Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:32

Помпео АҚШ Эронга қарши санкцияларни тиклажаягини маълум қилди


Эрон 7 августдан бошлаб АҚШ долларини сотиб олиш ҳуқуқидан маҳрум бўлиши мумкин.
Эрон 7 августдан бошлаб АҚШ долларини сотиб олиш ҳуқуқидан маҳрум бўлиши мумкин.

Америка Қўшма Штатлари Эронга қарши янги санкциялар мажмуаси нималардан иборат эканини 6 август куни очиқламоқчи. Унда валютага оид чекловлар рўйхатнинг бошида бўлади.

АҚШ давлат котиби Майк Помпеонинг журналистларга маълум қилишича, Қўшма Штатлар “санкцияларни кучайтирмоқчи”.

Президент Доналд Трамп май ойида Эрон ядро дастури юзасидан олтита мамлакат билан имзолаган битимдан чиққани маълум қилган эди.

Помпео Сингапурда бўлиб ўтган АСЕАН саммитидан Вашингтонга қайтаётиб, Оқ Уй 6 август куни санкция тафсилотларини очиқлашини билдирди.

АҚШ расмийлари эса қайта қўлланаётган санкцияларга асосан, Эрон 7 августдан бошлаб АҚШ долларини сотиб олиш ҳуқуқидан маҳрум бўлишини айтди. Санкциялар Эрон саноати, жумладан, гилам экспортини ҳам қамраб олади.

Сўнгги ойларда Эроннинг иқтисодий аҳволи кескин ёмонлашди. АҚШ санкцияларининг қайта қўлланиши ва иқтисодий қийинчиликлар кучайишидан қўрққан кишилар норозилик намойишларига чиқа бошлади.

Айниқса, АҚШнинг валюта алмашув амалиётини чеклаши ҳақидаги гап-сўзлардан сўнг Эрон риалининг нархи кескин тушиб кетди.

Эрон телевидениеси 5 август куни ҳукумат риалнинг янада қадрсизлиниши олдини олиш учун чет эл валютасини алмаштириш қоидаларини ўзгартирмоқчи экани хусусида баёнот берди. Риал апрелдан бери тахминан 50 фоиз қадрини йўқотди.

Ўша куни Эрон ҳокимият идоралари мамлакат Марказий банки бошқарувчиси ўринбосари, валюта алмаштириш масалаларига масъул Аҳмад Арағчини ҳибсга олди. У иқтисодий жиноятлар содир этганликда айбланмоқда.

2015 йили ядро дастури бўйича имзоланган битим Эронга узоқ йиллардан бери қўлланиб келаётган санкциялардан бирмунча енгиллик берган эди. Аммо АҚШ май ойидабитимдан бир томонлама чиқиб кетди ва Трамп бунинг учун Эронни битим руҳига амал қилмаётганликда айблади. У 30 июль куни эса Эрон президенти билан “олдиндан ҳеч бир шарт қўймай” учрашишга тайёр эканини айтди.

Орадан бир кун ўтиб, Эрон Ташқи ишлар вазирлиги Трампнинг таклифини рад этди ҳамда бундай музокара “бир пулга қиммат экани”ни ва “таҳқир”дан бошқа нарса эмаслигини маълум қилди.

XS
SM
MD
LG