Линклар

Шошилинч хабар
17 ноябр 2019, Тошкент вақти: 18:23

Афғонистонда террорчиларга қўшилиб қолган оиланинг тўрт фарзанди Ўзбекистонга олиб келинди


Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати - ДХХ Афғонистондан ўзбек ватандошлари бўлган тўрт нафар болани ватанига қайтарган.

Ўзбекистоннинг расмий ЎзА агентлиги хабарига кўра, болаларнинг отаси террорчи гуруҳ сафларида жанг қилиб, онаси эса касалликдан ўлган.

Етим қолган болалар ДХХ кўмагида Ўзбекистонга олиб келинган.

ЎзА хабарида айтилишича, андижонлик 38 ёшли Фарҳод Ҳамроқулов Россияга ишлагани кетган. 2012 йилда у рафиқаси ва фарзандларини Ўзбекистондан олдириб Озарбайжон ва Эрон орқали Покистонга ўтган.

У ерда Ҳамроқулов ўзларини "Туркистон исломий ҳаракати" деб атовчи террорчи ташкилотга қўшилган ва кўп ўтмай жангоҳларда ҳалок бўлган.

Уч фарзанди билан бева қолган рафиқаси 2013 йилда террорчи гуруҳнинг бошқа бир аъзосига турмушга чиққан.

Иккинчи турмушидан яна бир фарзанд кўрган Раъно Ҳамроқулова 2018 йилда оғир касалликдан вафот этган.

Ҳамроқулованинг 16, 13, 10 ва 6 ёшли тўрт фарзанди ДХХ кўмаги билан Афғонистондан олиб келиниб, уларнинг Андижонда яшайдиган қариндошларига топширилган.

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG