Линклар

Шошилинч хабар
16 июл 2019, Тошкент вақти: 17:17

Мускуллар қувватини ошириш инсон умрини узайтириши мумкин


Бразилиялик профессор Клаудио Гил Араухо етакчилигида олимлар гуруҳи ўтказган тадқиқот хулосасига кўра¸ мускуллар қувватини ошириш инсон умрини узайтириши мумкин.

Олимлар таъкидича¸ мускул чидамлилиги ва қуввати ўртасида фарқ бўлиб, мускул қуввати мускуллар ҳаракатини бошқаришда куч ва кучланиш яратиш қобилиятига боғлиқдир. Масалан, бирор оғир жисмни бир марта кўтариш учун куч керак, аммо уни иложи борича тез ва бир неча марта кўтариш учун қувват керак.

Тадқиқот 3878 нафар 41-85 ёшда бўлган ва профессионал атлетика билан шуғулланмаган одамлар орасида ўтказилган. Ҳар бир иштирокчи 2001 йилдан 2016 йилгача мускул қувватини текшириш учун синовлардан ўтган.

Ҳар бир қатнашувчининг максимал мускул қуввати аниқланган ва шу асосида улар тўрт гуруҳга бўлинган: мускул қуввати энг оз бўлган шахслар биринчи, мускул қуввати энг юқори бўлганлар эса тўртинчи гуруҳга киритилган. Шунингдек, тадқиқот қатнашувчилари жинси бўйича ҳам гуруҳларга бўлинган.

Тадқиқот иштирокчилари ўртача 6,5 йил давомида кузатилган. Бу орада 247 нафар эркак ва 75 аёл вафот этган. Тадқиқотчилар мускул қуввати тегишли жинс медианасидан юқори бўлган шахслар бошқаларга солиштирганда узоқроқ яшашини аниқлаган. Хусусан, энг оз қувватли гуруҳга киритилган шахсларнинг вафот этиш хавфи учинчи ва тўртинчи гуруҳдагиларга солиштирганда 10-13 мартага кўп эканлиги кузатилган.

Профессор Араухо бундан аввал мускул кучи ва умр узунлиги ўртасидаги боғлиқликни аниқлаш учун қатор изланиш ўтказилганини, аммо унинг етакчилигидаги гуруҳ мускул қуввати ва умр узунлиги бўйича илк тадқиқотни ўтказганини айтди.

- Тадқиқотимиз кўпроқ мускул қувватига эга шахслар узунроқ яшашини илк маротаба кўрсатиб берди, - деди профессор.

Профессор Араухо мускул қувватини оширишнинг бир-икки йўлига тўхталиб ўтди. Энг аввало кўтариш ўта осон ёки ўта қийин бўлмаган гиря ёки тошни топиш керак. Тошни 6-8 марта иложи борича тезроқ кўтариш керак. Шу нарсани 1-3 марта такрорлаш керак. Ҳар сафар тошни илк позициясига секинлик билан қайтариш керак.

Қолаверса, тананинг ҳам устки, ҳам пастки қисмлари билан машқ қилиш зарур. Тош ёки тренажёр қаршилиги ўта юқори бўлса ёки танада кучли оғриқ пайдо бўлса, такрорлашлар сонини ёки тош оғирлигини озайтириш керак. Табиийки, ҳар қандай машққа қўл уришдан аввал шифокор ёки мутахассис билан маслаҳатлашиш лозим бўлади.

XS
SM
MD
LG