Линклар

Шошилинч хабар
02 июн 2020, Тошкент вақти: 09:54

Ўзбекистон хабарлари

Август ўртасидан газ, электр, кўмир, иссиқлик таъминоти, бензин, сув ва йўл ҳақи тарифлари ошади

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда 15 августдан табиий ва суюлтирилган газ, кўмир, электр энергияси, иссиқлиқ таъминоти, ичимлик суви, шунингдек жамоат транспортида йўл ҳақи тарифлари оширилади.

Ёқилғи-энергетика ресурслари нарх ва тарифларига киритилган ўзгартишлар, Gazeta.uz нашрининг хабар қилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 30 июлдаги қарори билан тасдиқланган.

Хусусан, табиий газ тарифлари ўртача 19 фоизга, суюлтирилган газ, 18 фоизга, электр энергияси 18 фоизга, бензин 12,5 фоизга , кўмир 10 фоизга кўтарилиши кўзда тутилган.

Ўзбекистонда 1 августдан энг кам иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар ҳажми 10 фоизга оширилиши ҳақида Озодлик аввал хабар қилганди.

Кун янгиликлари

Карантинга ёпилган Китоб туманида бемор коронавирусдан ўлгани рад этилди

Китоб туман ҳудуди тўлиқ карантинга ёпилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Китоб туманида коронавирусда гумонланган бемор Covid-19дан эмас, ёндош касалликдан ўлгани ҳақида 1 июнда маълум қилди. Аммо шунга қарамай Китоб тумани ёпиқлигича қолмоқда.

Вазирлик баёнотида айтилишча, 1963 йилда туғилган фуқаро Н.О., 9 май куни Қозоғистондан Ўзбекистонга қайтган ва Тошкент вилоятидаги Карантин марказига тиббий кузатувга олинган. 10 май куни у коронавирусда гумонланиб Яккасарой туман тиббиёт бирлашмаси терапия бўлимига пневмония ташхиси билан ётқизилган.

Ўтказилган диагностик тахлиллардан сўнг беморда Covid-19 инфекцияси аниқланмаган. Бундан аввал у жигар циррози ташхиси билан даволанган.

“Бемор 29 май куни Китоб туман тиббиёт бирлашмаси шошилинч тиббий ёрдам бўлимига олиб келинган. Коронавирус инфекциясига олинган тахлил унда гумон натижани қайд этгани боис суртма намуналари 31 май куни ўрнатилган тартибга кўра, махсус лабораторияга юборилган. Шу куни у ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан вафот этган”, - дейилади хабарда.

Вазирликнининг билдиришича, коронавирусга гумонланган марҳум билан мулоқотда бўлган барча фуқаролар эҳтиёт чораси сифатида стационар ва уй карантинига олинган. Китоб туман ҳудуди тўлиқ карантинга ёпилган.

“Шу йилнинг 31 май куни юборилган суртма намуналарини такрор текширув натижаларига кўра, марҳум беморда коронавирус инфекцияси аниқланмади. Демак, бир ой ичида ўтказилган иккинчи бор диагностик тахлил ҳам Н.О. “Covid-19” инфекциясига чалинмаганлигини кўрсатган. У ёндош касалликлар туфайли вафот этганлиги маълум бўлди. Шундай бўлса-да, қатъий санитария қоидаларига кўра, карантинга олинган фуқаролар маълум муддат тиббий кузатувда бўлишади”, - дейилади хабарда.

Бухорода 2 июндан бошлаб карантин чоралари қатъийлаштирилди

Шофиркон ҳамда Ғиждувон туманлари ичида шахсий автотранспорт воситалари ҳаракатланиши тўхтатилади.

Бухоро вилоятида коронавирусга қарши кураш доирасида карантин чоралари қатъийлаштирилди.

Вилоят ҳокимлигининг билдиришича, 2 июндан бошлаб номаълум муддатга Шофиркон ҳамда Ғиждувон туманлари ичида шахсий автотранспорт воситалари ҳаракатланиши тўхтатилади. Юк ташувчи, қишлоқ хўжалигида жалб қилинган ҳамда махсус рухсатномали (стикерли) автотранспорт воситалари бундан мустасно

Бухоро шаҳрига бошқа туман ва шаҳарлардан келган автомашиналарнинг кириб чиқишига, юк ташувчи, қишлоқ хўжалигида жалб қилинган ҳамда стикерли автомашиналардан ташқари, соат 07:00 дан 10:00гача ва17:00-20:00гача рухсат берилади.

Вилоят ҳудудида соат 22:00дан 06:00гача шахсий автотранспорт воситаларининг заруратсиз (иш юзасидан, озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармон воситаларига бўлган эҳтиёж ва шунга ўхшаш зарур ҳоллар бундан мустасно) ҳаракатланиши чекланади;

Навоий вилоятининг чегарадош ҳудудлари орқали фуқаролар ва транспорт воситаларининг кириб-чиқишини қатъий карантин талаблари асосида амалга оширилади.

Вилоят ҳудудига кириб келаётган халқаро юк ташувчи маҳаллий ҳайдовчилар постларнинг ўзида карантинга олинади. Сартарошхоналар, такси хизматлари ва истироҳат боғлари айримч чекловларга амал қилган ҳолда маиэозларга хизмат кўрсатишда давом этади.

Uzbekistan airways 1-7 июнда муҳожирларни олиб келиш учун яна 9та қатновни амалга оширади

Новосибирск аэропортида чартер рейсга рўйхатдан ўтаётган ўзбекистонлклар. 23 май, 2020 йил.

Транспорт вазирлиги хориждаги ўзбекистонликларни ватанга олиб келиш учун жорий ҳафтада амалга ошириладиган чартер рейслар жадвалини эълон қилди.

Жадвалга асосан Uzbekistan airways Туркия, Россия, БАА ва Миср Араб Республикаси шаҳарларига жами 9та қатновни амалга ошради.

1 июнь. Тошкент – Истанбул – Тошкент

2 июнь. Тошкент – Москва – Тошкент

3 июнь. Тошкент – Шаржа – Тошкент

3 июнь. Тошкент – Москва – Тошкент

4 июнь. Тошкент – Санкт-Петербург – Тошкент

5 июнь. Тошкент – Москва – Тошкент

6 июнь. Қоҳира – Тошкент – Қоҳира

6 июнь. Тошкент – Новосибирск – Тошкент

7 июнь. Тошкент – Санкт-Петербург – Тошкент

Транспорт вазирлигининг билдиришича, тасдиқланган чартер рейслар жадвалига мувофиқ 25-31 май кунлари амалга оширилган 8 та қатнов орқали Россия ва Туркиядан жами 2118 нафар ўзбекистонлдик олиб келинган.

Президент Шавкат Мирзиёев май ойининг ўрталарида ўтган йиғилишлардан бирида Ўзбекистонга хориждан 39 минг ватандош олиб келинганини, яна 12 минг ўзбекистонлик олиб келинишини айтган эди.

Мирзиёев статистик маълумотларни таҳлил қилишда 20 йил аввалги дастурдан фойдаланилаётганини танқид қилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистонда статистик кузатув маълумотларининг ярми қоғоз шаклида тўпланмоқда. Уларни таҳлил қилишда 20 йил аввал жорий этилган дастурий таъминотдан фойдаланилмоқда. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев миллий статистика соҳасини такомиллаштириш чора-тадбирлари бўйича 1 июнь куни ўтказилган йиғилишда билдирди.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, йиғилишда ҳудудлар ва тармоқлар статистикасини ўзаро мувофиқ шакллантириш, уларни ягона халқаро статистика тизими билан уйғунлаштириш масалалари муҳокама қилинган.

Ишсизликни аниқлашни Халқаро меҳнат ташкилоти стандартларига тўлиқ мослаштириб, сўров ўтказиш тартибини такомиллаштириш ва қамровни кенгайтириш зарурлиги таъкидланган.

Соғлиқни сақлаш тизимида касалликларни даволаш харажатлари бўйича халқаро ҳисоб механизми жорий этилиши белгиланган. Мирзиёевга кўра, бусиз тиббий суғуртани амалиётга киритиб бўлмайди.

Йиғилишда Вазирлар Маҳкамаси, Давлат статистика қўмитасига таълим, қишлоқ хўжалиги, ташқи савдо, транспорт, қурилиш, экология, туризм ва яна қатор соҳалар статистикасини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган.

Давлат идораларининг статистикани шакллантириш жараёнини аудит қилиш бўйича ҳам кўрсатма берилган.

Жаҳон маълумот базаларида Ўзбекистоннинг тармоқ индикаторлари тўлиқ акс этмагани ачинарли ҳол экани урғуланиб, шу муносабат билан мутасаддиларга меҳнат, энергетика, қишлоқ хўжалиги, таълим каби соҳалар бўйича халқаро базаларда мамлакат кўрсаткичларини тўкис акс эттириш юзасидан топшириқлар берилган.

Бундан ташқари, йиғилишда солиқ ва статистика идоралари ўртасида автоматлашган ахборот алмашинувини йўлга қўйиш орқали инфляцияни ҳисоблаш харажатларини кескин қисқартириш мумкинлиги таъкидланган.

Шундан келиб чиқиб, тармоқнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда дастурий таъминотни янгилаш, солиқ, меҳнат, молия соҳаларида статистик маълумотларни йиғиш ва қайта ишлашнинг интеграциялашган тизимини жорий этиш вазифаси қўйилган.

Ш. Мирзиёев йиғилиш чоғида аҳолини рўйхатга олиш статистикани шакллантиришда асосий манба экани, бунга ҳозирдан пухта тайёргарлик кўриш кераклигини ҳам урғулаган.

Қайд этилишича, мустақиллик йилларида Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш ўтказилмаган. Президентнинг 2019 йил 5 февралидаги фармонида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олиш ўтказилиши белгиланган эди. Жорий йил 16 мартида эса “Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинган.

ИИВ ўз ходимининг косонлик йигитга нисбатан қонунга зид равишда куч ишлатганини тан олди

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси ходимининг Косон тумани турғунига нисбатан қонунга зид равишда жисмоний куч ишлатганини эътироф этди. Бу эътироф ижтимоий тармоқларда тарқаган видеоёзувга нисбатан ИИВнинг Телеграм-каналида ёйинланган расмий муносабатида акс этган. Видеода куч ишлатар тузилма ходими косонлик йигитнинг қорнига тепганини кўриш мумкин.

Вазирлик қайдича, жорий йил 30 май куни соат тахминан 21.40 ларда Қашқадарё вилояти Косон туманида “аҳолининг карантин қоидаларига амал қилишини назорат қилиш мақсадида ўтказилган тунги рейд чоғида туманнинг Ниҳол МФЙда жойлашган “Ниҳол Саидбарака” савдо дўкони ёнида Қашқадарё вилояти ИИБ тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар отряди ходими қонунда белгиланган вазифасидан четга чиқиб, шу МФЙда яшовчи 1992 йилда туғилган Х.М.га нисбатан ноқонуний равишда куч ишлатиб, уни шаъни ва қадр-қимматига путур етказган”.

ИИВ ҳозирда ҳолат юзасидан хизмат текшируви тайинлангани, шу асосда “тадбир иштирокчилари”дан ҳар бирининг хатти-ҳаракатига қонуний баҳо берилишини билдирган.

Ижтимоий тармоқда тарқалган видеода косонлик йигитга қўл кўтарган шахснинг Миллий гвардия ходими экани айтилганди. Аммо Миллий гвардия ўз канали орқали тарқатган билдирувида видеодаги кишининг МГ ҳарбий хизматчиси эмаслиги аниқланганини баён этган.

МБ доллар ва евронинг расмий курсини оширишда давом этмоқда

Ўзбекистон Марказий банки жорий йил 2 июндан валюталарнинг сўмга нисбатан янги қийматини белгилади.

МБ маълумотига кўра, сешанбадан АҚШ долларининг расмий курси ўтган ҳафтага нисбатан 9 сўм 1 тийинга қимматлаб, 10 минг 148 сўм 31 тийинни ташкил этади (ўтган ҳафта 10 минг 139 сўм 30 тийин бўлган).

Евронинг расмий курси эса олдинги курсга нисбатан 210 сўм 75 тийинга кўтарилиб, 11 минг 262 сўм 59 тийинга тенг бўлади (ўтган ҳафта 11 минг 51 сўм 84 тийин эди).

Ўтган ҳафта МБ долларнинг расмий курсини 9 сўм 74 тийинга, евроникини эса 96 сўм 72 тийинга оширган эди.

Валюта қийматини белгилаш чоғида Марказий банк мазкур валюталарни ушбу қийматда сотиш ёки сотиб олиш мажбуриятини зиммасига олмаган.

ЎзМТРКнинг собиқ раҳбари Қирғизистонга элчи этиб тайинланди

Хуршид Мирзоҳидов

Расмий Тошкент Хуршид Мирзоҳидовни Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинлади.

ТИВ маълумотига кўра, янги элчи 2020 йил 30 май куни Бишкекка етиб борган.

Қайд этилишича, Х. Мирзоҳидов бунга қадар Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири ва Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси раисининг ўринбосари лавозимларида ишлаган. У 2017 йил февралидан августигача ЎзМТРК раиси сифатида ҳам фаолият юритган.

ТИВ Сўхдаги можарони “маҳаллий даражадаги ҳодиса” деб атади

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги биноси.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ўзбек-қирғиз чегарасининг “Чашма” участкасида юз берган можарога “маҳаллий даражадаги ҳодиса”, дея баҳо берди. Бу ҳақда вазирликнинг ўз Телеграм-канали орқали 1 июнь куни ёйинлаган хабарномасида айтилади.

Вазирлик қайдича, 2020 йил 31 май куни содир бўлган “воқеа сабабларини икки томон расмий шахслари ўрганиши шуни кўрсатдики, “Чашма” булоғининг ариқларини биргаликда тозалаш пайтида юзага келган баҳслашув натижасида икки мамлакатнинг айрим фуқаролари ўртасида можаро келиб чиққан”.

Ҳодиса натижасида икки томондан ҳам жабрланганлар борлигини эътироф этган ТИВ уларга зарур тиббий ёрдам кўрсатилганини қўшимча қилади.

Хабарномада икки мамлакатнинг чегарадош вилоятлари раҳбарларининг музокаралари натижасида вазият тўлиқ назоратга олингани, томонлар бундан кейин олдиндан келишувсиз тозалаш ишларини олиб бормасликка келишиб олгани урғуланади.

“Чашма” булоғи Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси аҳолисини ичимлик ва суғориш суви билан таъминлайди. Ўзаро манфаатларни инобатга олган ҳолда “Чашма” булоғидан биргаликда фойдаланиш тўғрисида келишув мавжуд”, дейилади ТИВ хабарномасида.

1 июнь куни Ўзбекистон бош вазири А. Арипов ва Қирғизистон бош вазирининг биринчи ўринбосари Қ. Бўрўнов ўртасида бўлиб ўтган учрашув ҳақида тўхталган вазирлик у ерда икки томонлама ҳамкорликка оид кенг кўламли масалалар муҳокама қилингани, “трансчегаравий ҳамкорликни ривожлантириш ва чегарада юзага келадиган муаммоларни дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик руҳида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси ўртасида 2017 йил 6 октябрида имзоланган Чегара ҳудудида ишонч чоралари бўйича Битим қоидаларига мувофиқ ҳал қилиш тўғрисида келишувга эришилгани”ни маълум қилди.

Ўзбек дипломатларига кўра, ҳукумат раҳбарлари яқин вақт ичида Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия йиғилиши ва Ўзбекистон Республикасининг чегарадош вилоятлари ҳокимлари ва Қирғизистон ҳукуматининг чегараолди ҳудудларидаги ваколатли вакиллари кенгашини ўтказишга келишиб олганлар.

Аввал хабар қилганимиздек, 31 май куни Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти Сўх тумани ва Қирғизистоннинг Боткен вилояти Қадамжой тумани турғунлари орасида жанжал юз бериб, икки мамлакат фуқаролари бир-бирларини тошбўрон қилганлар. Можаро чоғида ўнлаб одам жароҳатланган.

Сеулдан Тошкентга яна қарийб 9,5 тонна инсонпарварлик ёрдами йўлланди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда Covid-19 тарқалиши олдини олиш бўйича халқаро ҳамкорлик доирасида мамлакатнинг Сеулдаги элчихонаси томонидан жалб этилган 97 минг 240 доллар миқдоридаги инсонпарварлик ёрдами 1 июнь куни Тошкентга етиб боради.

Бу ҳақда хабар қилган “Дунё” ахборот агентлигига кўра, гуманитар ёрдам рўйхатидан замонавий шприцли насослар, 15 минг қадоқда антисептик воситалар, 12 дона тиббий кровать ва автоматик механизмга эга бўлган кўп функцияли кўрпалар жой олган.

Инсонпарварлик ёрдами“Uzbekistan Airways” авиаширкатининг чартер юк рейси орқали жўнатилган.

Хабарга мувофиқ, яқин кунлар ичида тахминан 66 минг доллар миқдордаги ана шундай гуманитар ёрдам чартер юк рейси ташкил этилгандан сўнг Ўзбекистонга юборилиши кўзда тутилмоқда.

Коронавирусга қарши кураш бўйича халқаро ҳамкорлик доирасида Жанубий Кореядан Ўзбекистонга аввал ҳам бир неча бор гуманитар ёрдам юборилгани ҳақида аввал хабар қилган эдик.

Арипов ва Бўрўнов чегарада учрашишди

Ўзбек ва қирғиз мулозимларининг чегара масканидаги сўзлашуви, 2020 йил 1 июни.

Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукумати икки давлат чегарасида юз берган можаро юзасидан биргаликда текширув ўтказади. Бу ҳақдаги келишувга 1 июнь куни Боткен вилоятидаги “Чечме” назорат-ўтказиш масканида (Ўзбекистон томони "Чашма" НЎП) учрашган Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ҳамда Қирғизистон бош вазирининг биринчи ўринбосари Қубатбек Бўрўнов ўртасида эришилган.

Қирғизистон ҳукумати матбуот хизмати маълумотига кўра, Арипов ва Бўрўнов “ҳодиса юзасидан таассуф билдиришиб, вазиятни изга солиш учун биргаликда чора кўриш, эскалацияга йўл қўймаслик ва чегараолди ҳудудидаги тарангликни кетказиш бўйича фикрларини билдиришган”.

Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти Сўх тумани ва Қирғизистоннинг Боткен вилояти Қадамжой тумани турғунлари орасида 31 май куни жанжал юз бериб, икки мамлакат фуқаролари бир-бирларини тошбўрон қилганлари ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган. Якшанба куни юз берган можаро чоғида ўнлаб одам жароҳатлангани айтилган.

Коронавирусга чалинганлар сони 3662 кишига етди

Ҳозирда касалхоналарда 810 нафар бемор даволанмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 1 июнь соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони камида 3662 нафарни ташкил этмоқда. Бу 31 май соат 23:00даги кўрсаткичдан 39 кишига кўпдир.

“Янги касалланиш ҳолатларининг 24 нафари Карантин марказидаги (Россиянинг Москва, Санкт-Петербург ва Қозон шаҳарлари ҳамда Қозоғистон Республикасидан келган) фуқаролар орасида, 10 нафари Тошкент шаҳрида (шундан 4 нафари аҳоли орасида), 1 нафари Наманган вилоятида карантинда бўлган фуқаролар орасида, 2 нафари Сирдарё вилоятига, яна 2 нафари эса Россиядан Тошкент вилоятига чегара пост орқали кириб келган халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчиларида аниқланган”, - дейилади расмий хабарда.

Айни пайтда коронавирус инфекциясига чалинган 2837 нафар бемор соғайди, 15 бемор вафот этди.

Ҳозирда касалхоналарда 810 нафар бемор даволанмоқда. Улардан 8 нафар бемор оғир, 1 нафар бемор эса ўта оғир аҳволда.

Ўзбекистонда масофадан бошқариладиган артиллерия қуроли синовдан ўтказилмоқда (ФОТОГАЛЕРЕЯ)

“Nona” ўзиюрар артиллерия техникаси ва қуроли янгитдан модернизация қилинди.

Масофадан бошқариладиган артиллерия қуроли синовдан ўтказилаётгани тўғрисида Мудофаа вазирлиги хабар берди.

“Марказий ҳарбий округ ҳудудидаги “Каттақўрғон” дала ўқув майдонида мудофаа вазири томонидан илгари сурилган “Ташаббускор ғоялар” асосидаги такомиллаштирилган жанговар техника ва қуроллар устида синовлар олиб борилмоқда”, - дейилади расмий билдирувда.

Хабарда таъкидланишича, “Каттақўрғон” дала ўқув майдони Ўзбекистондаги энг катта полигон ҳисобланади.

Билдирилишича, изланишлар натижасида БТР-80 техникасига 120 миллиметрли “Nona” ўзиюрар артиллерия техникаси ва қуроли янгитдан модернизация қилинди. Занжирли артиллерия техникаси шинали зирҳли техникага алмаштирилди.

“Натижада тезлик соатига 25 километрдан 80 километрга ошди. Ҳаракатланиш давомида нишонларни яксон қилиши кўрсаткичи сезиларли даражада юқорилагани кузатилди. Ҳозирда Мудофаа вазирлиги ва ҳарбий округ артиллериячилари томонидан техника ва қуролни жанговар имкониятлари ўрганилмоқда”, - дейилади хабарда.

Бундан ташқари “Бўрон” дея ном берилган “GM-21 MK” русумли КамАЗ ва “Урал” техникасига ўрнатилган 122 миллиметрли “ДМ-21” маркали ўзиюрар артиллерия тўп-ракетасини масофадан бошқариш ва отиш ишлари синовдан ўтказилмоқда.

1 июнга ўтар кечаси 77 киши коронавирусга чалингани хабар қилинди. 9 беморнинг аҳволи оғир (ИНФОГРАФИКА)

Коронавирусга чалинган 77 кишининг 38 нафари Навоий вилоятида аниқланган.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 31 май соат 23:00 ҳолатига кўра,коронавирусга чалинганлар сони расман 3623 нафарга етди.

“Бугун мамлакатимизда коронавирус инфекцияси қайд этилган 77 ҳолатнинг 38 нафари Навоий вилоятидаги карантин муассасаларида тиббий кузатувда бўлган фуқаролар орасидан тасдиқланди. Шунингдек, 34 нафари карантин муассасаларида, 4 нафари (Бухоро вилоятида 3, Тошкент шаҳри 1) аҳоли орасидан ва 1 нафари халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчисида аниқланди”, - дейилади хабарда.

Вазирлик кун давомида 54 нафар бемор соғайиб, реабилитацияга кузатилгани ҳақида ҳам маълум қилди.

Расмий хабарда таъкидланишича, айни пайтгача касалликка чалинган 3623 нафар бемордан 2837 нафари соғайиб, даволаниш даражаси 78 фоизни ташкил этмоқда. 771 нафар бемор 7 ҳудуддаги тиббиёт муассасаларида даволанмоқда. Улардан 8 нафари оғир, 1 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Шу кунгача жами 416 118 нафар фуқаро карантинга олиниб, уларнинг 369 113 нафари карантиндан чиқарилган.

Ҳозирда уй карантинида 25 862 нафар, стационар карантинда эса 21 143 нафар фуқаро тиббий кузатувда бўлиб турибди.

Ўзбекистон Омбудсмани ИИВ тергов ҳибсхоналарида қийноқлар мавжудлигини тан олди

Ҳозиргача Ички ишлар вазирлиги бу хабарга бирон бир муносабат билдирмади.

Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Улуғбек Муҳаммадиев 29 май куни Бош прокуратурада ўтган брифингда маҳбусларга нисбатан қийноқ ИИВ тергов ҳибсхонларида содир этилишини тан олди. Бу ҳақда “Кун уз” 31 май куни хабар берди.

Омбудсман қийноқлар юзасидан келиб тушган мурожаатларга изоҳ берар экан:

“Бу ҳолатлар жазони ижро этиш муассасасида эмас, Ички ишлар вазирлигининг тергов тизими билан боғлиқ бўлган. Асосий қисми – 80-90 фоизи Ички ишларнинг тергов тизими билан боғлиқ бўлган мурожаатлар”,- деб айтган.

Айни пайтда Омбудсман йил давомида қийноқларга солингани тўғрисида арз қилган маҳбуслар ва маҳкумлар сони ҳақида аниқ рақамларни айтмаган.

Шу билан бир қаторда, Ички ишлар вазирлиги бошқарма бошлиғи Жамшид Султонов Омбудсманнинг сўзларини тасдиқлаган ҳолда, 2019 йилда қийноққа солиш бўйича жазони ижро этиш муассасаларининг бирорта ходими жавобгарликка тортилмаганини қўшимча қилди.

Унга кўра, бу ҳолат жазони ижро этиш муассасаларида қийноқлар деярли йўқлигини тасдиқлайди.

“Маҳкумлар томонидан қийноққа солиш бўйича Омбудсманга юборилган мурожаатларнинг жуда оз қисми уларнинг жазо муддатини ўташ даври билан боғлиқ. 2019 йилда маҳкумларни қийноққа солиш ёки тазйиқ ўтказиш билан боғлиқ ҳолат бўйича жазони ижро этиш тизими, жазони ижро этиш муассасасининг бирорта ходими жавобгарликка тортилмади”, - деб айтган расмий.

Жамшид Султоновнинг таъкидлашича, қийноқлар борасида йилдан йилга маҳкумлар томонидан мурожаатлар сони кескин кўпайгани “маҳкумларнинг ҳуқуқий онги ва маданияти ошиши билан ҳам боғлиқ”.

“Жазони ижро этиш муассасаларида ҳар биттасида омбудсман қутиси, прокурор қутиси жойлаштирилган, лекин мурожаат қилинмас эди. Бунинг сабаблари кўп бўлган, уларнинг асосийси маҳкумларда мурожаат қилган билан унинг ижобий ечим топишига ишонч бўлмаган. Сўнгги йилларда олиб борилган ишлар натижасида мурожаатлар сони ҳам кўпайяпти, зарур ҳолларда жазони ижро этиш тизими кўрмаётган ёки тергов, суд органларида эътиборидан четда қолаётган масалаларга эътибор бериб, улар келгусида содир этилмаслиги бўйича ишлар амалга ошириляпти”, деб айтган Жамшид Султонов.

Бош прокуратурада ўтган брифингда ИИВ ҳибсхоналарида қийноқлар мавжудлиги айтилган бўлсада, ҳозиргача Ички ишлар вазирлиги бу хабарга бирон бир муносабат билдирмади.

Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидаги жанжалда камида 41 одам жароҳатлангани айтилди

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги 1 июнга ўтар кечаси Ўзбекистоннинг Сўх вилояти Чашма қишлоғидаги чегара ҳудудида чиққан жанжал оқибатида жароҳатланган 25 нафар фуқаро Ҳайдаркон шаҳар касалхонасига олиб келинганини билдирди.

Касалхонага олиб келинган қирғизистонликларнинг 4 нафари касалхонага ётқизилган, улардан икки нафарининг аҳволи оғир. Қолганларга тиббий ёрдам кўрсатилгач, уйларига қайтишга рухсат берилган.

Аввалроқ Озодликка можаро ҳақида хабар берган сўхликлардан бири жанжал оқибатида 16 нафар ўзбекистонлик турли жароҳатлар билан касалхонага ётқизилганини билдирган эди. Аммо Ўзбекистон ҳукумати ҳозиргача бу маълумотни расман тасдиқламади ва рад ҳам этмади.

Бундан ташқари Ўзбек-Қирғиз чегарасидаги вазиятни икки давлат ҳамкорликда назорат қилишга келишиб олган.

Бу борада 31 май куни Ўзбекистон ва Қирғизистон маҳаллий ҳокимиятлари расмийлари учрашувида қарор қабул қилинди.

Музокарада Ўзбекистон томонидан Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев ва Сўх туман ҳокими иштирок этган. Қирғизистон томонидан эса ҳукуматнинг Боткен вилоятидаги мухтор вакилининг биринчи ўринбосари Жаркинбай Максутов ва Қадамжой тумани ҳокими қатнашган.

Қадамжой тумани ҳокими Алгинбай Имаровнинг Озодлик радиоси қирғиз хизматига айтишича, учрашувда томонлар чегарадаги вазиятни ҳамкорликда барқарорлаштириш масаласини муҳокама қилган. Шу мақсадда Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот тузилмалари ҳамкорлиги режаси ишлаб чиқилган.

"Ўрикзор"даги сотувчининг ўғли ва қизида ҳам вирус аниқланди

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, бир неча кун олдин “Ўрикзор” савдо мажмуасининг коронавирусга чалинган сотувчисининг ўғли ва қизида ҳам айни инфекция аниқланган.

Вазирлик сўнгги кунларда Самарқанд, Навоий, Тошкент вилоятлари қатори Тошкент шаҳридан ҳам аҳоли орасида коронавирус инфекциясига чалинганлар сони кун сайин ошиб бораётганини билдирди.

Вазирликнинг маълум қилишича, 30 майга қадар пойтахтимизда коронавирус инфекцияси аниқланган 11 фуқаронинг барчаси аҳоли орасидан касалликни юқтириб олган.

"Касалланиш кўрсаткичлари шу темпда ўсиб борса эпидемия авж олиш хавфи янада кучаяди. Бу эса аҳолидан янада ҳушёр бўлиб, ўзи ва яқинлари саломатлигига ўта масъулият билан ёндашишларини талаб этмоқда".

"Зарурат юзасидан кўчага чиқиб, уйга келганингизда ҳам қўлингизни совунлаб, қайта-қайта ювинг. Қўл бериб саломлашиш, қучоқ очиб кўришишдан тийилиш лозим. Энг муҳими, ижтимоий масофани сақланг, жамоат ва одамлар тўпланган жойлардан узоқроқ юринг, доимо тиббий ниқоб тақиб юришни унутманг", деб огоҳлантирди вазирлик.

Шахсий машинада вилоятлараро қатновга 1 сентябргача рухсат берилмайди

Махсус комиссиянинг 30 май куни эълон қилинган қарори билан 1 сентябргача шахсий автотранспорт воситаларининг вилоятлараро ҳаракатланишига рухсат берилмайдиган бўлди.

Бунда Тошкент шаҳридан Тошкент вилоятига ҳамда Тошкент вилоятидан Тошкент шаҳрига кириб-чиқиш мустасно қилинди.

Махсус комиссиянинг Ўзбекистонда карантин муддатини 15 июнга қадар узайтириш ҳамда айрим ҳудудларда карантин чораларини кучайтириш қарори шу йилнинг 26 май куни ўтказилган видеоселектор йиғилишидан сўнг қабул қилинди.

Ушбу йиғилишда президент Ш. Мирзиёев кейинги кунларда аксарият ҳудуд ва корхона раҳбарлари, фуқаролар карантин чораларининг юмшатилганини “касаллик тугади” деб, нотўғри қабул қилаётгани ҳақида гапирди.

Президент, айниқса, бозорлар, савдо комплекслари, банкларда ижтимоий масофага амал қилмаслик, кўча-кўйда тиббий ниқоб тақмаслик ҳолатлари кўпаяётгани ҳамда бундай салбий ҳолатлар касалликни аниқлаш, олдини олиш ва даволаш учун қилинаётган барча ҳаракатларни йўққа чиқариши мумкин, деб танқид қилганди.

Сўнгги бир ҳафта ичида коронавирусга чалинган янги шахсларнинг аҳоли орасидан аниқланиш ҳоллари кўпаймоқда.

Расмий баёнотлардан маълум бўлишича, вирус Самарқанд, Навоий, Бухоро, Наманган ва Тошкент шаҳарларида аҳоли орасидан аниқланмоқда.

31 май соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда инфекцияга чалинганлар сони 3584, тузалганлар 3 минг кишига яқин, 14 бемор вафот этди.

Ўзбекистонда карантин муддати 15 июнгача узайтирилди. Мамлакат бўйлаб ижтимоий масофани сақлаш, ниқоб тақиш, дезинфекция мажбурий бўлиб қолмоқда.

Дунёда эса вирус юқтирганлар расмий сони 6 миллион 80 мингдан ошди, ўлганлар сони эса 369 мингдан ошиқ, тузалганлар 2 миллион 575 мингдан ошиқ.

Тошкентда аҳоли орасида бир кунда 9 та COVID-19 ҳолати аниқланди

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг (ССВ) хабар қилишича, 2020 йил 30 май соат 17:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 3523 нафарга етган ва янги ҳолатларнинг 9 таси Тошкентда аниқланган.

9 ҳолатнинг барчаси аҳоли орасидан аниқланган.

Буни маълум қилган ССВ вирусга чалинганлар Тошкентнинг қайси қисмидан аниқланганига ойдинлик киритмади.

Тошкентда 30 май кечга қадар аниқланган яна бир бемор Карантин марказидаги хориждан келган фуқаролардан биридир.

Сўнгги бир ҳафта ичида коронавирусга чалинган янги шахсларнинг аҳоли орасидан аниқланиш ҳоллари кўпаймоқда.

Расмий баёнотлардан маълум бўлишича, вирус Самарқанд, Навоий, Бухоро, Наманган ва Тошкент шаҳарларида аҳоли орасидан аниқланмоқда.

31 май соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда инфекцияга чалинганлар сони 3584, тузалганлар 3 минг кишига яқин, 14 бемор вафот этди.

Ўзбекистонда карантин муддати 15 июнгача узайтирилди. Мамлакат бўйлаб ижтимоий масофани сақлаш, ниқоб тақиш, дезинфекция мажбурий бўлиб қолмоқда.

Дунёда эса вирус юқтирганлар расмий сони 6 миллион 80 мингдан ошди, ўлганлар сони эса 369 мингдан ошиқ, тузалганлар 2 миллион 575 мингдан ошиқ.

Прокуратура: Навоийда коронавирусга қарши кураш учун берилган 222 млн. сўм ўзлаштирилган

Навоий вилоятида COVID-19 инфекциясига қарши кураш учун ажратилган 222 миллион сўм маблағ ўзлаштириб юборилгани аниқланди.

Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдиновнинг «Дарё»га маълум қилишича, маблағнинг катта қисми растрата йўли билан талон-торож қилингани аниқланган.

