Линклар

19 январ 2018, Тошкент вақти: 01:07

Мирзиёев: Элчиларнинг бундан буёнги вазифаси - экспорт, инвестиция ва туризм

  • Ҳурмат Бобожон/Озодлик

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўзбек элчилари билан 12 январ куни бўлган учрашувда хориждаги дипломатик ваколатхоналарнинг асосий вазифаси бундан буён экспорт, инвестиция ва туризм эканини таъкидлади. Президент ўз чиқишида элчихоналар ишига аралашадиган "айрим идоралар" вакилларини қайтариб олишини ҳам айтди.

Президент Шавкат Мирзиёев дипломатик ваколатхоналарнинг асосий учта вазифаси бундан буён экспорт, инвестиция ва туризм эканини таъкидлади.

“Биринчидан, экспорт, экспорт ва яна бир марта экспорт. Иккинчидан, чет эл инвестицияларини, замонавий технологиялар ва билимларни жалб қилиб, бизнинг саноат ва инфратузилмани модернизация қилиш ва ривожлантириш. Учинчидан, бизнинг элчихоналар Ўзбекитонга сайёҳлар оқимини ошириш учун самарали фаолият олиб боришлари керак”, - деди Мирзиёев.

Бундан аввалги чиқишида президент Мирзиёев: “Ўзбекистонга ҳафтасига ҳеч бўлмаганда ўн нафар турист жўнатмаган элчи бизга керак эмас”, - деган эди.

Президентнинг ушбу чиқиши ортидан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида қандай ўзгаришларни кутиш мумкин?

Озодлик бу ҳақда АҚШда яшаётган собиқ ўзбек дипломати Тошпўлат Йўлдошев билан суҳбатлашди.

Собиқ дипломат фикрича, Ўзбекистон президенти элчиларни нотўғри вазифалантиряпти.

- Ўзбекистонда хориж сармоядолари учун шароит бўлмаса элчи қандай қилиб уларни жалб қила олади?, - дейди Йўлдошев.

Президент Мирзиёев ўз чиқишида "элчихона ходимлари ортидан кузатиб юрадиган бир-икки идора вакиллари бўлмиш текинхўрлар"ни чақиртириб олишини айтди.

"Элчихонада бир-иккита идоралар вакиллари ишлайди, мен ҳаммасини қайтариб оламан. Бўлди, у замон тугади. Элчи президентнинг вакили, сиз ортидан кузатиб борадиган кимса эмас", деди Мирзиёев.

Тошпўлат Йўлдошев фикрича, президент бу ерда элчихоналарга биркитилган МХХ айғоқчиларини назарда тутяпти.

- Агар элчихоналар шу айғоқчилардан тозаланса ваколатхоналар фаолияти самаралироқ бўлади, дипломатлар эркинроқ ишлайди. Мирзиёевнинг бу чиқиши ташқи ишлар вазирлиги тизимида катта ўзгаришлардан дарак беряпти, - дейди Тошпўлат Йўлдошев.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG