Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:23

Риштонда мактаб битирувчиси уйида осилган ҳолда топилди


Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

17 июнь куни Фарғона вилояти Риштон тумани Бужай қишлоғида 17 яшар қиз ўз уйи айвонида осилган ҳолда топилди.

Бу ҳақда Озодликка қизнинг яқинлари маълум қилди.

Бу йил Риштон туманидаги 4-сонли мактабни аъло баҳоларга тугатган қизнинг ўлими сабаби номаълум бўлиб қолмоқда.

Риштон тумани Ички ишлар бўлими ҳодиса юзасидан тергов-суриштирув ишлари олиб борилаётганини билдирди.

(Ўз жонига қасд қилгани ишонилаётган қизнинг исми Озодликка маълум, лекин журналистика одоби нуқтаи назаридан таҳририят унинг исмини очиқламайди.)

Бужай қишлоғи вакилларидан бирининг Озодликка 19 июнь куни айтишича, қиз уйи айвонининг тўсинига осиқ ҳолда топилган.

- Уйда ҳеч ким бўлмаган пайтда ўзини осган. Нимага бундай қилганига ҳамма ҳайрон, чунки аълочи, ақлли қиз эди, кеча жанозаси ўқилди, - дейди марҳумнинг ҳамқишлоғи.

Ўз жонига қасд қилгани ишонилаётган қизнинг қариндошлари Озодликка гапиришни истамади.

Соат сайин ошаётган суиқасд

Ўзбекистонда ёшлар орасида ўз жонига қасд қилиш ҳоллари учраб туради.

Ўтган уч ой ичида Озодлик ёшларнинг ўз жонига қасд қилгани билан боғлиқ ўндан ортиқ ҳолат ҳақида хабар қилди.

2 июнь куни Қарши Муҳандислик иқтисодиëт институти Технология факультетининг 3-босқич талабаси¸ гуруҳ сардори ўз уйи молхонасида осилган ҳолда топилди.

Май ойида Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманидаги 1- сон иқтидорли болалар мактабининг 7- синф ўқувчиси ўз жонига қасд қилиб ҳалок бўлди.

9 апрель куни Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманидаги 16-сонли мактабнинг 9-синф ўқувчиси ўзини осди.

3 апрелда эса Озодлик Қўқон шаҳар Махсус енгил саноат касб-ҳунар коллежида 2018 йил октябридан буён “бир неча ўн ўқувчи қиз ўз жонига қасд қилган”ини аниқлаган эди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўтган йил ноябрь ойидаги ҳукумат мажлисида мамлакатда аёллар ўртасида суиқасд ҳолатлари соат сайин ортаётганини айтганди.

Мирзиёв ўз қабулхонасига келиб тушган мурожаатларнинг 70 фоизи аёлларга тегишли эканини таъкидлаганди.

"Аёллар орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари сони йил давомида эмас, соат сайин ошяпти. Соат сайин! Қани Хотин-қизлар қўмитасининг бу борадаги бир таклифи? Қўмитада Норбоева бошчилигидаги ўтирганлар статистикачи эмас-ку! Улар ўз таклифини бериши, нега шундай бўлгани, бунга ким айбдорлиги ҳақида бонг уриши керак", - деган эди Мирзиёев.

XS
SM
MD
LG