Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:47

Урганч давлат университети талабаси ўзини осди


Хоразм вилояти, Урганч давлат университетининг Техника факультети 3-курс талабаси 16-март куни ўз жонига қасд қилганлиги ҳақидаги хабар Озодликка 5 апрель куни етиб келди.

Озодликка юборилган хабарда иддао қилинишича, дарсларни яхши ўзлаштирмагани учун курсдан қолдирилган талаба ўзини осган.

Аммо, университет Техника факультети декани, бу иддаоларни инкор қилиб, ўз жонига қасд қилган талаба яхши ўқиганини айтади.

Озодликка 5 апрель куни Telegram тармоғи орқали юборилган хабарда ёзилишича, Хонқа туманидан бўлган талаба ўз жонига қасд қилган:

“Бу йигит 16 март куни эрталаб соат 8 ларда уйининг молхонасида ўзини осган. Ҳамқишлоқларининг айтишларича, Урганч давлат университетининг техника факультети учинчи курс талабаси бўлган бу йигит курсидан қолдирилгани учун ўз жонига қасд қилган экан”.

(Озодлик ахлоқ қоидалари юзасидан ўз жонига қасд қилган талабанинг исм-шарифини ошкор қилмайди)

Урганч давлат университети, Техника факультети декани Музаффар Қурбонов Озодлик билан суҳбатда, ўз жонига қасд қилган талаба жуда яхши ўқиганини, фанларни яхши ўзлаштирганини айтади:

- Ўқиши ҳам яхши бўлган, дарсларга қатнашиши ҳам. Семестрни битта ҳам қарзи бўлмай, тўлиқ якунлаган. Ота-онаси билан ҳам гаплашдик. Улар ҳам ҳайрон, уйда ҳам ҳеч қандай муаммо бўлмаган экан. Курсдошлари билан гаплашдик, улар ҳам ғайритабиий бир нарсани сезмаганликларини айтишди. Ҳозир бу иш билан прокуратура шуғулланмоқда.

Ўзбекистонда сўнгги йилларда ёшлар, айниқса олийгоҳ, коллеж-мактаб ўқувчиларининг ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпайгани кузатилади.

Озодлик сўнгги ойларда ўз жонига қасд қилган ўнлаб мактаб-коллеж ўқувчилари ҳақида хабар берди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам Самарқанд вилоятида қилган чиқишида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпайгани ҳақида гапирган ва бундай ҳолатларни олдини олишга чақирган эди.

Ўзбекистон президентининг 2019 йил 19 февралдаги қарори билан “Ўзбекистон Республикаси Бош психиатри” ва “Ўзбекистон Республикаси Бош суицидологи” лавозимлари жорий этилган эди.

XS
SM
MD
LG