Линклар

Шошилинч хабар
16 сентябр 2019, Тошкент вақти: 15:33

OzodTa’sir: Маҳкуми қочган колония бошлиғи ишдан ҳайдалди


Тошкентдаги 51-манзил колония биноси

Тошкентдаги 51- манзил колония бошлиғи Анвар Валиев Озодлик мақолаларидан сўнг ишдан олинди.

Ҳозирда колонияга майор Ҳусниддин Убайдуллаев бошлиқ этиб тайинланди.

Озодлик маҳкумлардан бирининг колониядаги мажбурий меҳнатдан безиб, қочиб кетгани ҳақида хабар берган эди.

Жазони ижро этиш бош бошқармаси (ЖИЭББ) колониядан қочган маҳкум ҳақидаги Озодлик хабарини тасдиқлаб, уни қидириш ишлари давом этаётганини билдирди.

Айни пайтда ЖИЭББ колониядаги мажбурий меҳнат ҳақидаги иддаоларни изоҳсиз қолдирди.

Тошкентдаги 51-манзил колония бошлиғи Анвар Валиев Озодлик мақолаларидан сўнг ишдан олинган, унинг ўрнига ЖИЭББнинг Жиноят қидирув бўлими бошлиғи майор Ҳусниддин Убайдуллаев тайинланган.

Тошкентдаги 51-манзил колония биноси
Тошкентдаги 51-манзил колония биноси

Бу ҳақда Озодликка 27 август куни 51-манзил колония маҳкумларидан бири исмини очиқламаслик шарти билан хабар қилди.

“Озодликда мақола чиқмагунча, ҳамма нарса ёпиқлигича қолаётганди. Олимжон Абдуллаев Россияга қочиб кетганига 3 ҳафта бўлганида ҳам ҳеч қандай чора кўрилмаганди. Озодлик бу ҳақда ёзгач, махсус прокуратура текширув бошлади. Валиевни ишидан олиб ташлашди. Ўрнига ГУИНдаги бўлим бошлиғи Убайдуллаевни олиб келишди”, деди хавфсизлик сабаб исмини очиқламасликни сўраган маҳкум.

51-манзил колонияда бошлиқ ўзгарганини колония мулозимлари ҳам тасдиқлади.

Озодлик 13 август куни 51-манзил колонияда жазо ўтаëтган 43 яшар маҳкум Олимжон Абдуллаев мажбурий меҳнатдан безиб, қочиб кетгани ҳақида ёзганди.

Ўзбекистон Ички ишлари вазирлиги сайтида эълон қилинган ЖИЭББ расмий маълумотида маҳкум Абдуллаевнинг колониядан қочиб кетгани тасдиқланади. Бироқ ЖИЭББ маҳкумнинг мажбурий меҳнатга жалб қилингани ҳақидаги иддаоларни изоҳламаган.

"51-сон манзил колониясида жазо муддатини ўтаган маҳкум О.Абдуллаев жазо ўташ тартиби ва шартларига, жамиятда қабул қилинган хулқ- атвор қоидаларига тўлиқ риоя қилиб келганлиги сабабли, муассаса раҳбарияти ва ходимлари томонидан эътирозлар билдирилмаган, жазони ўташ даврида унга нисбатан интизомий таъсир чоралари қўлланилмаган.

Барча маҳкумлар каби, маҳкум О.Абдуллаев ҳам фойдали меҳнатга жалб этилган ва 2019 йил 26 июль куни шартнома объектидан ўзбошимчалик билан номаълум томонга кетиб қолган.

Ҳозирги кунда унга нисбатан қидирув эълон қилиниб, ушлаш чоралари кўрилган".

27 август куни Озодликка маълум бўлишича, Россияга қочиб кетгани айтилаётган маҳкум Олимжон Абдуллаев ҳануз ушланмаган.

Айни пайтда 51-манзил колониянинг 27 август куни Озодлик суҳбатлашган маҳкумлари бу воқеадан сўнг ўзларига нисбатан тазйиқ кучайганидан ҳам шикоят қилишди.

“Бошлиқлар колония ичкарисидаги маълумотлар яна матбуотга олиб чиқилмаслиги учун чораларни кучайтирди. Доимий равишда тинтувлар ўтказилаяпти. Телефонлар титкиланиб, контактлар текширилмоқда. Маҳкумларга тазйиқ кучайган. Камида битта маҳкумни турли баҳона билан зонага қайтариб юборишди. 2-3 та маҳкум изоляторга ташланди. Изоляторга ташланганлардан бири соқолини олмагани учун жазоланди. У соқолини олдиришга пул топа олмаган экан”, деди яна бир маҳкум аноним қолиш шарти билан.

Маҳкумларнинг ушбу иддаоларини 51-манзил колониянинг янги раҳбарияти ҳеч бир кўринишда изоҳламади.

Мазкур колония маҳкумлари Сергелидаги қурилишда ишлатилаётгани ва улар маошининг 21%и колония фойдасига ушлаб қолинаётганидан ҳам шикоят қилишган эди.

ЖИЭББга кўра, 51-манзил колония маҳкумларининг Сергелидаги қурилишларда ишлаши учун “UY JOY QURILIS” МЧЖ билан пудрат шартномаси тузилган ва улар ойлигидан колония фойдасига ушлаб қолиш қонуний асосда амалга оширилган.

Шарҳларни кўринг

XS
SM
MD
LG