Линклар

Doing Business рейтингида Ўзбекистон энг кўп ислоҳот ўтказган давлатлар ўнлигидан жой олди


Ўзбекистон Doing Business 2018 (“Бизнес юритиш-2018”) рейтингида бир йилда иқтисод соҳасида энг кўп ислоҳотлар ўтказган давлатлар ўнлигидан жой олди.

Ўзбекистон Бруней-Даруссалам, Таиланд, Малави, Косово, Ҳиндистондан сўнг 6-ўринни эгаллаган. Ўзбекистондан кейинги тўрт ўрин эса Замбия, Нигерия, Жибути ва Сальвадорга берилган.

Ҳисобот муаллифларига кўра, Ўзбекистон қурилишга рухсат беришни, электр таъминотига уланишни осонлаштириш, миноритар манфаатларни ҳимоя қилиш, солиқ ставкаларини камайтириш, тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олишни соддалаштириш соҳаларида ислоҳотларни амалга оширди.

Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорацияси томонидан ҳар йили эълон қилинадиган рейтингнинг янги натижаларига кўра, бизнес юритишнинг қулайлиги бўйича Ўзбекистон ўтган йилги кўрсаткични 13 поғонага яхшилаб, 190 давлат орасида 74 - ўринни эгаллади. Ўтган галги рейтингда Ўзбекистон 87-ўринда эди.

Минтақа давлатлари орасида Қозоғистон 36, Қирғизистон 77, Тожикистон 123-ўринлардан жой олди.

Шу йилнинг июль ойида Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистоннинг Doing business рейтингидаги позициясини яхшилаш бўйича махсус комиссия ташкил этиш тўғрисида қарор чиқарган эди.

Қарорда Ўзбекистоннинг ушбу рейтингдаги позициясини ҳар йили 10 поғонага яхшилаш назарда тутилган. Ҳужжатда таъкидланишича, 2021 йилга келиб Ўзбекистон рейтингдаги 40-ўринга кўтарилади.

XS
SM
MD
LG