Линклар

Шошилинч хабар
21 ноябр 2018, Тошкент вақти: 03:09

Россияда оғир аҳволда қолган ўзбек муҳожирлари ҳукумат ҳисобидан Тошкентга олиб келинди


Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Россияда оғир аҳволда қолган ўзбекистонлик муҳожирларнинг биринчи гуруҳини 12 октябрда Тошкентга олиб келди. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг расмий сайтидан олинган сурат.

Хорижда қийин аҳволда қолган ўзбекистонликларнинг 71 кишидан иборат биринчи гуруҳи 12 октябрь куни Москвадан Тошкентга олиб келинди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг маълум қилишича, мазкур тадбир хорижда қийин аҳволда қолган ўзбекистонликларни ватанига қайтаришнинг бошланиши бўлди.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” томонидан Тошкент аэропортига олиб келинган муҳожирларни қариндошлари, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев, шунингдек, Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги вакиллари кутиб олишган.

Уларни Ўзбекистонга қайтариш Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси ҳисобига амалга оширилди.

Мазкур жамғарма президент Мирзиёевнинг 2018 йил 5 июлдаги “Ўзбекистон Республикасининг ташқи меҳнат миграция тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ 3839-сонли қарори асосида ташкил этилган эди.

«Жамғарманинг асосий вазифаларидан бири хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш давомида шахсини тасдиқловчи ҳужжатларсиз ва яшаш учун маблағларсиз қолган, оғир моддий аҳволга учраган фуқароларга ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя, шунингдек, моддий ёрдам кўрсатиш ҳисобланади», дейилади расмий маълумотда.

Вазирликнинг билдиришича, Москва шаҳрида жорий йилнинг 5-8 сентябрь кунлари Ўзбекистон ва Россия иқтисодий ҳамкорлиги бўйича ҳукуматлараро комиссиясининг 19-кенгаши бўлиб ўтган.

Мазкур кенгашда Россия Ички ишлар вазирлиги ҳудудий органларининг Хорижий фуқароларни вақтинчалик сақлаш марказларидаги тахминан 1500 нафар Ўзбекистон фуқаросини қайтаришга кўмаклашиш ҳақида келишувга эришилган.

“Таъкидланган тоифадаги шахслар – бу оғир моддий қийинчиликка учраган, шахсини тасдиқловчи ҳужжатларга ва яшаш учун маблағга эга бўлмаган Ўзбекистон Республикаси фуқароларидир.

Қайтариш билан боғлиқ ташкилий ишлар Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси ҳисобидан амалга оширилади”, дейилади хабарда.

Озодлик радиоси бир неча йилдан бери халқ тилида "депортация қамоқхонаси" деб аталадиган Россиядаги Хорижий фуқароларни вақтинчалик сақлаш марказларида юзлаб ўзбекистонликлар бир неча ойлаб депортация қилинишларини кутиб ётганлари тўғрисидаги мақоалалрни эълон қилган эди.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG