Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:04

Наманганда битта қабристонни ободонлаштиришда 8000 одам қатнашди


Намангандаги қабристонларни ободонлаштириш ишларига бюджет идоралари ходимлари жалб қилинганини инкор қилган namnews.uz нашри бунинг ихтиёрий тарзда амалга оширилганини иддао қилади.

Наманганнинг Ғунча даҳасидаги қабристонни ободонлаштириш ишларига “мактаб, боғча ходимлари ва медиклар” жалб этилгани, улар “ҳар куни эрталаб соат 6 дан 10 гача ишлатилаётгани” тўғрисида Озодликнинг мобил мухбири берган хабарни инкор қилишга уринган Namnews.uz буни миш-миш дея атайди.

“Буни эшитиб, ёпирай, дея ёқа тишлашдан бошқа иложимиз йўқ. Нима, қабристон чиқиндиларга тўлиб-тошадиган ишлаб чиқариш корхонасими, уни ҳар куни 4 соат тумонат одам тозалаб туриши керак бўлса? Ишонгинг келмайди”, дея ёзади Namnews.uz.

Мақола давомида Namnews.uz ўз ёзганларини инкор қилувчи маълумотларни келтиради:

"Мавлоно" қабристонида ўтказилган ҳашарда 8000 нафарга яқин аҳоли қатнашди. 50 дан зиёд техникада 100 машинадан ортиқ хас-хашак чиқариб ташланди”, дея ёзади нашр.

31 июль куни Наманган шаҳар ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозими қабристонларни ободонлаштириш ишлари олиб борилаётганини Озодликка тасдиқлаб, “бу ишларга шаҳарни ободонлаштириш корхонаси жалб этилган”ини таъкидлаган эди.

Лекин Namnews.uz ҳокимлик мулозимининг бу гапларига тескари маълумотларни бериб, “15-16 июль кунлари бўлиб ўтган мазкур умумхалқ ҳашарида Наманган шаҳридаги мавжуд 103 та маҳалла, 30 та масжид, 356 та корхона-ташкилот, муассасаларнинг 6 минг нафарга яқин ҳашарчилари” иштирок этганини келтиради.

Нашр ҳашарнинг ихтиёрий эканини исботлаш учун ўқитувчи Маъсуда Мирзамова сўзларини келтирган:

«Бизни ҳашарга чиқишга мажбурлашган эмиш. Нима деган гап бу? Мажбурлаш у ёқда турсин, агар ўқитувчи-тарбиячи-шифокорлар қатнашмасин, дейишганида қаттиқ ранжир эдик», дейди Мирзамова.

Кейинги кунларда ўзбек матбуоти бюджет идоралари, айниқса, ўқитувчиларнинг «текин мардикор»га айлангани мавзусини қизғин муҳокама қилаяпти. Бу ҳолат ҳатто расмий телеканаллар орқали ҳам танқид қилинди.

Наманган бюджетчиларига қабристонни тозалаш буюрилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:34 0:00

XS
SM
MD
LG