон расмийлари ҳали бу хабарларни расман шарҳлагани йўқ. Россия эса Исроил ҳужумларини “нотўғри қадам” дея баҳолади.

Исроил Теҳрон Сурияда ҳарбий амалиётларни амалга оширишига йўл бермаслик учун тез-тез бундай амалиётларни амалга ошириб туради. Эрон ва Россия Суриянинг амалдаги президенти Башар Асадни қўллаб келади. Сурияда 2011 йилда бошланган урушда бугунга қадар ўн минглаб одам ҳалок бўлди.

Лукашенка билан "романтик алоқаси бор"лиги айтиладиган Беларусь гўзали парламентга депутат бўлди

Президент Лукашенка Мария Василевич билан рақс тушмоқда.

Беларусь гўзаллик танлови ғолиби бўлган ва президент Александр Лукашенка билан “романтик алоқаси борлиги” иддао қилинадиган 22 ёшли Мария Василевич мамлакат парламентининг энг ёш депутати бўлди. Бу ҳақда 19 ноябрда The Times нашри хабар берди.

Василевич жорий йилнинг май ойида “Мисс Беларусь” мақомига эга бўлганидан бери 65 ёшли Лукашенка билан жамоатчилик олдида бир неча марта кўриниш берди. Улар биргаликда фестиваллар, хоккей мусобақалари ва 2018 йилда Россияда ўтган футбол бўйича жаҳон чемпионати ўйинларида бирга бўлишган.

The Times нашрининг ёзишича, Лукашенка Василевични медаль билан тақдирлаган ва “Жаҳон гўзали-2018” танловига тайёргарлик кўришига кўмаклашган. Бу танловда Василевич учинчи ўринни эгаллаган.

Беларусь парламентига сайлов 17 ноябрь куни ўтказилган эди. Сайлов натижаларига асосан, парламентдан бирорта мухолифатчи ўрин ололмади. Ғарб давлатлари ва халқаро ташкилотлар мазкур сайловни нодемократик ва нохолис ўтганлигини билдирдилар.

Александр Лукашенка Беларусни 25 йилдан бери бошқариб келади.У 1975 йилда уйланган. Лекин президент бўлганидан бери Лукашенка бирор марта жамоатчилик олдида турмуш ўртоғи билан кўриниш бермаган.

Amnesty International : Эрондаги намойишлар пайтида камида 106 одам ҳалок бўлди

Эрондаги норозилик намойиши иштирокчилари.

Amnesty International халқаро ташкилоти 19 ноябрь куни тарқатган баёнотида Эрондаги норозилик намойишларида 21та шаҳарда камида 106 норози ҳалок бўлганини билдирди.

“Ҳалок бўлганлар сони бундан ҳам кўп бўлиши мумкин. Айрим манбалар камида 200 нафар одам ўлганини айтмоқда”, дейилади баёнотда.

Эрон расмийлари эса намойишларда 12 одам ҳалок бўлгани ва 600 одам ҳибсга олинганини маълум қилган.

15 ноябрда Эрон расмийлари бензин сотиб олишни чеклаш ва бензин учун ажратилаётган субсидия миқдорини камайтириш қарорини эълон қилиши ортидан мамлакат бўйлаб норозилик намойишлари бошланиб кетган эди.

Эрон ҳукумати расмий вакили Али Робеий 18 ноябрда мамлакатда «вазият барқарорлашаётгани» тўғрисида баёнот берди.

Фаластин АҚШни террорчилар ва экстремистларга "эшик очиб бераётганлик"да айблади

Фаластиннинг бош музокарачиси Соиб Эракат.

Фаластиннинг бош музокарачиси Соиб Эракат АҚШ Ғарбий соҳилдаги яҳудий қишлоқлари масаласида ўз позициясини ўзгартирганини қоралади ва Вашингтонни экстремист ва террорчиликка омил яратиб беришда айблади.

-АҚШ яҳудий қишлоқларини қонуний деб тан олиш, Қуддусни Исроил пойтахти деб тан олиш орқали халқаро ҳуқуқ эшигини ёпиб, экстремистлик, террорчилик, зўравонлик, коррупция ва хунрезлик эшигини очмоқда. Одамларда муаммони тинч йўллар билан эмас, зўравонлик билан ҳал этиш ягона йўл, деган тасаввурлар пайдо қилинмоқда,-деди Эрекат.

АҚШ Давлат котиби Майк Помпео 18 ноябрь куни Вашингтон Исроил томонидан босиб олинган Иордан дарёси Ғарбий соҳилида яҳудий қишлоқларининг қурилишини халқаро ҳуқуққа зид кўриниш деб ҳисобламаслиги ҳақида билдирган эди.

Вашингтоннинг бу позицияси БМТ резолюциялари, халқаро ҳамжамият позицияси ва халқаро ҳуқуққа зид келади.

Исроил 1967 йилда олти кунлик уруш натижасида Сурияга тегишли бўлган Ғўлон тепаликлари, Фаластинга қарашли Шарқий Қуддус ҳамда Ғазо минтақасини босиб олган. Исроил кейинчалик Ғазодан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетди, аммо Шарқий Қуддусни аннексия қилиб олди. Ғарбий Соҳилда эса Исроил ҳарбий оккупацияси ҳалигача давом этмоқда.

Аввалроқ Исроил ҳукумати Фаластинга тегишли Ғарбий Соҳилнинг яҳудийлар яшаётган аҳоли пунктларини аннексия қилиб олишини таъкидлаганди.

Афғонистон президенти Нангархорни Толибондан тозалашга ваъда берди

Афғонистон президенти Ашраф Ғани.

Афғонистон президенти Ашраф Ғани 19 ноябрь куни Нангархор вилояти маркази Жалолобод шаҳрида қабилалар бошлиқлари ва оқсақоллари билан учрашар экан, вилоят тез орада Толибондан бутунлай тозаланишига ваъда берди.

“Бир йил аввал ҳеч ким Афғонистон ҳукумати Нангахорда яна ҳукмронлик қилади, деб ўйлаган эмас. Худога шукурки, биз “Ислом давлати” гуруҳини тор-мор этиб, бу ерга қайтдик”, деган президент ўз сўзида давом этар экан:

-“Ислом давлати” гуруҳини бу ерни Толибонга топшириш учун йўқ қилганимиз йўқ. Бизнинг хавфсизлик кучларимиз Нангархорда барқарорликни таъминлайди. Биз хоинлар ва жосусларга бу заминни ишғол қилишлари учун йўл бермаймиз,-деб айтди.

БМТ Теҳронни намойишчиларни ўққа тутишни бас қилишга чақирди

Эрон. Намойишчи ёш оқизувчи газдан ҳимояланиш учун кўзини тўсмоқда. 2019, 16 ноябрь.

БМТ Теҳронни намойишчиларга қарши кескин куч ишлатишни бас қилишга ҳамда мамлакат бўйлаб Интернет алоқасини тиклашга чақирди.

15 ноябрда Эрон расмийлари бензин сотиб олишни чеклаш ва бензин учун ажратилаётган субсидия миқдорини камайтириш қарорини эълон қилиши ортидан мамлакат бўйлаб норозилик намойишлари бошланиб кетган.

Расмий маълумотларга кўра, намойишларда ўндан ошиқ одам ҳалок бўлди.

19 ноябрь куни БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича матбуот котиби Руперт Колвилл Эрон полицияси намойишчиларни ўққа тутаётгани ҳақидаги хабарлар ортидан чуқур хавотир билдирди.

Эрон расмийлари тўқнашувларда 12 намойишчи ҳамда хавфсизлик кучлари ходимлари ҳалок бўлганини, 600 дан ошиқ одам қўлга олинганини маълум қилган.

Колвилл аслида ҳалок бўлганлар сони бундан анча юқори эканлигини кўрсатувчи хабарлар келаётганини айтди.

19 ноябрь куни эрталаб Эрон Адлия вазирлиги вакили мамлакатда “вазият барқарорлашганини” иддао қилди, аммо мамлакат бўйлаб Интернет алоқаси ўчириб қўйилгани учун вазият аслида қандай эканлиги ҳақида тўлиқ маълумот йўқ.

Грузияда полиция билан тўқнашган намойишчилар суди бошланди

Тбилисида парламент биносини ўраб олган норозилар тарқатиш учун ОМОН сув пуркагичларни қўллади. 2019, 18 ноябрь

19 ноябрь куни Грузияда куни кеча мамлакат парламенти олдида бўлиб ўтган намойиш давомида қўлга олинган 37 шахс устидан суд бошланди. Намойишчилар адвокати Георгий Ониянининг айтишича, улар полиция ходимларига бўйсунмасликда ҳамда безориликда айбланмоқда.

18 ноябрь куни Грузия Ички ишлар вазирлиги парламент биноси эшиклари “сунъий тўсиқлардан” тозаланганини маълум қилди. Куни кеча пойтахт Тбилисида норозилар парламент биносини ўраб олган, уларни тарқатиш учун ОМОН сув пуркагичларни қўллаган эди.

Намойишларга Грузия парламенти сайлов тизимини ислоҳ қилиш бўйича янги чораларни кўришдан бош тортгани сабаб бўлди. Тўрт кун давомида бир неча ўн минг одам намойиш ўтказди.

Ички ишлар вазирлиги бугунга келиб парламент ҳеч бир чекловсиз ўз фаолиятини давом эттира олишини билдирди.

18 ноябрь куни полиция намойишчиларни пуркагичлар билан тарқатишга уринар экан, норозилар парламент биноси олдида “Сизлар кетинг! Яшасин, Грузия!” деб ҳайқириб турдилар. Намойишчилар қоронғи тушгунича парламент олдидан кетмади.

Ички ишлар вазирлиги тарқатган маълумотларга кўра, полиция ва намойишчилар ўртасидаги тўқнашувларда камида 6 одам, жумладан, икки нафар полиция ходими жароҳат олган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG