Линклар

Шошилинч хабар
25 январ 2020, Тошкент вақти: 21:56

Халқ таълими вазирлигидаги барча бошқарма ва бўлим бошлиқлари ишдан олинди


Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов вазирлик марказий аппаратидаги барча бошқарма ва бўлим бошлиқларини 25 июнь куни ишдан бўшатди.

“Мазкур қарор президент Шавкат Мирзиёевнинг вазирлик кадрлари таркибини янгилаш кўрсатмасига асосан қабул қилинди”, дейилади “Газета уз” вазирликка таянган ҳолда тарқатган хабарда.

Шерзод Шерматов ходимлар билан учрашувда вазирликнинг фаолияти сифат, адолат ва шаффофлик принциплари асосида олиб борилишини, асосий мақсад эса ҳар томонлама етук авлодни тарбиялаш бўлишини таъкидлаган.

“Фақат мана шу мақсад ва уч асосий принципга амал қила олганларгина вазирликда қолади, бунга тайёр бўлмаганлар билан эса хайрлашамиз”, деган вазир.

20 июнда 2013 йилдан буён халқ таълими вазири лавозимда ишлаб келган Улуғбек Иноятов ишдан олиниб, унинг ўрнига инновацион ривожланиш вазири ўринбосари бўлиб ишлаб келган Шерзод Шерматов тайинланган эди.

Вазирнинг биринчи ўринбосари Қодирбой Бектурдиев, вазир ўринбосарлари Жаҳонгир Сидиқов ва Дилшод Кенжаев ҳам лавозимидан озод қилинган.Халқ таълими вазири ўринбосари лавозимини фақатгина Алишер Саъдуллаев сақлаб қолганди

Ишдан олинганлар ўрнига Тошкентдаги Инҳа университети ректори бўлиб ишлаган Сарвар Бобохўжаев, инновацион ривожланиш вазирининг собиқ ўринбосарлари Отабек Назиров ва Алишер Умаровлар вазир ўринбосари вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

21 июнда ўтган видеоселектор йиғилишида бош вазир Абдулла Арипов вилоят, шаҳар, туман ҳокимларига мактаб директорлари ва ўқитувчиларини турли даражадаги йиғилишларга чақиришни тақиқлаган эди.

Бош вазир мактабларни ҳокимлар назоратидан чиқарган ва эндиликда ўқув муассасалари фақат Халқ таълими вазирлигига бўйсунишини айтган.

Бош вазир янги раҳбарлар олдига ўқитувчилар обрўсини, малакасини ва иш ҳаққини ошириш, ўқув дастурларини яхшилаш, ўқитувчиларни ортиқча қоғозбоўлик ишларидан бўшатиш каби вазифаларни қўйган.

Аввалроқ Норматив ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг муҳокамаси порталида президентининг “Халқ таълими тизимидаги педагог ходимларнинг ижтимоий мавқеини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинган.

Муҳокамаси 28 июнда якунланадиган ва кучга кирадиган мазкур қарорда 2018 йил 1 сентябрдан бошлаб умумий ўрта таълим муассасаларининг юқори синф ўқитувчиларининг ойлик иш ҳақларини 24 фоизга, бошланғич синф ўқитувчиларининг ойлик иш ҳақларини эса 10 фоизга ошириш назарда тутилган.

Қарорда, шунингдек, энг яхши фан ўқитувчиларини чет эллардаги етакчи таълим муассасаларига малака ошириш учун қисқа муддатли стажировкаларга юбориш режалаштирилмоқда.

Ўқитувчиларни давлат мукофотларига тавсия этиш салмоғини кўпайтириш, йилда бир маротаба кенг қамровли бепул тиббий кўрикдан ўтказиш кўзда тутилган.

Бундан ташқари таълим муассасаси ва халқ таълими бошқарув органларида 5 йилдан ортиқ фаолият олиб бораётган, ўз касбий маҳоратини намоён қилаётган, таълим сифатига муносиб ҳисса қўшаётган педагоглар учун арзон уй-жойлар қурилиши дастури доирасида уй-жой сотиб олишлари учун узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредитлари бериш кўзда тутилмоқда.

XS
SM
MD
LG