Линклар

Шошилинч хабар
29 май 2020, Тошкент вақти: 15:29

Халқаро хабарлар

Порошенко 23 августдан бошлаб ўқ отишни тўхтатишни таклиф қилди

Украина президенти Петро Порошенко.

Украина президенти Петро Порошенко мамлакат шарқида янги ўқув йили бошланиши муносабати билан 23 августдан бошлаб ўқ отишни тўхтатишни таклиф қилди.

Порошенко Россия президенти Владимир Путин, Германия канцлери Ангела Меркель, Франция президенти Эммануэль Макрон билан 22 август куни телефон суҳбати чоғида қилган бу таклиф барча суҳбатдошлар томонидан қўллаб қувватланди.

Порошенко матбуот хизматининг билдиришича, ўқ отишни тўхтатиш тўғрисида расман 23 август куни эълон қилинади.

Порошенко бу орқали айримачилар назоратида қолаётган Донбасс аҳолиси ва айниқса ўқувчилар хавфсизлиги таъминланишига умид қилмоқда.

Кун янгиликлари

Трамп ижтимоий тармоқларни тартибга солиш тўғрисида фармон имзолади

АҚШ президенти Дональд Трамп.

АҚШ президенти Дональд Трамп ижтимоий тармоқларни тартибга солиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Ҳужжат матни Оқ уй сайти орқали эълон қилинди.

Мазкур фармон асосида 1996 йилда қабул қилинган “Оммавий ахборот воситаларининг виждонан ишлаши тўғрисида”ги қонуннинг 230-моддаси ўзгартирилиши мумкин. Мазкур модда ижтимоий тармоқларни фойдаланувчи томонидан ёйинланган контент учун жиноий таъқиб қилинишидан ҳимоя қилади. Бу қонунда ижтимоий тармоқлар ношир ўлароқ эмас, балки “майдон” сифатида қайд этилган бўлиб, бу уларни тармоқдаги постлар учун жавобгарликдан озод қилади.

Фармон ижтимоий тармоқлар маъмуриятининг ёйинланган контентни модерация қилиш имкониятини ҳам чеклаб қўйиши мумкин.

Трампга кўра, фармондан мақсад ифода эркинлиги ва демократияни ҳимоя қилишдир, чунки катта онлайн-платформалар у ёки бу ҳодисани талқин қилиш, маълумотни цензура қилиш ёки ўчириб ташлаш бўйича “назорат қилиб бўлмайдиган ҳокимият”га эга бўлиб қолганлар.

Ҳужжатда Twitter микроблоги “айрим твитларга атайлаб огоҳлантирув илова қилаётгани, бу эса унинг сиёсий нохолислигини очиқ акс эттираётгани” алоҳида қайд этилади.

Аввалроқ Twitter Дональд Трампнинг твитларида муҳтамал ноаниқликлар бўлиши мумкинлиги ҳақида обуначиларни огоҳлантира бошлаганидан кейин АҚШ президенти ижтимоий тармоқ хизматларини танқид қилиб чиққан. Бу ерда гап Трампнинг сайлов бюллетенлари почта орқали йўлланганида овоз бериш натижалари “сохталаштирилиши” мумкинлигига оид твитлари ҳақида кетмоқда. Twitter бош директори Жек Дорси Трампнинг твитлари почта орқали овоз бериш тартиби тўғрисида нотўғри таассурот уйғотиши мумкин бўлгани учун уларга “чалғитувчи” маълумот белгиси қўйилганини билдирган.

Twitter вакиллари Трампнинг ижтимоий тармоқларни тартибга солиш тўғрисидаги фармонини “реакцион ва сиёсийлашган” деб баҳолаганлар. Facebook вакиллари эса , агар ижтимоий тармоқлар ўз фойдаланувчилари гапираётган ҳар бир гап учун жавобгар бўладиган бўлсалар, улар “бирор кишини хафа қилиши мумкин бўлган ҳамма нарсани цензура қилиш”га мажбур бўлишларини билдирганлар. Фармонни Google ҳам қоралаб чиққан.

Экспертларнинг аксарияти президент фармони судда тортишилади, деган фикрда.

Тожикистоннинг Кўлоб шаҳрида қабрларни экскаватор билан қазишмоқда

Озодлик радиоси тожик хизмати муҳбири Кўлобдаги қабристонлардан бирида.

Тожикистоннинг Кўлоб шаҳридаги икки қабристонда сўнгги кунларда қабрларни экскаватор билан қазишмоқда. Маҳаллий гўрковлар коронавирус пандемияси ортидан ўлганлар сони кўпайганини айтмоқдалар. Аммо маҳаллий ҳукумат бу иддаоларни рад этди. Бу ҳақда Озодлик радиоси тожик хизмати хабар берди.

Озодлик мухбири шаҳардаги икки қабристонда 75та янги қабр пайдо бўлганини кўрди. “Морхона” қабристонига май ойининг бошидан бери 37 одам дафн этилган. 2-сонли қабристонда ҳам 40 одам кўмилган.

Гўрковларнинг айтишларича, май ойи бошларида 20 жасадни “Тез ёрдам” машинасида олиб келишган ва шошилинч равишда дафн этишган. Бошқаларнинг дафн маросимида эса фақат бир неча одам иштирок этган.

Кўлоб ҳокимияти айни пайтда минтақада қанча одам коронавирусга чалингани тўғрисидаги маълумотларни очиқламаяпти. Аввалроқ Кўлобда 70 одам пневмониядан ўлгани айтилган. Маҳаллий фаолларга кўра, дафн этилганларнинг асосий қисми коронавирусдан вафот этганлардир. Аммо уларнинг тиббий карталарида бошқа касалликлар кўрсатилган.

Тожикистон Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазирлиги 28 май оқшомида коронавирус юқтириб олганлар сони расман 3563 нафарга етгани ҳақида маълум қилган.

Айни пайтда COVID-19 инфекциясидан соғайганлар сони 1674 нафарни ташкил этмоқда. Вазирлик ўтган кеча-кундузда коронавирус билан боғлиқ ўлим ҳолати қайд этилмаганини билдирган. Эпидемия бошидан бери эса инфекция важидан расман 47 киши нобуд бўлган.

Тожикистонда кўпчилик расмий статистикага унча ишонқирамай, ҳақиқий рақамлар очиқланаётганидан кўпроқ бўлиши мумкинлигини тахмин қилади.

Тожикистонда коронавирус инфекциясини юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолатни расмийлар 30 апрель куни қайд этганлар, ваҳоланки бунгача пневмонияга чалинган ва бу хасталик туфайли ҳаётдан кўз юмганлар сони кунига ошиб бораётгани тўғрисида маълумотлар тушиб турган.

Қозоғистоннинг Ақтўбе шаҳридаги заводда тўрт ишчи ҳалок бўлди

Ақтўбе хром бирикмалари заводидаги иш жараёни.

Ақтўбе хром бирикмалари заводининг тўрт нафар ишчиси иш жойида ҳалок бўлди, икки нафари касалхонага ётқизилди. Бу ҳақда Озодлик радиоси қозоқ хизмати Меҳнат инспекцияси ҳамда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига таяниб 28 май куни хабар берди.

Хабарда айтилишича, 28 май куни заводнинг 4-цехида хром чиқиндилари сақланадиган бакни тозалаётган ишчи жароҳат олган. Уни олиб чиқиш учун беш ишчи бак ичига тушган. Уларнинг барчаси термик куйиш жарохатини олган. Тўрт ишчи ўлган, икки ишчи касалхонага ётқизилган.

Мазкур ҳодиса юзасидан вилоят ички ишлар бошқармаси тергов-суриштирув ишларини олиб бормоқда.

Касалхонага ётқизилган ишчиларнинг бири 32, иккинчиси 36 ёшда. Уларнинг юзи, бўйни ва қўллари куйган. Врачлар беморларнинг аҳволи ўта оғир эканини айтмоқда.

Ўшдаги туғруқхонада янги туғилган 5 чақалоқда коронавирус аниқланди

29 майда Қирғизистонда коронавирусга чалинган яна 68 одам аниқланди.

Қирғизистон пойтахти Бишкекда ва Норин вилоятида коронавирус вазияти мураккаблигича қолмоқда. Бу ҳақда 29 майда Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Нурбўлўт Усенбаев маълум қилди.

“Бишкекда бир қатор тиббиёт муассасаларида: онкология ва юқумли касалликлар шифохонасида, қатор оилавий тиббиёт марказларида вирус тарқалиб, касалланганлар сони кўпайди. Норинда ҳам вилоят касалхонасида коронавирус аниқланди. Бу вилоятда ички ишлар бошқармаси ходимлари орасида ҳам коронавирус юқтирганлар кўпайиб, вазият бир оз мураккаблашди”, - деди вазир ўринбосари.

Унга кўра, Ўш шаҳар туғруқхонасида ҳам 28 май куни 34 кишида коронавирус аниқланди. Улардан беш нафари янги туғилган чақалоқ, 14 нафари туғруқдаги оналар, қолгани тиббиёт ходимларидир.

29 майда Қирғизистонда коронавирусга чалинган яна 68 одам аниқланди. Бу билан коронавирус юққанлар сони 1662 одамга етди. 1088 бемор соғайди, 16 одам вафот этди.

АҚШда коронавирус туфайли ишсиз қолганлар сони 40 миллионга етди

Калифорнияда ишсиз қолганлар квартира ҳақи бекор қилинишини талаб этиб намойиш ўтказган эди. 2020 йил, 1 апрель.

АҚШда коронавирус эпидемияси бошланганидан то шу кунга қадар 40 миллион киши ишсизлик нафақаси сўраб мурожаат қилди.

Сўнгги 7 кунда нафақа сўровчилар сони 2 миллион 100 минг кишига кўпайган. Бу ўтган ҳафталардаги кўрсаткичга қараганда анча оз. Аввал ҳафтасига 6 миллиондан кўпроқ одам ишсизлик нафақаси олиш учун ариза топширган.

Расмий хабарларда билдирилишича, апрель ойида ишсизлик даражаси 14 фоизни ташкил қилган. Май ойида бу кўрсаткич 20 фоизга етиши кутилмоқда.

Қўшма Штатлар март ойининг ўрталарида карантин жорий этган эди. Апрель ойидан бошлаб карантин чеклов чоралари босқичма-босқич бекор қилина бошланди. Президент Трамп маъмурияти карантин бекор қилиниши ортидан иш ўринлари тезда яна тикланишига умид қилмоқда.

Қўшма Штатларда COVID-19 инфекцияси туфайли ҳаётдан кўз юмганлар сони 100 047 нафарга етди.

Жонс Хопкинс университети маълумотига кўра, мамлакатда коронавирусга чалинганлар сони 1,7 миллион нафар.

Тожикистонда коронавирусга чалинганлар сони 3500 дан ошди

Тожикистонда 28 май оқшомида коронавирус юқтириб олганлар сони 3563 нафарга етди. Бу ҳақда Тожикистон Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазирлиги маълум қилади.

Айни пайтда COVID-19 инфекциясидан соғайганлар сони 1674 нафарни ташкил этмоқда. Вазирлик ўтган кеча-кундузда коронавирус билан боғлиқ ўлим ҳолати қайд этилмаганини билдирган. Эпидемия бошидан бери эса инфекция важидан 47 киши нобуд бўлган.

Тожикистонда кўпчилик расмий статистикага унча ишонқирамай, ҳақиқий рақамлар очиқланаётганидан кўпроқ бўлиши мумкинлигини тахмин қилади. kvtj.info сайти маълумотларига кўра, мамлакатда COVID-19 ва пневмония қурбонлари сони 300 дан ошиб кетган. Бу сайтдаги марҳумлар рўйхати оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар ва қурбонларнинг яқинлари маълумоти асосида тузилган. Расмийлар коронавирус ва пневмониядан кўп одам ўлгани хусусидаги маълумотлар ёлғон эканини айтиб келишади.

Тожикистонда коронавирус инфекциясини юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолатни расмийлар 30 апрель куни қайд этганлар, ваҳоланки бунгача пневмонияга чалинган ва бу хасталик туфайли ҳаётдан кўз юмганлар сони кунига ошиб бораётгани тўғрисида маълумотлар тушиб турган.

Ҳибсхонадаги Атамбаев сафдошларини парламент сайловларига ҳозирлик кўришга чақирди

Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаев.

Шу кунда тергов ҳибсхонасида сақланаётган собиқ президент Алмазбек Атамбаев депутат Анвар Ортиқовни Қирғизистон социал-демократлар партияси раиси лавозимига сайлангани билан табриклади. Собиқ давлат раҳбари томонидан ёзилган хатни унинг ўғли Сейитбек Атамбаев Facebook тармоғидаги ўз саҳифаси орқали ёйинлади.

Атамбаев ўз хатида тарафдорларини партиянинг янги раиси дастаклашга, “ғийбат ва майда-чуйда гапларни эсдан чиқариб, Ортиқов атрофида бирлашиш”га чақирган.

“Партия раҳбариятини принципиал ва саботли одамлар билан мустаҳкамлаш лозим. Серғайрат, журъатли кадрлар ҳам керак. Сафларимизни парчаламоқчи бўлганлардан халос бўлиш лозим. Парламент сайловига ҳозирлик кўриш вақти келди”, деб ёзган собиқ президент.

ҚСДП сиёсий кенгашининг сўнгги мажлисида партия раиси вазифасини бажарувчи Асель Қўдуранова ўз ваколатларини Анвар Ортиқовга топширган. Раис ўринбосарлари Рискельди Мўмбеков ва Қундуз Жўлдубаевалар ҳам ваколатларини топширганлар, бироқ партия сафини тарк этмаганлар. Партияни депутат Ирина Карамушкина дохил Қирғизистонда танилган яна бир неча сиёсатчи тарк этган.

ҚСДП собиқ лидери Алмазбек Атамбаев ҳозирда Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси тергов ҳибсхонасида тутиб турилибди. Собиқ президент 2019 йил августида Қўйтош қишлоғида содир бўлган воқеалар ортидан ҳибсга олинган. Қирғизистонни 2011 йилдан 2017 йилгача бошқарган Атамбаевга мамлакат Жиноят кодексининг бир неча моддаси (шу жумладан ўта оғир жиноятлар) бўйича айблов эълон қилинган.

АҚШ конгресси уйғурларга нисбатан қатағон сиёсатини юритган Хитойга қарши санкцияларга оид қонун лойиҳасини маъқуллади

АҚШ конгресси жойлашган Вашингтондаги Капитолий биноси.

АҚШ конгресси Намояндалар палатаси 27 май куни кўпчилик овоз билан Шинжоннинг туб аҳолиси бўлган уйғурларни сиқувга олаётган Хитойга нисбатан санкциялар жорий қилишга оид қонун лойиҳасини маъқуллади.

Аввалроқ Сенатда дастакланган мазкур қонун лойиҳаси пировардида асосан Шинжон минтақасида истиқомат қилаётган уйғурлар ва бошқа мусулмонлар ҳақ-ҳуқуқлари бузилишига алоқадор бўлган хитойлик юқори лавозимли амалдорларга қарши санкциялар жорий этилишига имконият яратади.

“Пекиннинг уйғурларга нисбатан ваҳшиёна хатти-ҳаракатлари бутун дунёнинг муштарак виждонини ҳақоратлаш бўлиб ҳисобланади”, дея мулоҳаза билдирди Намояндалар палатаси спикери Нэнси Пелоси қонун лойиҳасини дастаклаш бўйича палатада ўтказилган йиғилишда.

Ҳужжат қабул қилиниши 413 нафар депутат томонидан ёқланди, бир депутат қарши чиқди. Қонун лойиҳаси эндиликда Оқ уйга йўлланади, президент эса уни қабул қилиши ёки унга вето қўйиши мумкин.

Аввалроқ президент Трамп мазкур қонун лойиҳасини имзолашга оид масалани “мутлақ қатъиян билан” кўриб чиқишини билдирган. Трамп маъмурияти Пекиннинг Ҳонконгдаги миллий хавфсизликка оид қонунни жорий қилиш режалари важидан Хитойга нисбатан кўрилажак қатор чораларни кўриб чиқмоқда.

БМТ ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Пекинни миллион чоғли уйғур ва туркий тилда сўзлашувчи бошқа туб халқлар вакилларини “экстремизмга қарши кураш” баҳонасида Шинжондаги концентрацион лагерларга йўллаганликда айблаб келади. Бу айбловларни рад этган Пекин миллий озчилик вакиллари касбга тайёрлаш марказларида эканини иддао қилади. Аввалроқ Пекин Шинжондаги инсон ҳуқуқлари вазияти билан боғлиқ ҳар қандай чора учун АҚШга нисбатан жавоб чораларини кўришни ваъда қилган. Пекин иддаосича, бу масала Хитойнинг ички иши бўлиб ҳисобланади.

Қозоғистонда прокуратура тергов ҳибсхонасида жон берган фаолга оид ишни ёпди

Дулат Агадил.

Нур-Султон шаҳар прокуратураси жорий йил февралида пойтахтдаги тергов ҳибсхонасида жон таслим қилган фаол Дулат Агадил иши бўйича текширув 25 май куни “жиноятга оид ҳуқуқбузарлик ҳодисаси йўқлиги учун” тўхтатилганини эълон қилди. Пайшанба куни ёйинланган хабарномада Агадил ўлими сабаблари ва ҳолати юзасидан текширув ўтказган экспертлар унинг баданида шикастланиш аломатларини топмаганлари айтилади.

Таъкидланишича, экспертлар Агадил ўлимига юрак хуружи сабаб бўлганини қайд этганлар.

Дулат Агадилнинг рафиқаси Гулнар Қасимханова прокуратуранинг ишни тўхтатишга оид қароридан тамоман норози ва бу қарор устидан шикоят қилмоқчи.

Ҳукуматга қарши норозилик акцияларида иштирок билан танилган фаолни 24 февраль тунида фуқаро кийимидаги одамлар уйидан олиб кетиб, тергов ҳибсхонасига етказганлар. Эртасига эрталаб унинг жон бергани эълон қилинган. ИИВ “юрак етишмовчилиги”дан ўлганини билдирган. Бу версия фаолнинг кўплаб сафдошлари томонидан шубҳа остига олинган. Улар расмийларни Агадилнинг ўлимида айблаб, “айбдорларни жазолаш” талаби билан норозилик акцияларига чиққанлар. Бу чиқишлар ортидан уларнинг айримлари тутиб кетилган ҳамда маъмурий жавобгарликка тортилган.

Дулат Агадил “юрак етишмовчилиги”дан ўлганини Қасим-Жомарт Тоқаев ҳам таъкидлаган. Қозоғистон президентининг бу баёноти Агадилнинг ўлимида айбдор бўлганларни жазолаш талаби кун тартибида бўлган 1 март митинги арафасида пайдо бўлган. Бу акция иштирокчиларидан ҳам анчагинаси тутиб кетилган.

Февраль охирида Интернетда марҳум фаолнинг жасади суратга олинган видеоёзув пайдо бўлган. Кадр ортидаги овоз жасадда қора доғлар борлигини қайд этиб, уларнинг муҳтамал қийноқлардан кейин пайдо бўлган ғурралар эканини тахмин қилган. 28 февраль куни пойтахт прокуратураси Агадил жасади акс этган видео тармоққа марҳумнинг яқинлари рухсатисиз жойлаштирилгани, қора доғлар эса “мурда доғлари” эканини билдирган.

Агадилнинг ўлими бўйича жиноят иши ҳодиса содир бўлганидан уч ой ўтгач ёпилди. Бу вақт оралиғида фаолнинг оиласи одил тергов ўтказиш илтимоси билан расмийларга бир неча бор мурожаат қилган. Хавфсизлик идоралари тергов жараёнини махфий тутганлар ва ҳеч қанақа маълумот тақдим этган эмаслар. Марҳум оиласининг адвокати аввалроқ мазкур иш бўйича тергов энг бошидан “расмийлар чизиб берган чизиқ бўйлаб” олиб борилганини қайд этган.

Бугунги хабарномада прокуратура Агадилнинг қўлга олиниши ва ҳибсхонага жойлаштирилиши полиция ходимлари томонидан “суд қарорини ижро қилиш мажбурийлигига оид қонун талаблари доирасида” амалга оширилганини билдирган.

Қозоғистонлик ҳуқуқ фаоллари Дулат Агадилнинг ўлимини сиёсий қатл, деб атаб, бу борада очиқ ва адолатли тергов ўтказилиши талаб қилмоқдалар. Агадилнинг ўлими юзасидан очиқ ва адолатли тергов ўтказилишига Қозоғистон расмийларини АҚШ Давлат департаменти, Буюк Британиянинг Қозоғистондаги элчихонаси ҳамда ЕХҲТнинг демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси раҳбари ҳам чақирган.

АҚШда коронавирус қурбонлари сони 100 мингдан ошди

Америкалик тиббиёт ходимлари коронавирусга чалинган беморнинг "тез ёрдам" машинасига чиқаришмоқда, Массачусетс штати, 2020 йил апрели.

Жорий йилнинг 27 май ҳолатига кўра, Қўшма Штатларда COVID-19 инфекцияси туфайли ҳаётдан кўз юмганлар сони 100 047 нафарга етди.

Жонс Хопкинс университети маълумотига кўра, мамлакатда коронавирусга чалинганлар сони 1,7 миллион нафарга етган.

АҚШ коронавирус инфекциясини юқтириб олганлар сони бўйича дунёда биринчи ўринда бормоқда. Мамлакатда ҳар 100 минг беморга 30 га яқин ўлим ҳодисаси тўғри келади. Қурбонлар сони бўйича Қўшма Штатлар Бельгия, Испания, Буюк Британия, Франция, Италия ва Швеция каби мамлакатлардан ортда. Айни пайтда COVID-19 АҚШда америкаликлар Вьетнам ва Корея урушларида қурбон берган кишилар сонидан кўп инсон умрига зомин бўлгани айтилмоқда.

Коронавируснинг тарқалиши АҚШ ва бошқа мамлакатларда одатий ҳаёт тарзи ўзгартириб юборди. Расмийлар хасталик ёйилишининг олдини олиш учун турли чекловлар киритишга мажбур бўлдилар. Кўрилган молиявий чора-тадбирларга қарамай, пандемия иқтисодиётнинг сезиларли даражада таназзулга юз тутишига сабаб бўлди.

Сўнгги маълумотларга кўра, ҳозирда дунё бўйлаб коронавирусга чалинганлар сони 5,5 миллиондан ошган, хасталик важидан 353 минг киши қурбон бўлган.

Петро Порошенко яна украиналик миллиардерлар рўйхатига қайтди

Ўтган йили Украина президенти лавозимидан Петро Порошенко Forbes журналининг миллиардерлар рўйхатига қайтди. Собиқ давлат раҳбари украиналик миллиардерлар рейтингида айни пайтда учинчи ўринни эгаллаб турибди. Унинг умумий бойлиги 1 миллиард 400 миллион долларга баҳоланган.

Forbes Порошенко президент бўлиб сайланганидан кейин бутун бизнесини сотиш ҳақидаги ваъдасини бор-йўғи 20 фоизга бажаргани ва фақат Киевдаги бир заводинигина сотганига эътибор қаратади. Собиқ президент ўзига қарашли агрохолдинг ва Roshen қандолат фабрикасини ўғлининг номига ўтказиб берган.

55 ёшни қоралаган Порошенко 2014 йил июнидан 2019 майигача Украина президенти лавозимида ишлаган.

Украиналик миллиардерлар рейтингида биринчи ўринни тадбиркор ва Донецкнинг “Шахтёр” футбол клуби президенти Ринат Ахметов (2 млрд 800 млн доллар), иккинчи ўринни эса бизнесмен ва филантроп Виктор Пинчук (1 млрд 400 млн доллар) эгаллаган.

Қозоғистонда коронавирус юққанлар сони 9,5 мингдан ошди

Қозоғистонда коронавирусга чалинганларнинг 43 фоизи Олмаота ва Нур-Султонда.

Сўнгги 24 соат ичида Қозоғистонда коронавирус юққан 272 киши аниқланди. Бу билан беморлар сони 9576 нафарга етди. Расман билдирилишича, беморлардан 4768 нафари соғайган, 37 бемор ўлган.

Янги касалланиш ҳолатлари Қозоғистоннинг барча ҳудудларида аниқланган. Аммо коронавирусга чалинганлар сони бўйича ҳамон Олмаота ва Нур -Султон етакчилик қилмоқда. Олмаотада 2 378, Нур-Султонда 1 820 бемор бор. Бу Қозоғистонда коронавирусга чалинганларнинг 43 фоизини ташкил қилади.

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Нур-Султонда 27 май куни ўтгану чрашувлардан бирида Қозоғистон “коронавирус касаллигининг авж палласидан ўтиб бўлди, бироқ эпидемияга қарши кураш ҳали якунланмади”, деб айтди.

Қирғизистонда 1 июндан барча давлат ташкилотлари иш бошлайди

Қирғизистон ҳукумати биноси.

Қирғизистон ҳукуматининг 28 майда билдиришича, 1 июндан бошлаб барча вазирликлар, давлат ташкилот ва муассасалари, ҳукуматнинг вилоятлардаги махсус вакиллари ва уларнинг ходимлари ишга чиқиши тўғрисида қарор қабул қилинди.

Айни пайтда иш жойигача жамоат тарнспортида бориш имконияти бўлмаган ходимлар иш фаолиятини уйда қолган ҳолда давом эттириши мумкин.

25 майдан Қирғизистонда жамоат транспорти ҳаракатланишига рухсат берилган эди. Бундан ташқари бир қатор корхоналар ва бозорлар, супермаркетлар фаолиятига ҳам рухсат берилган.

Қирғизистонда 22 мартда фавқулодда вазият, 25 мартдан эса фавқулодда ҳолат режими эълон қилинган эди. 11 майдан бошлаб фавқулодда ҳолат режими якунланди. Бир қатор шаҳарларда, жумладан, Бишкек ва Ўшда комендантлик соати бекор қилинди. Айни пайтда 22 мартда жорий этилган “фавқулодда вазият тартиби” амалда қолдирилди.

Фавқулодда вазият ҳолатида Қирғизистонда озиқ-овқат дўконлари, дорихоналар ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилардан ташқари барча фаолият турлари тўхтатилган эди.

Қирғизистонда 28 май ҳолатига кўра коронавирусга чалинган 1594 бемор аниқланди, уларнинг 1066 нафари тузалди, 16 нафари вафот этди.

Ислом уйғониш партияси раҳбарларидан бири қамоқхонавда вафот этди

Абдусаттор Бобоев 2015 йилда қамоққа олинган эди.

Тожикистонда фаолияти тақиқланган Ислом уйғониш партияси сиёсий кенгаши аъзоси бўлган Абдусаттор Бобоев қамоқхонада вафот этди. Расмий маълумотда айтилишича, Хўжанд қамоқхонасида сақланган Бобоев “юрак ҳуружи” оқибатида жон берган. Марҳумнинг жасади яқинларига топширилган. Жасадда зўравонлик ва қийноқ аломатлари бўлмаган.

Абдусаттор Бобоев 2015 йилда “экстремистиликка чақириш”, “экстремистик гуруҳ ташкил этиш” айбловлари билан қамоққа олинган эди. 2016 йилда у суд ҳукми билан 11 йилга кесилган. Унга нисбатан суд жараёни ёпиқ ўтган.

Тожикистонда Ислом уйғониш партияси фаолияти 2015 йилда тақиқланган ва у “экстремистик ташкилот” деб топилган. Партиянинг қатор аъзолари қамоқларга олинган, айрим аъзолар эса хориждан бошпана излашга мажбур бўлган.

АҚШда SpaceX ширкати ракетасининг тарихий парвози бошқа кунга қолдирилди

“Крю Дрэгон” космик кемасини коинотга олиб чиқиши керак бўлган “Фалькон 9”ракета ташувчиси старт майдончасида.

SpaceX ширкатининг 27 май куни кечқурун учирилиши мўлжалланган “Фалькон 9”ракета ташувчи парвози об-ҳаво шароити тўғри келмагани боис 30 майга қолдирилди.

АҚШ 2011 йилдан бери коинотга астронавтлар томонидан бошқариладиган ракетани учирмаган эди. Чоршанба куни учирилиши керак бўлган ракетани ҳусусий космонавтика тарихида биринчи марта учувчи бошқариши керак эди.

Мазкур ракета ташувчи коинотга иккита астронавт бошқарадиган “Крю Дрэгон” космик кемасини олиб чиқиши керак эди. Флоридадаги Канаверал бурнидан амалга оширилиши режалаштирилган парвоз учирилишга 15 дақиқа қолганида бекор қилинди.

SpaceX NASA учун учувчи бошқарадиган ракета ишлаб чиқаришни йўлга қўйган ягона ширкат эмас. Boeing ҳам муқобил "Старлайнер" лойиҳаси устида ишламоқда.

NASA режасига кўра, "Крю Дрэгон" ва "Старлайнер" АҚШ космонавтикаси учун XX асрнинг 60-йилларида СССР томонидан ишлаб чиқилган "Союз" кемасинининг ўрнини босиши лозим.

Ҳонконг АҚШнинг "алоҳида эътиборидан" маҳрум бўлиши мумкин

АҚШ давлат котиби Майк Помпео.

Ҳонконг бундан буён АҚШнинг алоҳида ёндошувига умид қилмаса ҳам бўлаверади, чунки у Хитойдан етарлича даражадаги мухториятни сақлай олмаяпти. Бу ҳақда АҚШ давлат котиби Майк Помпео 27 май куни маълум қилди.

Унинг билдиришича, Пекин айни пайтда Ҳонконг хавфсизлиги тўғрисидаги қонун лойиҳасини муҳокама қилмоқда. “Бу ҳужжат Ҳонконг мухторияти ва эркинлигини қўпориб ташловчи сўнгги омилдир”, деди Помпео.

Ўтган йили АҚШ Конгресси Давлат депатраментини бир йилда камида бир марта Ҳонконг Хитойдан мустақиллигини сақлаётганини тасдиқлаши шартлиги тўғрисидаги қонунни қабул қилган эди. Мазкур қонунга асосан, Ҳонконг мустақиллигини Давлат департаменти тасдиқласа, Вашингтон Ҳонконга алоҳида савдо имтиёзларини сақлаб қолади. Қонунга асосан инсон ҳуқуқлари бузилишига йўл қўйган Ҳонконг расмийларига нисбатан санкциялар қўлланилади.

Хитой ҳукумати “Ҳонконг хавфсизлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳасини муҳокама қилаётгани ортидан Ҳонконгда яна норозилик намойишлари бошланиб кетди. Якшанба куни ўтган намойишда 200дан ортиқ норози қўлга олинган.

Ўтган йил ёзида Ҳонконгнинг пекинпараст раҳбарияти жиноятда гумонланганларни қитъа Хитойига экстрадиция қилиш тўғрисида қонун қабул қилиш қарорини олганди. Бу оммавий норозилик намойишларига сабаб бўлган. Норозилик чиқишлари чоғида полиция билан тўқнашувлар кузатилган. Оммавий намойишлардан сўнг расмийлар қонун лойиҳасидан воз кечганлар, бироқ норозилар кўчаларга чиқиб, Хитойдан янада мустақил бўлиш ва қўлга олинган фаолларнинг барчасини озод этишни талаб қилишда давом этганлар.

АҚШ президенти Трамп ижтимоий тармоқларни танқид қилди

Дональд Трампнинг твитларига бағишланган ҳажвий кўргазма.

Twitter ўз обуначиларини АҚШ президенти твитларида ноаниқликлар бор экани тўғрисида огоҳлантира бошлаганидан сўнг, Дональд Трамп ижтимоий тармоқ сервисларини танқид қилди.

“Республикачилар ижтимоий тармоқ платформалари консерваторлар овозини ўчиришга ҳаракат қилмоқда, деб ҳисоблайди. Биз бу иш амалга оширилишининг олдини олиш мақсадида уларнинг ишини қатъий бошқарамиз ёки бутунлай фаолиятини тўхтатиб қўямиз”,-деди Трам.

Сешанба куни Трамп ўзининг икки твитида сайловларда почта орқали овоз бериш ғоясини танқид қилган ва бу жараён овоз бериш натижалари сохталаштирлишига хизмат қилади, деб ҳисоблашини билдирганди. Twitter бу твитларга “Почта орқали овоз бериш тўғрисидаги фактлар билан танишинг” деган маълумотни илова қилган.

Унда обуначилар экспертлариннг почта орқали овоз бериш жараёнида сайлов якунлари сохталаштирлиши деярли мумкин эмаслиги тўғрисидаги фикрлари билан таниша оладилар.

Трамп бунга жавобан ижтимоий тармоқни сўз эркинлигини бўғишга ҳамда 2020 йилнинг кузида ўтказиладиган АҚШ президентлиги сайловларига аралашишга ҳаракат қилаётганликда айблади.

Республикачи сенаторлар аввалроқ ижтимоий тармоқлар ва Googleга цензура ҳамда улар фаолиятини федерал даражада мувофиқлаштириш билан таҳдид қилган.

Демократ сенаторлар эса, бунга жавобан, ижтимоий тармоқларнинг реал муаммолари “душманлик тилини” тарқатиш ва дезинформациядан иборат эканини билдиришган.

Еврокомиссия пандемиядан кейинги инқирозга қарши режасини тақдим этди

Урсула фон дер Ляйен.

Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен 27 май куни коронавирус инфекцияси пандемиясидан кейин Европа иқтисодиётининг тикланишига оид режани тақдим этди.

Брюссель амалдаги умумевропа механизмларига қўшимча сифатида 750 миллиард евролик жамғарма тузишни таклиф этмоқда. Бу маблағнинг 500 миллиардини грантлар, 250 миллиардини эса кредитлар ташкил этади. Бу пулларни Еврокомиссия молия бозорларидан қарзга олмоқчи. Агар тикланиш ва ислоҳотлар бўйича конкрет режалари маъқулланса, ёрдамдан ЕИнинг барча мамлакатлари фойдалана олишлари мумкин.

“Кейинги авлод Европа Иттифоқи” деб номланган жамғармадан ташқари Еврокомиссия 2021–2027 йиллар учун ЕИнинг 1 триллион 100 миллиард евролик узоқ муддатли бюджети янги лойиҳасини тақдим этди.

Кейинроқ Европа кенгаши раҳбари Шарль Мишель таклиф қилинган инқирозга қарши режа 19 июнь куни ЕИ саммитида кўриб чиқилишини билдирди.

Европа яқин-яқингача COVID-19 пандемиясининг маркази бўлиб турган, ҳозир марказ Лотин Америкасига кўчган. Италия, Испания, Франция ва Германия коронавируснинг ёйилиш даражаси бўйича ҳали-ҳамон жаҳон лидерлари ўнлигида турибди.

Грузияда бош вазир парламентда чиқиш қилаётган пайтда мухолифат митинг уюштирди

Георгий Гахария.

Тбилисида Грузия бош вазири Георгий Гахария 27 май куни парламентда чиқиш қилаётган пайтда мухолифат қонун чиқарувчи орган биноси олдида оммавий акция уюштирди. Митинг иштирокчилари бош вазирни россияпараст сиёсат юритаётганликда ва “евроатлантика йўналишига хиёнат қилаётганлик”да айбладилар. Фаоллар мухолифатнинг 2019 йил 20 июнидаги норозилик намойиши шафқатсизларча бостирилиши эслатиб турсин учун парламент биноси дарвозасини қизил рангга бўяшга ҳам уринишди. Акция иштирокчилари ва полиция ўртасида тўқнашув содир бўлди.

Гахария ўз ҳисоботида мамлакатда коронавирус билан боғлиқ вазият ва чекловларни босқичма-босқич бекор қилиш стратегияси ҳақида гапириб берди. Мухолифат партиялари аъзолари бош вазирни иқтисодий стагнация туфайли юз минглаб киши ишсиз қолган бир пайтда аҳолига инқирозга қарши амалий режа таклиф қилолмаётганликда айбладилар. Депутатлар ўтган йили парламент биноси олдидаги намойишчилар аёвсиз тарқатилганини ҳам эслатдилар. Улар бош вазирни “қонхўр жаллод” деб атадилар. Гахария мухолифатдаги “Асосий канал” телекомпанияси ҳаммуассиси Георгий Руруани қамоқдан озод қилишни истамаётганликда ҳам айбланди. Руруани мухолифат сиёсий маҳкум, деб ҳисоблайди.

Грузияда парламент биносига ҳужум 2019 йилнинг 21 июнига ўтар кечаси содир бўлган. Ўшанда мухолифат фаоллари Россия Давлат думаси депутати Сергей Гаврилов Грузия парламенти спикери креслосига ўтирмоқчи бўлгани ортидан стихияли митинг уюштиргандилар. Ҳужум чоғида юзлаб одам оғир тан жароҳати олган. Полиция норозиларни тутиб қолишга муваффақ бўлган. Орадан бир неча кун ўтгач, Грузия Бош прокуратураси мухолифатнинг бир неча лидерига қарши жиноят иши очган.

Тожикистонда коронавирусга чалинганлар сони Ўзбекистондагидан ошиб кетди

Тожикистон Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазирлиги 27 май оқшомида COVID-19 инфекциясини юқтириб олганлар сони 3424 нафарга етгани ҳақида маълумот тарқатди, дея хабар қилади Озодликнинг тожик хизмати.

Вазирликнинг қайд этишича, сўнгги кеча-кундузда 158 нафар киши инфекцияга чалинган, яна шунча бемор соғайган. Бу мамлакатда коронавирусдан тузалган кишиларнинг умумий сони 1575 нафарга етган. Эпидемия бошидан бери 47 бемор ҳаётдан кўз юмган.

Айни пайтда Ўзбекистонда расмий маълумотларга мувофиқ, 27 май соат 16:30 ҳолатига кўра, коронавирусга чалинганлар сони 3355 нафарни ташкил этган. Хасталик ёйила бошлаганидан бери COVID-19 дан тузалганлар сони 2659 кишига, қурбонлар сони эса 14 кишига етган.

Франция маҳаллий автомобилсозликни дастаклаш учун 8 млрд евро ажратади

Citroën C-Zero электромобили.

Франция автомобиль саноатини қўллаб-қувватлаш учун 8 миллиард евродан кўпроқ маблағ ажратмоқчи. Бу ҳақда мамлакат президенти Эммануэль Макрон билдирди.

Мазкур маблағ, энг аввало, электромобиллар ва гибрид моторли машиналар ишлаб чиқаришга йўналтирилади. Бундан 1 миллион евро харидорлар учун субсидияларга кетади. Мулоҳазаларга кўра, тармоқдан заряд олиш имкониятига эга гибрид автомобиль сотиб олишни истаган харидорлар давлатдан 2 минг евро миқдорида пул олади.

Коронавирус пандемияси қабатида Францияда автомобиль ишлаб чиқариш 80 фоизга қисқарган. Сотувчилар тасарруфида ярим миллион янги ва ҳайдалган машиналар тўпланиб қолган. Макронга кўра, давлат нафақат сотувни, балки инновацион лойиҳаларни ҳам дастаклашга тайёр.

Давлат кўмаги эвазига, Макроннинг айтишича, автомобилсозлар ишлаб чиқаришни бошқа мамлакатлардан Францияга кўчириб келишга ҳамда мамлакатда мавжуд бўлган саноатни тўла ҳажмда сақлаб қолишга рози бўлганлар. Хусусан, Peugeot ва Citroën автомобилларини ишлаб чиқарувчи PSA концерни йилига 450 минг автомобиль ишлаб чиқаришга тайёр. 2021 йили завод гибрид ва электродвигателли 130 минг машина ишлаб чиқаради.

Россиялик врачларнинг 80 фоизи COVID-19 га оид ўлим статистикасига ишонмайди

Россиялик врачларнинг қарийб 80 фоизи мамлакатдаги коронавирус билан боғлиқ ўлимга оид расмий статистикага ишонмайди. RNC Pharma ва "Доктор на работе" ташкилоти томонидан ўтказилган ва "Медицинский вестник" нашрида ёйинланган сўров натижалари ана шундан далолат бермоқда.

Сўралган врачларнинг 61 фоизи коронавирус билан боғлиқ ўлим бўйича расмий маълумотлар ҳаққонийлигига шубҳа қилишини айтган. Уларнинг яна 17 фоизи статистика ва ташхис билан манипуляция қилинганини тасдиқлашга тайёрлигини билдирган. Врачларнинг 8 фоизи фикрича, ҳали маълумотларни ўзгартириб беришга ҳожат йўқ, бироқ коронавирус қурбонлари оша бошлаши билан рақамлар манипуляцияси бошланади.

Сўралганларнинг 9 фоизигина расмий статистикага тўла ишонини қайд этган. Уларга кўра, ўлим билан боғлиқ маълумотларни сохталаштиришнинг имкони йўқ. "Медицинский вестник" нашри сўров натижалари юзасидан изоҳ сўраб Россия Соғлиқни сақлаш вазирлигига мурожаат қилган.

Расмий статистика унинг ноаниқ ва қисман сохталаштирилган бўлиши мумкинлиги ҳақида гумонга борган тадқиқотчилар томонидан бир неча марта танқид қилинган. Россия расмийлари бу иддаоларни рад этмоқда.

Май ойида Британиянинг The Financial Times ва АҚШнинг The New York Times нашрлари Москва ва Санкт-Петербургда коронавирусдан ўлганлар сони ҳақида материаллар ёйинлаган. Журналистлар фикрича, ўлим ҳолатларининг ҳақиқий сони Россия расмий статистикасида келтирилаётганидан 70 фоизга кўп бўлиши мумкин. Россия Ташқи ишлар вазирлиги бу мақолаларни “асоссиз чайқов” деб атаб, Россиядаги коронавирус инфекцияси билан боғлиқ ўлим статистикаси ҳақида улар ёйинлаган хабарлар юзасидан раддия талаб қилган.

27 май ҳолатига кўра, Россияда коронавирус инфекциясини юқтириб олиш билан боғлиқ 370 минг 680 та ҳолат қайд этилган. COVID-19 важидан 3968 киши ҳаётдан кўз юмган, 142 минг 208 нафар бемор эса соғайиб кетган.

Қирғизистонда эпидемия аввалидан бери 300 чоғли тиббиётчи коронавирусга чалинди

Қирғизистонлик врачлар коронавирусга чалинган бемор палатасида.

Сўнгги кеча-кундузда қирғизистонлик 12 нафар тиббиёт ходимида коронавирус инфекцияси аниқланди. Бу ҳақда соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Нурбўлўт Усенбаев маълум қилди.

Мулозимга кўра, эпидемия бошидан бери тиббиёт ходимларидан 299 нафари коронавирус инфекциясини юқтириб олган, улардан 243 нафари соғайган.

27 май ҳолатига кўра, Қирғизистонда коронавирусга чалиниш билан боғлиқ 1520 та ҳолат аниқланган, беморлардан 16 нафари оламдан ўтган, 1043 бемор соғайиб кетган.

Чувашия собиқ президенти Владимир Путинни судга берди

Владимир Путин ва Михаил Игнатьев, Москва, 2014 йил 24 июль.

Россия Олий суди Чувашия Республикасининг собиқ раҳбари Михаил Игнатьевнинг президент Владимир Путинга қарши даъво аризасини кўриб чиқади. Бу ҳақдаги маълумот Олий суд сайтида мавжуд.

Игнатьев Путин томонидан ўзининг ноқонуний тарзда истеъфога чиқарилганини иддао қилмоқда.

58 ёшли Игнатьев 2010 йилда Чувашия президентлигига ўша пайтдаги Россия президенти Дмитрий Медведев тавсияси билан тайинланган эди. 2015 йилнинг июнида у истеъфо берган ва ўша йилнинг сентябрида сайловда номзод сифатида иштирок этиб, 65, 54 фоиз овоз олган ҳамда президентлик лавозимига қайта сайлаганди.

2020 йилнинг январида Путин Чувашия президентини ишончни йўқотганликда айблаб, ишдан бўшатган. Бунга Игнатьев матбуот кунида ҳукуматни танқид қиладиган журналистларни “адабини бериш”га чақиргани ва Фавқулодда вазиятлар вазирлигига янги ўт ўчириш машиналарини топшираётганда ўт ўчирувчиларни итдек ирғишлашга мажбурлагани сабаб бўлган. Бу икки видео ижтимоий тармоқларда тарқаб кетганидан сўнг Игнатьев “Единая Россия” партияси аъзолигидан ҳам чиқарилган эди.

ЖМТ: Коронавирус пандемияси вазиятида ёзнинг иссиқ келиши саломатликка салбий таъсир кўрсатади

Иссиқдан сақланиш учун ўзларини сувга отаётган покистонлик болалар. 28 апрель, Карачи.

Жаҳон метеорологиия ташкилоти – ЖМТ жорий йилда ёзнинг ўта иссиқ келиши коронавируснинг тарқалишини ҳисобга олганда инсон саломатлиги учун катта салбий таъсир кўрсатиши ҳақида маълум қилди.

AFP агентлигининг ташкилотга таяниб хабар беришича, ўта иссиқда кондиционердан чиққан ҳаво коронавирус пандемияси даврида тавсия этиладиган санитария меъёрларига жавоб бермайди.

Жаҳон метеорологиия ташкилоти расмий вакили Клэр Нуллис 26 майда Женевада ўтган матбуот анжуманида бу йил метеокузатувлар тарихидаги энг иссиқ йил бўлишини айтди.

Май ойининг ўрталарида ЖМТ 2020 йил ёзида Ер юзида аномал об-ҳаво - тропик кенгликлардаги окен сатҳи ҳароратининг кўпайиши,Жанубий Америка ва Ҳиндистон ярим оролида ёғингарчиликларнинг кўп бўлиши кузатилишини билдирган эди.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG