Линклар

Тошкент шаҳридаги аксар банкларда валюта айирбошлаш шохобчалари ходимлари ҳар куни соат 9дан 22 гача ишлашга мажбурланаяпти. Озодликка мурожаат қилган банк ходимларига кўра, кейинги бир ой давомида дам олиш кунлари ҳам ишлашга мажбур бўлмоқдалар.

Ўзбекистондаги банклардан бирининг Тошкентдаги бош идорасида банк ходими Озодликка мурожаат қилиб, банкнинг валюта айирбошлаш шохобчаларида ишлаётган ходимлар ҳар куни 13 соатдан ишлашга мажбурланаётганидан шикоят қилди:

"Валюта айирбошлаш шахобчаси ходимларига ҳар куни соат 9 дан 22гача ишлаш буюрилган. Уларга соат 22 гача ишлаганига на ойлик қўшилди, на қўшимча смена ташкил қилинди. Лекин Меҳнат кодексида иш вақти 8 соатдан ошмаслиги кераклиги ёзилган. Ҳар ой шундай фармойиш келади ва банк ходимлари шанба ва якшанба кунлари ишлайди. Бунақада оилага қачон вақт ажратилади?", дея ёзди ўзини таништирмаган банк ходими.

Озодликка йўлланган ҳужжатда Ўзбекистон Марказий банки раис ўринбосари Б. Захидов имзоси билан мамлакатдаги тижорат банкларига йўлланган Модемограммада “2017 йил 6 сентябрдан бошлаб банк қошида ташкил қилинган барча валюта айирбошлаш шохобчаларининг иш вақти вақтинча соат 9:00 дан 22 гача белгиланганлиги” маълум қилинган.

Захидов имзолаган яна бир ҳужжатда валюта айирбошлаш шохобчалари сентябрь ойида шанба-якшанба кунлари ҳам ишлаши таъкидланган.

Озодлик вазиятни ўрганиш учун Тошкентдаги ўндан зиёд банк билан боғланди. Дастлаб уланганимиз Asia alliance bankнинг Валюта айирбошлаш шохобчаси ходими ҳар куни 13 соатдан ишлаётганини айтди:

“Биз ҳар куни эрталаб соат 9 дан кечги 10 гача ишлаяпмиз. Эрталаб келиб кечаси кетамиз. Сўнгги бир ойдан бери шанба-якшанба кунлари ҳам ишлаяпмиз. Бир ҳафтада 7 кун ишлаяпмиз. Тўғри чарчаб қолаяпмиз, лекин ишдан айрилиб қолишдан қўрқанимиз учун ҳар куни ишлашга мажбурмиз”, дейди Asia alliance bank ходими ўзини очиқламаслик шарти билан.

Тошкентдаги Микрокредитбанк бўлимларидан бирининг валюта айирбошлаш шохобчасида ишлаётган йигит ҳам ҳар куни 13 соатдан ишлаётганидан шикоят қилди:

“Ҳафтасига 7 кун 13 соатдан ишлаяпмиз. Қўшимча ойлик берилиши ваъда қилинган. Энди ойлик оладиган пайтимиз биламиз бу ваъда амалга ошиш ёки ошмаслигини. Ҳозирча чидаб ишлашга мажбурмиз”, деди ўзини таништирмаган банк ходими.

Пойтахтдаги Ипотека банкининг валюта айирбошлаш шохобчаси ходимасига кўра, улар ҳам 13 соатдан ишлаяпти, лекин ҳар куни эмас:

“Биз эрталаб келиб, кечги соат 10да кетаяпмиз. Лекин бир кун ишласак эртасига дам олиш бераяпти. Яъни через день ишлаяпмиз”, деди банк ходимаси.

Пойтахтдаги Алоқабанк ходимлари эса, шикоят қилиш орқали икки сменали иш тартиби ташкил қилинишига эришган. Бу ҳақда Озодликка гапирган банк ходимига кўра, улар бошидан фақат 3 кун 13 соатдан ишлаган:

“6 сентябрдан бошлаб уч кун 13 соатдан ишладик. Лекин жуда чарчаб қолдик. Кейин банк раҳбарларига шикоят қилгандик, икки сменада ишлашга рухсат беришди. Ҳозир фақат икки сменада ишлаяпмиз”, деди банк ходими.

Ўзбекистон Меҳнат кодексида иш вақтининг нормал муддати ҳафтасига қирқ соатдан ошмаслиги белгиланган. Кодекснинг 15-моддасида “Олти кунлик иш ҳафтасида ҳар кунги ишнинг муддати етти соатдан, беш кунлик иш ҳафтасида эса саккиз соатдан ортиб кетмаслиги лозим”лиги таъкидланган.

Asia alliance bank ва Микрокредитбанк расмийлари Валюта айирбошлаш шохобчаларида ҳар куни 13 соатлик иш тартиби ташкил қилиш пайти банк ходимларининг хоҳишлари ҳам инобатга олингани ва уларга қўшимча ойлик берилиши режаланганини таъкидлашди.

Ўзбекистон Марказий банкининг исмини очиқламаётганимиз расмийсига кўра, валюта айирбошлаш шохобчалари фаолиятини қандай ташкил қилиш ҳар бир тижорат банкининг ички иши ҳисобланади:

“Биз банкларнинг иш тартибига аралаша олмаймз. Лекин банкларда 13 соатдан сменасиз тарзда ишлаётганлар бўлса, банкнинг профсюз бўлимига, банк раҳбарига мурожаат қилиши керак. Агар улар ҳал қилмаса, судга мурожаат қилишлари мумкин ёки бизга- Марказий банкка бу борада маълум қилишлари мумкин”, деди Марказий банк расмийси.

Расмийга кўра, валюта айирбошлаш шохобчаларида 6 сентябрдан бошланган вақтинчалик 13 соатлик иш тартиби қачонгача давом этиши ҳозирча номаълум.

Ўзбекистон тижорат банклари 5 сентябрдан бошлаб хориж валюталарини эркин савдо қилишни бошлади.

4 сентябрь куни Ўзбекистон Марказий банки мамлакатда мавжуд бўлиб келган валюта алмаштириш учта курсини унификация қилиши оқибатида ўзбек сўмининг АҚШ долларига нисбатан ушлаб келинган расмий курси қарийб икки бараварга туширилди.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG