Линклар

Шошилинч хабар
21 сентябр 2019, Тошкент вақти: 10:17

Халқаро янгиликлар

Жаҳондаги энг йириқ тадқиқотда "гей гени" топилмади, бироқ генетик факторлар борлиги аниқланди

Genetic engineering DNA genes CRISPR

АҚШда 29 август куни гомосексуализм манбасини ўрганиш бўйича жаҳондаги энг йирик тадқиқот натижалари эълон қилинди.

Олимлар "одамларда ўз жинсидаги одамга жинсий майлни билдирувчи алоҳида ген йўқ, бироқ ўз жинсига майли бор шахсларнинг 30 фоизида генетик факторлар мавжуд", деган хулосага келганлар.

АҚШ ва Британияда катта ёшдаги ярим миллион одамнинг ДНКсини ўрганиш юзасидан ўтказилган тадқиқот натижалари Америка матбуотида кенг ёритилмоқда. Мазкур тадқиқот АҚШ Миллий саломатлик институти ва бошқа давлат агентликлари томонидан молиялаштирилган.

Тадқиқот давомида аввал гей ва лесбиянкаларнинг ориентациясига боғлиқ деб ҳисобланмаган бешта генетик ўзгариш аниқланди. Бу ўзгаришлар асосан қачондир бир жинсли алоқада бўлганини билдирган одамларда кузатилди.

Олимлар тадқиқот фақат Европа ирқига оид одамлар ўртасида ўтказилганини, бунга ўхшаш натижалар бошқа этник гуруҳларда ҳам топилишини тасдиқловчи исботлар йўқлигини билдирганлар.

Олимлар тадқиқот давомида одамларнинг жинсий идентификацияси ёки ориентацияси эмас, балки феьл-атвори ўрганилганини ҳам эслатиб ўтдилар.

Айрим мутахассислар тадқиқот натижаларини танқид қилмоқдалар. Уларга кўра, тадқиқотда ўз жинсидагиларга майл билдириш сабаблари аниқ айтилмаган ва бунинг ортидан натижаларни ҳар бир одам ўзи хоҳлагандай талқин қилиши мумкин.

Кун янгиликлари

"Путинни ағдариш" учун Ёқутистондан пиёда йўлга чиққан шомон қўлга олиниб, руҳий шифохонага ётқизилди

Путинни ағдариш учун йўлга чиққан шомон Александр Габишев (ўнгдан иккинчи)

Россия президенти Владимир Путинни “Кремлдан ағдариш” учун пиёда йўлга чиққан ёқутистонлик шомон Александр Габишев руҳий касаллар шифохонасида эканлиги маълум бўлди.

20 сентябрь куни Ёқутистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Габишевнинг руҳий ҳолатига профессионал шифокорлар баҳо беришини ҳамда унга керакли тиббий ёрдам кўрсатилишини айтди.

Бу орада Бурятия Ички ишлар вазирлиги Габишев жиноят учун Ёқутистонда қидирувга берилганини, шу сабаб қўлга олинганини маълум қилди. Лекин Габишевнинг жинояти нимада эканлиги очиқланмади.

Габишев тарафдорлари расмийларнинг бу билдирувларини шубҳа остига олмоқда. Улар Габишев бир неча ой давомида Сибирь бўйлаб пиёда йўл юрганини айтиб, агар Ёқутистон расмийлари чиндан уни қўлга олишни истаганида, шомон аввалроқ ҳибсга олинган бўларди, дейишмоқда.

Габишев тарафдорларидан бири унинг Москвага сафарига қўшилган ҳамкорлари йўл юришда давом этишларини айтди. Гуруҳ ҳозир Иркутск ва Бурятия чегарасига етиб қолган. Ўша ерда маска кийган полиция ходимлари Габишевни қўлга олган.

Amnesty International ташкилоти Габишевнинг қўлга олингани Россияда инсон ҳуқуқлари поймол қилинишининг навбатдаги мисоли эканлигини айтиб, расмийлар ҳаракатларини қоралади.

АҚШда Саудияда амалга оширилган ҳужумга ҳарбий жавоб йўллари муҳокама қилинади

Бир неча АҚШ расмийси, жумладан, Давлат котиби Майк Помпео (суратда) ҳужум ортида Теҳрон турганини айтиб келади.

Пентагон АҚШ президенти Дональд Трампга Саудия Арабистонининг нефть саноатига қилинган ҳужумларга жавобан кўриш мумкин бўлган ҳарбий чоралар ҳақида баёнот беради. Оқ уй Саудия Арабистони нефть конларига 14 сентябрда қилинган ҳужумда Эронни айбламоқда.

20 сентябрь куни Пентагон расмийлари Трампга кўриш мумкин бўлган чоралар, жумладан, Эронга ҳаводан зарба бериш ҳақида маълумот беради. Бу ҳақда ушбу масаладан хабардор расмийлар исмини ошкор қилмаслик шарти билан маълум қилди.

Пентагон, шунингдек, Трампни Эронга қарши ҳарбий чора тўлақонли урушга айланиб кетиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантиради.

Эронга қарши кўриладиган ҳар қандай чора дрон ва ракеталар билан амалга оширилган ҳужум ортида Эрон турганини кўрсатувчи далилларга боғлиқ бўлиши айтилмоқда.

Бир неча АҚШ расмийси, жумладан, Давлат котиби Майк Помпео ҳужум ортида Теҳрон турганини айтиб келади.

Эрон эса бу айбловларни рад этиб, ҳар қандай ҳужум тўлақонли уруш келтириб чиқариши ҳақида огоҳлантирди.

Помпео Саудия Арабистони ҳамда Бирлашган Араб Амирликлари расмийлари билан бўлиб ўтган учрашув ортидан ҳужумларни Эрон амалга оширгани тўғрисида минтақада консенсус мавжуд эканлигини айтди.

Помпео, шунингдек, Эронни жиловлаш учун коалиция тузиш масаласи муҳокама қилинаётганини маълум қилди.

БМТда Сурия бўйича таклиф қилинган икки резолюция ҳам рад этилди

Суриянинг Идлиб вилоятидаги Хон Шейхун шаҳри кўчаларидан бирининг шу кундаги кўриниши.

БМТ Хавфсизлик кенгашида Суриянинг Идлиб вилоятида тинчлик ўрнатиш бўйича бир-бирига зид икки резолюциянинг иккаласи ҳам қабул қилинмади.

19 сентябрь куни Ғарб давлатлари қўллаган резолюцияга Россия ва Хитой вето қўйди. Шу билан Россия 13- марта вето ҳуқуқидан фойдаланиб, ўз ҳамкори Сурия ҳукуматига қарши чора кўрилишига тўсқинлик қилди.

Резолюция лойиҳасини таклиф қилган Германия, Бельгия ва Қувайт Россияни таклиф қилинаётган гуманитар чораларга қарши вето қўймасликка чақирган эди. Россия резолюцияда “аксилтеррор амалиётлари” ҳамда “террор гуруҳларига” қарши амалиётлар оташкесимдан истисно эканлиги кўрсатилмагани учун уни қўллашдан бош тортди. Ғарб давлатлари бундай истисно турли хил талқин қилиниши мумкинлигини, оддий фуқаролар бомбардимон қилинишга йўл очиши мумкинлигини айтишмоқда.

Россия ва Хитой алоҳида тайёрлаган резолюция ҳам овозга қўйилди, аммо керак бўлган 9 овозни тўплай олмади. Уни қўллаб фақат Россия ва Хитой овоз берди. АҚШ, Британия, Франция қарши овоз берди, Индонезия, Жанубий Африка, Кот-дʼИвуар ва Экваториал Гвинея эса овоз беришдан бош тортди.

Идлибдаги жанглар туфайли юз минглаб одам уйини тарк этишга мажбур бўлди. Вилоятда Сурия ҳукуматига қарши сўнгги исёнчи гуруҳлар мамлакат армиясига қарши курашмоқда.

Туниснинг иккинчи президенти Саудия Арабистонида вафот этди

Туниснинг иккинчи президенти Зин аль-Абидин бин Али.

Туниснинг иккинчи президенти Зин аль-Абидин бин Али 83 ёшида Саудия Арабистонида вафот этди.

Маҳаллий нашрларнинг ёзишича, умрининг сўнгги уч ойини собиқ президент касалхонанинг реанимация бўлимида ўтказди. У Макка шаҳрида дафн этилади.

Бин Али 1987 йилда замонавий Тунис давлатчилигига асос солган Ҳабиб Бурғибани ҳокимиятдан ағдариб, президент бўлган эди. У 2011 йилда халқ исёни ортидан Тунисдан қочиб, Саудиядан бошпана топганди.

Бин Али ҳокимиятдан ағдарилиши ортидан Миср, Ливия, Сирия ва Яманда ҳам норозилик намойишлари тўлқини юзага келди ва бу ҳодиса тарихда “Араб баҳори” номи билан жой олди.

Ғарбий соҳилни аннексия қилишга ваъда берган Нетаняҳу Исроилнинг янги ҳукуматини туза олмаяпти

Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳу .

Исроил Бош вазири ва «Ликуд» партияси раиси Бинямин Нетаняҳу асосий рақиби бўлган "Кахоль-Лаван"партияси ва унинг ҳамраиси Бени Ганц билан коалицион ҳукумат тузиш масаласида муросага кела олмади.

Ганц парламентда қилган чиқишида ҳукуматни ўз партияси мустақил шакллантиришини маълум қилди. Нетаняҳу бундан афсус билдирди.

Қайси партия ҳукуматни шакллантиришини президент Реувен Ривлин аниқлайди. У бу масалада 22 сентябрь куни маслаҳатлашув ўтказишни режалаштирмоқда.

Исроилда парламент сайловлари 17 сентябрда бўлиб ўтган. Дастлабки маълумотларга қараганда, 120 ўринли парламентда Бинямин Нетаняҳу партияси 31 мандатни, Бени Ганц партияси 33 ўринни қўлга киритди. Бу эса ҳеч бир партия бошқа партия билан коалиция ташкил этмай туриб, ҳукуматни шакллантира олмаслигини англатади.

