Линклар

Қозоғистон президенти Мянмадаги зўравонликларни қоралади


Туркия (чапда) президенти Эрдўғон ва Қозоғистон президенти Назарбоев

Ислом ҳамкорлик ташкилотининг (ИҲТ) Остонадаги фан ва технологиялар бўйича саммитида чиқиш қилган Қозоғистон ва Туркия президентлари Мянмадаги зўравонликларни қоралади.

ЎзА агентлиги хабарида айтилишича, ИҲТнинг бу тадбири илм-фан, технология ҳамда ислом оламини модернизация қилиш мавзуида ўтмоқда.

«Интерфакс» агентлиги Қозоғистон президенти Назарбоевдан: "Биз Мянмадаги низо юзасидан хавотирдамиз. Биз барча тарафларни зудликда зўравонликни тўхтатиш ва БМТ доирасида мулоқот қилишга чақирамиз", дея иқтибос келтирди.

БМТ берган маълумотга кўра, сўнгги кунлар ичида Мянмадаги этник низолар ортидан 300 мингга яқин этник Роҳинжа мусулмонлари мамлакатни тарк этишга мажбур бўлди.

Шунингдек, Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ИҲТга аъзо 15 етакчи давлат раҳбарларига норасмий тарздаги бир гуруҳга бирлашишни таклиф қилди. Мисол тариқасида "Катта йигирмалик"ни тилга олган Назарбоев шу йўл билан Ислом дунёсида илм-фан, иқтисодни ривожлантириш мумкинлигини айтди.

Остонада 10 сентябр куни очилган саммитда Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлат ва кузатувчи мамлакатлар, минтақавий ва халқаро ташкилотлар вакилларидан иборат 80 га яқин делегация иштирок этди.

XS
SM
MD
LG