Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:53

Мюнхен анжуманида Россия ва Ғарб ўртасидаги кучли зиддият ўртага чиқди


Германиянинг Мюнхен шаҳрида бўлиб ўтаётган халқаро хавфсизлик анжуманида Украина шарқидаги уруш ҳамда Россиянинг АҚШ сайловларига аралашуви бўйича иддаолар юзасидан Россия билан ғарб мамлакатлари ўртасида келиб чиққан қарама-қаршилик яққол кўриниб турди.

Нуфузли конференцияда жаҳон давлатларининг етакчи дипломатлари иштирок этди.

17 февраль куни Украина шарқига БМТ тинчликпарвар кучлари юбориш бўйича келишувга эришилмади. Украина шарқидаги тўқнашувларни тўхтатиш бўйича Германия, Франция, Украина ҳамда Россия иштирок этадиган «Нормандия формати»даги музокаралар эса бекор қилинди.

Хабар қилинишича, бунга дипломатларнинг тирбанд кун тартиби сабаб бўлган.

Анжуманнинг иккинчи куни очилиш маросимида сўзлаган Германия ташқи ишлар вазири Зигмар Габриэль Украина шарқига БМТ тинчликпарвар кучларини юбориш Россияга қарши санкциялар қадамба-қадам енгиллатилишига олиб келиши мумкинлигини айтган эди.

Европа Иттифоқи ҳамда АҚШ Россия 2014 йилда Украинанинг Қрим минтақасини аннексия қилиб олиб, мамлакат шарқидаги айирмачиларни қўллай бошлагани учун Москвага қарши бир неча раунд санкция жорий қилган. Украина шарқидаги тўқнашувларда шу кунгача 10 300 дан ошиқ одам ҳалок бўлди.

Аммо кеча Украина ташқи ишлар вазири Павло Климли аввалроқ Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан ушбу масалада келишувга эриша олмаганини айтди.

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг 17 февраль куни журналистлар билан учрашиб, Украинага БМТ тинчликпарвар миссиясини юбориш ҳақида Лавров билан суҳбатлашганини, аммо илгари силжиш бўлмаганини таъкидлади.

Ўтган йилнинг сентябрь ойида Россия президенти Владимир Путин Украина кучларини россияпараст айирмачилардан ажратиб турувчи «демаркация чизиғи»га БМТ тинчликпарвар кучларини юборишни таклиф қилган эди.

Аммо Украина расмийлари бошида бунга қарши бўлди. Уларга кўра, БМТ кучларини Украина-Россия чегарасига эмас, балки Украина ичидаги демаркация чизиғига юбориш Россия учун қўл келади: бундай қилинса, Москва айирмачиларни қурол билан таъминлаши янада осонлашади.

16 февраль куни АҚШда махсус катта жюри 13 россияликни ҳамда рус ширкатларини АҚШ сайловларида аралашишда расман айблади. Махсус прокурор Роберт Мюллер эълон қилган айбловлар бундан аввал маълум бўлмаган тафсилотларни ошкор қилди.

АҚШ президенти Доналд Трампнинг хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Макмастер:

- Россия ўзининг мукаммал жосуслигини чиндан қисқартиришни истаган пайт келса, улар билан кибер-мулоқот ўтказишни жуда хоҳлаган бўлардик. Буни замонавий технологиялар ёрдамида амалга оширилаётган «маскировка» деб аташ мумкин, - деди.

Анжуман давомида Лавровдан ушбу айбловлар ҳақида сўралганда, сиёсатчи уларга ҳеч қандай муносабатда эмаслигини айтиб, Москва далилларни кўрмагунича бу айбловлар «сафсата»дан бошқа нарса эмаслигини айтди.

Ўз нуқти давомида Лавров Россиянинг ғарбга бўлган бир неча эътирозини айтиб ўтди. Хусусан, сиёсатчи ЕИни Украинанинг собиқ президенти Виктор Януковични «ҳукуматдан ағдариш»га кўмаклашишда айблади.

Анжуман давомида Ироқ, Шимолий Корея, Сурия, Brexit, ҳамда Британиянинг иттифоқ билан алоқаси келажаги муҳокама қилинди. Макмастер Теҳрон Сурия, Яман ва Ироқда беқарорлаштирувчи амалиётларни бажараётганини айтди. Шунингдек, у Сурия президенти Башар ал-Ассад кимёвий қуролларни қўллашда давом этаётганини таъкидлади.

Буюк Британия бош вазири Тереза Мэй эса мамлакатнинг ЕИга аъзолиги масаласида иккинчи марта референдум ўтказилмаслигини айтди.

Бош вазир 2016 йилнинг июнида ўтказилган референдум натижасини ортга қайтариб бўлмаслигини таъкидлади.

- Биз ЕИни тарк этамиз ва иккинчи референдум ёки ортга қайтиш ҳақида сўз бўлиши мумкин эмас, менимча бу жуда миҳим, - деди Мэй.

Вазир, шунингдек, Лондон ва ЕИ ўртасида хавфсизлик бўйича Британия иттифоқдан чиқиб кетганидан кейин ишга тушадиган янги келишув имзолаш кераклигини таъкидлади.

XS
SM
MD
LG