Линклар

Шошилинч хабар
16 июн 2019, Тошкент вақти: 03:49

OzodTa'sir: Прокуратура Фарғонада бузиладиган уйлардаги 120 оила вазиятини назоратга олди


Ўзбекистон Бош прокуратураси Фарғона шаҳри марказида бузилаётган уйлардан чиқишдан бош тортаётган оилалар вазиятини ўз назоратига олди.

Бош прокуратура матбуот хизматининг Озодликка билдиришича, прокуратура вазиятни синчиклаб ўрганиш учун мутахассислар гуруҳини жалб қилган, тез орада қўшимча маълумот берилади.

Озодлик Фарғоналиклар "Гидролиз шаҳарчаси" деб атайдиган ҳудуд - шаҳар марказидаги Алишер Навоий кўчасида бузилиши режаланган 10 га яқин кўпқаватли уйдаги айрим оилалар берилаётган уйларни "сифатсиз ва шаҳар марказидан четда" деб кўчишни истамаётгани ҳақида 14 январида хабар қилган эди.

Бош прокуратура баёноти

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизматининг Озодликка билдиришича, дастлабки суриштирув натижасида кўчириш ишлари "қонун доирасида олиб борилган, ҳали тўлиқ якунланмаган"и аниқланган.

"Уйи бузилишга тушган фуқароларни кўчириш ишлари қонуний олиб борилаётганлигини ўрганиш учун тегишли мутахассислар жалб қилинди, натижаси бўйича қўшимча ахборот берилади", дейилади расмий жавобда.

Бош прокуратура берган рақамларга кўра, кўчиришнинг биринчи босқичида 8 та уйдаги 72 та хонадон Фарғона шаҳар Регистон кўчасидаги "тенг қийматдаги белгиланган талабларга жавоб берадиган янги, сифатли хонадонларга кўчирилмоқда".

"Кўчирилган янги уйларда алоҳида иситиш тизими, электр, газ ва сув таъминоти мавжуд. Янги уйлар пишиқ ғиштдан қурилган, хоналар тахтапол билан қопланган. 21.01.2019 йил ҳолатига 43 та хонадон эгаси янги кўчирилган уйларда яшашмоқда. Кўчирилган янги уйлар бузилишга тушган эски уйларга нисбатан кенгроқ майдондаги, яъни 2 хонали 53 кв.м. бўлган эски уй ўрнига янги 3 хонали 70 кв.м. бўлган уйлар ажратиб берилмоқда. Янги берилган уйларнинг яшаш майдони катта бўлганлиги боис компенсация тўловлари мавжуд эмас", деб жавоб берди прокуратура матбуот хизмати.

Шунингдек, Бош прокуратура кўчирилаётган оилаларга берилган уйлардан бир неча суратни ҳам тақдим қилди.

Шунингдек, расмий жавобда, бу ҳудудда яшаш учун зарурий шароитлар яратилгани қайд этилган:

"Регистон кўчасидаги кўп қаватли уйлар Фарғона шаҳрининг ҳалқа йўлида жойлашган бўлиб, шаҳар марказидан 5-6 км. узоқликда жойлашган (шаҳарнинг энг чекка ҳудуди марказдан 15-17 км. узоқликда жойлашган), уй ёнидаги йўлдан 6 йўналишдаги автобус қатнайди, уйдан 0,2-0,7 км. узоқликда 40-сонли умумтаълим мактаби ва 62-сонли мактабгача таълим муассасаси ҳамда саноат коллежи жойлашган (ХТБ ва МТМга кўчирилган аҳоли фарзандларини хатловдан ўтказиб, янги ҳудуддаги яқин муассасаларга жойлаштириш бўйича топшириқ берилди)".

Озодлик тасарруфидаги ҳужжатларга кўра, шу кунда Фарғона шаҳри марказидаги 10дан ортиқ уй - Навои кўчасидаги 30, 32, 32а, 34, 36, 38, 38а, 40 уйлар, Форобий кўчасидаги 3 ва 5 уйлар ҳамда Соҳибқирон Темур кўчасидаги 34 ва 36 уйлар шаҳар ҳокимининг шу йил 8 январь кунги қарори асосида бузиладиган уйлар режасига киритилган.

Бу уйлар, шаҳар ҳокими Ҳамиджон Ҳабибиддиновнинг қарори билан, "маънан эскирган уйлар" сифатида бузилмоқда.

Аммо, Озодлик тасарруфидаги 23 январь кунги маълумотга кўра, ҳокимият "янги уй", деб тақдим қилаётган Регистон кўчасидаги хонадонлар учун эгалик ҳуқуқини берувчи ҳужжатлар кўчиб кирган 40 дан ортиқ оилага ҳануз берилмаган.

Бундан ташқари, бузила бошлаган ёки бузилиши кутилаётган уйлардан кўчиб чиқишни истамаётган айрим оилалар шикоятига кўра, берилаётган "янги" уйлар аслида чала битган, бузилишга тушган уйларга нисбатан анча сифатсиз ва арзон, муҳими, шаҳар марказидан четдадир.

"Фарғона ҳокимияти прокурорга ёлғон маълумот берган"

23 январь куни Бош прокуратура Озодликка тақдим қилган баёнотга муносабат билдирган фарғоналик оила Регистон кўчасидан берилган уйнинг шароитидан асло қониқмаслигини даъво қилди.

"Бир ҳафта олдин янги уйга кўчиб кирганман, мана ҳозиргача уста, ҳозиргача барахло. Қўлимда 3 ёшли болам билан 3 кун совуқда яшадик. Иситиш тизими ишламади. Полни кўчиришган эди, таги ахлат. Мана келиб кўришсин! Нариги 3-уйдаги қўшним чиқиб, йиғлаяпти: электр линияси тўлиқ куйиб кетибди," деди Озодлик билан микрофонсиз гаплашган, исмини ошкор қилишни истамаган фарғоналик аёл.

Унинг қўшимча қилишича, усталар қонунда белгиланган 4-лик электр ўтказгчилар ўрнига пастроқ электр ўтказгичларни ўрнатганлар.

​"Икки яримлик провод ўтказилган экан, аслида тўртлик проводкалар ўтказилиши керак экан. Мен ҳозир эски жойимга қайтаман, деб йиғлаяпман."

Шунингдек, янги уйга кўчишни истамаётган яна бир фарғоналикнинг даъвосича, матбуотга чиққан мақолалардан сўнг "Гидролиз шаҳарчаси"га вилоят ва республикадан расмийлар бормоқда.

"Бугун (23 январь куни - таҳр) вилоят прокурори, вилоят ҳокими ўринбосари келди. Биз билан гаплашиб, ўша ҳокимият берган уйга кўчишдан бошқа чорангиз йўқ, деб кетди. Агар у ерда шароит яхши бўлса, бориб мазза қилиб яшардик-ку!?" деди исмини ошкор қилишни истамаган фарғоналик.

Кўчирилган ёки кўчирилаётган оилалар ўзларига нисбатан шаҳар ҳокимлиги, куч ишлатар тузилмаларининг босими кучайиб бораётгани, республика расмийлари, хусусан, Бош прокуратурага шаҳар ҳокимияти нотўғри маълумот бераётганини даъво қилмоқда.​

Улар ҳам берилган янги уйларда олинган, дея бир қатор суратларни Озодликка йўллаган:

Бузилаётган уйда дафн

Норози оилалар ва ҳокимият тортишуви авж олган кунларда - бузилишга тушган 32 уйда яшовчи 44 яшар хаста Виктор Аристов юрак хуружидан вафот этгач, вазият қатор бошқа нашрларда ҳам ёритилди.

21 январга келиб, “Фарғона.ру” ахборот агентлиги, 22 январь куни Daryo.uz нашри, 23 январь куни эса Gazeta.uz нашри бу мавзуни кўтарди.

Шаҳар марказида бузилиши режаланган 32-уйда яшаган 44 яшар Виктор Аристов 19 январь куни шаҳар касалхонасида вафот этди.

Бу ҳақда Озодликка хабар қилган Аристовнинг қўшниларига кўра, аслида гипертония касаллигидан азият чеккан марҳум сўнгги кунларда оиласи бошига тушган ташвишни кўтара олмай, инсультга учраган.

"Ҳокимиятнинг одамлари билан оиласи ўртасида тортишув бошланиб кетган. Ўшанда бу кишининг қон босими ошиб кетиб, юраги ушлаб қолган. Эртаси куни касалхонадан ўлигини олиб келишди", деди исмини ошкор этишни истамаган фарғоналик тингловчи.

Ҳодисани махсус ўрганган “Фарғона.ру” ахборот агентлигининг ёзишича, Виктор онаси ва укаси билан бирга яшаган. Гипертония касаллигидан азият чеккани боис, оиласи уйнинг бузилиши билан боғлиқ жанжалдан уни четда сақлашга ҳаракат қилган, аммо муваффақ бўлмаган.

Фарғонада бузила бошлаган уйнинг яшовчиси юрак хуружидан ўлди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:21 0:00

23 январь куни Озодликка берган баёнотида Бош прокуратура Виктор Аристовнинг вафотини ҳам изоҳлаб, унинг аслида юрак хасталигидан азият чекканини қайд этган.

"Вафот этган фуқаро Аристов Виктор Александрович бўлиб, 18.01.2019 йилда соғлиғи ёмонлашганлиги сабабли РШТТЁИМФФга ётқизилиб, унга бош мия кон айланишини ўткир бузилиши ташхиси қўйилган ва кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан 19.01.2019 йилда вафот этганлиги маълум бўлди. 14.09.2014 йилдаги ЖИБ Фарғона шаҳар судининг ҳукмида, В.Аристов сўроқ қилинганида ҳам у юрак касаллигига чалинганлиги ҳақида гапирганлиги қайд этилган", дейилади баёнотда.

Шунингдек, расмий жавобда айтилишича, ҳокимлик томонидан Аристовнинг оиласига "у яшаётган 3 зонали 68,6 кв.м. хонадон ўрнига Регистон кўчасидаги 3 хонали 70 кв.м. бўлган хонадон ажратилган".

"Эски раҳбар ваъдасини янгиси бажармади"

Озодликка Фарғона шаҳар ҳокими имзолаган қарор нусхаси йўлланган.

​Қарорда ​"маънан эскирган кўпқаватли уйлар"даги оилалар, улар билан нарх ва товон пулини белгиловчи комиссияси ўртасидаги эришилган шартнома асосида, кўчирилиши кераклиги белгиланган.

Фарғона шаҳар ҳокими Ҳамиджон Хабибиддинов 14 январдан буён бу масала бўйича Озодлик мурожаатларини жавобсиз қолдириб келмоқда.

Шаҳар марказидаги бузилишларга масъул бўлган ҳоким ўринбосари - саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш ва коммунал хўжалик бўйича ҳоким муовини Шарифжон Ниёзметов эса 14 январь куни Озодлик мухбири саволларига микрофонсиз жавоб берганди.

Ўшанда муовин, оилалар кўчиб чиқмасидан туриб, уйларни бузиш бошлаб юборилганини бу майдон 98 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя ажратишга тайёр бўлган чет эллик инвесторларга бўшатилаётгани билан изоҳлаган эди.

Аммо, 23 январь куни Бош прокуратура "бузилаётган уйлар ўрни 100 млн. АҚШ доллари инвестиция киритаётган кореялик инвесторга берилаётганлиги ҳолати юзасидан бугунги кун ҳолатига расмий маълумот мавжуд эмас", деб баёнот берди.

"Маънан эскирган уйлар"

Расмий маълумотга кўра, Фарғона шаҳар марказидаги имкон қадар қисқа муддат ичида бузилиши режалаштирилган бу кўпқаватли ғиштин уйлар 1941-1945 йилларда қурилган ва улар маънан эскирган уйлар, деб ҳисобланади.

Расмий маълумотга кўра, шаҳарнинг марказий қисмида, 2011 йилдан буён, ички ва хорижий сармоя ҳисобига жами 12 йўналишда қурилиш-бунёдкорлик , ободончилик ишлари олиб борилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев 2018 йилнинг 12 июнида Фарғонага борганида, шаҳар марказида қурилиш-бунёдкорлик ишларини кенг кўламда давом эттириш, туризм, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларини ривожлантириш учун зарур инфратузилмани яратиш бўйича маҳаллий расмийларга топшириқлар берган эди.

XS
SM
MD
LG