Парламентдаги қатор партиялар вакиллари ҳукуматни тузиш учун Бинямин Нетаняҳу номзодини қўллаб-қувватлашларини айтмоқдалар.

Нетаняҳу сайловда ғолиб чиқса, босиб олинган Ғарбий соҳилнинг бир қисмини аннексия қилишга ваъда берган эди.

Исроил Ғарбий соҳилини Ғўлон тепаликлари, Шарқий Қуддус ва Ғазо минтақаси билан биргаликда 1967 йилнинг июнидаги олти кунлик уруш мобайнида босиб олган эди.

Исроил 1980 йилда Шарқий Қуддус аннексиясини юридик жиҳатдан расмийлаштирган. Бир йилдан сўнг расман Ғўлон тепаликлари аннексия қилинган. Халқаро ҳамжамият Исроил аннексиясини тан олган эмас.

АҚШ президенти Дональд Трамп Оқ Уйнинг Яқин Шарққа нисбатан аввалги сиёсатидан воз кечиб, Шарқий Қуддус ва Ғўлон тепаликларини Исроил ҳудуди сифатида тан олган.

Канада Бош вазири 18 йил аввал тушган сурати учун ирқчиликда айбланди

Канада Бош вазири Жастин Трюдо.

Канада Бош вазири Жастин Трюдо 18 йил олдин тушган сурати учун ирқчиликда айбланиб, танқид қилинди.

АҚШнинг Time журнали Трюдонинг 2001 йилда тушган суратини топиб эълон қилган. Унда у юзини жигар рангга бўяб олгани акс этган. Юзни жигар рангга бўяш ирқчиларга хос ҳаракат ҳисобланади.

Трюдо суратда юзини жигар рангга бўяган ҳолда ва бошида салла билан тасвирланган. Бош вазир бу вақтда мактабда ўқитувчи бўлиб ишлаганини, “Араб кечаси” тадбирида Алоуддин ролини ўйнаганини билдирди. Бироқ кейинроқ Трюдонинг юзи жигар рангга бўялган бошқа суратлар ҳам пайдо бўлди.

Канада Бош вазири бу қилмишидан пушаймон эканини маълум қилди. “Мен бу ишни қилишим керак эмас эди. Мен ўшанда бу ирқчилик ҳаракати эканини билмаганман, энди эса бу қилмишимдан пушаймонман”, деди Трюдо.

Канада ва хориж матбуотининг ёзишича, бу суратларнинг эълон қилиниши Трюдога 21 октябрда ўтадиган сайлов пайтида қатор муаммоларни туғдириши мумкин.

Сўнгги сўровларга қараганда, Трюдонинг Либерал партиясини ва унинг асосий рақиби бўлган Коснерваторлар партиясини бир ҳилда – сайловчиларнинг 35 фоизи қўллаб-қувватламоқда.

Канада мусулмонлари миллий кенгаши Трюдонинг ўтмишдаги ҳаракатларидан афсус билдирди, лекин унинг узр сўраганини олқишлади.

Нур-Султонда кўп болали аёллар яна "Нур Отан" партияси олдида норозилик намойиши ўтказди

Нур-Султонда намойишга чиққан одамлар.

Қозоғистон пойтахти Нур-Султонда 19 сентябрь куни ўнлаб аёллар «Нур Отан» партияси биноси олдида президент Қасим-Жомарт Тоқаев ва собиқ президент Нурсултон Назарбоев билан учрашиш талаби билан митинг ўтказди.

Улар президент Тоқаев ва ҳукмрон «Нур Отан» партиясини кўп болали ва кам таъминланган оналарни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ҳамда уларни уй билан таъминлаш бўйича берилган ваъдаларни бажаришга чақирдилар.

Полиция норозиларни партия биносига киритмади. Депутат Лаззат Сулеймен уларнинг талаблари муҳокама қилинаётганини айтди. Бироқ аёллар у билан суҳбатлашишни истамай, бу ерни тарк этдилар.

Февраль ойида Нур-султонда кўп болали оиладаги 5 нафар қиз ота-она назоратисиз қолиб ёнғинда ёниб кетганидан бери мамлакатда оналарнинг бу каби намойишлари тез-тез ўтказилиб турилибди.

Покистонлик таниқли ҳуқуқ фаоли АҚШдан сиёсий бошпана сўради

Покистонлик таниқли ҳуқуқ фаоли Гулалай Исмоил.

Покистонлик таниқли ҳуқуқ фаоли Гулалай Исмоил демократия учун курашни АҚШда давом эттиришини билдирди. Бир неча ой аввал Покистондан қочган ҳуқуқ фаоли АҚШда бошпана топди.

-Покистонни тарк этишимга менинг курашни давом эттираётганим сабаб бўлди. Мен 15 йилдан бери Покистон халқининг демократик ҳақ-ҳуқуқлари учун курашдим ва бу курашни давом эттираман,-деди Гулалай Исмоил 19 сентябрь куни Озод Европа-Озодлик радиосига берган интервьюсида.

Покистонда ўтган йилнинг августида қатор норозилик намойишларда иштирок этгани ортидан Гулалай Исмоил давлатга қарши хиёнатда айбланмоқда. Гулалай Исмоил уч кун олдин Нью-Йоркда қўним топганини ва сиёсий бошпана сўраб ариза ёзганини айтди.

Исмоил Покистонда оиласи ҳукумат таъқибига учраши мумкинлигидан хавотир билдирди.

Гулалай Исмоил АҚШга келишдан олдин бири неча ой Покистонда яшириниб юрганини, кейин Шри-Ланкага қочиб ўтгани ва у ердан АҚШга келганини айтди.

Майк Помпео: АҚШ Эрон билан зиддиятларни тинч йўл билан ҳал қилиш тарафдори

АҚШ Давлат котиби Майк Помпео.

АҚШ Давлат котиби Майк Помпео Вашингтон Эрон билан юзага келган ўзаро зиддиятларни тинч йўл билан ҳал қилиш тарафдори эканини айтди.

Эрон билан зиддият Саудия Арабистони нефть конларига 14 сентябрда қилинган ҳужуми ортидан янада кучайиб бормоқда.

Эрон бу ҳужумни уюштиргани тўғрисидаги маълумотларни инкор қилмоқда, лекин шунга қарамай, АҚШ ва Саудия ҳужумлар ортида Теҳрон турибди, деб ҳисобламоқда.

-Менимча, минтақада бу ҳужумни ким уюштиргани тўғрисида аниқ бир консенсус мавжуд. Бу Эрондир. Мен минтақада бу борада бир дақиқа бўлса ҳам шубҳаланган бирон кимсани кўрмадим, - деди Майк Помпео 19 сентябрда Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари расмийлари билан учрашувдан сўнг.

14 сентябрдаги ҳужум учун масъулиятни Ямандаги Эрон томонидан қўллаб-қувватланаëтган хутий исëнчилари зиммасига олди.

Бу ҳужумларга алоқаси йўлигини таъкидлаëтган Теҳрон¸ АҚШни ҳарбий ҳужум уюштириш оқибатларидан огоҳлантирди.

Афғонистондаги террор ҳужумларида яна камида 50 одам ўлди

Зобулдаги ҳужумдан кейин манзара.

19 сентябрь куни Афғонистонда амалга оширилган ҳужумлар оқибатида яна камида 50 одам ўлдирилди.

Кобул расмийларига кўра¸ афғон хавфсизлик кучларининг мамлакат шарқида АҚШ ҳарбийлари ëрдамида уюштирган ҳаво ҳужумлари оқибатида тинч аҳолидан 30 дан ошиқ одам ўлган¸ 40 дан кўпроғи жароҳатланган.

“Ислом давлати” террор гуруҳи лагерига уюштирилиши режаланган ҳужум пайтида хатолик туфайли ҳарбийлар деҳқонларни нишонга олган.

Айни куни Зобул вилоятида толибларнинг маҳаллий касалхонага уюштирган ҳужуми оқибатида камида 20 одам ўлди¸ 100 дан ошиғи яраланди.

АҚШ маъмурияти билан Толибон ўртасидаги тинчлик музокаралари барбод бўлиши ортидан толиблар террор хуружларини кучайтирди.

Сешанба куни АҚШнинг Афғонистондаги махсус вакили Залмай Халилзод АҚШ Конгресси аъзоларига тинчлик музокараларининг жорий вазияти ҳақида ҳисоб беради.

Майк Помпео Саудия нефть терминалига қилинган ҳужумни «уруш ҳаракати» деб баҳолади

АҚШ Давлат котиби Саудия валиаҳд шаҳзодаси билан.

Саудия Арабистони пойтахтига келган АҚШ Давлат котиби Майк Помпео подшоҳлик нефть терминалига уюштирилган ҳужумни "уруш ҳаракати" деб атади.

Саудия Арабистони эса бу ҳужумларнинг Эрон ҳомийлигида амалга оширилганини тасдиқловчи «инкор этиб бўлмас» далиллари борлигини иддао қилди.

Риëдда ўтказилган матбуот брифингида журналистларга ҳужум уюштирган дрон ва ракеталар қолдиқлари¸ уларнинг Эронда ишлаб чиқарилгани исботи сифатида тақдим этилди. Айни пайтда Риëд ҳукмдорлари Эронни бу ракета ва дронларни бевосита ўз ҳудудидан отганликда айблаганича йўқ.

Якшанба кунги ҳужум учун Ямандаги Эрон томонидан қўллаб-қувватланаëтган хутий исëнчилари масъулиятни зиммасига олди.

Бу ҳужумларга алоқаси йўлигини таъкидлаëтган Теҳрон¸ АҚШни ҳарбий ҳужум уюштириш оқибатларидан огоҳлантирди.

Якшанба куни Saudi Aramco ширкати терминалига қилинган ҳужум ортидан подшоҳликда қазиб олинаëтган нефть ҳажми қарийб 50 фоизга қисқарди.

Ҳозирча АҚШ президенти Эронга қарши ҳарбий чора кўришга ошиқмаëтганини айтмоқда. Айни пайтда Трамп Эронга қарши санкциялар кучайтирилишини билдирди.

Тожикистонда қамоқда сақланаётган адвокатга халқаро мукофот топширилди

Адвокат Бузругмеҳр Ёров.

Тожикистонда қамоқда сақланаётган адвокат Бузругмеҳр Ёров демократик институтлар ва фуқаролик ҳуқуқларини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун Файзинисо Воҳидова номидаги мукофотга сазовор бўлди.

Ўн йиллар давомида диссидентлар, ҳуқуқ фаоллари ва мухолифатчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиб келган тожикистонлик Файзинисо Воҳидова номи билан аталган мазкур мукофотни Европадаги марказий осиёлик муҳожирлар ассоциацияси таъсис этган. Мукофот маҳкумнинг акаси Жамшид Ёровга 18 сентябрь куни Варшавада ўтаётган ЕХҲТ анжуманида топширилди.

Бузругмеҳр Ёров Тожикистонда ҳукумат томонидан касбий фаолияти учун таъқиб қилинаётган беш адвокатдан биридир.

У Ислом уйғониш партиясининг қамоқда сақланаётган 13 нафар аъзосига адвокатлик қилган. Мазкур партия Тожикистонда 2015 йилда қонундан ташқари деб эълон қилинган эди.

Ёров 2016 йилда ҳокимиятни ағдаришга чақириқ айблови билан 23 йилга қамалганди.

Туркманистонда маҳбуслар бедарак йўқолаётганидан ташвиш билдирилди

Инсон ҳуқуқлари бўйича Варшава анжумани.

Польша пойтахти Варшавада ўтаётган инсон ҳуқуқлари халқаро анжуманида Туркманистон қамоқхоналарида одамларнинг бедарак йўқолиши амалиёти давом этаётганидан ташвиш билдирилди.

Ҳуқуқ фаоллари халқаро ҳамжамиятни Туркманистон ҳукуматига бу борада босим ўтказишга чақирди.

ЕХҲТ томонидан ўтказилаётган мазкур анжуман бошланиши арафасида туркман қамоқларида бедарак кетган жабрдийдаларнинг рўйхати эълон қилинди.

“Ўтган йилларда халқаро жамоатчилик босими, жумладан, ЕХҲТ, БМТ ва Европа Иттифоқи босими остида бу масалада бир оз ижобий силжишлар бўлган эди. Аммо 2018 йилда Туркманистон ҳукумати билан юмшоқ дипломатик мулоқотлар ўтказила бошлангани ортидан бу жараён яна тўхтаб қолди”, дейилади баёнотда.

Анжуманда таъкидланишича, Туркманистон ҳукумати бу борада БМТнинг тегишли қўмиталари билан ҳамкорлик қилишни тўла тўхтатиб қўйган.

Москва метросида полициячи ўз ҳамкасбини отиб ўлдирди

Москва полицияси.

Москва метросида полициячи ўзини қўлга олмоқчи бўлган ҳамкасбларига ўқ отди. “Новости” агентлигининг билдиришича, 18 сентябрь куни бўлиб ўтган мазкур ҳодисада бир полициячи ҳалок бўлди, яна бири яраланди.

Хабарда айтилишича, полициянинг шахсий хавфсизлик хизмати “Рязанский проспект” метро станциясида пора олишда гумонланаётган полициячини қўлга олишга ҳаракат қилган. Полициячи ўзини қўлга олмоқчи бўлган ҳамкасбларини хизмат тўппончасидан отган.

“База” нашрининг ўз манбаларига таяниб хабар беришича, бу полициячи ҳужжатларни текшириш жараёнида Москвада рўхатдан ўтмай яшаб келаётган фуқародан 2 минг рубль пора талаб қилган.

Яраланган полициячининг аҳволи ўта оғирлиги айтилмоқда. Ўқ узган полициячи қамоққа олинди.

АҚШ давлат котибининг сафари арафасида Саудия Форс кўрфазини ҳимоя қилувчи коалицияга қўшилди

14 сентябрь куни дронлар ёрдамида амалга оширилган 10 ҳужум натижасида Саудия Арабистонининг нефть ишлаб чиқариш қобилияти икки баробарга озайган эди.

Саудия Арабистони Форс кўрфази орқали қатнайдиган кемалар хавфсизлигини таъминлайдиган АҚШ етакчилигидаги коалицияга қўшилганини эълон қилди.

Эр-Риёд бундай қарорга 14 сентябрь куни икки нефть заводига дрондан қилинган ҳужум ортидан ва АҚШ давлат котиби Майк Помпеонинг Саудияга сафари арафасида келди.

14 сентябрь куни дронлар ёрдамида амалга оширилган 10 ҳужум натижасида Саудия Арабистонининг нефть ишлаб чиқариш қобилияти икки баробарга озайган эди.

АҚШ ҳужумлар ортида Эрон турибди, деб баёнот берган.

АҚШ давлат котиби Майк Помпео Эрон глобал энергия тармоқларига “мисли кўрилмаган ҳужумлар” бошлади, деганди.

Саудия Арабистони шарқида амалга оширилган ҳужумлар учун масъулиятни Эрон қўллаб келаётган шиа Ҳути исёнчилари ўз зиммасига олди.

Хабарларга кўра, ҳужум ортидан Саудия Арабистонида бир кунда нефть қазиб олиш кўлами 5,7 миллион баррелга озайган.

АҚШ давлат департаментининг хабар қилишича, Майк Помпео чоршанба куни Жидда шаҳрида Саудия шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон билан учрашиб, нефть заводларига қилинган ҳужумни ҳамда Эроннинг минтақадаги агрессиясига қарши туриш масаласини муҳокама қилади.

Россиядаги тожикистонлик меҳнат муҳожирларини сиёсий партияга бирлаштирмоқчилар

Тожикистон парламентига сайловда сайловчилар овоз бермоқда. 2015, 1 март.

Таниқли тожик ҳуқуқ ҳимоячиси, узоқ йиллардан бери Москвада истиқомат қилаётган Иззат Амон тожик муҳожирларининг “Ўзгариш, ислоҳотлар ва тараққиёт” партияси тузилганини эълон қилди.

Янги сиёсий бирлашманинг мақсади – муҳожирларнинг Тожикистон сиёсий ҳаётидаги, шу жумладан, парламент ва президент сайловида иштирокига эришиш эканлиги айтилди. Партияга хорижда ишлаётган меҳнат муҳожирлари аъзо бўлиши мумкин: Россияда икки миллионгача тожикистонлик меҳнат муҳожири бор.

Иззат Амон ўз олдига партияни Тожикистон Адлия вазирлигида расмий рўйхатдан ўтказиш, минтақавий бўлинмаларини ҳам Тожикистоннинг ўзида, ҳам унинг ташқарисида очишни мақсад қилиб қўйган.

"Биласизми, орадан ўттиз йил ўтди, жамият эса сиёсий жараёнларда мутлақо иштирок этмаяпти: парламент сайловида ҳам, президент сайловида ҳам. Фуқаролик жамиятининг бу жараёнлардаги аралашуви мутлақо йўқ, – деган журналистларга Иззат Амон. – Бу партияни ташкил этиш орқали биз мана шу вазиятни, қўрқув вазиятини ўзгартирмоқчимиз. Одамлар фуқаровий масъулиятни тушунсин ва ҳис қилсин".

Молдовада Россия журналисти 1 миллиард долларни ўғирлашга алоқадорликда айбланиб қўлга олинди

Россиянинг “Спутник” ахборот агентлиги молдован шўъбаси бош муҳаррири Владимир Новосадюк.

Молдова коррупцияга қарши кураш хизмати Россиянинг “Спутник” ахборот агентлиги ва радиоси молдован шўъбаси бош муҳаррири Владимир Новосадюкни бир миллиард долларни ноқонуний равишда ўзлаштириб олишга алоқадорликда гумонлаб қўлга олди.

Бош прокуратура Владимир Новосадюкнинг уйи тинтув қилинганини, унга нисбатан тергов бошланганини билдирди.

“Блокнот” нашрининг исми айтилмаган манбага таяниб хабар беришича, Новосадюкнинг уйидан Молдова ҳуқуқ-тартибот тузилмалари ходимлари пора олаётгани тасвирланган видеоматериаллар ҳам топилган.

2014 йилнинг ноябрида Миллий банк республикадаги учта банк сайловлар оолдидан бир миллиард доллар пул ўтказганини аниқлаган эди. Бу пул Молдова ялпи ички маҳсулотининг 12,5 фоизини ташкил қилади.

Терговнинг билдиришича, бу пулларнинг бир қисми Россияга олиб чиқиб кетилган. 2016 йилда мазкур жиноятга алоқадорликда айбланиб Бош вазир Владимир Филат қамоққа олинган эди.

Қирғизистон ва Тожикистон Бош вазирлари чегарадаги вазиятни муҳокама қилди

Қирғизистон ва Тожикистон Бош вазирлари 17 сентябрда учрашди.

Қирғизистон ва Тожикистон Бош вазирлари 17 сентябрь куни икки давлат ўртасидаги “Қизил Бел” чегара назорат-ўтказиш пунктида учрашди ва 16 сентябрь кунги отишмадан сўнг юзага келган вазиятни муҳокама қилди.

Бош вазирлар Тожикистон ва Қирғизистон ўртасида келажакда бундай низоларнинг олдини олиш учун чегараларни аниқлаш жараёнини фаоллаштиришга келишиб олдилар.

Бундан ташқари томонлар чегара масаласида икки давлат ўртасида имзоланган шартномаларга амал қилиш ва аҳоли орасида тушунтириш ишларини ўтказиш мажбуриятини олдилар.

17 сентябрь куни Қирғизистон ва Тожикистон Ташқи ишлар вазирликлари бир-бирларига норозилик ноталарини топширган эдилар.

16 сентябрь куни кечқурун Қирғизистоннинг Лайлак ва Тожикистоннинг Бобожон Ғофур тумани чегарасида икки ярим соат отишма бўлган эди.

Отишма оқибатида Тожикистоннинг уч нафар, Қирғизистоннинг бир нафар ҳарбийси ҳалок бўлган. 12 нафар тожикистонлик ва 13 нафар қирғизистонлик яраланган. Томонлар ҳодисада бир-бирини айбламоқда.

Майк Пенс: АҚШ ҳарбийлари иттифоқчилар манфаатини ҳимоя қилишга тайёр

АҚШ вице-президенти Майк Пенс.

АҚШ вице-президенти Майк Пенс Америка ҳарбийлари “иттифоқчилар манфаатини ҳимоя қилишга тайёр” эканини ва Давлат котиби Майк Помпео нефть конларига қилинган ҳужумга жавоб қайтариш чораларини муҳокама қилиш учун шу ҳафта охирида Саудия Арабистонига боришини маълум қилди.

17 сентябрь куни Вашингтондаги Heritage Foundation таҳлил марказида нутқ сўзлаган Майк Пенсга кўра, АҚШ Саудия нефть конларига қилинган ҳужум ортида Эрон турганлигини исботловчи ҳужжатларни ўрганмоқда.

Эрон ушбу ҳужумга алоқаси борлигини рад этмоқда, аммо Яманнинг Теҳрон қўллаб-қувватлаётган хутий шиа исёнчилари гуруҳи ҳужумлар учун масъулиятни ўз зиммасига олган.

14 сентябрда дронлар воситасида Саудиянинг нефть конларига қилинган ҳужум оқибатида дунёда нефть қазиб олиш ҳажми 5 фоизга қисқарди, жаҳон бозорида нефть нархи эса 19 фоиз ортиб кетди.

АҚШ ва Беларусь элчиларни Минск ва Вашингтонгга қайтаришга келишиб олди

АҚШ дипломатлари Минскни 2008 йилда тарк этган эди.

Қўшма Штатлар ва Беларусь 11 йиллик танаффусдан сўнг Минск ва Беларусдаги дипломатик ваколатхоналарни элчилар даражасида қайта тиклашга келишиб олди.

“Биз муносабатларимизни яхшилаш учун кейинги қадам қаторида элчилар билан алмашинишга тайёрлигимизини билдириш мен учун фахрдир”, деди 17 сентябрь куни АҚШ Давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Дэвид Хейл.

У Беларусь президенти Александр Лукашенка ва ташқи ишлар вазири Владимир Макей билан Минскда учрашди.

Ўтган ойда АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жон Болтон Беларусга ишчи сафар билан келган эди. У сўнгги йигирма йилда Беларусга келган энг юқори мартабали Оқ Уй расмийси бўлди.

2008 йилда АҚШ Беларусда инсон ҳуқуқлари қўпол тарзда бузилаётгани ортидан санкциялар жорий этган эди. Бунинг ортидан Беларусь АҚШ элчихонаси ходимлари сонини 35 нафардан 5 нафарга қисқартирган, элчи ўрнига мухтор вакил тақинланган. 2019 йил январида Минск АҚШ дипломатик ваколатхонасига қўйилган чекловлар олиб ташланганини билдирган эди.

Қозоғистон жанубидаги Жамбул вилоятида тўрт одамнинг куйдиргига чалингани аниқланди

Куйдирги вируси одамга асосан уй ҳайвонларидан юқади.

Жамбул вилояти соғлиқни сақлаш идораси расмийларининг 17 сентябрь куни билдиришича¸ бу тўрт бемор билан бевосита контактда бўлган яна 44 одам махсус тиббий кузатув остига олинган.

Расмийларга кўра¸ куйдиргига чалинганлар бу касаллик вирусини бир неча кун олдин сўйилган мол гўштини истеъмол қилиш воситасида юқтирган.

Ўтган ой Қозоғистон пойтахти Нур-Султон шаҳрига яқин қишлоқлардан бири аҳолиси орасида куйдирги инфекцияси борлиги аниқланиши ортидан¸ бу қишлоқ карантинга олинган эди.

19 август куни Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Нур-Султон шаҳридан 100 километр масофада жойлашган Олгинка қишлоғида яшовчилардан тўрттасининг куйдиргига чалингани тасдиқланганини билдирган эди.

2016 йили Қарағанда вилоятида икки одамнинг куйдиргидан ўлгани айтилган эди.

Асосан қорамол ва қўй-эчки каби уй ҳайвонларида учрайдиган куйдирги вируси тупроқ¸ ўсимлик ва сув орқали ҳам одамга юқиши мумкин.

Афғон президенти қатнашган сайловолди тадбиридаги портлашда ўнлаб одам ўлди

Афғонистон президенти Ашраф Ғани қатнашган сайловолди намойишида юз берган портлаш оқибатида камида 24 одам ўлди¸ 31 нафари яраланди.

Портлаш Кобул шимолидаги Парван вилояти маркази Чорикор шаҳрида юз берди. Айтилишича¸ президент Ғанига зиëн етмаган.

Толибон қўмондонлари халқни 28 сентябрга белгиланган президентлик сайловларида қатнашишдан қайтариш мақсадида Афғонистон ҳукумати ва хориж ҳарбийларига ҳужумларни кучайтиришини эълон қилган.

Сайловда Ашраф Ғани иккинчи муддат президентликка даъвогарлик қилмоқда.

Айни пайтда¸ сешанба куни пойтахт Кобулда юз берган ҳужум оқибатида камида олти одам ўлди. Бу ҳужум учун ҳам ҳозирча ҳеч ким жавобгарликни зиммасига олмади.

Коррупцияда айбланган Туркманистон собиқ Савдо вазири қамоққа ҳукм қилинди

Коррупцияда айбланиб судланган туркман амалдорлари.

Туркманистон савдо ва ташқи алоқалар вазири Амандурди Ишанов ишдан бўшатилганидан бир неча кун ўтгач коррупцияда айбланиб, суд томонидан қамоқ жазосига ҳукм этилди.

Туркманистон телеканалларида қўлига кишан солинган бир неча одам, жумладан, Ишановнинг суд залида ўтиргани тўғрисида лавҳа кўрсатилди¸ аммо собиқ вазирнинг неча йилга қамалгани расман айтилмади.

Бош прокурор Батир Атдаев, Ишановнинг 13 сентябрь куни коррупция билан боғлиқ жиноятларни содир этганлигини омма олдида тан олганини билдирган. Бош прокурорга кўра, Ишанов бу жиноятларни таниқли тадбиркор Чоримуҳаммед Кулов ва қатор ишлаб чиқариш корхоналари раҳбарлари билан ҳамкорликда амалга оширган.

Хабарларда суднинг қачон ва қаерда ўтказилгани, ҳукм тафсилотлари айтилмаган.

Туркманистонлик кузатувчилар ўз номларини айтмаслик шарти билан Озодлик радиосига “бу каби оммавий тан олишлар” ҳукумат коррупцияга қарши курашаётганини “намойиш этиш учун уюштирилган спектаклларга ўхшайди”, деб фикр билдирдилар.

Ингушетияда Олий суд қарори билан муфтият тугатилди

Ингушетияда қурилаётган масжидлардан бири.

Россиянинг Ингушетия Республикасида Олий суд қарори билан муфтият тарқатиб юборилди. Республика Адлия вазирлиги муфтиятни тугатиш тўғрисида Олий судга даъво аризаси киритган эди.

"Интерфакс-Юг" агентлиги муфтиятни тугатиш қарори Россия Адлия вазирлиги ташаббуси билан амалга оширилганини ёзди.

2015 йилда Ингушетия президенти Юнус-Бек Евкуров муфтият фаолиятини кескин танқид қилган ва муфтий Хамхоевга истеъфо беришни, унинг ўрнига янги муфтийни сайлашни таклиф қилганди.

Хамхоев 15 йилдан ортиқ вақт давомида Ингушетия муфтийси бўлган ва 2014 йилда учинчи марта муфтийликка сайланган эди. Жорий йилнинг 17 июлида эса унинг ўрнинга Ингушетия қозиятини 20 йил бошқарган Абдураҳмон Мартазанов сайланган.

Июль ойининг бошида муфтият уламолар кенгаши Россия бош прокурори Юрий Чайкага диний идорада ўтказилган тафтишларнинг нақадар қонунийлигини ўрганиш илтимоси билан мурожаат қилган эди.

Украинанинг иккинчи энг йирик шаҳрида ўтказилган ЛГБТ паради давомида 17 киши қўлга олинди

Украинанинг иккинчи йирик шаҳри - Харьковда минглаб ЛГБТ (лесбиянлар, гомосексуаллар, бисексуаллар ва трансгендерлар) вакиллари ва уларни қўлловчилар шаҳар тарихида илк марта ЛГБТ парадидан ўтди.

15 сентябрь куни ўтказилган парад якунига яқин ўнг-қанот намойишчилар полиция билан тўқнашди. Хабарларга кўра, ушбу ҳолат бўйича 17 одам қўлга олинган. Қўлга олинганларнинг икки нафари полиция ходимига ҳужум қилишда, яна бири эса полициячиларга кўзни ёшлантирувчи газ сепишда айбланмоқда.

2 мингга яқин одам қатнашгани айтилаётган парад Украинада кейинги йилларда ўтказилган энг йирик ЛГБТ тадбирларнинг бири бўлди. Мамлакатда ЛГБТ фаоллар жинсий озчиликлар тан олинишга ва уларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишига эришиш учун курашиб келади.

Парад шаҳар мери Ҳеннадий Кернеснинг уюштирувчилар жавобгарликка тортилиши ҳақидаги таҳдидларига қарамай ўтказилди. Консерватив фаоллар парад уюштириладиган бўлса, зўравонлик билан жавоб беришларини айтиб таҳдид қилган эди.

Amnesty International каби халқаро ташкилотлар Украина расмийларини қатнашувчилар хавфсизлигини таъминлашга чорлади.

Аммо икки соатча давом этган парад хавфсизлик хавотирлари туфайли шаҳар майдонларидан бирида ўтказилди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG