Линклар

Шошилинч хабар
22 сентябр 2019, Тошкент вақти: 23:29

1 га ер Мисрда $8000, Ўзбекистонда $300 беради. Ҳукумат қишлоқ ҳўжалигини яна ислоҳ қилмоқчи


Ўзбекистонда қанча деҳқон хўжалиги амалда мавжуд экани тўғрисида аниқ маълумотлар мавжуд эмас. Бу борада Вазирлар Маҳкамаси 8 сентябрь куни муҳокама учун эълон қилган “Деҳқон хўжаликлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорда таъкидланди.

Лойиҳада қайд этилишича, Давлат статистика қўмитасининг ҳисоботида 22 805 та, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасида 69 800 та, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг agroonlinе.uz базасида 16 311 та деҳқон хўжаликлари мавжуд.

Бундан ташқари қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун ажратилган ер майдонларида бино ва иншоотлар ноқонуний қурилиб, ерлардан мақсадсиз ва ўзбошимчалик билан фойдаланилмоқда.

Қарорда белгиланишича, Наманган вилоятида 99 гектар, Сирдарё вилоятида 72 гектар, Бухоро вилоятида 69 гектар, Қашқадарё вилоятида 15 гектар, Самарқанд вилоятида 8 гектар, Жиззах вилоятида 6 гектар, Тошкент вилоятида 4 гектар, Андижон вилоятида 3 гектар, Навоий ва Фарғона вилоятида 2 гектар ер майдони мақсадсиз фойдаланилмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг билдиришича, мазкур қарорни қабул қилишдан мақсад мана шу каби камчиликларни бартараф этиш ортидан ривожланишга эришишдир.

Бунинг учун деҳқон ва шахсий ёрдамчи хўжаликлари сони ва уларга бириктирилган ер майдонлари ялпи хатловдан ўтказилади. Ердан мақсадсиз ва самарасиз фойдаланилган ҳолларда ерга бўлган эгалик ҳуқуқи бекор қилинади.

Бундан ташқари Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги қатор давлат ташкилотлари билан ҳамкорликда 2020 йил ҳосили учун 2020 йилнинг 1 январига қадар, кейинчалик мавсумнинг 10 августига қадар экин майдонларига ҳар бир ҳудуднинг ихтисослашуви, тупроқ-иқлим шароити, ерларнинг мелиоратив ҳолати, унумдорлиги, сув билан таъминлангани ва деҳқон хўжалиги эгаси таклифини инобатга олган ҳолда тўқсонбости, эртаги, ўртаки ва кечки экин турларини жойлаштириш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришнинг прогноз кўрсаткичларини ишлаб чиқади.

Мазкур қарор лойиҳаси эълон қилингунига қадар, яъни 6 сентябрь куни президент Шавкат Мирзиёев қишлоқ хўжалигида ислоҳотлар ўтказишга бағишланган йиғилиш ўтказган эди.

Президент матбуот хизматининг билдиришича, йиғилишда бу борадаги жаҳон тажрибаси таҳлил қилинган.

“Масалан, Туркияда 1 гектар ердан 2 минг долларлик, Мисрда 8 минг долларлик, Исроилда 12 минг долларлик маҳсулот етиштирилади. Юртимизда эса бу кўрсаткич 300 доллардан ошмаяпти. Доим ягона стандартдаги товар етказиб бериш йўлга қўйилмагани сабабли маҳсулотларимиз ташқи бозорда рақобатлаша олмаяпти”, дейилади расмий хабарда

Президент ўтказган йиғилишда Ўзбекистон аграр тармоғидаги экспорт ҳажми 2018 йилда 2,3 миллиард долларни ташкил этганини таъкидлаган. Ҳукуматга 2030 йилга бориб бу кўрсаткични 20 миллиард долларга етказиш вазифаси юклатилган.

Президент Мирзиёев Бош вазир лавозимида турган вақтларда ҳам бир неча маротаба қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилишга бел боғлаганди.

Жумладан, Вазирлар Маҳкамаси қарори билан 2010 йилдан бошлаб фермер хўжаликлари ерларининг ҳажмини кўпайтириш, яъни “оптималлаштириш” тадбири ўтказилиб келинган.

2015 йилда Бош вазир Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган Қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича республика комиссияси йиғилишида бу жараён наф бермагани қайд этилган ва “муқобиллаштириш” деб аталаётган жараён бошланган эди.

Шарҳларни кўринг (4)

XS
SM
MD
LG