Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:25

Пенс: Вашингтон Болтиқ мамлакатларини қўллаб-қувватлайверади


АҚШ вице-президенти Майк Пенс Вашингтон Болтиқ мамлакатларини қўллаб-қувватлашини яна бир карра таъкидлади ва уларнинг қўшниси Россияни “халқаро чегараларни қайта бичиш” ва “демократик мамлакатларни беқарорлаштириш”га уринаётганликда айблади.

Майк Пенс бу ҳақда 31 июль куни Эстония пойтахти Таллин шаҳрида учта Болтиқ давлати президентлари Керсти Калюлайд, Раймондс Вейонис ва Даля Грибаускайте билан учрашуви вақтида гапирди:

- Биз бу ерда ҳам, бутун дунёда ҳам биргамиз, чунки чорак аср олдин коммунизм қулагандан бери кучли ва бирдам НАТОга ҳар қачонгидан кўра кўпроқ эҳтиёж борлигини кўриб турибмиз. Болтиқ давлатларига ҳеч нарса шарқдаги қўшнингизнинг тажовузкорона хатти-ҳаракатларичалик хавф солаётгани йўқ. Россия ҳар лаҳзада халқаро чегараларни куч ишлатиш йўли билан қайта бичиш, суверен мамлакатлардаги демократияни беқарорлаштириш ва Европадаги эркин миллатларни бир-бирига қарама-қарши қўйиб, бўлиб ташлашга интилмоқда. Америка Қўшма Штатлари президент Доналд Трамп раҳбарлигида Болтиқ давлатларига ёки НАТОга аъзо иттифоқчиларимизга қарши куч ишлатиш, таҳдид қилиш, қўрқитиш ёки зарарли таъсир кўрсатишга ҳар қандай уринишни қоралайди,- деди Пенс.

Эстония, Латвия ва Литва НАТОга аъзо мамлакатлардир, улар Совет даврида Москвага бўйсунар эди.

Пенс АҚШ маъмурияти НАТО шартномасининг 5-моддаси, яъни НАТОга аъзо бир мамлакатга ҳужум иттифоқнинг барча аъзоларига қарши ҳужумни англатиши тўғрисидаги қоида “қатъий бажарилиши” тарафдори эканини айтди.

У яна Қўшма Штатлар Москва талабларига қарамаслиги ва ўз мақсадларидан оғишмаслигига ваъда берди. Вице-президент бу ҳақда АҚШнинг Россиядаги дипломатия ваколатхоналаридаги ходимлар сонини кескин қисқартириш тўғрисидаги қарори ҳақида сўз юритаётиб гапирди.

Пенс 30 июль куни Эстонияга сафарини бошлагандан сўнг бош вазир Юри Ратас АҚШ вице-президенти ушбу мамлакатга “Пэтриот” ракетага қарши мудофаа тизимини жойлаштириш масаласини кўтарганини маълум қилди.

– Бугун шу ҳақда гаплашиб олдик, аммо унинг санаси ёки вақтини муҳокама қилганимиз йўқ, – деди Ратас ERR телекомпаниясига.

Ратаснинг яна билдиришича, икки раҳбар Россиянинг Эстония чегараси яқинида ўтказиши режалаштирилаётган ҳарбий машқлари ҳақида ҳам фикр алмашди. “Энди Эстония, Қўшма Штатлар ва НАТО ушбу машқларни кузатиб бориши ва ахборот алмашиши керак”, деди у.

Пенс 31 июль куни Таллиндан Грузияга, кейин НАТОнинг энг янги аъзоси Черногорияга сафар қилади.

Маълум бўлишича, у Грузияда ушбу Кавказ мамлакатининг суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги масаласига эътибор қаратади. Грузия Ғарб мамлакатлари иттифоқига аъзо бўлишга интилмоқда.

Грузия Россияни ўз ҳудудига тажовуз қилди, деб ҳисоблайди. Кремль Грузиянинг айирмачи минтақалари Абхазия ва Жанубий Осетияни 2008 йилги беш кунлик урушдан сўнг мустақил мамлакатлар сифатида тан олди. Россия ушбу икки минтақада минглаб ҳарбий хизматчилардан иборат қўшинларини жойлаштирди.

Грузия президенти Георги Маргелашвили 27 июль куни Пенснинг сафарини Қўшма Штатлар Грузияга кучли ҳарбий қўшинларни ташкил этишда кўмакни давом эттираётгани намойиши деб атади.

Пенснинг сафари вақтида 800 кишилик грузин ва 1600 кишилик АҚШ қўшинлари олдиндан режалаштирилган “Ҳимматли шерик – 2017” ҳарбий машқларида қатнашади.

Оқ Уй вакилининг маълум қилишича, Пенс 31 июль куни кечқурун Тбилисига ташриф буюради ва Грузия бош вазири Гиорги Кврикашвили мезбонлик қиладиган расмий зиёфатда иштирок этади.

Кейинчалик у сафарининг сўнгги манзили – Черногорияга бориб, НАТОнинг янги аъзосини қутлайди. Унинг НАТОга аъзо бўлиб киришига Россия кескин қаршилик кўрсатган эди.

АҚШ расмий шахслари Пенснинг 2 август куни Черногория пойтахти Подгорица шаҳрида Адриатика денгизи хартияси саммитида иштирок этиши ҳақида хабар тарқатди.

Ушбу тадбирда Албания, Босния ва Герцеговина, Хорватия, Косово, Македония, Сербия ва Словения раҳбарлари иштирок этиши режалаштирилмоқда.

XS
SM
MD
LG