Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:11

Ангренликлар Олмалиқ колониясининг шаҳарга кўчирилишига қарши чиқди (ФОТО)


"Шахтёрский" шифохонаси
"Шахтёрский" шифохонаси

Ангреннинг тўрт маҳалласи аҳолиси шаҳардаги ташландиқ ҳолатда бўлган “Шахтёрский” шифохонасига Олмалиқдан ахлоқни тузатиш колонияси маҳкумларини кўчириб келинишига қарши чиқди.

Озодликка мурожаат қилган маҳалла вакиллари маҳбуслар жойлаштирилиши айтилаётган иморат ёнида уч мактаб ва иккита боғча жойлашганига ҳукумат раҳбарлари эътиборини қаратмоқда.

Ангрен ҳокимияти вакиллари маҳкумларнинг ушбу шифохонага кўчирилиши бўйича ҳозирча аниқ кўрсатмалар юборилмаганини билдирди

Бироқ, уларнинг тасдиқлашича, колониядан одамлар келиб тозалаш ишларини олиб борилмоқда.

Ангрендаги бир гуруҳ маҳалла фаолларининг Озодликка Майдон маҳалласидаги ёпилиб кетган шифохонага Олмалиқ шаҳридан колония маҳбуслари келтирилаётганидан шикоят қилдилар.

Маҳалла вакилларига кўра, маҳкумларнинг келтирилаётгани ҳақидаги хабар бир ой муқаддам тарқалгани ортидан собиқ касалхона атрофидаги одамлар тинчлиги бузилган.

- Биз Ангрен шаҳридан, Майдон маҳалласи аҳли. Бизни ёнимиздаги касахонага Олмалиқдаги “волнийдаги” қамоқхонани кўчириб келишмоқчи. Биз норози! Ҳозир қайсидир қисми ишлаяпти, таъмирлаш ишлари олиб борилаяпти. Ёнимизда мактаб, поликлиника, боғча бор, аҳолини ўртасида мумкин эмаску бундай муассасани жойлаштириш. Кейин уларда касалликлар бор! Ҳам қўрқинчли, кучукларимиз кечаси билан аккилаб чиқяпти. Бир марта йиғилдик маҳалла билан, порталга ёздик – фойдаси бўлмаяпти, деди Майдон маҳалласи вакиласи.

Шифохона 15 йилча муқаддам ёпилган
Шифохона 15 йилча муқаддам ёпилган

Ангренликларга кўра, шифохонада ишлатилаётган бандилардан бирининг шифохона яқинидаги профилакторий қоровулига “учта одам ўлдирганман” деб мақтангани аҳоли орасида норозиликни келтириб чиқарган.

- 30 йилдан бери тинч яшаб турган жойимиз халқига ғулғула солиб қўйди. Бу ерда мактаб, ёш боллар бўлса! 15 метр деворимиз ёнида қамоқхона қуриладиган бўлса қандай яшашимиз керак?! Ҳокимиятга чиқдиқ – улар ҳам тинчлантиряпти, бизни алдаяпти. Лекин қамоқхонадан 10-15 киши келиб тозалаяпти. 1 йил ичида келади деган гап бор. АГМК пул ажратган экан, лекин МВДга ўтган экан бино. Халқ тинчлиги бузилгани учун норозилигимизни билдирамиз ва ёрдам сўраймиз, деди исмини айтмаган маҳалла вакили.

Маҳалла яшовчиларига кўра, ҳозирданоқ шифохона боғидаги тераклар ва бошқа кесилган дарахтлар сотила бошланган.

Шифохонада тозалаш ишлари олиб борилган
Шифохонада тозалаш ишлари олиб борилган

Майдон маҳалласи оқсоқоли Абдумутал Кўканов аҳоли норизолиги масаласида юқори инстанцияларга мурожаат қилгани, аммо рад жавоби олганини айтди.

У аҳоли арзи билан Бош вазир, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги ва ҳокимиятга хат юборганини билдирди:

- Тўртта маҳалла – Майдон, Қорабоғ, Наврўз-1 ва Боқсуқ маҳалласи хат билан чиққанмиз. Ҳоким охирги маротаба келганида “Бу масалани яна кўриб чиқаяпмиз, бошқа жойга ўзгартиришни, жой излаяпмиз” деди, лекин аниқ жавоб йўқ. Озгина одамлар келиб ободончилик ишлари билан шуғулланишди, лекин ҳозир тўхтаган. Олмалиқ билан гаплашдим – зона кўчирилар экан. Лекин маҳалла аҳолиси тўполон қилиб чиққанмиз – шаҳар ҳокими хабари бор! У киши мутлақо қарши колония кўчирилишига, деди Майдон маҳалласи оқсоқоли.

Маҳалла раиси советлар даврида қурилган инфекцион шифохона “Ўзбеккўмир” ҳиссадорлик жамиятининг ходимларига хизмат қилгани, аммо Каримов ҳокимияти даврида “беморлар камайгани” сабабли ёпиб ташланганини айтди.

У ҳозирда ҳокимият балансида қолаётган бу комплекс масаласида Вазирлар Маҳкамасининг Ангрен шаҳрини бошқариш бўлими раҳбари Раҳимберди Жалиловга мурожаат қилиб, “Сиз аралашманг – бу давлат иши!” деган жавобни олганини маълум қилди.

Маҳалла оқсоқоли “бошқа томондан бўшаб ётган бинода иш ўринлари яратилиши мумкин”, дейди:

- Жиноятчилик кўпайиши мумкин, деган фикр бор. Лекин инсонийлик нуқтаи назаридан уларнинг келиши зарар қилмайди. Улар келиб иш ўринларини очмоқчи, суриштирдик. Қанча одам келиши – рақам ҳам, ҳужжат ҳам йўқ. Ҳақиқатан, “Шахтёрский” болниса атрофида 1 км радиусда 3та мактаб, поликлиника ва 2та боғча бор, деди маҳалла раиси Абдумутал Кўканов.

"Шахтёрский" шифохонаси
"Шахтёрский" шифохонаси

Озодлик бу масалада Ангрен шаҳар ҳокимияти иқтисодий бўлимига мурожаат қилиб, “Шахтёрский”га колония кўчирилиши тўғрисида гап-сўзлар юрганини тасдиқлаб олди.

Бироқ, шаҳар ҳокими муовини Музаффар Сулкаев бу масалада бирор маълумотга эга эмаслигини айтди.

- Лекин хабарим йўқ! Уни кўчириш билан архитектура бўлими шуғулланади. Қурилишга қилинг... Ички ишларга телефон қилиб кўринг. У бизнинг балансда эмас. Ички ишларга ўтган бўлса – уларни балансида бўлади. Ҳокимиятни бундан хабари йўқ, мен шахсан билмайман. 5 минутдан кейин чиқинг – билиб бераман, деди Музаффар Сулкаев.

Бироқ, 5 минутдан кейин ҳам, 2 соатдан кейин ҳам Ангрен шаҳар муовини телефон қўнғироқларига жавоб бермади.

Ангрен шаҳар Ички ишлар бўлимида Озодлик мухбирлари сўровига ишлатилмасдан ётган собиқ инфекция шифохонаси биносига колония маҳкумларини олиб келиш ишларига тайёргарлик кетаётгани, бироқ бу масала аниқ-тиниқ ҳал этилмаганини тасдиқлашди.

- Ҳозирча Ангрен шаҳар ҳокимининг ҳеч қандай аниқ қарори йўқ. Лекин суриштиришимча, Олмалиқ колонияси ички ишлар ходимлари одамларни олиб келган: тозалатаяпти-ишлатаяпти. Режим билан ишлатаяпти, муаммо йўқ. Бу бино ҳокимиятга қарашли шаҳар марказий шифохонаси балансида бўлиши керак, деди Ички ишлар бўлими нозири.

Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрида жойлашган КИН-45 (УЯ 64/45) рақамли кучайтирилган режимли колония маҳкумлар орасида “Жаннат зонаси” номи билан машҳур.

Колонияда сақланаётганлар, Совет даврида шаклланган анъанага кўра, “Ўзбеколтин”, “Ўзбеккўмир”, Навоий кон-металлургия комбинати ва кимё саноати корхоналарида ишлашади.

Колония собиқ маҳкуми Олмалиқ қамоқхонаси Ўзбекистонда энг намунали ва тартибли эканини эътироф қилди.

У 1 мингга яқин шахсга мўлжалланган зонада 3,5 мингдан зиёд одам сақланиши, ундаги шароитлар яхши бўлгани учун юқумли касалликка йўлиққанлар кам учрашини билдирди.

Ушбу колонияда асосан енгил ва ўрта оғирликдаги жиноятларни содир этган ўзбекистонликлар, собиқ юқори мулозимлар ва хориж ватандошлари жазо ўтайди.

XS
SM
MD
LG