Нашрнинг хабар қилишича, Навоий вилояти санитария ва эпидемиологик осойишталик марказидаги "мансабдор шахслари ва бошқалар" ажратилган 5 миллиард сўм маблағнинг бир қисмини талон-торож қилган.

"Т." ва "И-П." МЧЖ дан кимёвий дезинфекция воситалари ҳамда инфекцияга қарши тиббий ҳимоя воситаларини қиммат нархларда харид қилиб, жами 222,3 миллион сўмни растрата қилиш йўли талон-торож қилган ҳолда давлат бюджетига жуда кўп миқдорда зарар етказган", дейилади хабарда.

Ҳозирда номи тилга олинган ташкилотлар раҳбарлари ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилган, тергов бошланган.

22 майда Бухоро вилоятида ҳам санитария ва эпидемиологик осойишталик маркази бош шифокори ўзига таниш бўлган ширкатдан дезинфекцияловчи воситаларни қиммат нархда сотиб олиб, 200 миллион сўмни талон-торож қилгани учун жиноят иши очилгани билдирилган эди.

21 майда эса Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида ҳомийлик маблағлари ўғирлангани тўғрисида хабарлар тарқалганди. Оққўрғон тумани ҳокими ўринбосари ҳамда "Маҳалла" хайрия жамоат фонди ҳисобчиси "Саховат ва кўмак" жамғармасига тушган маблағларни турли йўллар билан нақдлаштириб, жами 109,2 миллион сўм пулни ўзлаштиргани ҳақида Маҳалла вазирлигининг расмий изоҳи берилганди.

Ортиқова: 2019 йилда ДХХ ва ИИВ ходимлари бўлган 16 киши қийноққа солишда айбланиб қамалган

2019 йилда 16 киши қийноққа солишда айбланиб қамалган, уларнинг аксари ИИВ ва ДХХ ходимларидир.

Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокурори ўринбосари Светлана Ортиқова Тошкентда ўтказилган матбуот брифингида айтган.

"Сўнгги уч йилда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан қийнаш, қўрқитиш ва бошқа тазйиқлар қилинганлиги юзасидан 757та (2019­ йилда 208та, 2018 йилда 352та, 2017 йилда 197та) ариза келиб тушган бўлса, уларнинг 33таси, яъни 4,4 фоизи бўйича жиноят иши қўзғатилган", деган Ортиқова.

Аммо, Ортиқова қийноққа солиш айби билан жазоланганлар айнан кимлар эканини очиқламаган.

БМТнинг Қийноққа қарши қўмитаси томонидан 2020 йил 14 январда билдирилган Ўзбекистоннинг бешинчи даврий ҳисоботи бўйича якуний эътирозларда қийноқнинг олдини олиш тизимини халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига мувофиқлаштириш, шунингдек қийноқнинг барвақт олдини олиш, қийноққа доир мурожаатларни қабул қилиш, кўриб чиқиш, қийноқдан жабрланганларни реабилитация қилиш бўйича самарали ҳуқуқий, институционал механизмларни жорий этиш бўйича қатор тавсиялар берилган.

"Ушбу тавсияларни ҳисобга олиш зарурати қийноқнинг олдини олиш бўйича миллий тизим самарадорлигини оширишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш, тезкор-қидирув, тергов ва жазони ижро этиш фаолиятида қийноқнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришни тақозо этади, деган Светлана Ортиқова.

Брифингда Ўзбекистонда сўнгги уч йилда қийноқнинг олдини олиш мақсадида вақтинча сақлаш, тергов ҳибсхоналари ва жазони ижро этиш муассасаларига 3 мингдан ортиқ аудио ҳамда видео ёзув ускуналари ўрнатилгани, тергов ҳибсхоналари ва жазони ижро этиш муассасаларида адвокатлар учун жиҳозланган 69та хона ташкил этилгани маълум қилинди.

Камида 4 нафар халқаро юк ташувчи ўзбек ҳайдовчисида коронавирус аниқланди

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, 27 май куни 2 нафар Россиядан, 28 май куни 1 нафар Қозоғистон ва яна 1 нафари Сирдарё вилоятиги «Гулистон» чегара пости орқали мамлакатга кириб келган халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчиларида коронавирус аниқланган.

Бундан олдин Озодлик Россияга помидор олиб бориб қайтган ўзбекистонлик ҳайдовчи 22 май куни Қозоғистон-Ўзбекистон чегараси постидаги текширувда коронавирус аниқланганига қарамай, шериги билан Избоскан тумани (Андижон вилояти)даги уйигача етиб боргани ҳақида хабар қилган эди.

Бу эса кириб келиши билан ҳар бир фура ҳайдовчисини карантинга олиш лозиммасмиди?, деган саволларни ўртага чиқарди.

Ўзбекистонда ССВ маълумотига кўра, 2020 йил 30 май соат 10:00 ҳолатига кўра, коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 25 кишига кўпайиб, 3513 нафарни ташкил этмоқда.

Янги касалланиш ҳолатларининг 2 нафари Тошкент шаҳри, 4 нафари Самарқанд вилояти, 2 нафари эса Наманган вилоятидан — жами 8 нафар аҳоли орасида қайд этилган.

Маълумот учун, шу кунгача беморларнинг 2728 нафари соғайиб, реабилитацияга кузатилган, 771 нафар бемор даволанишда қолмоқда. Улардан 7 нафари оғир, 1 нафари эса ўта оғир аҳволда. Мамлакатда ҳозирга қадар 14 киши эса инфекция асоратлари оқибатида вафот этган.

Мирзиёев мактаб дарсликлари савиясини танқид қилди

Ўзбекистон президенти Ш.Мирзиёев халқ таълими вазири Ш.Шерматов билан, Тошкент, 2020 йил 29 майи.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мактаб дарсликлари савияси талабга мутлақо жавоб бермаслиги, ўқув дастурларини илғор хорижий билимлар асосида такомиллаштириш зарурлигини таъкидлади. Бу ҳақда у Тошкент шаҳри Сергели туманининг 5А мавзесида фойдаланишга топширилган 329-умумий ўрта таълим мактаби фаолияти билан танишиш чоғида 29 май куни билдирди.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, мактабга ташриф чоғида Ш.Мирзиёев болаларга сифатли таълим бериш, шу билан бирга, 7-синфдан бошлаб касбга йўналтириш бўйича кўрсатмалар берган.

“Ўғил-қизлар ҳунар ўрганса, ўзига ишончи ортади, дунёқараши ҳам ўсади, ота-онасининг ҳам кўнгли тўқ бўлади. Кейинчалик ижтимоий муаммоларни бартараф этишга маблағ сарфламаслик учун бугун шу маблағни мактабларга беришимиз керак. Болаларимизни ватанпарвар, жамиятга керакли инсон қилиб тарбияламасак, келажакка хиёнат қилган бўламиз”, деган Шавкат Мирзиёев.

Қайд этилишича, Сергелида бунёд этилган 329-ўрта таълим мактаби 1680 ўқувчига мўлжалланган. Унга асос солишда 2019 йилда ташкил этилган Президент мактаблари тажрибасидан фойдаланилган.

Сардоба тошқинидан жабрланганларга Америка халқи номидан ёрдам йўлланди

Инсонпарварлик ёрдамининг топширилиш жараёни, Тошкент, 2020 йил 29 майи.

AҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Даниэл Розенблюм Сардобадаги фалокат ортидан 29 май куни “Соғлом авлод учун” нодавлат хайрия жамғармасига зарур воситаларни топширди. Ушбу инсонпарварлик ёрдами, АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси маълумотига кўра, тошқиндан жабрланган 2000 та оилага етказилади.

АҚШ ҳукумати Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) орқали тақдим этган инсонпарварлик ёрдами озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа зурур нарсалардан (гигиена воситалари, кўрпа-тўшак, чойшаблар, сув тозалаш учун таблеткалар ва б.) ташкил топган. Буларнинг барчасини Ўзбекистондаги “Соғлом авлод учун” жамғармаси маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан сотиб олиб, жабрланган ҳар оила учун алоҳида халталарга жойлаган. Жамғарма мазкур инсонпарварлик ёрдамини сув тошқини юз берган ҳудудларга етказиб беради ҳамда уни Сирдарё вилоятидаги ҳудудий филиали орқали тарқатади.

“Соғлом авлод учун” жамғармаси Сирдарё вилояти ҳокимияти билан ҳамкорликда ёрдамга муҳтож кишиларни аниқлаган ва AҚШ ҳукумати кўмаги ўз эгаларига етиб боришини кафолатлайди. Хайриядан мақсад эҳтиёжманд оилаларнинг хавфсизлиги, тинчлиги, санитария ҳимояси ва шахсий гигиенасини дастаклаш экани айтилмоқда.

15 суткага қамалган фарғоналик журналист 2 кунда қўйиб юбориладиган бўлди

Фарғоналик журналист Усмонжон Қодиров.

Фарғона вилоят телевидениеси мухбири Усмонжон Қодировга нисбатан чиқарилган 15 кунлик маъмурий қамоқ муддати 2 кунга алмаштирилди. Бу ҳақда Газета.uz нашри Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати маълумотига таянган ҳолда хабар қилди.

Қайд этилишича, 29 май куни Фарғона вилояти маъмурий суди кассация инстанцияси Фарғона вилоят телевидениеси мухбири Усмонжон Қодировга нисбатан Фарғона шаҳар маъмурий судининг 27 майдаги қарорини ўзгартирган.

Икки кун муқаддам У. Қодировга МЖтКнинг 54-моддаси 1-қисми, 183-моддаси ва 194-моддаси 1-қисми билан 15 сутка муддатга маъмурий қамоқ жазоси тайинланган, у Фарғона вилоят ҳокимлиги биноси олдида ниқоб тақмаганлик ва ИИБ ходимига қаршилик кўрсатганликда айбланган эди.

Газета. uz хабарига мувофиқ, кассация инстанцияси биринчи инстация суди Усмонжон Қодировга нисбатан жазо тайинлашда айбига иқрорлигини, чин кўнгилдан пушаймонлигини, оилада ягона боқувчи эканлигини инобатга олмай, бир мунча оғир жазо тайинлаганини эътироф этган.

Кассация инстанцияси қарорига кўра, 15 сутка қамоқ жазоси ўзгартирилиб, 2 сутка муддатга маъмурий қамоқ жазо тайинланган. Журналистга 29 май куни жавоб берилиши кутилмоқда. Усмонжон Қодиров маъмурий қамоқ харажатларидан ҳам озод қилинган.

“Яндекс” Ўзбекистонда ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтди

'Яндекс' ширкатининг бош қароргоҳи, Москва, 2017 йил июни.

Ўзбекистонда ихтиёрий равишда ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтган хорижий ширкатлар қаторига “Яндекс” ҳам қўшилди.

Давлат солиқ қўмитасига қарашли tax.uz сайти қайдига кўра, Швейцарияда рўйхатга олинган Yandex Europe AG 28 май куни рўйхатдан ўтган. Европа бозорида ишлаш учун йўналган бу шўъба ширкатини “Яндекс” 2012 йилда тузган.

Аввалроқ Google, Facebook, Apple, Netflix, Samsung, Booking.com каби йирик ширкатлар Ўзбекистонда ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатга олинганди.

Ўзбекистонда 2020 йил бошидан жисмоний шахсларга хизматларни электрон шаклда тақдим этадиган хориж компаниялари учун қўшилган қиймат солиғи тўлаш тартиби жорий этилганди.

Бу каби ширкатларни рўйхатга олиш учун ДСҚ томонидан махсус хизмат – Интернет-компанияларнинг ҚҚС-офиси – tax.uz сайти яратилган.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG