Линклар

Шошилинч хабар
05 май 2024, Тошкент вақти: 05:16

Ҳиндистоннинг Кобулдаги элчихонаси ҳинду ва сикҳларга уюштирилган ҳужумни қоралади


Сикҳ Автар Сингҳ Халса Афғонистонда рўй берган 1 июлдаги ҳужум қурбони бўлди. 
Сикҳ Автар Сингҳ Халса Афғонистонда рўй берган 1 июлдаги ҳужум қурбони бўлди. 

Ҳиндистоннинг Кобулдаги элчихонаси худкуш Афғонистон шарқидаги Нангарҳор вилоятида бир гуруҳ ҳинду ва сикҳларни нишонга олган қонли ҳужумни қоралаб чиқди.

Ушбу ҳужум халқаро террорчиликка қарши глобал миқёсда бир ёқадан бош чиқариб курашиш ҳамда уни қўллаб-қувватловчиларни жавобгарликка тортиш зарурлигини тақозо этмоқда, − дейилади Ҳиндистон элчихонаси баёнотида.

Элчихона 1 июль куни 20 кишининг бошига етган худкушлик ҳужумидан сўнг Твиттер орқали ана шундай баёнот тарқатди.

Афғон расмийларига кўра, худкуш бомбачи Нангарҳор вилояти маркази Жалолобод шаҳрида Афғонистон президентини кутиб олиш учун чиқаётган ҳинду ва сикҳлар гуруҳини нишонга олган.

Нангарҳар вилояти полиция хизмати раҳбари Ғулом Санайи ушбу ҳужум ҳақида шундай деди:

Ўлдирилганларнинг кўпчилиги камсонли Сикҳ элатига мансуб кекса кишилар бўлиб чиқди. Улар мамлакат президенти билан учрашувга кетаётган пайтда қўққисдан террорчи ҳужумига учради.

Вилоят соғлиқни сақлаш хизмати вакиллари берган маълумотда айтилишича, қурбон бўлган 20 кишининг 17 нафари камсонли ҳинду ва сикҳ элатларига мансуб кишилар бўлган.

Элчихона ходимлари ўлганлардан бири вилоятдаги сикҳ элатининг кўпйиллик раҳбари Автар Сингҳ Халса эканини тасдиқлади.

У октябрь ойида бўлиб ўтадиган парламент сайловига номзодини қўйишни режалаштираётган эди.

Минтақада фаол бўлган Ислом давлати (ИД) экстремистлар ташкилоти ушбу ҳужум учун масъулиятни зиммасига олди.

Ҳужум вақтида яна 20 киши жароҳатланди ва улар Жалолобод шаҳридаги шифохонада даволанмоқда. Расмийларга кўра, айрим ярадорларнинг аҳволи ўта оғир.

Ашраф Ғанининг матбуот котиби у ҳали ҳам Нангарҳар вилоятида, лекин “хатардан ҳоли” эканини айтди.

Озодлик мухбирлари бомба портлагандан сўнг полиция шаҳар марказини ўраб олгани ва айрим дўконлар ўт ичида қолганини хабар қилди.

Бу вилоятда сўнгги бир кеча-кундузда рўй берган иккинчи ҳужумдир.

30 июнда жангарилар Ҳогяни туманидаги ўғил болалар мактабига ҳужум уюштириб, 3 кишини калласини кесиб, мактаб биносига ўт қўйиб юборган эди.

Ҳужумлар Афғонистон ҳукумат қўшинларига Толибон жангариларига қарши ҳарбий амалиётларни давом эттириш тўғрисида буйруқ берилгандан сўнг содир бўлди. Рамазон ойида расмий Кобул “Толибон”га нисбатан бир томонлама оташкесим эълон қилган эди.

Гарчи Ашраф Ғани 18 кун давом этган оташкесимни бекор қилган бўлса-да, Толибон ҳаракатини тинчлик музокараларида қатнашишга даъват этиб келмоқда.

АҚШ вакили Элайс Уэллс тинчлик музокарасида қатнашиши учун Толибон ҳаракатига босим ўтказиш мақсадида Кобулга келди.

У 2 июлда Покистонга бориб, расмий Исломобод билан шу масалада музокара ўтказмоқчи.

XS
SM
MD
LG