Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:50

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини ҳайит билан табриклади


Президент Шавкат Мирзиёев Рамазон ҳайити муносабати билан ўзбекистонликларни табриклади.

“Қадрли ва муҳтарам ватандошлар! Сизларни, юртимиздаги барча мўмин-мусулмонларни, бутун халқимизни меҳр-оқибат, эзгулик ва саховат айёми – муборак Рамазон ҳайити билан чин қалбимдан самимий табриклайман”, деган сўзлар билан бошланадиган табрик давомида Мирзиёев диний соҳада олиб борилаётган ишларни ҳам тилга олди.

Жумладан, президент ислом динининг буюк инсонпарварлик тамойилларини асраш, тарғиб этиш мақсадида Имом Бухорий ва Имом Термизий номларидаги халқаро илмий марказлар, Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ташкил этилганини эслади.

“Бугунги кунда бутун инсоният ҳаётига таҳдид солаётган хавф-хатарларга қарши жаҳолатга қарши – маърифат асосида курашиш, динимиз поклигини сақлаш бўйича мамлакатимиз томонидан нуфузли халқаро минбарлардан қатор амалий ташаббуслар илгари сурилмоқда. Хусусан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси сессиясида “Маърифат ва диний бағрикенглик” деган ном билан махсус резолюция қабул қилиш ҳақида билдирган таклифимиз жаҳон миқёсида кенг қўллаб-қувватланмоқда”, дейилади табрикда.

Президент табригида айтилишича, Ўзбекистонда янги тараққиёт босқичига қадам қўйиб, барча соҳаларда ўзгариш ва янгиланишлар кучайиб бормоқда.

Мирзиёев фикрича, Рамазон ҳайити муносабати билан уч кунлик дам олиш эълон қилингани, 226 нафар маҳбус афв этилгани ҳам шулар жумласидандир.

Табрикда “ҳозирги юксак технологиялар асрида мустаҳкам иймон-эътиқод билан бирга замонавий илм-фан, касб-ҳунарлар, хорижий тилларни пухта эгаллаш, инновациялар соҳасидаги ютуқларни чуқур ўзлаштириш, ёшларимизни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш барқарор тараққиётга эришишнинг энг муҳим шарти эканини яхши тушунамиз” деб айтилади.

“Муборак ҳадисларда айтилганидек, икки дунё саодатини ўйлаб яшаган инсон, халқ ҳеч қачон кам бўлмайди”, деб таъкидлайди президент.

Табрик “Эзгу ишларимиз, интилишларимизда Яратганнинг Ўзи мададкор бўлсин!” деган сўзлар билан якунланади.

Рамазон ҳайитини 15 июнда нишонлаш тўғрисидаги қарор Тошкентда ташкил этилган Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистондан диний идоралари вакиллари учрашувида қабул қилинган.

Рамазон ҳайитини уч кун нишонлаш президентнинг 2017 йил 28 декабрдаги "2018 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида"ги фармонида белгилаб берилган.

Ҳайит арафасида президентнинг 12 июнда имзоланган "Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида"ги фармонига асосан 226 нафар маҳбус афв этилди.

Бу Ўзбекистонда Рамазон ҳайити муносабати билан берилган энг биринчи амнистия бўлди.

XS
SM
MD
LG