Линклар

Шошилинч хабар
17 май 2021, Тошкент вақти: 14:15

Москвада коронавирус юқтирган муҳожирларга ёрдам маркази ишга тушди


Москвада COVID-19 вируси билан касалланган хорижликлар учун Жамоатчилик кенгаши деб аталган гуруҳнинг махсус колл-маркази ташкил этилди.

Гуруҳ ўзининг вирус юқтирган марказий осиёликларга моддий-маънавий ва юридик кўмак кўрсатишини айтмоқда.

Апрель ўрталарида тузилган Жамоатчилик кенгаши фаолиятига Москвадаги ҳуқуқ фаоллари, юристлар ва кўнгиллилар жалб этилди.

Муҳожирлар бепул юристи Валентина Чупик Жамоатчилик Кенгаши ҳозирча фақат коронавирус билан касалланган ва ташқи дунё билан алоқаси узилган муҳожирлар, жумладан ўзбекистонлик меҳнат мигрантларига кўмак бераётганини билдирди.

- Биз яқинда, 15 апрель куни иш бошладик. Асосий вазифамиз - коронавирусга чалинган мигрантлар ва улар билан бирга яшаётган одамларга озиқ-овқат ва дори-дармон етказиб бериш. Шунингдек биз, имкон қадар, уларга моддий ёрдам кўрсатамиз, ётоғи ва квартираси ижара пулини тўлаб берамиз, деди Валентина Чупик.

Суҳбатдошга кўра, Москвада ташкил этилган оператив штаб коронавирус аниқланган муҳожирлардан телефон орқали зарурий ёрдам тўғрисида маълумот олиб, у ерга кўнгиллилардан иборат гуруҳ юборилишини таъминлайди.

Ёрдам коронавирус билан касалланган муҳожирларга етказилмоқда.
Ёрдам коронавирус билан касалланган муҳожирларга етказилмоқда.

Қўмита ҳар бир ёрдамга муҳтож бўлган шахсга бир ойга зарур бўлган озиқ-овқат ва зарурий дори-дармон билан таъминлашни ўз зиммасига олишини айтмоқда.

Коронавирус билан касалланган муҳожирларга ёрдам¸ кенгаш етакчилари таъкидича¸ Россиядаги тадбиркорлар ва оддий муҳожирлар хайрия ўтказмалари ҳисобига амалга оширилмоқда.

Озодлик ихтиëрида ҳозиргача йиғилган хайрия маблағининг миқдори ва унинг айнан қанча муҳожирга ëрдам учун сарфланганига оид аниқ рақамлар йўқ.

Шунингдек, тузилма ходимлари касаллик юқтириб олган хорижликларга тиббий ёрдам чақириш ва даволаниш бўйича маслаҳат беришда воситачилик қилмоқда.

Озодлик суҳбатлашган Москвада вирус юқтирган ўзбекистонлик муҳожирлардан бири уйда даволанаётгани ва маҳаллий қонунчиликка кўра, кўчага чиқиш мутлақо тақиқланганини билдирди.

Квартирасида 4 нафар бўлган ўзбекистонлик уларга ёрдам берувчи ташкилот кўнгиллилари етарли озиқ-овқат ва дорилар билан таъминлаётганини айтди.

- Хонада 4 киши турардик. Икки шеригимизда коронавирус аниқланди, ҳарорати юқори бўлгани учун касалхонага олиб кетишди. Қолган икки кишида ҳам бор экан вирус, фақат аҳволимиз дуруст. Бизга уйдан чиқмаслик тўғрисида ҳужжатга имзо чектиришди. Биз қандай озиқ-овқат сотиб оламиз, дориларни қандай сотиб оламиз? Шу тузилган ташкилотга мурожаат қилган эдик, улар бизнинг дориларимизни олиб беришди, озиқ-овқатлар билан таъминлаяпти. Кўнгиллилардан кимдир буюмларни олиб келиб, эшигимиз тагига қўйиб кетяпти, деди исмини очиқламасликни сўраган ўзбекистонлик муҳожир йигит.

Кўнгиллилар озиқ-овқат ва дори-дармонни шу тарзда қолдириб кетмоқда
Кўнгиллилар озиқ-овқат ва дори-дармонни шу тарзда қолдириб кетмоқда

Жамоатчилик Кенгаши тузган Ахборот марказида касалланган мигрантлар учун ўзбек, рус, тожик ва қирғиз тилларида сўзлашувчи операторлар фаолият юритмоқда.

Коронавирус билан касаллангани расман тасдиқланган ва оғир аҳволда бўлган хориж гражданлари +7 903 561 8585 ягона рақами орқали call-марказга мурожаат қилишлари мумкинлиги айтилди.

Россиянинг турли минтақаларидан меҳнат муҳожирлари ягона телефон рақамлари орқали Ахборот марказига мурожаат қилиши лозим эканлигини айтилди.

Жамоатчилик Кенгаши аъзоларининг Озодликка билдиришича, муҳожирларга юридик ва психологик ёрдам ҳам кўрсатилмоқда. Ҳозирча коронавирус билан касалланган мигрантлар сонига оид бирор аниқ маълумотлар йўқ.

Кенгаш маблағ етарли эмаслиги сабабли ҳозирча ёрдам кучлари асосан касалланган муҳожирлар ва улар билан бирга яшаб келаётганларга мўлжалланганлигини билдирмоқда.

Рус ҳукуматининг расмий сайти маълумотича, бугунги кунга келиб, Россияда COVID-19 юқтирганлар сони 93,5 мингдан ошди, ўлганлар эса 867 кишига етди.

Озодлик Россияда вирусдан кун сайин кўпайиб бораётган касалланганлар орасида марказий осиёлик муҳожирлар ҳам аниқланаётгани ҳақида хабар бериб келмоқда.

Улардан бири - Россиянинг Воронеж шаҳрида коронавирусга чалинган ўзбекистонлик муҳожир вафот этди.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG