Линклар

Шошилинч хабар
17 июн 2019, Тошкент вақти: 18:08

Ўзбекистонлик 156 аёл ва бола Суриядан қайтарилди. Фуқароларни қайтариш амалиёти давом этади (ВИДЕО)


Суриядан қайтган аёллар ва болалар, Тошкент, 30 май, 2019 йил

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғи билан "156 ўзбекистонлик, асосан аёллар ва болалар Яқин Шарқдаги қуролли можаролар ҳудудидан юртга қайтарилди".

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева Яқин Шарқдаги низоли ҳудудлардан аёллар ва болаларни олиб келиш амалиёти давом этишини билдирди.

Озодликда мавжуд маълумотларга кўра, Сурия ва Ироқ ҳудудидаги лагер ҳамда қамоқхоналарда яна ўнлаб ўзбекистонлик аёллар ва болалар қолмоқда.

Расмий баёнот

Ўзбекистонлик 156 аёл ва бола "Меҳр" инсонпарварлик операцияси доирасида 30 май куни махсус авиарейс билан Тошкентга олиб келинди. ​

Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг хабар қилишича, булар "алдов оқибатида ўзга юртга бориб қолиб, оғир ҳаётий даврни бошидан ўтказган" инсонлардир.

Баёнотда бу инсонларга ҳукумат томонидан "тиббий, психологик, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилиши, уларнинг тинч ҳаётга қайтиб, жамиятга мослашиши, таълим ва ижтимоий дастурларда иштирок этиши учун зарур шароит яратилиши, бошпана ва иш билан таъминлаш чоралари кўрилиши" айтилган.

Бу аёллар ва болалар Сурия ва Ироқдаги актив қуролли низолар ўтган ҳудудда бўлганми, хусусан, ИШИД ("Ислом давлати" экстремистик гуруҳи) сафида жанг қилган ​жангариларнинг оиласими - бу ҳақда ҳозирча аниқ маълумот берилмади.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева Яқин Шарқдаги низоли ҳудудлардан аёллар ва болаларни олиб келиш амалиёти давом этишини билдирди.

Gazeta.uz нашрига берган шарҳида Норбоева 30 май куни қайтарилганларга шифокорлар ва психологлар ёрдам бераётганини айтди. Танзила Норбоеванинг аниқлик киритишича, келганларнинг 48 нафари аёл, 106 нафари болалардир.

"Қуролли низолар ҳудудидаги" ўзбекистонлик 156 аёл ва бола қайтарилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:18 0:00

Сурияда қолаётган аёллар

Озодликда мавжуд маълумотга кўра, Суриянинг шимоли-шарқидаги биргина "Ал-Хол" лагерида 150 нафар атрофида ўзбекистонлик аёл ва бола сақланаётган эди.

Озодликка ушбу лагердан мурожаат қилган ўзбекистонлик аёл, лагерда ушлаб турилганлар Суриядаги урушда ўлган ёки қўлга олинган ИШИД ("Ислом давлати" экстремистик гуруҳи) ​жангариларнинг хотинлари ва болалар эканини айтган.

Озодлик "Ўзбекистонга олиб келинганлар Суриядаги қайси лагерларда сақланган? Бу давлатда қолган ўзбекистонликлар яна борми? Ўзбекистонлик жангари эркаклар ҳам олиб келинадими?" каби саволларга Ташқи ишлар вазирлигидан ҳозирча аниқ жавоб ололмади. Аммо, вазирлик 29 май куни Сурия ва Ироқ ҳудудидаги ўзбекистонликларни қайтариш устида халқаро ташкилотлар билан иш олиб бораётганини билдирган, қўшимча тафсилотларни ошкор қилмаган эди.

Лагерда сақланаётган аёл

Сўнгги кунларда Суриянинг Туркия чегарасига яқин жойлашган "Ал-Хол" лагерида эканини айтган ўзбекистонлик аёл Озодликка боғланди.

(Бу аёл ўз шахсига оид маълумотларни Озодликка билдирди, аммо ошкор этилишини истамади - таҳр.)

Унинг билишича, 80 мингга яқин одам сақланаётган лагерда 20га яқин ўзбекистонлик аёл бор ва уларнинг Ўзбекистонга қайтарилганидан хабари йўқ.

"Шахсан мен 30 атрофида ўзбек аёлни биламан, улардан 20 таси ўзбекистонлик, 10 таси қирғизистонлик ёки тожикистонлик ўзбеклар. 100 га яқин ёш бола бор. Янги туғилган гўдаклардан тортиб, вояга етган болаларгача. Аҳвол оғир, палаткаларда яшаяпмиз. Дори-дармон, егулик муаммо. Бизни кўргани Ўзбекистондан бирор вакил келганини билмайман", деб ёзди ижтимоий тармоқлар орқали Озодликка боғланган ўзбекистонлик аёл.

Озодликка "Рож" деб номланган яна бир лагердан боғланган ўзбекистонлик аёл ҳам у турган манзилдан ўзбекларни юртига олиб кетишгани ҳақида бирор маълумотга эга эмаслигини айтди.

"Бизга ёрдам беринглар! Бу жойларга келиб қолганимиздан мингдан минг пушаймонмиз. Ўзбекистонга кетишни истмаймиз. Бу ерда қийналиб кетдик, болаларимиз эзилиб кетди", дейди исми сир сақланаётган ўзбекистонлик аёл.

Айни пайтда, ҳар икки аёлнинг Озодликка айтишича, уларнинг лагер ичидаги ҳаракати ва ўзаро алоқаси чекланган.

Қайтишни истамаган аёллар

Ҳар икки аёл лагерларда сақланаётган ўзбекистонлик аёллар орасида юртига қайтишни истовчилар ҳам, истамайдиганлари ҳам борлигини айтади.

"Ўзбекистон куфр давлати, нима қиламиз бориб, дейдиганлари ҳам бор. Лекин мен Ўзбекистонга қайтмоқчиман. Аслида мен Россияга ишлагани боргандим, у ердан мени алдаб аввал Туркияга чақиришди, сўнгра Сурияга сотворишди. Мен алданганимни билганимдаёқ қочишга уриндим, оёқларим синди қочаман, деб. Лекин, давладагилар (ИШИД экстремистик гуруҳи аъзолари - таҳр.) ҳар гал мени ушлаб, қамаб қўйди. Охири улардан қочдим, келиб курдларнинг қўлига тушдим", деб даъво қилади "Ал-Хол" лагеридаги ўзбекистонлик аёл.

Эксперт

Шу кунда Ироқда ишлаётган халқаро ташкилот вакилларидан бирининг айтишича, ҳозир Суриядаги турли қуролли гуруҳлар назорати остида 3 та лагерь бор.

Булар "Ал-Хол", "Рож" ва "Аин-Исса" лагерларидир. Бу лагерларда ИШИД назорати остидаги ҳудудлардан қочиб чиққан маҳаллий аҳоли ва ушбу ҳудудларда қўлга олинган ёки таслим бўлган чет эллик жангарилар оилалари сақланмоқда.

(Бу вакил муқаддам ИШИД сафида бўлган жангариларни юртига жўнатиш бўйича ҳокимиятлар ўртасидаги муносабатларнинг ўта конфиденциал ўтаётгани боис, шахсини ошкор қилмасликни сўради.)

"Марказий Осиёлик жангарилар оилалари асосан "Ал-Хол" лагерида сақланаяпти. Бу ерда, мендаги маълумотларга кўра, 150 нафардан 500 нафаргача ўзбекистонлик аёллар ва болалар бор. Ўзбекистон ҳукумати ҳозирда Суриядаги ўзбекистонликларнинг биринчи қисмини олиб кетди. Тез орада Қирғизистонлик аёллар ва болалар ҳам олиб кетилиши кутилмоқда", дейди эксперт.

Унинг айтишича, Сурияда ИШИД назорати остидаги ҳудудларда қўлга олинган эркаклар алоҳида сақланмоқда ва уларнинг сони, миллати, фуқаролигига оид аниқ маълумот йўқ.

Айни пайтда бу эксперт аёллар ва болаларни қайтариш жуда оғир жараён эканига урғу берди.

"Унутмаслик керакки, бу аёллар фаол жанг ҳаракатлари борган ҳудудлардан чиқиб келди. Мендаги маълумотларга кўра, охирги жангларда аёллар ҳам жангари эркаклар билан бир сафда ҳукумат қўшинларига қарши жанг қилган. Шунинг учун, ҳозир Ироқ ва Сурия ҳукуматлари бу аёлларни ҳам жиддий текшириш, агар айбдор бўлса, шу давлат ҳудудида жазолашни истамоқда", дейди эксперт.

Унинг айтишича, ҳозирга қадар Ироқ қамоқларида сақланган Марказий Осиёлик жангари эркаклар ва аёллар судланиб, жазога тортилган. Сурия ҳукумати эса қамоқларда сақланаётган эркаклар, шунингдек, жангларда қўлга тушган аёлларни маҳкамага тортиш ва жазолаш тизимини йўлга қўйиш учун халқаро ҳамжамият ва қўшни давлатлардан ёрдам сўрамоқда.

ИШИДдан қолган мерос

Human Rights Watch ташкилоти берган маълумотга кўра, Сурияда жами 47 мамлакатдан борган жангарилар ва уларнинг оилалари лагер ёки қамоқхоналарда сақланмоқда.

"Ал-Хол" лагери раҳбариятининг ахборот воситаларига билдиришича, бу лагерда сақланаётган жами одам сони 80 мингдан ошган. Буларнинг 15 мингга яқини хориж фуқаролари, қолганлари эса ИШИД жангарилари назорати остидаги ҳудудлардан қочган маҳаллий аҳолидир. 15 мингга яқин хорижликнинг асосий қисми жангариларнинг аёллари, 7 минги эса уларнинг вояга етмаган болалардир.

Қолган икки лагерда сақланаётган чет элликлар сони ҳақида аниқ маълумот йўқ.

3 майда бу лагерларни назорат қилаётган Сурия демократик кучлари гуруҳи вакили Салаҳ Кемин лагерга ўзи келиб таслим бўлган ёки жангларда қатнашмаганига ишонилган аёллар ва болаларни ватанига қайтариш юзасидан Марказий Осиё давлатлари ҳукуматларига расмий мактублар жўнатилганини айтган.

Ҳозирча минтақа давлатлари орасида Қозоғистонгина Суриядан 50 нафарга яқин аёлни фарзандлари билан ва бир эркакни ватанига қайтарганини маълум қилган.

Шу йилнинг 30 апрелида Ироқда “Ислом давлати” гуруҳи сафларида жанг қилган тожикистонликларнинг 84 фарзанди Тожикистонга қайтарилган эди. Бироқ катта ёшдагилар ватанига қайтарилмаган.

Эндиликда бу давлатлар сафига 156 фуқаросини ортга қайтарган Ўзбекистон ҳукумати ҳам қўшилди.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG