Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:40

Qrim ishg‘olida qatnashib Rossiyadan oltin medal olgan "qahramon" uni sotmoqchi


Igor Girkin¸ markazda.
Igor Girkin¸ markazda.

Украина шарқидаги жангариларнинг россиялик собиқ командири пули йўқлиги ва Кремль назаридан қолгани сабаб олтин медалини сотмоқчи. У ушбу медалга Украинанинг Қрим ярим оролини босиб олишда қатнашгани учун сазовор бўлган эди.

Ўзини рус миллатчиси деб атайдиган 48 яшар Игорь Гиркин (унинг Стрелков деган лақаби ҳам бор) медалини сотмоқчи эканини, бунга пулга муҳтожлиги баробарида Путинга ҳурмати қолмагани сабаб бўлганини айтади. Россия президенти ўша медалда бошига дафна чамбарини ғолибона тақиб олган тарзда тасвирланган.

Қримни босиб олишда қатнашгани ва Украина шарқидаги Донецк вилоятида Киев қўшинларига қарши курашган россияпараст айирмачи сафида жанг қилгани учун АҚШ ва Европа Иттифоқи Гиркинга ҳам санкция жорий қилган.

У 2014 йилдан бери Кремлни танқид қилиб келади. Шу сабаб бўлса керак, февраль ойида Москва метросида бир кишилик норозилик тадбири уюштирганига қарамай, оммавий ахборот воситалари эътиборидан четда қолиб келмоқда.

Гиркин 8 март куни Россияда “ВКонтакте” ижтимоий тармоғидаги издошларига маишати танг бўлгани боис Қрим учун олган медалини сотаётганини билдирди.

“Мен ҳеч қачон бу медалга ҳурмат билан қарамаганман, чунки у давлатники эмас, − деб ёзди Гиркин. Фикрича, медаль жангларда кўрсатган хизмат учун берилмайди.

“Унда мен ҳеч қачон ҳурмат қилмаган Путиннининг расми бор, фақат 2014 йилги қисқа вақт бундан мустасно, ундан 2015 йилдан бери нафратланаман”, деб ёзди у.

Ўша изоҳдан англашилишича, унга мукофотни 2014 йили рус миллиардери Константин Малофеев берган. У Украина шарқидаги россияпараст кучларни Россия сиёсий муассасалари билан боғлаб турувчи асосий шахслардан бири эди.

Москвадаги “Тангалар ва медаллар” нумизматлар фирмасининг маълум қилишича, 13 апрель куни “СтандАрт” меҳмонхонасида кимошди савдоси ўтказилади ва медалнинг нархи бошланғич баҳоси 1 миллион рубль ёки тахминан 15 минг доллар бўлади.

Медалда “2014 йилда Қримнинг Россия билан қайта бирлашиши шарафига” деган ёзув, олд тарафида Путиннинг профиль сурати, орқасида эса Қрим харитаси тасвирланган, дейди фирма вакили.

Унга кўра, мукофотни Малофеевнинг “Буюк Авлиё Василий” хайрия жамғармаси тақдим этган, чунки Гиркин “2014 йилги Қрим воқеаларига улкан шахсий ҳисса қўшганлар”дан бири бўлган.

Хабарларда Гиркин 1996 йилдан 2013 йил бошига қадар Россиянинг Федерал хавфсизлик хизматида ишлагани айтилади. Бунга унинг 199 йилдан 2005 йилга қадар Чеченистондаги иккинчи уруш вақтидаги хизматлари ҳам киради.

Яна у 90-йиллар бошида Босния ва Герцеговина ҳамда Молдованинг россияпараст бўлгинчи Днестрбўйи вилоятида ҳам махсус хизматлар билан боғлиқ ишлар қилган.

Унинг одам ўғирлаш, қийноққа қолиш ва одам ўлдириш сингари уруш жиноятларига алоқаси борлиги гумон қилинади.

Гиркин 2016 йилда Украинанинг Словянск шаҳрида совет диктатори Иосиф Сталиндан қолган қонунларга асосланиб, 4 кишини ўлдирганини тан олди.

Яна мақтанишича, якка ўзи Украина шарқида уруш оловини ёққан. Бундан мақсади Украина асосий қисмини қамраб олувчи Харьков шаҳридан Одессагача “Новороссия” – Янги Россия яратиш бўлган эмиш.

Украина ҳокимият идоралари Гиркинни мамлакат шарқида содир этган кўплаб жиноятлари учун айбламоқда. Ўша ҳудудда 2014 йилда уруш бошлангандан бери 13 минг киши ўлдирилди, уларнинг чорак қисми тинч аҳоли вакилларидир. Гиркин “ВКонтакте”даги постида Қрим билан боғлиқ медалини Украина шарқида уруш бошланганидан олдин олганини ёзди.

Украина бош прокуратураси Гиркинга қарши жиноят иши очди ва унга террорчилик ташкилотини ташкил этганлик, оммавий қўзғолонлар уюштирганлик ва террорчилик амаллари содир этганлик айблари қўйилмоқда.

XS
SM
MD
LG