Линклар

Нурулло Отахонов китобида экстремистик ғояларни тарғиб этганликда гумонланмоқда (ВИДЕО)

  • Озодлик

Туркиядаги муҳожиротдан ватанига қайтгач Тошкент аэропортида ушланган ëзувчи Нурулло Отахонов (Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон) "Бу кунлар" номли асарида экстремистик ғояларни тарғиб этганликда гумонланмоқда.

Бу ҳақда 63 яшар адибнинг турмуш ўртоғи Гулнора Отахоновага Тошкент шаҳар Яшнобод тумани ИИБ терговчилари маълум қилган.

Нурулло Отахоновнинг 2015 йилда Туркияда нашр этилган "Бу кунлар" романида Ўзбекистон президенти Ислом Каримов асос солган режим, мамлакатда шаклланган яккаҳокимлик тузуми ва бутун жамиятда урчиб хавфли тус олиб бораётган улкан ёлғонга қарши кескин муносабат билдирганди.

Отахоновни исталмаган кишига айлантирган китоб муқоваси
Отахоновни исталмаган кишига айлантирган китоб муқоваси

Нурулло Отахоновнинг аёли Гулнора Отахонованинг телефон орқали Озодликка маълум қилишича, Тошкент аэропортида учоқдан тушганларидан сўнг милиция ходимлари Нурулло Отахоновнинг қўлига кишан таққанлар.

Шундан сўнг ёзувчи Яшнобод туман ички ишлар бўлимига олиб кетилган.

Гулнора Отахонованинг айтишича, унинг кескин талабларидан кейин, милиция ходимлари сўроқ қилинаётган Отахонов билан учрашишга изн берганлар.

Қисқа учрашув пайтида терговчилардан бири Отахоновнинг ҳибсга олинишига "Бу кунлар" романида акс этган ғоялар асос бўлганини билдирган.

Гулнора Отахонованинг ички ишлар ходимларига таяниб маълум қилишича, Нурулло Отахоновнинг мазкур асари Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Дин ишлари бўйича қўмита томонидан "экстремистик" деб топилган.

Ички ишлар ходимлари Нурулло Отахонов яқинларига адибнинг қўйиб юборилмаслигини билдириб, унга адвокат олишни тавсия қилганлар.

Сўнгги икки йилда Туркияда яшаëтган ëзувчи “Ўзбекистон ҳаво йўллари” ширкатининг сешанба кунги Истанбул -Тошкент учоғига чиқишдан олдин Озодлик билан суҳбатлашган эди.

Мазкур суҳбат давомида ёзувчи "Бу кунлар" асари Туркияда нашрдан чиққанидан сўнг Ўзбекистонда исталмаган шахс сифатида қидирувга берлигани тўғрисида гапириб берганди.

Ўтган йили Андижон шаҳар "Уйғур" жоме масжиди имом хатиб ноиби “Бу кунлар” романига қарши мақолани интернетда эълон қилиб¸ ëзувчини сотқинликда айблаган эди.

Нурулло Отахонов Ўзбекистон янги президентининг 20 сентябрь куни Нью-Йоркда ўзбекистонликлар билан учрашувда қилган “четдаги ватандошлар Ўзбекистонга қайтсин” деган чақириғидан руҳланиб¸ Ўзбекистонга қайтган илк таниқли шахсдир.

Нурулло Отахонов Фарғона вилояти Ўзбекистон туманидаги Ойимча Қақир қишлоғида туғилган. Тошкент Давлат университетининг ўзбек филологияси бўлимини тамомлаган. “Йўл бошида” “Дунё кенг”, “Шу ерлик киши” каби қисса ва ҳикоялар тўпламлари орқали танилди.

Ëзувчининг севги мавзусидаги “Оқ бино оқшомлари” ҳикояси “Шарқ юлдузи” журналида чоп этилгач, “Йилнинг энг яхши ҳикояси” деб топилган эди.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG