Линклар

Шошилинч хабар
27 октябр 2020, Тошкент вақти: 17:32

Халқаро хабарлар

Қирғизистонда коронавирусга чалинганлар 42 киши бўлди, комендантлик соати жорий этилди

Қирғизистонда коронавирус инфекциясини юқтириб олиш билан боғлиқ яна 26 та ҳолат аниқланди. Бу ҳақда соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Тўлў Исақов Республика штаби мажлисида маълум қилди.

Вирусга чалинганлар орасида бир ёшга етмаган икки гўдак, 6 яшар бола, 14 ёшли ўсмир бор. Қолганларнинг ёши 16 дан 86 га қадар.

Шу тариқа 24 март ҳолатига кўра Қирғизистонда коронавирус юқтириб олган хасталар сони 42 нафарга етди.

Улар Бишкекдаги юқумли касалликлар шифохонаси, Ўш вилоятлараро клиникаси, Новқат туман шифохонаси, Жалолобод ва Боткен вилоят шифохоналарига ётқизилган.

Коронавирус билан боғлиқ вазият таранглашиб бораётгани туфайли қирғиз расмийлари инфекция аниқланган шаҳар ва туманларда 25 март соат 00:00 дан бошлаб комендантлик соати жорий этишга қарор қилишган. Комендантлик соати оқшомги соат 20:00 дан эрталабки соат 07:00 гача амалда бўлади.

Кун янгиликлари

Покистондаги мадрасада содир этилган портлашда камида 7 талаба ҳалок бўлди

Пешавордаги мадрасада юз берган портлашда ярадор бўлганлардан бири.

Покистоннинг Пешавор шаҳридаги мадрасада 27 октябрь куни бомба портлаши оқибатида камида 7 талаба ҳалок бўлди, 70 киши яраланди.

Полиция расмий вакили Вакар Азимнинг айтишича, портлаш пайтида мадраса ичида камида 60 талаба дарс олётган бўлган.

“Кимдир мадрасага бомба солинган сумкани олиб кирган. У портлаш юз бергунига қадар мадрасани тарк этган”, - деди Вакар Азим.

Пешавордаги Леди Ридинг касалхонаси расмий вакили доктор Муҳаммад Асим Хон тиббиёт муассасасига 7 жасад ва 70 ярадор олиб келинганини билдирди.

Расман билдирилишича, мазкур мадрасада Афғонистондан келган талабалар ўқиган. Ҳозирча бирорта гуруҳ портлаш учун масъулиятни ўз зиммасига олмади.

NASA: Ойнинг ёруғ томонида сув бўлиши эҳтимол (ВИДЕО)

Британия рассоми Люк Жеррамнинг уч ўлчамли "Ой музейи" инсталляцияси. Ригада 2010 йилнинг 5 сентябрида ўтган 15- 15-оқ тунлар фестивали.

Ойнинг ёруғ томонидаги қора кратерларда сув йиғилиши кузатилди. Бу ҳақда Германия-Америка Инфрақизил астрономия стратосфера обсерваторияси – SOFIA олмлари маълум қилдилар.


“Nature Astronomy” журналида чоп этилган мақолада: “Биз Ойнинг ёруғ томонида сув борлиги белгиларини кўрдик. Энди биз Ойда сув борлигини биламиз”,- деб билдирган NASAнинг астрофизика бўлими бошлиғи Пол Херц.


Унга кўра, мазкур кашфиёт Ой захираларини ўрганишнинг янги истиқболини очиб берди.

Кузатувчилар Украинада сайлов шаффоф ўтганини, аммо “овозларни сотиб олиш” ҳолати бўлганини билдирди

Украина президенти Володимир Зеленский маҳаллий сайловда овоз бермоқда.

Халқаро ташкилотлар Украинада 25 октябрь куни ўтган маҳаллий сайловлар шаффоф бўлгани тўғрисида маълум қилди. Айни пайтда кузатувчилар сайлов давомида “овозларни сотиб олиш” авж олганини ва маҳаллий нашрларда холислик кузатилмаганини айтмоқдалар.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси 26 октябрда тарқатган баёнотда “партия кузатувчилари қатор ҳолатларда овозларни санаш жараёнига аралашгани ва бевосита иштирок этгани”, “номзодлар эса бемалол тарғибот ишларини олиб борганлари” қайд этилган.

Бундан ташқари овоз бериш жараёнида муайян номзодлар фойдасига административ ресурслардан фойдаланилган ва “овозларни сотиб олиш ҳолатлари авж олгани кузатилган”.

Украинада 25 октябрда ўтказилган маҳаллий сайловларда, экзит-полл натижаларига қараганда, амалдаги президент Володимир Зеленскийнинг “Халқ хизматкори” партияси рақибалари устунлик қилмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти “пандемиядан чарчаган”ларни “бардам бўлиш”га ундади

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Тедрос Адхан Гебрейесус.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти – ЖСТ раҳбари Тедрос Адхан Гебрейесус шимолий ярим шарда жойлашган мамлакатларининг кўпида коронавирусга чалинганлар кўрсаткичи мунтазам ўсиб бораётганини, Европа ва Шимолий Америкада касалхоналар “мисли кўрилмаган даражада тўлиб кетгани”ни маълум қилди.

Тедрос коронавирус оқибатида жорий қилинган чекловлардан “одамлар чарчагани”ни тушуниб турганини айтди ва “пандемияга таслим бўлмаслик”ка чақирди.

Аввалроқ Европа давлатлари ва Қўшма Штатларда коронавирусга чалинганлар сони кўпайиб бориши ортидан чекловлар жорий этилаётгани хабар қилинган эди.

Чехия 28 октябрдан бошлаб тунда комендантлик соати жорий этган Европадаги навбатдаги давлат бўлди. Пандемия оқибатида Прагада ҳар йили ўтказиладиган Рождество ярмаркаси ҳам бекор қилинди. Аввалроқ Германия ҳам Рожедство ярмаркалари ўтказилишини тўхтатган эди.

Жорий йилнинг мартидан то шу кунгача жаҳонда 43 миллион одам коронавирусга чалинди. Беморлардан 1 миллион 100 мингги вафот этди.

БМТ норозилик кучайган Беларусда ҳукуматни зўравонлик қилмасликка чақирди

Беларусдаги норозилик намойишлари 9 августда бошланган.

БМТнинг инсон ҳуқуқлари масаласида Беларус бўйича ҳисоботчиси Анаис Марин ҳукуматни “ўз халқига қарши репрессияларни тўхтатишга” чақирди.

Анаис Мариннинг бу чақириғи Беларусда ўтган сўнгги норозилик намойишларида яна юзлаб одамлар қўлга олингани ортидан янгради.

Марин Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмита йиғилишида август ва сентябрь ойларида Беларусдаги норозилик намойишларига чиққанлардан камида 20 мингги полиция томонидан қўлга олинганини билдирди. Унга кўра, қўлга олинган юзлаб одамлар полиция бўлимларида калтакланганлари, қийноқларга солинганлари ва ноинсоний муносабатга дучор қилинганларини тасдиқлаганлар.

Мариннинг мазкур чақириғини қўмита йиғилишида иштирок этган 52 давлат, асосан Европа Иттифоқига аъзо бўлган мамлакатлар вакиллари қўллаб-қувватлади.

52 давлатнинг қўшма баёнотида Беларус ҳукумати тинч намойишчилар, мухолифатчилар, журналистлар ва ҳуқуқ фаолларига босим кўрсатишни тўхтатишга чақирилди.

Беларусни 1994 йилдан бери бошқариб келаётган Александр Лукашенкога қарши намоийшлар 9 августда ўтган президентлик сайлови ортидан бошланиб кетган. Мазкур сайловда Лукашенко ғолиб бўлгани эълон қилинган эди.


26 октябрдан Беларусдаги қатор йирик саноат корхоналарида иш ташлаш бошланди.

СССР КГБсининг юзлаб жосуслик воситалари ким ошди савдосига қўйилди

2021 йилнинг январидан 13 февралигача 400та жосуслик воситаси онлайн аукционда ва кейинроқ очиқ савдода сотилади.

АҚШдаги Julien's аукциони 2021 йилнинг бошларида СССР КГБсининг юзлаб жосуслик воситаларини ким ошди савдосида сотади.

Мазкур ким ошди “АҚШ, Совет Иттифоқи ва Кубадан йиғиб келинган совуқ уруш давридаги энг камёб ҳамда муҳим жосуслик воситаларининг тўлиқ тўплами сотиладиган жаҳондаги биринчи савдо бўлади”.

2021 йилнинг январидан 13 февралигача 400та жосуслик воситаси онлайн аукционда ва кейинроқ очиқ савдода сотилади.

Ким ошди савдосига қўйлган буюмлар орасида лаб бўёғи қутичасига ўхшаган тўппонча, яширин видеокамера ўрнатилган ҳамён ва меҳмонхона номерига ўрнатиладиган гап пойловчи мослама ҳам бор. Бу буюмлар Совет разведкаси томонидан қўлланилган.

Хабарда айтилишича, бу буюмлар аввалроқ Нью-Йоркдаги КГБ жосуслик музейида намойиш қилинган эди. Мазкур музей 2019 йилда литвалик тарихчи Юлиус Урбайтис томонидан ташкил қилинган.

Буюмларнинг бошланғич нархи бир неча юз доллардан 12 минг долларгача бўлган миқдорни ташкил қилади. Жумладан, “Фиалка” деган ном билан машҳур бўлган Enigma шифр машинкасининг бошланғич баҳоси 12 минг доллар қилиб белгиланган.

Сурияда Россия ҳарбий авиацияси Туркия дастаклаётган жангарилар лагерини бомбардимон қилди

Суриядаги манзара.

Сурия шимоли-ғарбида Россия ҳарбий авиацияси Туркия билан иттифоқда бўлган жангарилар лагерини бомбардимон қилиши оқибатида 78 киши ҳалок бўлди, юзга яқин жангари яраланди.

“Немис тўлқини” радиосининг Сурия инсон ҳуқуқлари мониторинг марказига таяниб 26 октябрда хабар беришича, яраланган жангарилардан кўпининг аҳволи оғир.

Бомбардимон оқибатида ҳалок бўлганлар ва яраланганларни қидириш ишлари давом этмоқда.

Хабарда айтилишича, Россия самолётлари “Файлок аш Шом"гуруҳининг ўқув-машқлантириш лагерига ҳужум қилган. Мазкур лагерь Идлиб вилоятида, Туркия чегарасидан узоқ бўлмаган ҳудудда жойлашган.

2019 йилнинг бошларида ҳам президент Башар Ассад қўшини Россия авиацияси қўллови остида Идлиб вилоятини ўз назоратига қайтариш учун қатор бомбардимонларни ва ҳужумларни амалга оширган эди.

Эрдўғон юртдошларини Франция молларини бойкот қилишга чақирди

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон.

Анқара билан Париж ўртасидаги алоқалар ёмонлашгани қабатида Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ўз ватандошларини Францияда ишлаб чиқарилган товарларни бойкот қилишга чақирди. НАТОнинг икки аъзоси ўртасидаги муносабатларга Франциянинг радикал исломга қарши кескин позицияда тургани важидан путур етган.

Эрдўғон 26 октябрь куни Франция президенти Эммануэль Макронга яна бир бор “психиатрик экспертизадан ўтиш”ни тавсия қилди. Икки кун муқаддам унинг шу маънода баёнот бергани ортидан Париж Анқарадаги ўз элчисини чақиртириб олганди.

Францияда қай йўсинда :“Турк тамғали молларни сотиб олманг”, дейилаётган бўлса, мен ҳам эндиликда халқимга мурожаат қиламан: “Франция тамғали молларни ҳаргиз сотиб олманг”, деган Эрдўғон телевидение орқали қилган чиқишида.

Франция 17 октябрь куни ўқитувчи Сэмюэль Панининг сўз эркинлиги мавзусидаги машғулотда Муҳаммад пайғамбар карикатурасидан фойдалангани учун боши танасидан жудо этилганидан ларзага келганди.

23 октябрь куни даставвал Charlie Hebdo сатирик журналида пайдо бўлган карикатуралар Франциядаги ҳукумат биноларида проекцияланди, бу эса ислом оламида норозиликларга сабаб бўлди. Франция “бизнинг карикатуралардан воз кечмайди”, деди Макрон.

Мусулмон ва араб ўлкаларида Макрон томонидан карикатуралар дастакланганига жавобан Францияда ишлаб чиқарилган товарларни сотиб олмаслик чақириқлари кучайган.

Қатар ва Қувайт супермаркетларида Франция молларини бойкот қилиш давом этмоқда, француз молларидан воз кечиш чақириқлари Урдун ва бошқа мамлакатларда ҳам янграяпти.

Туркия статистика хизмати маълумотларига кўра, Франция Туркияга мол етказиб берувчи хорижий мамлакатлар орасида 10-ўринда туради. Айни пайтда бу мамлакат Туркия экспорти учун еттинчи йирик бозор бўлиб ҳисобланади. Франция автомобиллари Туркияда энг кўп сотиладиган автомашиналардир.

Туркия ва Франция НАТО аъзолари бўлиб ҳисобланадилар, бироқ улар ўртасида қатор масалалар, хусусан, Сурия ва Ливия, шарқий Ўртаер денгизи юрисдикцияси ва Тоғли Қорабоғдаги зиддият каби масалаларда ихтилофлар мавжуд.

Қирғизистоннинг ҳибсхонадаги собиқ президенти Атамбаев очлик эълон қилди

Алмазбек Атамбаев.

Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаевнинг адвокати Замир Жоошев 26 октябрь куни ўз мижози Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) тергов ҳибсхонасидан Бишкекдаги 1-сонли тергов ҳибсхонасига кўчирилганини билдирди.

Уни аввал ўлим жазосига ҳукм қилинганлар сақланган ертўлада сақлашяпти. Бунгача камерада анчадан бери ҳеч ким бўлмаган, камерага иссиқликни фақат бугун беришди, канализация ишламайди, камера эшиклари доим очиқ. Алмазбек Атамбаев очлик эълон қилди”, дея иқтибос келтиради З. Жоошев сўзларидан Озодликнинг қирғиз хизмати.

Адвокатга кўра, Атамбаевнинг соғлиғи ёмон бўлиб, у бронхит ва юрак билан боғлиқ муаммолардан азият чекмоқда.

МХДҚ вакиллари Озодликнинг қирғиз хизматига Атамбаев 1-сонли тергов ҳибсхонасига Бишкек шаҳар суди қарори билан кўчирилганини билдирганлар.

Собиқ президент Алмазбек Атамбаев Бишкек марказий майдонида 9 октябрь куни тартибсизликлар уюштирганликда гумонланиб, МХДҚ ва ИИВнинг 10 октябрь куни ўтказилган қўшма амалиёти натижасида қўлга олинган. У бошқа маҳбуслар билан биргаликда 6 октябрга ўтар кечаси халқ ғалаёни ортидан ҳибсхонадан озод қилинганди.

2020 йил ёзида Бишкек туман суди Азиз Батукаевнинг муддатидан олдин ноқонуний озод қилинганига оид иш доирасида Атамбаевни мол-мулкини мусодара қилиш билан 11 йилу 2 ойга озодликда маҳрум қилганди. Бундан ташқари, собиқ президент давлат унвонлари ва мукофотларидан ҳам маҳрум этилган. Кейинроқ Бишкек шаҳар суди бу ҳукмни ўз кучида қолдирган.

Атамбаев суд томонидан ҳали кўриб чиқилмаган Қўйтошдаги воқеалар бўйича ишнинг ҳам фигуранти бўлиб ҳисобланади. Қўйтош қишлоғидаги воқеалар бўйича 2019 йили Қирғизистон Жиноят кодексининг “Қотиллик”, “Суиқасд ҳаракати”, “Гаровга олиш”, “Оммавий тартибсизликлар”, “Безорилик”, “Ҳокимият вакилига таҳдид ёки зўравонлик қилиш” моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Бош прокуратура гумонланувчиларнинг кўпини мазкур жиноятларни содир этганликда айбдор, деб ҳисоблайди. Алмазбек Атамбаев дохил гумонланувчиларнинг ўзлари бу айбловларни рад этиб келадилар.

Беларусдаги қатор корхоналарда норозилик акциялари бошланди

Минск кўчаларига чиққан талабалар, 2020 йил 26 октябри.

Беларусдаги қатор йирик саноат корхоналарида душанба куни эрталабдан ишчиларнинг норозилик акциялари бошланди.

26 октябрни Беларусь мухолифати сиёсий талаблар билан ўтказилажак умуммиллий иш ташлашнинг илк куни, деб эълон қилган. Бу талабларнинг энг асосийси Александр Лукашенконинг президентликдан кетишидир.

Мамлакатдаги йирик корхоналарнинг қанчасида иш тўхтагани ҳақида ҳозирча аниқ маълумот йўқ. Расмийлар уларнинг барчаси одатдаги тартибда ишлашда давом этаётганини иддао қилмоқдалар.

Бироқ Минскдаги ва бошқа шаҳарлардаги қатор заводларда ишчилар йўлакларда тўпланганлари ёки иш ташлаш чақириғи билан юриш уюштирганлари маълум. Мухолифатдаги Телеграм-каналлар ва мустақил оммавий ахборот воситалари фаоллар сўзларига таянган ҳолда иш ташлашда қатор корхоналарда ходимларнинг йўқ деганда бир қисми иштирок этаётгани ҳақида хабар қилмоқдалар.

Маълумотларга кўра, “Гродно-Азот” заводида 100 га яқин киши эрталабки сменани қабул қилиб олишдан бош тортишган. Улар йўлакда норозилик акцияси уюштирганлар, у ерда бир неча киши қўлга олинган.

Ишчилар митинги Минскдаги трактор заводи, электротехника заводи, яна Минскдаги ғилдиракли оғир юк машиналари заводи, “Беларуськалий” корхоналарида бўлиб ўтган.

Бир неча ОТМ талабалари ҳам норозилик акцияларини бошлашган. Уларнинг айримлари ўз ўқув даргоҳларида аудиторияларни эгаллашган. Талабаларнинг бир неча колоннаси Минск кўчаларига чиқишган. Ижтимоий тармоқларда талабаларнинг маъмурият вакиллари билан тортишаётгани акс этган видеотасвирлар чоп этилмоқда.

Бу орада бир неча норозилик акцияси тарқатилганига оид хабарлар ҳам келмоқда. Ҳуқуқ фаоллари маълумотларига кўра, душанба куни Беларусда қўлга олинганлар сони 100 нафардан ошиб кетган.

Бугун кичик бизнес ва хизмат кўрсатиш корхоналарининг бир қанчаси очилмагани ҳақида ҳам хабар қилинмоқда. Норозилик акциялари уюштирганлар орасида МТС мобиль оператори ходимлари ҳам бор.

Беларусда норозилик акциялари шу йил 9 августидан бери – Лукашенко президент сайлови ғолиби деб эълон қилиниши ортидан бошланиб кетган.

Президентликка собиқ номзод, мухолифат вакиласи Светлана Тихановская 2 ҳафта муқаддам Лукашенкога халқ ультиматумини эълон қилган. Унга кўра, Лукашенко 25 октябргача ҳокимиятдан кетиши ҳақида эълон қилиши керак эди. Бу талаб бажарилмаган тақдирда, Тихановскаяга кўра, 26 октябрдан умуммиллий иш ташлаш ва асосий йўлларни тўсиш амалиётлари бошланади. Куни кеча мухолифатчи лидер беларусликларни яна бир бор иш ташлашга чақирган, бироқ йўллар тўсилиши ҳақида бирор гап айтган эмас.

Қирғизистон: Жапаров декабрь ойида истеъфога чиқиб, президент сайловида қатнашмоқчи

Садир Жапаров.

Қирғизистон президенти вазифасини бажарувчи бош вазир Садир Жапаров президент сайловида номзод ўлароқ иштирок этмоқчи. Бу ҳақда у Норин вилояти аҳолиси билан учрашув чоғида билдирган.

Унинг чиқиши акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқатилган.

10 январь куни президент сайлови бўлиб ўтади. Мен декабрь ойи бошида ўз ваколатларимни топшириб, сайловда иштирок этаман. Сайловда оддий фуқаро сифатида қатнашаман, агар ўтсам, президент бўламан, мабодо ўтолмасам, оддий фуқаролигимча қоламан”, деган С. Жапаров.

Шу йил 4 октябрида бўлиб ўтган парламент сайловидан Қирғизистонда кейин норозилик намойишлари бошланиб кетган. Сайлов натижаларидан норози бўлганлар 5 октябрь куни Бишкек марказий майдонига митингга йиғилган. Ўша оқшом намойишчиларнинг куч ишлатар идоралар ходимлари билан тўқнашуви бўлиб ўтган, пировардида норозилар президент ва парламент фаолият олиб борадиган “Оқ уй”ни эгаллаб олишган.

Шундан сўнг Марказий сайлов комиссияси бўлиб ўтган сайлов натижалари бекор қилган, 6 октябрга ўтар кечаси қамоқдан озод қилинган Садир Жапаров эса бош вазир этиб тайинланган. Бу орада амалдаги парламент спикери истеъфога кетган. 15 октябрь куни Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков истеъфога кетган, унинг ваколатлари эса ҳукумат раҳбарига ўтган.

Аввалроқ Садир Жапаров “Россия 24” телеканалига берган интервьюсида президент вазифасини бажарувчи шахс сайловда иштирок этолмаслигини, бироқ парламент қонунчиликка тегишли ўзгартишлар киритгудек бўлса, президент сайловида иштирок этишга тайёр эканини билдирган.

Шу йил 24 октябрида Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси президент сайлови санасини белгилаш тўғрисида қарор қабул қилган. МСК раҳбари Нуржан Шайлдабекова изоҳига кўра, собиқ президент 15 октябрдан истеъфога кетганини, 16 октябрь куни эса парламент унинг муддатидан аввал ваколатини топширишига оид баёнотини эшитганини эътиборга олган ҳолда, “парламент 23 октябргача муддатидан аввалги давлат раҳбари сайловини белгилаши лозим эди”. Муддатидан аввалги президент сайлови 2021 йилнинг 16 январигача ўтказилиши лозим. Шу асосда овоз бериш куни ўлароқ 10 январь куни таклиф этилган, бу таклиф МСКнинг барча аъзолари томонидан маъқулланган.

Қирғизистон-Тожикистон чегарасида яна ўқ отилди

Чегара ҳудуди.

Қирғизистон -Тожикистон чегарасининг 25 октябрь куни ўқ отилган қисмида вазият барқарорлаштирилди. Вазиятни назорат қилиш учун мазкур ҳудудга чегара хизмати раисининг биринчи ўринбосари Абдикарим Алимбаев жўнаб кетди. Бу ҳақда 26 октябрь куни Қирғизистон Чегара хизмати маълум қилди.

Билдирилишича, 25 октябрь куни Боткен вилояти Боткен туманидаги Уч-Дўбў деб аталган чегара ҳудудининг икки давлат ўртасида баҳсли бўлиб турган қисмида Тожикистон фуқаролари ўз қишлоқларига тоза ичимлик суви олиб ўтиш мақсадида ер қазиш ишларини олиб борганлар.

Расмий маълумотда Қирғизистон чегарачилари тожикистонликларга мазкур ҳудуд баҳсли бўлгани учун ҳеч қандай ишлар олиб борилиши мумкин эмаслигини айтиб, ишларни тўхтатишни талаб қилган.

Бироқ Тожикистон фуқаролари чегарачилар талабини бажаришдан бош тортгани оқибатида қирғиз ҳарбийлари ҳавога қарата ўқ узишга мажбур бўлган.

Тожикистон томони ҳозирча бу борада расмий маълумот бермади. Чегара ҳудудида олиб борилган ишлар тўхтатилгани билдирилди.

Қирғизистон-Тожикистон чегараси 970 километрни ташкил қилади. Унинг 504 километри делимитация ва демаркация қилинган. Чегаранинг аниқланмаган ҳудудларида икки давлат фуқаролари ва ҳарбийлари ўртасида тез-тез турли низолар содир бўлиб туради.

Афғонистонда "Ал Қоида" раҳбарларидан бири ўлдирилди

Афғонистон хавфсизлик кучлари аскарлари.

Афғонистон хавфсизлик кучлари “Ал Қоида” террор гуруҳининг АҚШ томонидан халқаро қидирувга берилган раҳбарларидан бири Абу Муҳсин ал Масрий ўлдирилганини билдирмоқда.

Афғонистон Миллий хавфсизлик бошқармасининг 24 октябрда билдиришича, “Ал Қоида”даги иккинчи одам экани айтиладиган Масрий Ғазни вилоятида ўлдирилган.

Расмий маълумотда бу воқеанинг тафсилотлари маълум қилинмади.

Абу Муҳсин ал Масрий АҚШ фуқароларини ўлдиришга қасд қилган террор гуруҳини қўллаб-қувватлаш ва унинг фаолиятида иштирок этишда айбланиб Федерал тергов бюроси томонидан қидирилаётган шахслардан бири эди.

Расмий хабарда билдиришича, Абу Муҳсин ал Масрийнинг Афғонистонда ўлдирилиши Толибон “Ал Қоида” билан алоқаларга эга эканини яна бир бор исботлади.

Масрий Толибон билан Афғонистон ҳукумати ўртасида тинчлик музокаралари давом этаётган бир пайтда ўлдирилди. Музокаралар кетаётганига қарамай, Афғонистонда ҳар куни Толибон ва ҳукумат кучлари ўртасида жанглар бормоқда.

Тихановская Беларусда умуммиллий иш ташлаш бошланишини эълон қилди

Беларус. Норозилардан бири.

Беларус президентлигига собиқ номзод Светлана Тихановская 26 октябрдан мамлакатда умумиллий иш ташлаш бошланишини маълум қилди.

Тихановская Телеграм каналида якшанба куни ўтган норозлик намойишлари ҳукумат томонидан куч ишлатиш йўли билан тарқатилгани тўғрисида фикр билдирар экан: “Режим бугун беларусларга ҳукумат фақат куч ишлатишга қодир эканини исботлади. Лекин шовқинли гранатларни одамлар орасида ва туғруқхона яқинида портлатиш режим кучли эканини англатмайди. Режим ҳақ сўзни айтишга, ўз ҳаракати учун жавоб беришга ва одамлар талабини бажаришга тайёр эмас. Демак бу режим беларус халқига муносиб эмас”,-деб ёзди.

Ўтган ҳафтада Лукашенконинг август ойида бўлиб ўтган сайловдаги асосий рақиби Светлана Тихановская ва унинг тарафдорлари президентнинг 25 октябргача истеъфо беришни талаб қилиб, ультиматум йўллаган эди. Акс ҳолда мухолифат мамлакат халқи ёппасига иш ташлашини айтган.

25 октябрда ўтган норозилик намойишларини полиция резина ўқлар ва шовқинли гранаталар воситасида тарқатишга ҳаракат қилди. Бир неча ўн одам қўлга олинди.

Беларусда 9 август куни ўтган президентлик сайловида мамлакатни 26 йилдан бери бошқариб келаётган Лукашенко ғолиб бўлгани эълон қилингани ортидан норозилик намойишлари бошланиб кетган.

Сайловда Лукашенконинг асосий рақиби бўлган Тихановская овоз бериш натижалари сохталаштирилганини айтиб, уни тан олишдан бош тортиб келади. Сайлов ортидан у оиласига таҳдидлар туфайли Беларусни тарк этди.

АҚШ: Тоғли Қорабоғда душанба кунидан бошлаб оташкесим кучга киради

Тоғли Қорабоғда бомба тушган уйлардан бири.

Тоғли Қорабоғда 26 октябрь маҳаллий вақт билан соат 8дан бошлаб гуманитар оташкесим кучга киради. Бу ҳақда 25 октябрь куни эълон қилинган АҚШ, Арманистон ва Озарбайжон ҳукуматларининг қўшма баёнотида маълум қилинди.

АҚШ давлат котиби Майк Помпео 23 октябрда Вашингтонда Озарбайжон ва Арманистон ташқи ишлар вазирлари билан оташкесим масаласини муҳокама қилган.

Тоғли Қорабоғда тинчлик ўрнатиш масаласида воситачилик қилаётган Минск гуруҳига аъзо Франция, АҚШ ва Россия ҳам қўшма баёнот қабул қилиб, Арманистон ва Озарбайжон ташқи ишлар вазирлари 29 октябрда Женевада яна бир учрашув ўтказишга келишиб олганларини билдирди.

Октябрь ойида Тоғли Қорабоғда томонлар икки марта оташкесим эълон қилган, бироқ унга амал қилинмаган эди. 25 октябрда ҳам Тоғли Қорабоғда жанглар тўхтамади.

25 октябрь куни Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Губадли шаҳри озод қилинганини билдирди. Агар бу маълумот тасдиқланса, Озарбайжон 1990 йиллар бошидан бери арман кучлари назорати остида бўлган тўрттинчи туманни қайтариб олган бўлади.

Расман Озарбайжон таркибига кирувчи, аммо этник арманлар бошқариб келаётган Тоғли Қорабоғда 27 сентябрь куни бошланган янги уруш оқибати ўлганлар сони 900 нафарга яқинлашди.

Samsung корпорацияси раҳбари Ли Гон Хи вафот этди

Ли Гон Хининг ўлими сабаблари маълум қилинмади.

Жанубий Корея пойтахти Сеулда 25 октябрь куни Samsung корпорацияси раҳбари Ли Гон Хи 78 ёшида вафот этди. У отаси асос солган кичкинагина ширкатни Жанубий Кореянинг энг йирик ширкатига ва жаҳоннинг электроника ҳамда компьютер ишлаб чиқариш лидерига айлантира олди.

Ли Гон Хининг ўлими сабаблари маълум қилинмади. У олти йил аввал юрак ҳуружига учраб ётиб қолганидан сўнг корпорация раҳбарлигини ўғлига топширган эди.

Ли Гон Хи Жанубий Кореянинг энг бой одами ҳисобланади. Forbes унинг бойлигини 21 миллиард долларга баҳолаган.

Ли Гон Хи 1987 йилдан Samsung корпорациясига раҳбарлик қила бошлаган. Қисқа вақтда унинг раҳбарлигида арзон ва сифати унча яхши бўлмаган маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи ширкат жаҳондаги ишлаб чиқариш лидерларидан бирига айланди.


Ли Гон Хи бир неча марта жиноий ишларнинг ҳам фигуранти бўлган. Уни, жумладан, собиқ президент Ро Дэ Уга пора берганликда ҳам айблашган.

2008 йилда ли Гон Хи солиқ тўлашдан бўйин товлаганликда айбланиб, шартли равишда озодликдан маҳрум қилинган ва Samsung раҳбариятидан кетишга мажбур бўлганди. Бироқ орадан икки йил ўтгач у оқланди ва ширкатга раҳбарлик қилишда давом этган.

Эрдўғон Франция президентини мусулмонлар ҳақидаги қарашлари учун танқид қилди

Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған (чапда) ва Франция президенти Эммануэль Макрон (ўнгда).

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Франция президенти Эммануэль Макронни мусулмонларга нисбатан тутган позицияси учун кескин танқид қилди.

Хусусан, Эрдўғон Макрон ўз «психикасини даволаши кераклигини» таъкидлади.

Макрон ва Эрдўғон Ўрта ер денгизининг шарқидаги ҳуқуқий масалалар, шунингдек, Ливия ва Суриядаги вазият ва кейинги пайтда Тоғли Қорабоғ минтақасидаги инқироз бўйича бир-бирига зид қарашларга эга.

«Турли хил эътиқоддаги миллионлаб диндор руҳиятини даволашга чақирадиган давлат раҳбари тўғрисида нима ҳам дейиш мумкин?», - деди Эрдўғон.

Макрон Франциянинг дунёвий қадриятларини радикал исломдан ҳимоя қилишга чорлагани Туркия ҳукуматини ғазаблантирди.

Ой бошида Макрон Исломни «глобал инқирозга» юз тутган дин сифатида таърифлаган эди.

Макроннинг сўзларига кўра, декабрь ойида Францияда мамлакат ҳукуматини черковдан ажратиб турувчи ва 1905 йилда қабул қилинган қонунни мустаҳкамловчи қонун лойиҳаси тақдим этилади.

Насронийга эрга тегмоқчи бўлган қизининг сочини қирққан мусулмон оила Франциядан бадарға қилинди

Қизи насроний сербга турмушга чиқишни истагани учун унинг сочини олиб ташлаган босниялик мусулмон ота-она ва уларнинг бошқа фарзандлари Франциядан бадарға қилинди. Бу ҳақда Франция ички ишлар вазири Геральд Дарманин маълум қилди.

Безансон шаҳрида яшовчи 17 ёшдаги қизнинг ота-онаси билан бир қаторда уч нафар ака ва опалари ҳам Франциядан ҳайдалган.

Вазирлик билдирувида «Миллий ҳудуддан бадарға қилиш сабаби оила август ойида қўл урган номақбул ишлар, хусусан, бошқа динли серб кишини севиб қолган ўсмир қизнинг калтаклангани ҳамда сочи қириб ташланганидир», дейилади.

Билдирувга кўра, ўсмир қиз Франция ҳукумати қарамоғида бўлади.

Босния ва Герцеговина полицияси оила махсус самолётда ва полиция қуршовида пойтахт Сараевога элтиб қўйилганини тасдиқлади.

