Линклар

Шошилинч хабар
19 октябр 2019, Тошкент вақти: 15:10

“Жиҳодчилиги учун” қамалиб, Суяк сили касалхонасида сақланаётган ногирон ўз уйида ўлишга изн сўраяпти


Нукус шаҳридаги Суяк сили касалликлари шифохонасида оғир аҳволда сақланаётган маҳкум - 57 яшар Озат Масабуров ҳаётининг сўнгги кунларини оиласи бағрида ўтказишга изн берилишини сўрамоқда.

II гуруҳ ногирони, қўлтиқтаёқда юрадиган Озат Масабуров “Жиҳодчилар” диний экстремистик ташкилотини тузиш ва унга раҳбарлик қилишда айбланиб, 5 йилу 3 ойга озодликдан маҳрум қилинган. У айбловни тан олмаган.

Унинг ҳуқуқларини ҳимоя қилаётган фаоллар эса давлат ва ҳуқуқ-тартибот идораларига жўнатган шикоят аризаларига қонуний жавоб берилмаганини айтмоқда.

Тўшакка михланган маҳкум

Хоразм вилоят, Урганч туманилик 57 яшар маҳкум – Озат Масабуров 2018 йилнинг октябридан буён Нукус шарҳидаги сил касалликлари шифохонасида қолмоқда.

Унинг Озодлик билан суҳбатда айтишича, манзил колониясида жазони ўтаётган бир пайтда аҳволи оғирлашган ва Нукусдаги шифохонага келтирилган.

- 1985 йилда сил касалликлари бўйича Москва илмий тадқиқот институтида операция бўлганимдан кейин, бир амаллаб юрган эдим. Вақтида даволанмаслик оқибати, мана шу қама-қамалар оқибатида ​яна қайталадида касаллигим, - деди Масабуров.

Унинг айтишича, муассаса шифокорлари унга қатъий ётоқ режимини белгилаган.

- Исталган минутда бел суягинг синиб кетиб, иккига бўлиниб қолишинг мумкин, дейишдида. Шунга ҳозир ётоқдаман. Шифохонада менга яхши қарашаяпти, раҳмат... Лекин даволанишга кучим етадими-йўқми - бунга бир нарса дейиш қийин. Лекин, уйга бориб, уйдагиларни кўриб қолсам, ҳам яхши эди. Мана шундай аҳволдаман ҳозир, – дейди Масабуров.

Шифокор тавсияси

Нукус марказий шифохонасининг Масабуровни даволаётган врачлардан бирининг тасдиқлашича, маҳкумнинг аҳволи ҳақиқатан оғир ва унинг даволаниши узоқ кечадиган мураккаб жараёндир.

Унга кўкрак ва бел қисмидаги умуртқа суяги сили ташхиси қўйилган.

Исмини ошкор этмаётганимиз шифокорнинг микрофонсиз суҳбатда айтишича, одатда, суяк силининг сурункали тарздаги оғир кўриниши билан оғриган беморларга оилавий муҳит яхши таъсир кўрсатади.

“Масабуровга қандай жазо берилган ва унга бунинг учун рухсат борми-йўқми – мен билмайман. Лекин, айни пайтда у жуда тушкун аҳволда ва баъзан дориларни ичишдан ҳам бош тортаяпти. Бу ҳолатда, беморга оилавий муҳитда бўлиш – албатта, жуда фойдали бўларди”, - дейди шифокор.

Айбловни тан олмаган маҳкум

Аслида II гуруҳ ногирони бўлган ва қўлтиқтаёқда юрадиган Озат Масабуров “Жиҳодчилар” диний экстремистик ташкилотини тузиш ва унга раҳбарлик қилишда айбланиб, 2017 йилнинг 9 мартида 5 йилу 3 ойлик қамоққа ҳукм қилингани ҳақида Озодлик хабар қилган эди.

Масабуровдан ташқари яна 4 киши - 57 яшар Кўпалбой Жуманиёзов, 46 яшар Баҳодир Ўразбоев, 45 яшар Матёқуб Масабуров ва 44 яшар Ғайрат Рўзиметовлар айни жиноий иш доирасида судланган.

Айни ҳужжатда, Озат Масабуровнинг айбловларни тан олмагани, ҳатто намоз ҳам ўқимаслигини айтгани келтирилганди.

Масабуровнинг даъво қилишича, айни пайтда қилмаган жинояти учун берилган жазо боис, соғлиги оғир аҳволга келиб қолган ва унинг сўзлари билан айтганда "ҳаётининг сўнг кунларини" умидсиз бир ҳолда шифохонада кечиришга маҳкум қолмоқда.

Унинг суд ҳукми устидан киритган шикоят аризаси эса қондирилмаган.

Шунингдек, ​2017 йилнинг 9 мартида чиқарилган суд ҳукмида келтирилишича, умрбод ногирон бўлган Озат Масабуров муқаддам ҳам "меҳнат қилиш ҳуқуқини бузиш", "ҳақорат қилиш", "вояга етмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш" каби айбловлар билан бир неча бор судланган ва ҳар гал амнистия акти қўлланиб, озод қилинган.

Масабуров бу айбловларнинг ҳеч бирини тан олмагани, уларни асоссиз, деб билишини даъво қилмоқда.

Ҳуқуқ фаоллари хавотири

Ҳозир Францияда яшаётган асли ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси - "Ўтюраклар клуби" инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти президенти Мўътабар Тожибоева Озат Масабуров ва билан бирга судланган 4 кишига қўйилган айбловлар асоссиз, деган ишончда.

Озодлик билан суҳбатда фаолнинг айтишича, унинг ташкилоти жиҳодчиликда айбланган бу шахсларнинг айбсизлигини тасдиқловчи далилларни йиққан ва Ўзбекистондаги тегишли ташкилотларга йўллаган.

- Булардан - президент администрацияси, Хотин-қизлар қўмитаси раисаси Танзила Норбоева, Ички ишлар вазири, Олий суди раиси, Соғлиқни сақлаш вазири каби ташкилотларга судланганларнинг яқини бўлган 7 оила ишончли вакили сифатида 2019 йил февралда езган талабномаларимизга ҳануз жавоб ололмадик. Шунинг учун, бу ташкилотлар устидан қонунда белгиланган тартибда даъво аризасини киритишга тайёрланаяпмиз, - дейди ҳуқуқ фаоли.

Мўътабар Тожибоеванинг таъкидлашича, айни пайтда бу маҳкумларнинг Хоразмдаги яқинларига нисбатан босимлар бошланган ва хусусан, Масабуровлар оиласига 2005 йилда балиқчилик учун берилган ер участкасини олиб қўйишга уринишмоқда.

Ногирон оила

Хоразм вилоятининг Урганч туманида яшовчи II гуруҳ ногирони бўлган Озат Масабуровнинг рафиқаси Каромат Каримова ҳам II гуруҳ ногиронидир.

Айтишича, Масабуров хотини ногирон бўлгани боис, яна бир аёлга шаърий никоҳ билан уйланган ва ҳар икки аёлдан 11 фарзанд кўрган.

Масабуров ўрта маълумотлидир ва фарзандлари билан бирга ярим гектар майдонда хўжалик юритиб, кун кўрган.

XS
SM
MD
LG