Линклар

Шошилинч хабар
04 июл 2020, Тошкент вақти: 04:19

Москва яқинида тириклай ёниб кетган ўзбеклар шахси аниқланди. Уларнинг энг ёши 24, энг каттаси 44да бўлган (ВИДЕО)


Дурнихада ёнган иморатнинг иккинчи қавати ёғочдан ясалган бўлган.

Москва вилояти Раменское тумани Дурниха қишлоғида 5 май куни юз берган ёнғинда куйиб кетган олти нафар ўзбек муҳожирининг шахси аниқланди.

Расмий маълумотда қайд этилишича, улардан уч нафари аёл ва уч нафари эркак киши бўлган. Ёниб кетганларнинг энг ёши 24да, энг каттаси эса 44 ёшда бўлган.

Москва вилоят Тергов қўмитаси мухожирлар ётоқхонасида юз берган ёнғинга электр тармоғидаги носозлик сабаб бўлганини тахмин қилмоқда.

Нобуд бўлган ўзбекистонликларнинг Озодлик билан суҳбатлашган яқинлари ҳодиса тафсилотларини сўзлаб беришди.

"Хавфсизлик техникасига риоя қилинмаган!"

Россия Тергов қўмитасининг Москва вилоят бошқармаси Раменское туманига қарашли Дурниха қишлоғида 5 май тонг саҳарда 6 нафар ўзбекистонлик ҳаётига зомин бўлган ёнғин сабабларига оид дастлабки маълумотларни эълон қилди. Терговчиларга кўра, 20дан зиёд ўзбекистонлик муҳожир ижарада турган уйда электр энергиясидан хавфсиз фойдаланиш қоидалари қўпол равишда бузилган.

-Ёнғинга, дастлабки тафтиш маълумотларига кўра, электр тармоғи носозлиги сабаб бўлган. Икки қаватли бино ёнғин хавфсизлиги қоидаларига мутлақо риоя қилмасдан қурилган, - деди Озодликка исмини ошкор қилмаган тергов ходимларидан бири.

Озодликнинг расмий манбалардан олган маълумотича, Раменское тумани Дурниха қишлоғи, 96а уйда 5 май куни нобуд бўлганлар рўйхати қуйидагича:

1. Сатторова Гулмира, 1982 йилда Навоий вилоятида туғилган;

2. Сатторова Замира, 1976 йилда Навоий вилоятида туғилган;

3. Бўриева Комила, 1990 йилда туғилган;

4. Сафаров Истам, 1979 йилда туғилган;

5. Абдиманнонов Сафарбой, Навоий вилоятида 1996 йилда туғилган;

6. Бобоқулов Исомиддин, 1981 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган.

Тергов расмийлари ўзбек муҳожирлари масаласи Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси томонидан назоратга олингани ва улар билан ҳамкорликда суриштирув ишлари олиб борилаётганини маълум қилди.

Жасадлар қаттиқ куйиб кетгани сабабли ДНК экспертизалари олиб борилаётгани ва мурдалар кимга тегишли экани аниқланаётганини билдиришди.

"Улар чувалчанг териб, кун кечирган"

Озодлик мухбирлари Дурниха қишлоғидаги ҳодиса жойига бориб, ёниб кетган муҳожирлар яқинлари билан учрашди.

6 ўзбек муҳожири Москвада тириклай ёниб нобуд бўлди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:31 0:00

Суҳбатдошларимиздан бири Раҳимжон. У бино ёнаётган пайтда иккинчи қаватдан сакраб, ўлимдан омон қолганини, аммо оёғи жароҳатланганини айтди.

- Мен уларни бирортасини танимайман - кўпчилик энди шаҳардан келганди. Мен иккинчи қаватдан қочиб чиқаётганимда оёғимдан жароҳат олдим. Тутун ҳидини сезиб уйғонсак, пастимиздан олов чиқаётган экан. Ўлганлар иккинчи қаватда яшарди, нима учун чиқолмаганини билмадим.

Озодлик суҳбатлашган Зойир исмли бошқа бир муҳожир ўтда қолган Гулмира ва Замира аммасининг қизлари эканини айтди:

- Ўзи улар икки кун бўлганди келганига. Шаҳарда иш қолмаганидан кейин ишсиз эди, бу ерга меҳмонга келувди, - дейди Зойир.

Ўзбек муҳожирлари полиция уларнинг паспортларини олиб кетгани ва ҳеч кимга маълумот бермаслик тўғрисида тилхат олдирганини ҳам маълум қилди.

Суриштирув натижасида ёниб кул бўлган бинода яшаб келган ўзбекистонликларнинг аксари шаҳарда ишсиз-маблағсиз қолиб, ижара пулини тўлолмасдан келиб қолган ишчилар экани маълум бўлди.

Шу қишлоқда кун кечириб келган жиззахлик Фарруҳнинг айтишича, ёнғин чиққан ҳовлида асосан гумус учун ён-атрофда чувалчанг териб, махсус қутиларга жойлаштириб кун кечирган муҳожирлар яшаган.

Озодлик Дурнихада куйиб кетган Навоийнинг Навбаҳор туманидан Москвага меҳнат муҳожирлигига келган 24 яшар Сафарбой Абдиманнонов акаси Юсуфжон билан суҳбатлашди.

Юсуфжон Москва шаҳрида ва вилоятида изоляция шароитида иш тополмаган укаси Раменскоедаги бу ҳовлига қандай келиб қолганини айтиб берди.

- Укам Озодлик Радиоси репортаж қилган “Перекрёсток” складида ишлаб юрарди. Заказлар кўпайиб кетиб, дам олишсиз ишлаган укамни оёғи оғриб қолди ва шу жойга “кунлик 1,5 минг рубль бераркан”, деб кетиб қолди. Ўтган куни гаплашганимизда “Яхшиман, ҳаммаси ўзимизни қишлоқдан, ишим яхши, хавотир олманг!”, деди. Улар чувалчангларни упаковка қиларди. Ҳар бир коробкага пул бераркан, деди Юсуфжон.

Суҳбатдош ёнаётган уйдан чиқиб, қутулиб қолган мухожирлар билан суҳбатлашиб, Сафарбой ёнғинда қандай қолиб кетганини аниқлаганини сўзлади.

- Эрталабки 4ларда ёнғин бошланганида улар ухлаб ётган. Эътибор берган бўлсангиз, икки қаватли бинонинг иккинчи қавати тўлиқ тахтадан ясалган. Ёнғин 1-этаждан чиқиб, тутун иккинчи қаватга борганида, биттаси уйғониб ҳаммасини кўчага олиб чиққан. Орасида биттаси “Документларим қолиб кетибди!”, деб орқага қайтган. Укам ҳам шуни орқасидан кирибди-да. Биринчи этаж ёниб бўлган, улар иккинчи қаватдан ёниб бўлган тахталар қулаб, биринчи қаватга аланга ичига тушган. Ёпиқ хонада улар ҳушидан кетганми, димиққанми - ўша жойда жасади топилди.

Полиция тергов-суриштирув ишларини давом эттирмоқда.

Россиянинг турли ўлкаларида ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг ёнғинда оммавий нобуд бўлган бошқа ҳолатлар олдин ҳам кузатилган.

2020 йилнинг январида Томск вилояти Асиновск туманидаги ёниб кетган ёғочдан қурилган ётоқхонада 12 меҳнат муҳожири ҳалок бўлганди.

Энг катта фожиалардан бири 2012 йилнинг апрелида содир бўлган. Москванинг Качалово бозорига тегишли омборлардан бирида чиққан ёнғин оқибатида 17 сурхондарёлик юк ташувчи йигитлар жасади топилгани тўғрисида Озодлик хабар берган эди.

Шарҳларни кўринг (3)

Бу форум ёпилган

Алоқадор

XS
SM
MD
LG