Линклар

Шошилинч хабар
18 декабр 2018, Тошкент вақти: 00:23

“Фуқаро” ўрнига “бек” ва “бека” сўзларини қўллаш таклиф этилди


Иллюстратив сурат.

Тошкентлик шифокор хотинининг жазмани томонидан ўлдирилди. Матбуотга муаммолар ҳақида гапирган оила таҳдидлар остида қолди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

Интернетдаги севги қотиллик билан якун топди

Тошкентда яшовчи оилали эркак ва аёлнинг виртуал оламдаги севгиси қотиллик билан якунланди (“Ҳуқуқ”, 20 сентябрь).

Бу ҳақда Тошкент шаҳри прокуратураси вакили Элмурод Убаев маълум қилган. 1986 йилда туғилган оилали эркак ижтимоий тармоқ орқали бошқа бир оилали аёл билан танишган.

Бу танишув охир-оқибат эркак ва аёлнинг хиёнат йўлига олиб борган. Эркак ўз хотини билан ажрашишини айтиб, маъшуқасидан ҳам оилавий ришталарни узишни талаб қилган. Аммо маъшуқа жазман талабига кўнмаган.

Шундан кейин исми ошкор этилмаган эркак маъшуқасининг эри – шифокорни алдов йўли билан уйга чақириб, уч кун давомида тутқунликда сақлаб, сўнг бўғиб ўлдирган.

Қайд этилишича, ушбу жиноят фош этилиб, қотил ва унга кўмак берган шахс узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилган. Эрининг ўлимига сабаб бўлган хиёнаткор аёл тақдирига ойдинлик киритилмаган.

Матбуотга муаммолар ҳақида гапирган оила таҳдидлар остида қолди

Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрида яшовчи Арслоновлар оиласи матбуотга муаммолар ҳақида гапириб балога қолди (“Оила даврасида”, 20 сентябрь).

12 жондан иборат оила “Оила даврасида” газетасига жар ёқасидаги хавфли ҳудудга яшаётгани хусусида арз қилган ва мутасаддилардан уй-жой олишда ёрдам сўраган. Газетада ушбу оила муаммосига бағишланган мақола чоп этилган.

Мақола чоп этилгач, мутасаддилар 12 жоннинг мушкулини осон қилиш ўрнига уларга босим ўтказа бошлаган. Хусусан, оила вакиллари “Юлдуз” маҳалла фуқаролар йиғинига чақирилиб, пўстаги қоқилган. Уларни ҳокимлик устидан ёлғон маълумот берган туҳматчига чиқариб, судга бериш билан қўрқитишган.

Қайд этилишича, Олмалиқ шаҳри ҳокимияти ҳам муаммони бартараф этиш чораларини кўриш ўрнига вазиятни хаспўшлаган, боз устига, журналистни асоссиз айблашга уринган.

Газета масъулларни танқидий мақола ёзаётган журналистларни тинч қўйиб, мавжуд муаммоларни ҳал этиш билан шуғулланишга чақирган.

“Фуқаро” сўзи ўрнига “бек” ва “бека” сўзларини қўллаш таклиф этилди

“Даракчи” нашри Ўзбекистонда расман муомалада бўлган “фуқаро” сўзидан воз кечиб, унинг ўрнига “бек” ва “бека” истилоҳларидан фойдаланишни таклиф қилди.

Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин қардош халқлар “граждан (ка)” истилоҳини ўз тилига мослаб ўзгартирди. Жумладан, қозоқлар “азамат”, қирғизлар “жаран”, туркманлар “раайат”, тожиклар “шаҳрванд”, турк ва озарбойжонлар “ватандош” истилоҳини қабул қилди.

Ўзбекистонда эса “фуқаро” атамаси истеъмолга кирди. Қайд этилишича, “фуқаро” атамаси арабча “фақр” калимасининг кўплик шакли бўлиб, ўтмишда бу сўз халқнинг энг қуйи бўғинига нисбатан ишлатилган.

Таъкидланишича, “фуқаро” ўрнига таклиф этилаётган “бек” ва “бека” сўзлари соф ўзбекча бўлиб, улар ҳар бир ўзбекистонлик тенг ҳуқуқли, ҳурматга лойиқ инсон эканини ифодалайди.

Қолаверса, бу сўзларни эсда сақлаш ва ёзиш осон, деб ҳисоблайди газета. Аввалроқ кўп сонли зиёлилар “фуқаро” ўрнига “ватандош” истилоҳини муомалага киритишни таклиф этган эди.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG