Линклар

Шошилинч хабар
08 апрел 2020, Тошкент вақти: 15:04

Халқаро хабарлар

Эрдоғoн Россиядан С-400 мудофаа тизимини сотиб олиш ниятидан қайтмаслигини билдирди

Туркия президенти Режеп Таййип Эрдўғон

Туркия президенти Режеп Таййип Эрдўғон Вашингтон эътирозларига қарамасдан, Анқара Россиядан С-400 мудофаа тизимини сотиб олиш ниятидан қайтмаслигини маълум қилди.

6 март куни президент:

- С-400га келадиган бўсак, бу ҳал қилинган масала ва ортга қайтишга йўл йўқ. Балки С-400 олганимиздан кейин, С-500 га ўтамиз, - деди.

5 март куни АҚШ Давлат департаменти Туркияни Россия тизимларини сотиб олиш оқибатлари ҳақида яна бир бор огоҳлантирган эди. Департаментга кўра, Туркия С-400 тизимларини харид қиладиган бўлса, Анқарага Американинг F-35 қирувчи самолётларини сотиш қарори бекор қилиниши мумкин.

АҚШ расмийлари С-400 тизимлари НАТО мудофаа тизимларига тўғри келмаслигини, Россия уларни сотиш орқали альянсни кучсизлантиришга уринаётганини айтиб келади.

Россия матбуоти хабарларига кўра, Анқара Москвадан 2,5 миллиард долларга тўртта С-400 тизимини сотиб олишни режалаштирмоқда.

Кун янгиликлари

"Маҳбус алмашиш тўхтагач "Толибон ўз музокарачиларини Кобулдан чақиртириб олди

Толибоннинг Қатардаги сиёсий офиси матбуот котиби Суҳаил Шаҳин.

Толибон жангари гуруҳи Афғонистон ҳукумати билан маҳбус алмашиш бўйича музокарачиларни тўхтатганини билдирганидан кейин кўп ўтмай ўз музокарачиларига Кобулдан ортга қайтишни буюрди.

7 апрель куни гуруҳ уч аъзодан иборат делегацияси пойтахт Кобулда Афғонистон расмийлари билан учрашганини, аммо музокараларда силжиш бўлмаганини билдирди.

Толибоннинг Қатардаги сиёсий офиси матбуот котиби Суҳаил Шаҳин Twitterда жангари гуруҳ вакиллари «зудлик билан» музокараларни тўхтатиши ҳақида ёзди. Шаҳин маҳбуслар аллақачон алмашилган бўлиши кераклигини, аммо Кобулдаги ҳукумат Толибон маҳбусларини озод этишга ошиқмаётганини таъкидлади.

Аввалроқ котиб жангари гуруҳ вакиллари «самарасиз музокараларда» қатнашмаслигини маълум қилган эди.

Афғонистон президенти Ашраф Ғани маслаҳатчиси Воҳид Умар расмий Қобул маҳбус алмашишни музокараларнинг бир бўлаги ўлароқ кўришини таъкидлади. 7 апрель куни Умар Толибон «олға қадам ташламаса», ҳукумат маҳбус алмашинишига рози бўлмаслигини айтди.

Жорий йилнинг февралида Доҳада АҚШ ва Толибон тинчлик келишувини имзолаган эди.

Мазкур келишувда Толибон Афғонистон ҳукумати билан музокара қилиш ва қатор хавфсизлик кафолатларини зиммасига олди, бунинг эвазига АҚШ ўз қўшинларини 14 ой ичида мамлакатдан олиб чиқишга рози бўлди.

Шунингдек, келишувга биноан Афғонистон ҳукумати Толибоннинг 5000 га яқин аъзосини, жангари гуруҳ эса ҳукуматнинг 1000 нафар ходимини озод этиш мажбуриятини ўз зиммасига олган эди.

“Роскосмос” АҚШни ўзга сайёраларни агрессив тарзда босиб олмоқчи бўлаётганликда айблади

Ойнинг умумжаҳон мулки сифатидаги мақоми БМТ Бош Ассамблеяси қабул қилган шартнома асосида белгиланади.

Коинотни экспроприация қилиш ва ўзга сайёраларни босиб олиш юзасидан агрессив режаларнинг борлиги Россия ва АҚШ ҳамкорлигига салбий таъсир кўрсатади. Бу ҳақда “Роскосмос” раҳбари Сергей Савельев 7 апрель куни баёнот берди.

Савельевнинг баёноти АҚШ президенти Дональд Трамп 6 апрель куни имзолаган фармонга расмий жавоб бўлди. Трамп фармонида тижорий мақсадларда Ой, Марс ва бошқа сайёраларни ўзлаштириш Қўшма Штатлар вақолатидаги ҳуқуқ экани таъкидланади.

Фармонда АҚШ коинотни умумжаҳон мулки деб билмаслиги, балки коинотни “юридик ва жисмоний жиҳатдан инсон фаолият юритиши учун ўзига хос объект” деб тан олиши белгиланган.

Ойнинг умумжаҳон мулки сифатидаги мақоми БМТ Бош Ассамблеяси 1979 йилда қабул қилган “Давлатларнинг Ойдаги ва бошқа фазовий жисмлардаги фаолияти тўғрисида”ги шартномада қайд этилган. Ҳужжатни 18 давлат имзолаган. Россия ва АҚШ мазкур шартномага қўшилмаган.

Қирғизистонда коронавирус оқибатида нарх-наво деярли 10,5 фоизга қимматлади

Қирғизистон бозорларида озиқ-овқат маҳсулотлари қимматлагани кузатилмоқда.

Қирғизистонда коронавирус пандемияси ортидан нарҳ-наво ўтган йилнинг биринчи чорагига қараганда 10,4 фоизга қимматлади. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси 8 апрелда маълум қилди.

Расмий маълумотга қараганда 2020 йилнинг январь-март ойларида тирикчилик минимуми бир одамга ойига 5167 сўмни (таҳминан 61 долларни) ташкил қилган. Тирикчилик минимуми кундалик озиқ-овқат маҳсулотлари ва хизмат кўрсатиш нархларининг минимал кўрсаткичи ҳисобланади.

Статистика қўмитаси Қирғизистонда бугунги кунгача ишсизлар сони 156 минг кишига етганини билдирди.

Март ойида миллий валюта сўм долларга нисбатан 12 сўмга қадрсизланди. Кўп йиллар давомида 1 доллар 69 сом даражасида сақланиб келаётганди. Март ойининг охирларида 1 доллар 85 сомгача кўтарилди.

Статистика қўмитаси нарх-навонинг кўтарилишига коронавирус туфайли чегараларнинг ёпилгани ҳам таъсир кўрсатганини билдирди.

Қирғизистонда 8 апрель ҳолатига кўра, 270 одам коронавирусга чалинган, улардан 6 нафари ўлди, 25 нафари соғайди. Вирус юқтирганларнинг 32 нафари тиббиёт ходимларидир.

Туркманистонда озиқ-овқат тақчиллигидан норози аҳоли стихияли намойишларни уюштирмоқда

Туркманистонда нон олиш учун навбатда турганлар.

Туркманистонда ун тақчиллиги аҳоли орасидаги норозиликни кучайтирмоқда. Бу ҳақда 8 апрель куни Озодлик радиоси туркман хизмати хабар берди.

Хабарда айтилишича, сўнгги бир неча кун ичда мамлакат жанубида қатор стихияли норозилик намойишлари бўлиб ўтган. Озодлик радиоси туркман хизмати 3 апрелда Марида аёллар ун талаб қилиб йўлни тўсиб қўйганлари ҳақида хабар берган. «Хроника Туркменистана» нашри эса 4 апрелда норозилар вилоят ҳокимияти олдига йиғилганини ёзди.

“4 апрель куни эрталаб, Мари вилоятидаги 30 аёл маҳаллий ҳокимият биноси олдига йиғилди. Қўриқчилар улардан уйларига кетишни талаб қилди, аммо аёллар ҳоким уларнинг арзларини тингламагунича кетмасликларини айтишди”, дейилади хабарда.

Аёллар ун билан биргаликда ўсимлик ёғи ҳам танқис бўлиб қолганидан шикоят қилишган.

Нашрнинг ёзишича, аёллар билан ҳоким ва унинг икки ўринбосари ҳамда вилоят милицияси бошлиғи учрашган. Аёллар тез орада вилоятда очлик бошланиши мумкинлигидан ташвиш билдиришган.

Туркманистонда уч йилдан бери озиқ-овқат танқислиги кузатилмоқда. Бу мамлакат бозорларида нарх-наво мунтазам кўтарилиб бормоқда.

Қозоғистонда коронавирусга чалинганлар сони 704 нафар бўлди

Беморларнинг 222 нафари пойтахт Нур-Султонда.

Қозоғистонда коронавирусга чалинганлар сони бир суткада 35 нафарга кўпайди ва 704 кишини ташкил қилди.

Беморларнинг 340 нафари вилоятларда. Қарағандада 55, Жамбилда 45, Ақмўлада 42, Атирауда 36, Туркистонда 33, Шимолий Қозоғистонда 25, Актўбеда 11, Олмаота вилоятида 10, Шарқий Қозоғистонда 6, Манғистауда 5, Кўстанайда 3, Ғарбий Қозоғистонда 2 ва Павлодарда 1 одам коронавирусга чалинагни аниқланган.

Беморларнинг 222 нафари пойтахт Нур-Султонда, 119 нафари Олмаота шаҳрида. Чимкент шаҳрида 20 бемор бор. Шу кунгача касалликдан 51 одам соғайди, 6 одам ўлди.

АҚШ 75 давлатдан 45 минг америкаликни 460та авиарейс уюштириб уйига қайтарди

Помпео бу амалиётни “Америка тарихидаги энг буюк дипломатик миссия” деб атади.

АҚШ Давлат котиби Майк Помпео 7 апрель куни журналистларга Давлат департаменти хориж давлатларидаги 45 минг америкаликнинг уйига қайтишига кўмаклашганини билдирди.

Помпео коронавирус пандемияси шароитида америкаликларнинг уйларига қайтарилишини “Америка тарихидаги энг буюк дипломатик миссия” деб атади. АҚШ фуқароларини уйларига қайтариш учун жаҳоннинг 75 давлатига 460та авиарейс уюштирилди.

Ватандошларни уйларига қайтариш амалиётига мисол келтирар экан, Помпео Непални тилга олди. Унга кўра, Непалда Эверест тоғи ва бошқа ҳудудларда юзлаб америкаликлар қийин аҳволда қолган. АҚШ элчихонаси Непал ҳукуматидан 15 кишига мўлжалланган кичик самолётлар тоғли ҳудудлардаги америкаликларни аэропортга ташиб келтириши учун махсус рухсатнома олган.

Непалдаги элчихона ходимлари юзлаб километр масофани учиб ўтиб, америкаликлар бўлиб турган ҳудудга етиб борганлар ва уларни Непал пойтахти Катмандуга олиб келганлар. У ердан 600 америкалик АҚШга жўнатилган.

Трамп: Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти асосан Хитойга эътибор қаратди

АҚШ матбуоти Трамп коронавирус тарқалишининг олдини олиш бўйича амалга оширган чора-тадбирларини танқид қилиб келади.

АҚШ президенти Дональд Трамп коронавирус тарқала бошланган пайтда Жаҳон саломатлик ташкилоти асосан Хитойга эътибор қаратганини танқид қилди.

Трампнинг ёзишича, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти асосан АҚШ томонидан молиялаштирилади.

“Ташкилот асосан Қўшма Штатлар томонидан молиялаштирилади, айни пайтда улар эътиборни асосан Хитойга қаратди. Биз бу масалани ўрганамиз. Яхши ҳамки мен уларнинг коронавирус тарқалишининг дастлабки пайтларида Хитой билан чегарани ёпмаслик тўғрисидаги тавсиясини қабул қилмадим. Нега ташкилот бизга бундай нотўғри тавсия берган?”, деб ёзди АҚШ президенти Твиттер саҳифасида 7 апрель куни.

АҚШ матбуоти Трамп коронавирус тарқалишининг олдини олиш бўйича амалга оширган чора-тадбирларини танқид қилиб келади. Матбуотнинг ёзишича, экспертлар қишдаёқ коронавирусга қарши қатъий чора-тадбирларни амалга оширишни талаб қилган, аммо Трамп уларнинг бу талабини рад этган.

Сўнгги маълумотларга қараганда, АҚШда 381 минг одам коронавирусга чалинди, беморлардан 12 мингги вафот этди. Коронавирусга чалинганларнинг 139 нафари ва ўлганларнинг деярли беш ярим мингги Нью-Йорк штатида. Нью-Йоркда бир неча ҳафта ичида ўлганлар орасида уч нафар ўзбекистонлик ҳам бор.

Хитой коронавирус ўчоғи бўлган Ухань шаҳрига кириш йўлини очди

Хубэй вилояти маркази бўлган Ухань шаҳри январь ойи охиридан бери изоляцияда қолаётган эди.

Хитой 8 апрелга ўтар кечаси COVID-19 биринчи марта аниқланган Ухань шаҳрига кириш йўлларини очди. Хубэй вилояти маркази бўлган Ухань шаҳри январь ойи охиридан бери изоляцияда қолаётган эди. 7 апрель куни шаҳарда коронавирусга чалинган бирорта ҳам бемор аниқланмади.

Карантин даврида ҳукумат шаҳардаги барча ўқув даргоҳларини ёпди, транспорт қатновини тўхтатди. Аҳолига шаҳарни тарк этиш тақиқланди.

СOVID-19 Хитойда 2019 йилнинг декабридан тарқала бошланган эди. Хитойда 82 минг одам коронавирусга чалинди, 3300 дан кўпроқ бемор вафот этди. Аммо айрим экспертлар Хитой беморлар ва ўлганлар сонини озайтириб кўрсатмоқда, аслида бу кўрсаткич эълон қилинганидан юқори, деб ҳисоблайдилар.

Бугунги кунда жаҳонда коронавирусга чалинганлар сони бир ярим миллионга яқинлашиб қолди. Бу вирусдан 81 мингдан кўпроқ одам вафот этди.

WhatsApp COVID-19 тўғрисидаги фейклар тарқалаётгани ортидан хабарни қайта жўнатиш хизматини чеклади

Сўнгги пайтларда коронавирус тўғрисида кўплаб фейк хабарлар тарқалмоқда.

WhatsApp чатларга олинган хабарни қайта жўнатиш хизматини чеклади. Бундан буён битта чатга бешта эмас, фақат битта хабарни қайта жўнатиш мумкин бўлади.

Бу чеклов COVID-19 тўғрисидаги фейк маълумотларнинг кенг тарқалиши олдини олиш мақсадида жорий этилди.

Бундан ташқари компания фейк хабарлар тўғрисида WhatsApp Ахборот марказига маълум қилишни тавсия этмоқда.

Туркияда аҳолига ниқоб сотиш тақиқланди

Президент ниқобларни аҳолига бепул тарқатишга кўрсатма берди.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон мамлакат ҳудудида тиббий ниқобларни сотишни тақиқлади.

Президент 6 апрелда ўтган матбуот анжуманида:

-Ниқобни пулга сотиш тақиқланади. Эпидемия якунлангунига қадар халқимизга етадиган ниқоблар бор. Уни халққа бекорга тарқатишга тайёрмиз, - деб айтди.

Эрдўғон баёнотидан сўнг Туркиянинг ҳар бир ҳудудида маҳаллий ҳокимият ҳар бир фуқарога ҳафтасига бештадан тиббий ниқобни бепул беришни бошлади.

5 апрелдан бошлаб Туркиядаги савдо шохобчалари ва бозорларга ниқобсиз кириш тақиқланган. Дўконга ниқобсиз кирган одамга савдо шохобчаси хўжайини бепул ниқоб беришга мажбур.

Туркияда коронавирус туфайли 16 мартдан бошлаб мактаблар, олий ўқув юртлари ва савдо марказлари ёпилган. Ҳукумат фуқароларни сабабсиз уйдан чиқмасликка, одамлар кўп тўпланадиган жойларга бормасликка чақирмоқда.

4 апрелдан бошлаб Туркияда 20 ёшгача ва 65 ёшдан катта бўлган шахсларга кўчага чиқиш тақиқланди.

6 апрелдаги маълумотларга қараганда Туркияда 649 киши коронавирусдан вафот этди. Беморлар сони 30 мингдан ошди, 1326 бемор соғайди.

Озарбайжонда коронавирус туфайли ёши 65 дан ошган маҳбуслар озодликка чиқарилади

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев.

Озарбайжон мамлакатда коронавирус инфекцияси тарқалиши суръатини секинлатиш мақсадида ёши 65 дан катта маҳбуслар озод этилишини маълум қилди.

6 апрель куни президенти Илҳом Алиев имзолаган фармонга биноан, 176 нафар маҳбус, жумладан, бир нафар Россия фуқароси кейинги кунларда озод этилади.

Озодликка чиқариладиганлар орасида Миллий хавфсизлик вазирлигининг собиқ расмийси генерал Акиф Човдаров ҳам бор.

67 га чиққан Човдаров вазирликнинг Энергетика ва транспорт хавфсизилиги бошқармасига етакчилик қилган. Расмий 2015 йилда қўлга олиниб, 2017 йилда хизмат ваколатларини суиистеъмол қилиш ва порахўрликда айбдор деб топилган эди.

6 апрель куни, шунингдек, Алиев ўтган ойда жорий қилинган карантин чораларини камида 20 апрелгача узайтирди.

Макрон Эронни ядровий келишув шартларини бажаришга чақирди

Франция президенти Эммануэль Макрон.

Франция президенти Эммануэль Макрон бутун дунё эътибори коронавирусга қарши курашга қаратилган бир пайтда Эронни 2015 йилда ўзининг ядровий дастури бўйича дунёнинг қудратли давлатлари билан имзоланган келишув шартларига амал қилишга чақирди.

6 апрель куни Эрон президенти Ҳасан Руҳоний билан телефонда суҳбатлашган Макрон, шунингдек, коронавирусга қарши курашда халқаро ҳамжамият кучларни бириктириши кераклигини таъкидлаган.

Франция ҳукумати эълон қилган билдирувга кўра, Макрон Теҳрон келишув шартларини бажаришига ҳамда минтақадаги зиддиятга барҳам беришга кўмаклашишига умид изҳор қилган.

Руҳоний эса янги коронавирусга қарши барча давлатлар ҳамкорликда курашиши лозимлигини айтиб, ёрдам сўраган.

6 апрель куни Human Rights Watch ташкилоти АҚШни Эронга қарши санкцияларни енгиллатишга чақирди.

АҚШ президенти Дональд Трамп 2018 йилда Теҳрон билан эришилган битимдан АҚШни чиқариб, Эронга нисбатан санкцияларни қайта жорий қила бошлаган эди.

Трамп коронавирус пандемиясидан азият чекаётган Эронга гуманитар ёрдам таклиф қилди, аммо мамлакат расмийлари АҚШ президенти таклифини рад этди.

Украина ҳукумати Чернобилдаги ёнғин туфайли радиация даражаси ошганини рад этди

Чернобиль АЭС атрофидаги 30 км радиусда аҳоли яшаши ман этилган.

Украина ҳукумати Чернобиль атом электр станциясининг (АЭС) ёпиқ зонасида юзага келган ёнғин туфайли ҳудудда радиация даражаси кўтарилгани ҳақидаги хабарларни рад этди.

Ўт ўчирувчилар 1986 йилда портлаган Чернобиль реактори яқинида дам олиш кунлари бошланган ёнғин билан ҳануз курашмоқда.

Якшанба куни Украина Давлат экологик инспекцияси етакчиси Егор Фирсов Facebookда ёнғин марказида радиация даражаси нормадан юқори эканлиги ҳақида ёзган эди. Фирсов ўз постига
Гейгер асбоби радиация даражаси нормадан 16 маротаба юқори эканлигини кўрсатаётгани қайд этилган видеони тиркади.

Аммо Украина фавқулодда вазиятлар давлат хизмати матбуот котиби Ольга Козак радиация даражаси ўзгармаганини таъкидлади.

Хизмат ёнғинга қарши курашиш учун ҳудудга самолёт, вертолёт ва 100 дан ошиқ ўт ўчирувчи юборган.

Чернобиль АЭСнинг ёпиқ зонаси учун масъул агентлик ҳам ёнғин ҳудудида радиация кўрсаткичи ўзгармагани тўғрисида баёнот берди.

Душанба куни кечроқ Фирсовнинг ўзи ҳам илк иддаосини қайтиб олди. Расмий ёнғин ҳудудида инсон фаолияти туфайли юзага келадиган радионуклидлар топилмаганини таъкидлади.

Украина полициясининг маълум қилишича, ёнғин маҳаллий шахс қуриган ўт-ўланга ўт қўйиши ортидан бошланган.

1986 йилнинг 26 апрелида юз берган Чернобиль АЭС авариясида ўнлаб киши ҳалок бўлган эди.Мутахассислар фожиа атом энергетикаси тарихидаги энг йирик ҳалокат бўлганини таъкидлаб
келадилар. Бугунги кунда Чернобиль АЭС атрофидаги 30 км радиусда аҳоли яшаши ман этилган.

Толибон Афғонистон ҳукумати билан маҳбус алмашиш бўйича музокараларни давом эттирмайди

Афғонистон. Кобулдаги Пули Чакри қамоқхонасида сақланаётган Толибон жангариси панжара ортидан қараб турибди. 2019, 14 декабрь.

Толибон жангари гуруҳи Афғонистон ҳукумати билан маҳбус алмашиш бўйича муҳокамаларни тўхтатганини билдирди.

Толибоннинг Қатардаги сиёсий офиси матбуот котиби Суҳаил Шаҳин жангари гуруҳ вакиллари «самарасиз музокараларда» қатнашмаслигини маълум қилди.

Шаҳин Афғонистон президенти Ашраф Ғани маъмуриятини ҳар хил баҳоналар билан маҳбус алмашиш режасини кечиктиришда айблади.

Афғонистон Миллий хавфсизлик кенгаши матбуот котиби Жавед Файсал эса Толибонни «баҳона топиб, жараённи издан чиқармасликка» чақирди.

Музокараларнинг тўхтатилиши Афғонистонда зўравонлик қайта авж олишига олиб келиши мумкин.

Жорий йилнинг февралида Доҳада АҚШ ва Толибон тинчлик келишувини имзолаган эди.

Мазкур келишувда Толибон Афғонистон ҳукумати билан музокара қилиш ва қатор хавфсизлик кафолатларини зиммасига олди, бунинг эвазига АҚШ ўз қўшинларини 14 ой ичида мамлакатдан олиб чиқишга рози бўлди.

Шунингдек, келишувга биноан Афғонистон ҳукумати Толибоннинг 5000 га яқин аъзосини, жангари гуруҳ эса ҳукуматнинг 1000 нафар ходимини озод этиш мажбуриятини ўз зиммасига олган эди.

Австралия Олий суди бачабозликда айбланиб қамалган Ватикан кардиналини оқлади

Жорж Пелла бачабозлик айблови билан судланган католик черковининг энг юқори лавозимли руҳонийси бўлди.

Австралия Олий суди 7 апрель куни балоғатга етмаган ўғил болаларни жинсий зўрлаганликда айбланиб қамалган Ватиканнинг собиқ ғазначиси Жорж Пеллага чиқарилган ҳукмни бекор қилди. 78 ёшли кардинал Пелла суд залидан озод этилди.

Суд ҳукмида айтилишича, мазкур иш бўйича барча ҳужжатлар ва далил-исботлар ўрганилганидан сўнг “жиноят содир этилганига шубҳа туғдирувчи” гумонлар пайдо бўлган ва “кардиналнинг айбдор эканлиги шубҳа қолдирмайдиган даражада” исботланмаган.

Суд қоралов томони жараён пайтида гувоҳларнинг кўрсатмаларидаги қарама-қаршиликларни тушунтириб бера олмагани ва бу қарама-қаршилик судланувчи фойдасига хизмат қилганини таъкидлади.

2019 йилнинг мартида Мельбрун суди Жорж Пеллани ўғил болаларни жинсий зўрлаганликда айбдор деб топиб, 6 йилллик қамоқ жазосига ҳукм қилган эди.

Жорж Пелла бачабозлик айблови билан судланган католик черковининг энг юқори лавозимли руҳонийси бўлди.

Сўнгги йилларда Рим-католик черкови руҳонийлари орасида жинсий зўравонлик, айниқса, бачабозлик кенг ёйилгани тўғрисидаги айбловлар Ватиканга тез-тез айтилиб турибди.

Рим папаси Франциск раислигида 2019 йилнинг21 -24 февраль кунлари Ватиканда жаҳондаги католик черковларининг барча лидерлари иштирокида руҳонийлар орасидаги бачабозликка қарши кураш чора-тадбирлари масаласида анжуман бўлиб ўтди.

Қозоғистонда коронавирус юқтирганлар сони 670 нафарга етди

Қозоғистонда вилоятлар кесимида коронавирус юқтирганлар бўйича маълумот.

Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакатда коронавирусга чалинганлар сони, 7 апрель 8.30 даги ҳолат бўйича, 670 кишига етганини билдирди. 7 апрель куни коронавирус юқтирган яна 8 одам аниқланган.

Беморларнинг 222 нафари Нур-Султонда, 119 нафари Олмаотада. Қолган вилоятларда 1 нафардан 54 нафаргача коронавирусга чалинган одамлар бор.

Расмий маълумотда айтилишича, 46 одам соғайди, 6 одам вафот этди.

Қозоғистон Бош санитар врачи Айжан Есмагамбетова 6 апрель куни коронавирус юқтирганларнинг 120 нафари тиббиёт ходимлари эканини билдирди.

Қирғизистонда коронавирусга чалинганлар 228 киши, улардан 16 нафари тиббиёт ходими

Қирғизистонда коронавирусдан 4 киши ўлди.

Ўтган 24 соат давомида Қирғизистонда яна 12 одам коронавирусга чалингани аниқланди. Беморлар сони бу билан 228 кишига етди.

7 апрель куни аниқланган беморларнинг барчаси Ўш вилоятидан, уч нафари эркак, 9 нафари аёл.

Айни пайтда Ўш вилоятида коронавирус юқтирганлар 86 кишига етди. Бу республикадаги энг юқори кўрсаткичдир. Иккинчи ўринда 80 бемор аниқланган Жалолобод вилояти бормоқда. Пойтахт Бишкекда 25, Ўш шаҳрида 20 бемор аниқланган.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 7 апрель куни аниқланган беморларнинг 7 нафари тиббиёт ходимидир. Уларнинг тўрт нафари Новқат туман касалхонасида, уч нафари Ўшдаги юқумли касалликлар клиникасида ишлаган. Бундан аввал тўққиз шифокор коронавирусга чалингани айтилган эди. Бу билан коронавирус юқтирган тиббиёт ходимлари сони 16 кишига етди.

Қирғизистонда коронавирусдан 4 киши ўлди, 23 киши соғайди.

АҚШ прокуратураси: Россия ва Қатар футбол бўйича жаҳон чемпионатини ўтказиш ҳуқуқи учун пора берган

Қувайт амири ал Таний (чапда), ФИФА президенти Зепп Блаттер (ўртада) ва Россия Бош вазир ўринбосари Игорь Шувалов Россия ва Қатар жаҳон чемпионатини ўтказиш ҳуқуқини қўлга киритганидан сўнг. 2010 йил, 2 декабрь.

АҚШ федерал прокуратураси 6 апрель куни биринчи марта ФИФА собиқ раҳбарларини футбол бўйича 2018 ва 2022 йилги жаҳон чемпионатларини ўтказиш ҳуқуқи учун Россия ва Қатардан пора олганликда айблади.

Прокуратуранинг айблов хулосасида айтилишича, ФИФАнинг собиқ вице-президенти Жек Уорнер сохта компаниялар тармоғи орқали Россиядан 5 миллион доллар пора олган. Бу маблағнинг бир қисмини жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўриш жараёнида Россия манфаатларини тамсил қилган Америка фирмалари тўлаган.

ФИФА Ижроия қўмитасининг собиқ аъзоси, гватемалалик Рафаэль Сальгеро Россия фойдасига овоз бериш шарти билан бир миллион пора олганликда айбланмоқда. Аргентиналик Хулио Грондоне, прагвайлик Николас Леос ва бразилиялик Рикардо Тейшейрога эса Қатардан пора олганлик айблови билдирилмоқда.

Жаҳон чемпионатини ўтказиш юзасидан 2010 йилда ўтказилган овоз бериш жараёни ҳалигача катта жанжалга сабаб бўлиб келмоқда. Ўшанда Россия Британия, Нидерландия, Бельгия, Испания ва Португалияни енгиб, 2018 йилги жаҳон чемпионатини ўтказиш ҳуқуқини қўлга киритган. Қатар эса АҚШни енгиб ўтиб 2022 йилги чемпионатни ўтказиш ҳуқуқини олганди. Овоз бериш натижалари ўшандаёқ шубҳа туғдирган.

Шундан сўнг овоз бериш жараёнида иштирок этганларнинг асосий қисми, жумладан, ФИФА президенти Зепп Блаттер ҳам турли айбловларга нишон бўлди. Бу айбловлар ортидан Блаттер ФИФА президенти вазифасидан текширув якунлангунига қадар вақтинчалик четлатилган.

Коронавирусга чалинган Британия Бош вазири касалхонада реанимация бўлимига кўчирилди

Жонсон коронавирусга чалингани тўғрисида 27 март куни маълум қилган эди.

Британия Бош вазири Борис Жонсоннинг саломатлиги ёмонлашди. У интенсив даволаш бўлимига кўчирилди. Бу ҳақда Бош вазир маъмурияти 6 апрель куни маълум қилди.

-Бугун тушдан кейин Бош вазирнинг аҳволи оғирлашди. Уни даволаётган шифокорлар кенгашиб, Бош вазирни интенсив даволаш бўлимига ўтказишди,-дейилади расмий билдирувда.

Жонсон коронавирусга чалингани тўғрисида 27 март куни маълум қилган эди. У 5 апрелгача ўз уйида “ўзини яккалаш” шароитида яшади, лекин ўша куни кечқурун Лондондаги касалхоналардан бирига ётқизилган.

Борис Жонсон 55 ёшда. У 2019 йилнинг 14 июлидан Британия Бош вазири лавозимида ишлаб келмоқда.

Британия коронавирусдан энг кўп зиён кўраётган 10 давлатдан бири ҳисобланади. Бу мамлакатда 52 мингга яқин одам коронавирусга чалинган, уларнинг 10 фоиздан кўпроғи вафот этган. 135 бемор соғайган.

Коронавирус: Италияда 16 минг, Испанияда 13 минг, АҚШда 10 минг одам вафот этди

Калифорния штати, Венис шаҳри.

Reuters агентлигининг билдиришича, 6 апрель куни АҚШда коронавирусдан ўлим ҳолатлари 10 мингдан ошиб кетди.

Коронавирус статистикаси бўйича махсус бўлим очган Reuters агентлиги маълумотига қараганда, АҚШда шу кунгача коронавирусга чалинганлар сони 362 мингга етди. Ўтган бир суткада бу вирусга яна 26 минг одам чалинди.

“Америка овози” радиосининг билдиришича, АҚШ коронавирусдан ўлим ҳолатлари бўйича дунёда учинчи ўринга чиқди. Биринчи ўринда 16 минг одам ўлган Италия ва 13 минг одам ўлган Испания бормоқда.

Оқ Уй экспертлари АҚШда пандемия оқибатида 100-200 минг одам вафот этиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

Сўнгги 24 соат ичида дунёда коронавирусдан 4740 одам вафот этди. Бугунги кунга келиб вирусга чалинганлар сони 1 миллион 300 мингга етди. Жаҳон бўйича 74 минг бемор вафот этди, 276 минг одам соғайди.

АҚШ Рус империячилик ҳаракатини террорчи ташкилотлар рўйхатига киритди

АҚШ Давлат котиби Майк Помпео ҳаракат аъзоларига нисбатан санкциялар жорий этилганини билдирди.

АҚШ Рус империячилик ҳаракатини хорижий террорчи ташкилотлар рўйхатига киритди. Ҳаракат аъзоларига нисбатан санкциялар жорий этилди. Бу ҳақда АҚШ Давлат котиби Майк Помпео маълум қилди.

Рус империячилик ҳаракати сайти ва ташкилотнинг бир қанча нашрлари АҚШ Адлия вазирлиги томонидан экстремистик адабиётлар рўйхатига киритилди.

Қора рўйхатга киритилган ташкилотларга ва унинг аъзоларига моддий ёрдам кўрсатиш, уларнинг АҚШга кириши тақиқланади ҳамда молиявий активлари музлатилади.

Рус империячилик ҳаракати Санкт-Петербург шаҳрида фаолият юритади. Ташкилот раҳбарларидан бири Станислав Воробьёв аввалроқ Рус империячилик ҳаракати Украинанинг айирмачи ҳудуди бўлган Донбассга юзга яқин кўнгиллини россияпараст сепаратистларни қўллаб-қувватлаш учун юборганини билдирган.

Ғарб матбуоти Россия ҳукумати ташкилотни қўллаб-қувватламаслигини ва айни пайтда унинг фаолиятига ҳам тўсқинлик қилмаслигини ёзган.

Словакияда журналистнинг қотилларига ҳукм ўқилди. Ҳукумат унинг ўлими ортидан истеъфога кетишга мажбур бўлганди

Мирослав Марчек журналист Ян Куцьяк ва унинг қаллиғини ўлдирганликда айбдор деб топилди ва 23 йилга қамалди.

Словакия суди собиқ ҳарбий Мирослав Марчекни журналист Ян Куцьяк ва унинг қаллиғини ўлдирганликда айбдор деб топди ва 23 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди. Ҳукм Мирослав Марчек иштирокисиз ўқилди. У судда ўз айбини тан олган.

Мазкур жиноят доирасида ўтган йилнинг декабрида суд қотилликка шерик сифатида Золтан Андрускони 15 йилга озодликдан маҳрум қилган эди. У ўз айбини тан олган ва тергов билан ҳамкорлик қилишга рози бўлган.

27 ёшли журналист Ян Куцьяк 2018 йилнинг 25 февраль куни ўз уйида қаллиғи Мартина Куснирова билан бирга номаълум шахслар томонидан ўлдириб кетилган эди.

Словакия сиёсатчиларининг итальян мафияси билан алоқаларини ўрганаётган журналистнинг ўлдирилиши мамлакатда 1989 йилдан бери биринчи марта энг йирик аксилҳукумат намойишларига сабаб бўлди.

Словакия бош вазири Роберт Фицо ва унинг ҳукумати журналист Ян Куцьякнинг ўлдирилиши ортидан юзага келган сиёсий инқироз оқибатида 2018 йилнинг 15 март куни истеъфога кетишга мажбур бўлган эди.

Британия Бош вазири матбуот котиби Россия ахборот агентлигини ёлғончиликда айблади

Лондон. Бош вазир Жонсон даволанаётган касалхона.

Британия Бош вазири Борис Жонсон матбуот хизмати Россиянинг «РИА Новости” агентлигининг Жонсон касалхонада ўпкани сунъий нафас олдириш аппаратига улангани тўғрисида тарқатган хабарини дезинформация деб атади.

Reuters агентлигининг билдиришича Жонсоннинг матбуот котиби “РИА Новости” коронавирус бўйича юзага келган вазият тўғрисида бундан аввал ҳам ёлғон маълумотлар тарқатганини таъкидлади.

Айни пайтда Жонсоннинг матбуот котиби Бош вазир бир муддат касалхонада қолишини билдирди. У Жонсоннинг ҳозирги аҳволи ҳақида маълумот бермади, бироқ унда коронавирус аломатлари бўлган йўтал ва иситма давом этаётганини айтди.

"РИА Новости" 6 апрелга ўтар кечаси Британия Бош вазири Борис Жонсон ўпкани сунъий нафас олдириш аппаратига улангани ҳақида хабар тарқатган. Агентлик бу маълумотни Британия тиббиёт муассасаларидан биридаги манбасига таянган ҳолда тарқатаётганини билдирган.

Жонсон коронавирусга чалингани тўғрисида 27 март куни маълум қилган эди. У 5 апрелгача ўз уйида “ўзини яккалаш” шароитида яшади, лекин кейин касалхонага ётқизилган эди.

Россия коронавирус пандемияси туфайли Калининград анклавига поезд қатновини тўхтатди

Калининград шаҳри. 2020, 1 апрель.

Россия икки йирик шаҳри билан Калининград анклави ўртасидаги йўловчи поезд қатновини вақтинча тўхтатди.

Россия давлат матбуотининг хабар беришича, COVID-19 инфекцияси тарқалишига қарши кураш доирасида 6 апрелдан бошлаб Москва ва Санкт-Петербургдан Калининград шаҳрига поезд қатнови тўхтатилади.

Москвадан Калининградга йўловчи поезд 26 соат, Санкт-Петербургдан эса 20 соат юради ва Беларусь ва Литва орқали ўтади.

Россия темир йўл хизмати қатнов қачон қайта йўлга қўйилишини очиқламади.

Калининград Болтиқ денгизи соҳилда, Польша ва Литва ўртасида жойлашган.
Бошқа кўплаб давлатлар каби Россия ҳам коронавирусга қарши кураш доирасида чекловларни жорий қилди. Хусусан, Россияга халқаро авиапарвозлар бекор қилинди.

Россияда 5 апрелга қадар 5389 киши янги коронавирусга чалинди. Уларнинг 45 нафари вирус келтириб чиқарадиган инфекция туфайли вафот этди.

Трамп: Саудия Арабистони ва Россия нефть қазишни озайтиришга келиша олмаса, импорт тарифларини жорий қиламиз

АҚШ президенти Дональд Трамп Саудия Арабистони билан Россия нефть қазиб олиш кўламини озайтиришга ўзаро келиша олмаса, АҚШга импорт қилинадиган нефтга солиқ солишини айтди.

- Улар келиша олмаса, шундай қилган бўлардим. Жиддий тарифларни [жорий қилган бўлардим]. Шубҳасиз шундай қилган бўлардим, — деди Трамп.

Президент бундай чорани АҚШ нефть саноатини ҳимоя қилиш истаги билан изоҳлади.

Саудия Арабистони ва Россия АҚШга нефть экспорт қилувчи энг йирик давлатлар қаторидадир.

Коронавирус пандемияси туфайли бир баррель нефть нархи 20 долларга арзонлаб, сўнгги 20 йил давомида қайд этилган энг паст даражага тушиб қолди.

Нефть нархининг арзонлаб кетгани ишлаб чиқариш харажатлари юқори бўлган АҚШ нефть ширкатлари фаолиятига таҳдид солади.

Ўтган ойда Саудия Арабистони ва Россия нефть қазиб олиш кўламини озайтиришга келиша олмади. Вашингтон эса икки давлатни келишувга эришишга чақирмоқда.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG