Линклар

Шошилинч хабар
13 ноябр 2019, Тошкент вақти: 05:14

Россия минтақалардаги сайловни "номақбул" номзодлардан тозаламоқда


Евгений Ройзман матбуот анжуманида

Сиёсий арбоб, Россиянинг тўртинчи йирик шаҳри ҳокими Евгений Ройзман вилоят ҳокимлигига бўладиган сайлов ҳақидаги ноқулай саволлардан қочмайди. У сайлов бюллетенига номзоди киритилган тақдирда имкониятлари қандай бўлиши мумкинлигини чамалаб кўради.

Мен осонгина ютишим мумкин эди, – дейди Ройзман “Озодлик” мухбири билан суҳбатда. У 2013 йили Екатеринбург вилоятининг Уралск шаҳри ҳокими сайловида Россия президенти Владимир Путиннинг ҳокимиятдаги партияси вакилини ютган эди.

Бироқ Ройзман туғилиб ўсган Свердловск вилояти сайловчилари вилоят ҳокими сайловида 54 яшар сиёсатчига овоз бера олмайди.

Ушбу сайлов 10 сентябрь куни Россиянинг яна 15 та субъектида бўлиб ўтади.

Ундан кейин келаси йил март ойидаги президент сайловида Путин қатнашиши ва қайта сайланиши кутилмоқда.

Ройзман ва минтақалардаги бошқа сиёсатчиларнинг айтишича, ушбу сайлов "муниципал фильтр" деб аталувчи ҳуқуқий механизмга кўра ўтказилмоқда ва бу уларнинг сайловда қатнашишига имкон бермайди.

Танқидчилар ушбу механизм Кремль қўллаб-қувватлаётган номзодлардан кучлироқ мухолиф номзодларнинг сайловда қатнашишига йўл қўймаслик учун қўлланаётганини айтмоқда.

Дмитрий Медведев 2012 йили, яъни президентлик муддати тугаётган пайтда ҳокимларнинг тўғридан-тўғри сайланишини қайта тиклагандан сўнг жорий этилган ушбу қоидага кўра, сайловда қатнашишни истаган номзодлар маҳаллий депутатларнинг 5-10 фоиз имзосини йиғиши керак.

Путиннинг президентликка қайтиши 2011-2012 йилларда Москва шаҳридаги оммавий норозиликларга сабаб бўлган эди.

Шундан сўнг Кремль Россиянинг сиёсий ҳаётини қаттиқ назоратга олди.

Танқидчилар ўшанда ҳокимиятни парламент сайлови натижаларини сохталаштирганликда айблаб чиққан эди.

Мамлакатнинг деярли барча маҳаллий қонун чиқарувчи идораларида ҳокимият тепасида турган “Бирлашган Россия” партияси устунликка эга.

Шу сабабли керакли миқдорда имзо йиғиш тартиби мухолиф номзодлар ва бошқа талабгорлар учун бажариш деярли мумкин бўлмаган юмушга айланди.

Улар сиёсий майдонни тозалаб бўлди. Бирорта кучли номзод қолмади, – деди Ройзман сайлов ҳақида. – Уларга сайловда қатнашишга имкон берилмади. Ҳа-ҳа, берилмади. Мен уриниб кўрдим, бироқ муниципал фильтрдан ўтиб бўлмади. Бугунги ўйин қоидаси шу экан.

Ройзманнинг танқидчилари эса уни имзо тўплаш ва сайлов бюллетенига номзодини киритиш учун жон куйдирмаганликда айбламоқда.

Менинг жаноб Ройзмандай шафқатсиз, улкан сиёсатчи, давлат арбоби, йирик маъмурий ресурсга эга шаҳар ҳокимининг сиёсий режим таъқиб қилаётган кичик бир қурбонга айланганига ишонгим келмайди, – деди Россия Марказий сайлов комиссияси раиси Элла Панфилова Россиянинг РБК газетаси билан суҳбатда.

Бироқ Ройзманнинг мавжуд чекловчи қоидаларни танқид қилганини Россиянинг собиқ молия вазири, Путиннинг сиёсий иттифоқчиси Алексей Кудрин ҳам қўллаб-қууватлади. Унинг фикрича, мавжуд механизм “аксарият ҳолларда умуман муқобил танлов имконини бермайди”.

Путин маъмурияти раҳбарининг биринчи ўринбосари, ички сиёсатни назорат қиладиган амалдор Сергей Кириенко ўтган ойда ўта эҳтиёткорлик билан ушбу қоида ўзгариши мумкинлиги ҳақида гапирди.

Москвадаги олий иқтисодиёт мактабининг Россия минтақалари бўйича эксперти – синчиси Николай Петровнинг “Озодлик”ка маълум қилишича, муниципал фильтр механизмини бекор қилиш ёки ўзгартириш ҳокимлар сайловидаги рақобатга жуда кам таъсир қилади.

Ҳақиқий рақобат бўлиши учун Россиядаги сиёсий вазият ўзгариши керак.

Либерал қарашларга эга “Яблоко” партияси номидан номзод қилиб кўрсатилган, бироқ зарур ҳужжатларни йиға олмагани сабабли вилоят сайлов комиссияси чиғириғидан ўта олмаган Ройзманнинг иддао қилишича, бунга сабаб ўзининг сайловда аниқ ютишидир.

Шу гапини исботлаши учун унга сайловда қатнашишга ижозат тегса бўлди эмиш.

XS
SM
MD
LG