Оилага беш йил давомида Францияга кириш ман этилган. Шунингдек, ўсмир қизнинг яна икки қариндоши қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Беларус: Ультиматум муддати тугади, халқ яна намойишга чиқди

25 октябрь куни Беларусда мамлакатнинг авторитар президенти Александр Лукашенкога қарши яна йирик норозилик намойишлари бошланди.

Ўтган ҳафтада Лукашенконинг август ойида бўлиб ўтган сайловдаги асосий рақиби Светлана Тихановская ва унинг тарафдорлари президентнинг 25 октябргача истеъфо беришни талаб қилиб, ультиматум йўллаган эди. Акс ҳолда мухолифат мамлакат халқи ёппасига иш ташлашини айтган эди.

Беларусь Ички ишлар вазирлиги аҳолини рухсат берилмаган намойишларда қатнашмасликка чорлади.

Беларусда 9 август куни ўтган президентлик сайловида мамлакатни 26 йилдан бери бошқариб келаётган Лукашенко ғолиб бўлгани эълон қилингани ортидан норозилик намойишлари бошланиб кетган.

24 октябрь куни юзлаб аёл пойтахт Минскда норозилик акциясига чиқди. Бошқа шаҳарларда ҳам ёмғирга қарамай норозилик акциялари бўлиб ўтди.

Тихановская овоз бериш натижалари сохталаштирилганини айтиб, уни тан олишдан бош тортиб келади. Сайлов ортидан у оиласига таҳдидлар туфайли Беларусни тарк этди.

Бугунга қадар 12 мингдан ошиқ намойиш қатнашчиси ҳибсга олинди, юзлаб одам қийноққа тутилди.

АҚШ ва Европа Иттифоқи Лукашенкони президент сифатида тан олмаслигини билдирган.

АҚШ давлат котиби Помпео Лукашенко билан телефон орқали суҳбатлашди

АҚШ давлат котиби Майк Помпео Беларуснинг авторитар президенти Александр Лукашенко билан телефон орқали суҳбатлашди.

Беларусда 9 август куни ўтган президентлик сайловида мамлакатни 26 йилдан бери бошқариб келаётган Лукашенко ғолиб бўлгани эълон қилингани ортидан норозилик намойишлари бошланиб кетган.

Ўтган ҳафтада Лукашенконинг сайловдаги асосий рақиби Светлана Тихановская ва унинг тарафдорлари Лукашенкодан 25 октябргача истеъфо беришни талаб қилиб, ультиматум йўллаган эди.

Тихановская ўз Telegram каналида бу талаблар бажарилмаса 26 октябрь куни «барча корхоналарда иш ташлаш бошланиши, йўллар тўсиб қўйилиши ва давлат дўконларидан халқ маҳсулот сотиб олмаслиги»дан огоҳлантирди.

Суҳбат давомида Помпео Лукашенкодан Беларусь ва АҚШ фуқароси, сиёсий технолог Виталий Шкляров саёҳат қилишига қўйилган чекловни бекор қилишни талаб қилган.

Аммо БелТА хабар агентлиги суҳбат бошқача кечганни хабар қилди. Агентликка кўра, Лукашенко Помпеога «миллий диалог» олиб борилаётганини таъкидлаган.

Лукашенко мухолифатни тинчлантириш учун конституцияни ислоҳ қилишни таклиф қилган эди. Аммо мухолифат бу таклифга рози бўлмади.

АҚШ ва Европа Иттифоқи Лукашенкони президент сифатида тан олмаслигини билдирган.

АҚШда коронавирус юқтириш ҳолатлари июлдаги кўрсаткичдан ошди

Covid-19 АҚШ ва Европада тез сурат билан тарқалишда давом этмоқда.

Жорий ойда АҚШда кунига ўртача 700 одам нобуд бўлди. Мутахассислар бу кўрсаткич янада ошиши ҳақида огоҳлантирмоқда.

Мамлакатда коронавирусга қарши умуммиллий режа мавжуд бўлмагани учун вирус турли ҳудудларда турли суратда тарқалмоқда.

Европада эса пандемиянинг иккинчи тўлқини аллақачон бошланган.

Францияда мамлакатнинг учдан икки қисмида комендант соати жорий қилинди. Италияда ҳам ўхшаш чоралар жорий қилинди. Хусусан, мамлакатда спорт заллари, театрлар ва бассейнлар ёпилди.

Пандемиянинг иккинчи тўлқини бошланган мамлакатлар қаторида Чехия, Испания ва Ирландия ҳам бор.

Оятуллоҳ Али Хоманаий: Халқ саломатлиги барча муаммолардан устун туради

Тиббий ниқоб таққан эронлик аёл.

Эрон олий раҳбари оятуллоҳ Али Хоманаий мамлакат расмийларини халқ саломатлигини ҳар қандай иқтисодий ва хавфсизлик муаммоларидан устун қўйишга чорлади.

Жорий ҳафтада Эронда COVID-19 инфекцияси туфайли нобуд бўлганлар сони 32 мингдан ошди. Хоманаий ўлимлар сонини озайтириш учун барча чораларни кўришга чақирди.

Коронавирусга қарши курашиш қўмитаси олдида сўзлаган олий раҳбар барча ташкилотлар вирус тарқалишини чеклаш учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги тавсияларига тўлиқ амал қилиши кераклигини айтди.

24 октябрь куни Эронда 5 814 нафар одам вирусни юқтирди. Бу билан мамлакатда бугунга қадар коронавирусга чалинганларнинг умумий сони сони 562 705 га етди.

Ҳафта бошида соғлиқни сақлаш расмийлари ўлганлар сони аслида 2,5 марта юқори бўлиши мумкинлигини айтган эди.

Вирус тез суратда тарқалаётган бўлишига қарамасдан, Эрон ҳукумати тўлиқ карантин чораларини жорий қилмай турибди, чунки Теҳрон бундай чора шусиз ҳам АҚШ санкциялари туфайли оқсаётган иқтисодга оғир зарба бўлишидан хавотирда.

Навальний фонди "Россия будущего"партияси рўйхатга олинмаëтгани бўйича Европа судига арз қилди

22 август куни Германияга олиб келинган Алексей Навальний ҳозирча Берлинда даволанишни давом эттирмоқда.

Алексей Навальнийнинг Коррупцияга қарши кураш фонди “Келажак Россияси” ("Россия будущего") партиясини рўйхатга олиш сўровининг Россия Адлия вазирлиги томонидан рад этилгани устидан Европа инсон ҳақлари судига мурожаат қилди.

Бу ҳақда фонд юристлари ўз Telegram каналида маълум қилди.

Хабарда айтилишича¸ Навальний ҳозиргача бу партиянинг расман регистрация қилинишини сўраб 9 марта Адлия вазирлигига мурожаат қилган ва ҳаммасига рад жавоби олган.

2019 йил май ойида берилган сўнгги раддияда вазирлик мамлакатда бундай партиянинг аллақачон борлигини иддао қилган. Жорий йил сентябрида бу номдаги партия сайловларда қатнашмагани учун Олий суд томонидан тугатилган.

"2012 йилдан бери биз тўрт марта таъсис қурултойи ўтказдик¸ аммо Адлия вазирлиги ҳар хил баҳоналар билан партияни рўйхатдан ўтказмай келмоқда. Партиямиз номи ўғирлангани муносабати билан сўнгги съезд Европа судига ариза беришга қарор қилди»¸ дейилади Коррупцияга қарши кураш фонди юристлари хабарида.

20 август куни Томскдан Москвага қайтиш арафасида заҳарланган мухолифат лидери Алексей Навальний ҳозирча Германияда даволанмоқда.

Германия¸ Франция ва Бельгия мутахассислари Навальнийнинг асабни фалаж қилувчи Новичок кимëвий қуроллар гуруҳига кирувчи модда билан заҳарланганини билдирди. Навальний ҳужумнинг бевосита президент Путин буйруғи билан амалга оширилганини айтмоқда.

Путин режимининг ашаддий танқидчиси бўлган Навальний соғлиғи тикланиши билан Россияга қайтиб¸ ўз сиëсий фаолиятини давом эттиражагини таъкидламоқда.

Қирғизистон президентлик сайлови 10 январга белгиланди

Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков

Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси матбуот хизмати муддатидан олдин президент сайловларининг 10 январга белгиланганини эълон қилди

24 октябрь куни эълон қилинган баëнотда комиссиянинг шундай қарорга келгани айтилди.

Қирғизистон парламенти депутатлари 22 октябрь куни “Қирғизистон Республикаси президенти ва Қирғизистон Республикаси Жўғўрқу Кенеши депутатлари сайлови тўғрисида”ги конституциявий қонунга ўзгартишларни қабул қилди.

Қонун лойиҳаси билан конституциявий ислоҳот ўтказиб бўлингунича қонуннинг 38- ва 63-моддалари амалиётини тўхтатиб туриш таклиф қилинмоқда. Яъни сайлов ўтказиш муддатларига оид меъёрлар ҳозирча ишламай туради. Лойиҳанинг бошқа бир моддаси конституциявий ислоҳот (2021 йилнинг 10 январидан кеч бўлмаган) муддатини белгилаб берган эди.

Айни пайтда¸ Марказий сайлов комиссияси 21 октябрь куни ўтган йиғинида парламентга қайта сайловни 20 декабрда ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Қирғизистонда навбатдаги парламент сайлови 4 октябрда ўтказилган эди. Сайловда қатнашган 16 партиядан ҳокимиятга яқин бўлган 4таси ғалаба қозонгани эълон қилингани ортидан Қирғизистонда норозилик намойишлари бошланиб кетди.


6 октябрга ўтар кечаси норозилар президент ва парламент фаолият юритувчи Оқ Уйни эгаллаб олиши ортидан мамлакатда сиёсий инқироз юзага келган эди. Бунинг ортидан Марказий сайлов комиссияси 4 октябрда ўтган сайлов натижаларини бекор қилган эди.


Бу воқеалар ортидан Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков ҳам истеъфо берди.

Байден америкаликларга коронавирусга қарши бепул вакцина ваъда қилди

Демократлар номзоди Жозеф Байден.

АҚШ президентлигига асосий даъвогарлар – республикачи Дональд Трамп ва демократлар номзоди Жозеф Байден сайловолди кампанияси доирасидаги якунловчи учрашувларни ўтказмоқда.

22 октябрь кунги теледебатни ўзи учун “ғалаба” сифатида талқин этаëтган Трамп фурсатдан фойдаланиб тарафдорларини руҳлантириш¸ улар сафини кенгайтиришга уринмоқда.

Байден эса¸ аксар штатларда коронавирусга чалинган ва ўлганлар сони ошиб бораëтган айни кезда¸ асосий эътиборни Трампнинг бу бўҳронни назорат қила олмаëтганини кескин танқид қилишга қаратмоқда.

23 октябрь куни Трамп Флоридада¸ Байден эса¸ ўзи мансуб Делавер штатида учрашув ўтказди.

Учрашувларда Байден коронавирусга қарши ишончли вакцина пайдо бўлиши билан америкаликларнинг ҳаммасини бепул эмлаш¸ унга қадар ниқоб тақишни бутун Америка бўйлаб мажбурий қилиш¸ пандемиядан азият чекаëтганларга янги молиявий ëрдам дастури ваъда қилди.

Трамп эса рақибини коронавирус таҳдидини бўрттириб кўрсатаëтганликда айблаб¸ ўз тарафдорларини пандемиянинг тез орада тугашига ишонтиришга уринди.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG