Линклар

Шошилинч хабар
23 октябр 2018, Тошкент вақти: 15:17

Ректорлар ота-оналарни пора бермасликка чақириб, мурожаат эълон қилди


Абитуриент кириш имтиҳонида, 1 август, 2016-йил

Ўзбекистондаги олий таълим масканлари (ОТМ) ректорлари ота-оналар ва абитуриентларга мурожаатнома эълон қилди. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги сайтида чоп этилган мурожаатда кириш имтиҳонлари арафасида коррупционер "товламачи ва фирибгарлар"га пора бермаслик сўралган.

Ректорлар номидан эълон қилинган мурожаатда бу йилги кириш имтиҳонлари ҳалол ўтиши ваъда қилинган, шунга яраша, ота-оналар ва абитуриентлар ҳам "виждонан йўл тутиш"га чақирилган.

"Афсуски, товламачилар ва фирибгарларнинг дунёқараши ўзгармайди... Уларнинг тузоғига илиниб қолманг... Бир ҳақиқатни унутманг! Пора билан ўқишга кирган инсон умри давомида шу пулни қайтариб ишлаб олиш ҳаракатида бўлади", дейилади мурожаатда, жумладан.

Ректорларнинг бу таҳлит мурожаати Ўзбекистонда илк бор кузатилмоқда.

Бу йилги ОТМга кириш имтиҳонлари - тест синовлари ҳам аввалгилардан фарқли ўтиши эълон қилинган.

Тест синовлари аввалгидай 1 кунда ўтмайди, балки 15 кун - 1 августдан 15 августга қадар давом этади. Абитуриентнинг неча балл тўплагани имтиҳоннинг эртасига аниқ бўлади. ДТМ расмий сайти орқали натижаларни текшириб олиш мумкин бўлади.

Бу ҳақда Олий ва ўрта-махсус таълим вазири Ином Мажидов Kun.uz нашрига берган суҳбатида шундай деган эди: “Таклиф киритилдики, тест натижалари бир кунда маълум бўлса, шундай технология асосида иш олиб бориш ДТМ томонидан амалга оширилди”.

Бу йил Ўзбекистондаги 60 та Олий Таълим муассасаси ва унинг 19 та филиалига 675 мингдан ортиқ абитуриент ҳужжат топширди. Бу ўтган йилгига қараганда 54 мингга камдир.

Натижада, бу йилги танловда 1 талаба ўринга 8.3 абитуриент тўғри келмоқда.

Давлат тест маркази тарқатган маълумотга кўра, абитуриентлар сонининг бу йил озроқ бўлганини кечки ва сиртқи бўлимларнинг очилиши билан изоҳлаш мумкин.

Sputnik нашрига маълумот берган Олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидовга кўра, бу йил 50 минг абитуриент кечки ва сиртқи таълим учун, яна 60 минг киши эса махсус сиртқи бўлимларда ўқиш учун ҳужжат топширган.

Бундан ташқари, тест синовларининг шаффоф ўтиши учун олий ва ўрта махсус таълим муассасаларидан 4 минг 500 нафардан ортиқ педагог ва раҳбар кадрлар жалб этилиши айтилган.

Шунингдек, бу йилги кириш имтиҳонларининг 60 та бинода, 1 минг 63 тага бўлинган гуруҳларда ўтказилиши айтилган.

XS
SM
MD
LG