Вашингтон билан Пекин эришган битимга кўра, Хитойнинг йирик ZTE Corp. телекоммуникация компанияси АҚШнинг Эрон ва Шимолий Кореяга қарши санкцияларини бузгани учун 1 миллиард доллар жарима тўлайди ва эвазига бизнесини сақлаб қолади.
7 июнь куни эълон қилинган жарима миқдори 892 миллион доллардан ошади. ZTE АҚШ санкцияларига зид равишда Эрон билан Шимолий Кореяга жиҳозлар сотгани учун айни миқдордаги жаримани тўлади.
АҚШ Савдо вазирлигидан маълум қилишларича, ZTE яна 400 миллион долларни гаров сифатида банкка омонат қилиб қўйиши шарт. Агар у сўнгги битим шартларини бузадиган бўлса, ушбу маблағ мусодара қилинади.
Янги битимда ZTEга олдин Америка компанияларидан сотиб олишга қўйилган тақиқлар бекор қилинди. Хитой компанияси вакиллари тақиқни ўз бизнесига таҳдид деб ҳисоблаётган эди.
Бундан ташқари, ZTE таркибига Қўшма Штатлар танлаган ва санкция талабларига риоя этилишини кузатиб борувчи гуруҳ киритилади. Янги битим талабларига асосан, Хитой компанияси директорлар кенгаши ва ижрочилар гуруҳи ўзгартирилади.
Апрель ойида Савдо вазирлиги ZTEнинг ўзи ишлаб чиқараётган уяли телефонлар ва бошқа телекоммуникация жиҳозлари учун АҚШдан бутловчи қисмларни импорт қилишига 7 йиллик тақиқ жорий этган эди. Айни жаримага ушбу компаниянинг ўтган йили санкция талабларини бузгани сабаб қилиб кўрсатилмоқда.
АҚШ бутловчи қисмларига қарам бўлиб қолган ZTE компанияси учун бундай чора бизнесининг тўхтаб қолиши билан баробар. Бир таёқнинг икки учи бўлганидай, ушбу тақиқ Хитойга бутловчи қисмлар экспорт қиладиган Qualcomm сингари АҚШ компаниялари бизенсига ҳам салбий таъсир кўрсатди.
ZTE бўйича эришилган сўнгги битим Қўшма Штатларнинг Хитой билан савдо-сотиқ соҳасидаги кенг қамровли музокараларига йўл очиб бериши шубҳасиз.
Иккала мамлакат бир-бирининг маҳсулотларига 200 миллиард долларлик бож жорий қилиш билан ўзар таҳдид қилди. Бунга Хитойнинг ўз ички бозорига АҚШ компанияларини киритиш учун бир нарсани шарт қилиб қўйди. Нима эмиш, АҚШ компаниялари эвазига ўз савдо сирларини Хитой томонига очиши керак эмиш.