Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:57

Путин Сочида МДҲ ва Евроосиё иқтисодий иттифоқи саммитларига мезбонлик қилди


Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов (чапда) Россия президенти
Владимир Путинга 2017 йил 11 октябрь куни Сочи шаҳридаги МДҲ саммити
чоғида Марказий Осиё чўпон кучуги – алабайнинг боласини совға қилди.
Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов (чапда) Россия президенти Владимир Путинга 2017 йил 11 октябрь куни Сочи шаҳридаги МДҲ саммити чоғида Марказий Осиё чўпон кучуги – алабайнинг боласини совға қилди.

Собиқ совет республикалари раҳбарлари 11 октябрь куни Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) ва Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕИИ) саммитларида иштирок этиш учун Россиянинг Сочи шаҳрида тўпланди.
Россия президенти бирйўла иккита ташкилот зирвасига мезбонлик қилди.

Москва ушбу ташкилотлар ёрдамида мамлакатининг минтақадаги таъсирини сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқда.

Бироқ Совет Иттифоқи инқирозга юз тутгандан бери ўтган 26 йил мобайнида унинг ўрнида юзага келган янги давлатлар ўртасида манфаатлар зиддияти барҳам топмаяпти.

Жорий йилдаги зирва Қозоғистон билан Қирғизистон ўртасидаги муносабатлар таранглашган пайтга тўғри келди.

Қирғизистон ҳукумати қўшни Қозоғистонни 15 октябрь куни бўлиб ўтадиган президент сайловига аралашаётганликда
айбламоқда.

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев 9 октябрь куни Сочига сафарини бекор қилди.

Бунга сайлов куни четдан маблағ билан таъминланадиган
тартибсизликлар уюштирилиши мумкинлигига оид хавотирлар сабаб бўлди.

Бу ҳақда президент девони хабар тарқатди.

Атамбаев Қозоғистонни ҳокимиятдаги партиянинг бош мухолифи Ўмурбек Бабановни қўллаб-қувватлашда айблаб чиққан ва президент Нурсултон Назарбоевни у билан сентябрда учрашгани учун танқид қилган эди.

10 октябрь куни Путин Тожикистон ва Молдова президентлари Эмомали Раҳмон ва Игорь Додон билан алоҳида-алоҳида учрашди.

Додон россияпараст сиёсатчи сифатида танилган ва Путинни тез-тез мақтаб туради.

Унинг бундай сиёсати мамлакатининг европапараст ҳукумати сиёсатига мутлақо зиддир.

МДҲ саммити 11 октябрь куни бошланишидан олдин Путин Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан учрашди ва у Россия президентининг туғилган кунига Марказий Осиё чўпон кучуги – алабайнинг боласини совға қилди.

7 октябрь куни 65 ёшга кирган Путиннинг 2018 йили март ойида бўлиб
ўтадиган президент сайловида яна қатнашиши кутилмоқда.

Путин Бердимуҳамедовга зирвада қатнашгани учун миннатдорлик билдирди.

Унинг ташқи денёдан деярли узилиб қолган мамлакати бетарафлик сиёсати юритади ва МДҲга тўлиқсиз, яъни ассоциатив аъзо ҳисобланади.

Путин зирва олдидан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан ҳам учрашди.

Арманистон, Озарбайжон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон МДҲга аъзо давлатлардир.

Аммо Литва, Латвия ва Эстониядан иборат Болтиқбўйи мамлакатлари ҳеч қачон ушбу ташкилотга аъзо бўлган эмас.

Грузия 2008 йили Россия билан можародан сўнг МДҲдан чиқиб кетди.

Украина айни ташкилотга ассоциатив аъзодир, бироқ унинг ғарбпараст раҳбарлари Россия 2014 йили Қримни босиб олгандан ва Украина ғарбидаги айирмачиларни қўллаб-қувватлашни бошлагандан сўнг МДҲ ишларида қатнашмай қўйди.

11 октябрь куни МДҲ саммити тугагач, Арманистон, Беларусь Қозоғистон, Қирғизистон ва Россия раҳбарлари Евроосиё иқтисодий иттифоқининг Олий иқтисодий кенгаши мажлисида иштирок этди.

XS
SM
MD
LG