Линклар

18 декабр 2017, Тошкент вақти: 12:15

Тошкент ва Зангиотада "қора рўйхат"дан ўчирилган саксонга яқин диндор ушланди

  • Ҳурмат Бобожон/Озодлик

Ўзбекистоннинг Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг Зангиота туманида сўнгги уч кун мобайнида ёши 20дан 60гача бўлган саксонга яқин аёл ва эркак диндор ушланган. Тошкентдаги Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Сурат Икромовнинг Озодликка билдиришича, қўлга олинганлар Зангиота тумани ва Тошкент шаҳри милиция бўлимларига олиб келинган ва соатлаб сўроқ қилинган. Улардан етти нафари ҳамон ҳибсда қолмоқда. Яқинлари ҳибсда улар калтакланганини Озодликка айтишди.

Хавфсизлик хизматлари Тошкент ва Зангиотада нима мақсадда диндорлар уйларига рейд уюштиргани ва уларни уйларини тинтув қилиб, милиция бўлимларида сўроқ қилгани маълум эмас.

Бу борада Озодлик Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигидан изоҳ ололмади.

Тошкентдаги Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Сурат Икромовнинг Озодликка айтишича, Ички ишлар вазирлигининг "терроризм ва эстремизмга қарши курашиш" бошқармасидан экани ишонилаётган фуқаролик кийимидаги хавфсизлик ходимлари диндорларни сўроқ қилаётиб, улардан 2008 йилдан бери қидирувда бўлган Гўзал Тўхтахўжаеванинг яширинган жойи ҳақида сўрашган.

1986 йилда туғилган Тўхтахўжаева "Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш" ҳамда "Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш" да айбланган.

- Уларни Тўхтахўжаева деган аёлни қаердалиги қизиқтирган. 14 ноябр куни саккиз соатдан ортиқ сўроқ қилиишган ва кечқурун 8га яқин уйларига қўйиб юборишган. Лекин, сўроқ қилинганлардан беш эркак ва икки аёлни хавфсизлик хизматлари ҳибсда олиб қолган. Шу аёлларни бизга айтишича, айримлари калтакланган сўроқ пайти. Ҳозир ҳибсда қолганларнинг тақдири маълум эмас, - деди Сурат Икромов.

Сурат Икромовнинг айтишича, қўлга олинганлардан бири Дилдора Азимова исмли аёлнинг уйида бир кунда уч марта тинтув ўтказилган.

Хавфсизлик ходимлари унинг 23 ёшли ўғли Насруллони ҳибсга олган.

Ҳуқуқ фаолига кўра, хавфсизлик ходимлари Насруллони сўроқ қилиш пайти калтаклаганлар.

Дилдора Азимованинг турмуш ўртоғи Файзулло Азимов 2001 йилда диний айбловлар билан қамалган ва ўшандан буён жазо муддатини ўтамоқда.

2014 йилда унинг қамоқ муддатига 16 ярим йил қўшиб берилган эди.

Файзулло Азимовнинг укаси Шукрулло ҳам диний айбловлар билан қамалган ва 2006 йилда "Сангород" қамоқхона касалхонасида вафот этган.

Дилдора Азимова Озодлик билан суҳбатда ўғли Насрулло ҳамон ҳибсда қолаётганини айтди.

Қўлга олинганларнинг барчаси "қора рўйхат"дан ўчирилганлар бўлган. Икки ой олдин махсус комиссия уларни рўхатдан чиқарган ва бемалол ишлаб жамият ривожига ўз ҳиссасини қўшиши мумкинлигини билдиришган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистонда қора рўйхатда турган 17 минг диндордан 16 мингтаси чиқарилгани билдирилганди.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG