Ўзбекистонлик фаолларга Парижда пикет ўтказиши учун рухсат берилди
Париж префектураси "Ўтюраклар" клуби асосчиси Мўътабар Тожибоевага 9 октябрь куни пикет ўтказиши учун рухсат берди.
Президент Мирзиёевнинг Франция президенти билан учрашуви ўтадиган бир кунда, ўзбекистонлик фаоллар, Париждаги Сент-Огюстен церкови майдонида пикет ўтказиши кутилмоқда.
Ҳуқуқ фаоли Мўътабар Тожибоева пикет ўтказишдан мақсад президент Мирзиёев билан мулоқот ўрнатиш ва шунинг воситасида, Ўзбекистонда ечимини топмаётган муаммоларга ечим топиш, эканини таъкидлайди.
Ҳуқуқ фаоли тилга бундай муаммолар сирасида хорижда юрган муҳожирлар ва мухолифат фаоллари, қочқинларнинг қайтишига рухсат бериш, аксар муҳожирларнинг фуқаролиги бекор қилинган президент фармонини бекор қилиш, фаоллар, шу жумладан, наманганлик депутат Олимжон Тўхтаназаровга нисбатан сохталаштирилган жиноят ишларини бекор қилиш каби масалаларни тилга олди.
Тожибоева билан бирга ўзбекистонлик фаол Башорат Эшованинг пикетда қатнашиши айтилди.
HRW: Мирзиёевнинг Париж сафари унга аниқ талаблар қўйиш учун имкониятдир!
Human Rights Watch инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти Мирзиёевнинг Парижга ташрифи муносабати билан баёнот эълон қилди.
Баёнотда, бу ташриф Франция ҳукумати ва президент Эммануэль Макрон учун, том маънодаги демократик ислоҳотларни ўтказишни сўраб, Ўзбекистон президентига конкрет талаблар қўйиш пайтидир, деб таъкидланди.
Ўзбекистон Миллий банки билан Франциянинг NATIXIS ва Crédit Agricole банклари умумий қиймати 800 млн евролик кредит битимларини имзолади.
Миллий банки сайтида берилган хабарга кўра, ҳужжат Ўзбекистон-Франция бизнес-форуми доирасида 5 октябрь куни имзоланган.
Олинган кредитнинг Ўзбекистонда тадбиркорлар фаолиятини ривожлантириш соҳасига йўналтирилиши айтилмоқда.
Шунингдек, Марказий банк Франциянинг Bouygues ширкати билан ҳам туризм соҳасини ривожлантиришга қаратилган 100 миллион евролик шартнома имзолади.
Turon24 агентлиги мухбирининг хабар қилишича, президент Мирзиёев 8 октябрь куни давлат ташрифи билан Франция пойтахти Париж шаҳрига етиб борган.
Президент Шавкат Мирзиёев Президент Эммануэл Макроннинг таклифига биноан 8 октябрь куни расмий ташриф билан Францияга келди.
Ўзбекистон делегацияси "Орли" халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди.
8 октябрь куни Мирзиёевнинг БМТнинг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти Бош директори Одри Азуле ва Франция Сенати Раиси Жерар Ларше, шунингдек, Франциянинг энг йирик компаниялари раҳбарлари билан учрашиши кутилмоқда.
Асосий учрашув ва музокаралар 9 октябрь - сешанба куни бўлиб ўтиши хабар қилинган.
Мирзиёевнинг Франция президенти Эммануэл Макрон билан икки томонлама музокаралар ўтказиши, шунингдек, Франция парламенти раҳбарияти, етакчи компаниялари ва молия институтлари вакиллари билан учрашувлар ўтказиши режалаштирилган.
Учрашув ва музокаралар якунида 10 дан ортиқ ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар имзоланиши хабар қилинган.