Линклар

Шошилинч хабар
06 июл 2020, Тошкент вақти: 05:11

Халқаро хабарлар

Генерал Ҳафтар кучлари Триполидан чекинди

Генерал Халифа Ҳафтар.

Генерал Халифа Ҳафтар бошчилигидаги Ливия миллий армиясига мансуб отрядлар ўзларига қарши курашаётган Миллий муроса ҳукумати кучларига бир неча бор мағлуб бўлганларидан кейин Триполи атрофини тўла тарк этишди.

Шу тариқа Ҳафтар кучларининг Ливия пойтахтини эгаллаб олиш бўйича 14 ой муқаддам бошланган уриниши муваффақиятсизлик билан якунланди.

Ҳафтарнинг рақиблари халқаро аэропорт ва Триполи жанубидаги бошқа ҳудудларни эгаллаб олишга муваффақ бўлдилар.

Ҳафтар кучларининг чекингани жанговар ҳаракатлар тугаганини англатмайди – ўзаро кураш олиб бораётган томонларнинг ҳар иккиси сулҳ музокараларига розилик берганига қарамасдан, жанглар давом этмоқда.

Ливияда фуқаролар уруши кетяпти. Ҳозирда мамлакат ғарби ва пойтахт Триполини Миллий муроса ҳукумати ўз назорати остида тутиб турибди. Уни БМТ, ғарб мамлакатлари, Туркия ва Қатар дастакламоқда.

Мамлакат шарқи ва жанубининг бир қисмини Ливия намояндалар палатаси назорат қилмоқда. 2014 йилда сайланган бу гуруҳ “Тобрукдаги ҳукумат” сифатида танилган. Уни генерал Халифа Ҳафтар бошчилигидаги Ливия миллий армияси дастакламоқда. Унга, ўз навбатида, БАА ва Миср кўмак бермоқда.

Ҳафтар бир неча бор Москвага ташриф буюриб, россиялик юқори лавозимли амалдорлар билан музокаралар олиб борган. Россия расман ўзаро кураш олиб бораётган томонларнинг ҳеч қайсисини дастаклаётгани йўқ, бироқ Ҳафтар отрядлари назорат қилаётган ҳудудда “Вагнер хусусий ҳарбий ширкати” ёлланма жангчилари борлигига оид кўплаб гувоҳликлар бор.

Ўтган ҳафта АҚШ Қуролли кучларининг Африка қўмондонлиги Россия яқинда Ливияга камида 14 та жанговар учоқ ташлагани, бу учоқлар Ливия миллий армиясининг мамлакат марказидаги ҳаво базасида турганини билдирган. Москва Ливияга учоқ ташланганини рад этиб келмоқда.

Кун янгиликлари

Озодлик радиоси қирғиз хизматининг таниқли журналистларидан бири Бубукан Дўсалиева вафот этди

Бубукан Дўсалиева 62 ёшда эди.

Озодлик радиоси қирғиз хизмати - Азаттиқ радиосининг 6 июнга ўтар кечаси хабар беришича, Қирғизистондаги таниқли журналистлардан бири Бубукан Дўсалиева вафот этди.

“Қирғиз маданий жамоатчилиги, журналистикаси ва Азаттиқ радиоси оғир жудоликка учради. 5 июлда кутилмаган касаллик оқибатида Бубукан Дўсалиева 62 ёшида вафот этди”,-дейилади хабарда.

Бубукан Дўсалиева Қирғизистондаги таниқли журналист, олима, сиёсатшунос ва педагог эди. У сиёсатшунослик фанлари номзоди, “Қирғизистон маданият арбоби” унвонига эга бўлган.

Бубукан Дўсалиева Қирғизистонда сўз ва матбуот эркинлиги ривожланиши учун улкан ҳисса қўшган журналистлардан биридир.

Бубукан Досалиева 1995-2010 йилларда ва 2017 йилдан умрининг сўнгги кунларигача Озодлик радиоси қирғиз хизматида мухбир, мультимедиа продюсери, радио эшиттиришлар бош муҳаррири, радио продюсери лавозимларида ишлаган.

Азаттиқ радиоси Бубукан Дўсалиеванинг оиласига ва қариндошларига чуқур қайғу билан ҳамдардлик билдирган.

Озодлик радиоси Бубукан Дўсалиеванинг оиласига ва қариндошларига ҳамдардлик билдиради.

Жаҳон бўйлаб бир кунда коронавирусга чалиниш ҳолатлари бўйича рекорд қайд этилди

Бишкекда беморлар сони кескин ўсаётгани боис, янги даволаш муассасалари очилмоқда, 4 июль, 2020, Қирғизистон

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 4 июль куни бир кунда коронавирусга чалиниш ҳолатлари бўйича рекорд кўрсаткич қай этилганини маълум қолди.

Ташкилотга кўра, сўнгги 24 соат ичида жаҳон бўйлаб 212 минг 326 нафар одам вирусга чалинган.

Энг кўп ҳолатлар АҚШ, Бразилия ва Ҳиндистонда қайд этилган. Бундан олдинги рекорд кўрсаткич 28 июнь куни қайд этилганди. Ўшанда 24 соат ичида 189 минг 077 нафар одам вирусга чалингани маълум қилинганди.

АҚШда коронавирусга чалиниш ҳолатлари кўпайиб борар экан, мамлакат Мустақиллик кунини нишонлади. 40 штатда вирусга чалиниш ҳолатлари ошмоқда.

Аммо АҚШ президенти Дональд Трамп тестлар сони кўпайганини айтиб, тарқалиш кўламини кичрайтириб кўрсатишга уринди. Мутахассисилар мамлакатда нафақат вирусга чалинганлар, балки тест топширганлар орасида ижобий натижалар сони кўпайганини айтмоқда. Флоридада бир кунда рекорд 11 458 нафар одам вирусга чалинди.

Европада инфекция авжига чиққан пайтда ҳам бирор мамлакатда бундай кўрсаткич қайд этилмаган эди.

Ҳукумат вакили Россиянинг G7 гуруҳидаги роли АҚШ билан муҳокама қилинганини рад этди

Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков, 22 июнь, 2020, Австрия

4 июль куни Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков Москва Вашингтон билан кенгайтирилган G7 – «Катта еттиталик»да Россиянинг ўрни масаласида музокара олиб бормаётганини таъкидлади.

«ТАСС» агентлигига берган интервьюсида Рябков:

- Россия бундай музокара ўтказгани йўқ, ўтказмоқчи ҳам эмас, - деди.

3 июль куни АҚШнинг Россиядаги элчиси Жон Салливан Вашингтон Россия Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда бошқа G7 ҳукуматлари билан «Катта еттиталик»да Россияга муносиб ўрин бор ёки йўқлигини муҳокама қилаётганини айтган эди.

Май ойида АҚШ президенти Дональд Трамп гуруҳга Россияни қайтариш масаласини тилга олган эди.

Россия G7 гуруҳининг аъзоси эди, аммо 2014 йилда Қрим минтақасини аннексия қилиб олгани учун гуруҳдан четлатилди.

Рябков кенгайтирилган G7 гуруҳига Хитой ҳам киритилиши кераклиги, чунки ҳозирги кунда айрим масалаларни Хитойсиз муҳокама қилиб бўлмаслигини қўшимча қилди.

АҚШда коронавирус ва намойишлар фонида Мустақиллик куни нишонланди

АҚШ президенти Дональд Трамп Мустақиллик куни муносабати билан нутқ сўзлашга ҳозирланмоқда, 3 июль, 2020, Жанубий Дакота.

АҚШда коронавирусга чалиниш ҳолатлари кескин кўпайиб, ирқчиликка қарши намойишлар авж оларкан, президент Дональд Трамп Оқ уйда Мустақиллик куни байрами муносабати билан тадбир ўтказди.

4 июль куни ўтказилган тадбирга таклиф қилинганлар орасида ҳарбийлар ҳамда коронавирусга қарши курашга муҳим ҳисса қўшган тиббиёт ходимлари бўлди.

Пойтахт Вашингтонда минглаб одам ҳарбий учоқлар паради ҳамда мушакбозликни томоша қилиш учун кўчага чиқди. Аммо бу йилги томошабинлар сони ҳар йилгидан анча оз бўлди.

Жорий йилда коронавирус пандемияси туфайли мамлакат бўйлаб байрам тадбирларининг 80 фоизи бекор қилингани айтилмоқда.

Коронавирус туфайли нобуд бўлган америкаликлар сони 130 мингдан ошган бир пайтда Трамп мамлакатнинг коронавирусга қарши курашини олқишлади.

Трамп «ғазабнок тўдалар» ҳамда «радикал сўл қанот» Америка қадриятлари ва тарихига таҳдид солаётганини таъкидлади.

Трамп нутқ сўзлар экан, Black Lives Matter ҳаракати тарафдорлари Вашингтон кўчалари бўйлаб акция ўтказди.

25 май куни афроамерикалик Жорж Флойднинг оқ танли полициячи томонидан ўлдирилиши АҚШ шаҳарларида норозилик намойишлари ҳамда ўғрилик ва талон-торож бошланиб кетишига туртки бўлган эди.

Намойишлар бир ойдан бери тинчимаяпти.

Афғонистон президентининг коронавирус юқтирган махсус вакили оламдан ўтди

Миллати ўзбек бўлган Ғазанфар таниқли тадбиркор эди.
Афғонистон президенти Ашраф Ғанининг иқтисодий ва савдо масалалари бўйича махсус вакили Муҳаммад Юсуф Ғазанфар коронавирус инфекцияси туфайли оламдан ўтди.

Бу ҳақда президент ёрдамчиларининг бири Фрайдун Илҳом маълум қилди.

Ғазанфар коронавирус туфайли нобуд бўлган энг юқори лавозимли афғонистонлик расмийдир.

Илҳомнинг сўзларига кўра, махсус вакил Туркия шифохоналарининг бирида қазо қилган.

Миллати ўзбек бўлган Ғазанфар таниқли тадбиркор эди.

Расмий маълумотларга кўра, 3 июлга қадар Афғонистонда 32 324 нафар одам коронавирусга чалинди, уларнинг 819 нафари нобуд бўлди.

Покистонда поезд ва автобус тўқнашиб кетиши ортидан 22 нафар зиёратчи ҳалок бўлди

Покистон шимолида поезд сикҳ зиёратчиларни олиб кетаётган автобус билан тўқнашиб кетиши ортидан 22 нафар одам ҳалок бўлди, яна бир неча одам жароҳат олди.

Расмий маълумотларга кўра, фожиа 3 июль куни Панжоб вилоятида Шейхупура шаҳри яқинида содир бўлган.

Полиция зиёратчилар Пешовар шаҳри турғунлари эканлигини маълум қилди. Улар сикҳизм динининг муқаддас зиёратгоҳларидан бири жойлашган Нанкана-Соҳиб шаҳридан қайтаётган бўлган.

Хабарларга кўра, ҳалок бўлганларнинг барчаси бир оила аъзоларидир. Улар орасида аёллар ва ёш болалар ҳам бўлгани айтилмоқда.

Покистон бош вазири Имрон Хон жабр кўрганлар оила аъзоларига қайғу изҳор қилди ҳамда мамлакатдаги темир йўллар хавфсизлиги масаласи кўриб чиқилишини айтди.

Покистонда поезд ҳалокатлари тез-тез содир бўлиб туради.

Жорий йилнинг февралида мамлакат жанубида поезд автобус билан тўқнашиши натижасида 19 нафар йўловчи нобуд бўлган эди.

MH17 суди айланувчиларнинг уларга кўпроқ вақт бериш илтимосини қондирди

Нидерландиянинг Ҳаага шаҳридаги суд 2014 йилда Украина ҳаво ҳудудида Malaysia Airlines авиакомпаниясига қарашли учоқнинг уриб туширилишга бевосита алоқадорликда айбланаëтганлар адвокатларининг альтернатив теорияларни кўриб чиқиш учун уларга кўпроқ вақт бериш илтимосини қондирди.

3 июль куни суд айбланувчилар адвокатлари ва мутахассисларига учоқ қолдиқларини кўришга изн беришни буюрди. MH17 рейси учоғи қолдиқлари Нидерландияда ҳарбий базада сақланмоқда.

MH17 рейси учоғи 2014 йил 17 июлда Украина шарқида россияпараст айирмачилар назоратидаги ҳудудда уриб туширилган эди. Халқаро тергов гуруҳи олти йиллик тергов ортидан учоқ Россияда ишлаб чиқарилган «БУК» ракетаси билан уриб туширилганини хулоса қилган.

Учоқ бортида Амстердамдан Малайзияга учаётган оддий йўловчилар бор эди. Барча йўловчилар ва экипаж аъзолари ҳалок бўлди.

Қурбон бўлганлар орасида 193 нафар Нидерландия фуқароси, шунингдек, 43 нафар малайзиялик ва 38 нафар австралиялик бор эди.

4 нафар айбланувчи – Россия фуқаролари Игорь Гиркин, Сергей Дубинский ва Олег Пўлатов ҳамда Украина ватандоши Леонид Харченко – ҳибсга олиш учун халқаро ордер берилганига қарамай, ҳамон очиқда қолмоқда. Шунинг суд айбланувчилар иштирокисиз бўлиб ўтмоқда.

Айбланувчилар орасида фақат Пўлатов Нидерландияда бўлиб ўтаётган суд мажлисида ўз номидан иш кўриш учун адвокатлар ёллади. Қолган уч нафар айбланувчи эса адвокат юбормаган.

Россия ҳарбийлари MH17 рейси учоғини уриб туширишга бевосита аралашганига оид исботлар бўлишига қарамай, Кремль бу ишга дахли борлигини мунтазам суратда рад этиб келмоқда.

Туркияда саудиялик журналист Жамол Хашоггининг ўлими юзасидан маҳкама бошланди

Жамол Хашогги.

Туркия суди 2018 йил октябрида саудиялик журналист Жамол Хашоггининг ўлдириб кетилганига оид жиноят ишини кўриб чиқа бошлади.

Хашоггининг ўлими юзасидан 20 нафар саудияликка айблов билдирилган. Улар сиртдан судланмоқда.

Саудия Арабистони расмийларини танқид қилиб келгани билан танилган журналист Жамол Хашогги ўз мамлакатининг Истанбулдаги консулхонасида ўлдирилган. Ар-Риёд журналистнинг қўполлик билан юритилган махсус амалиёт чоғида ўлдирилгани ва мамлакат раҳбарияти бу ўлимга санкция бермаганини иддао қилмоқда.

Туркияда судланаётганлар орасида Саудия разведкаси раҳбарининг собиқ ўринбосари Аҳмад ал-Асирий ва қирол оиласининг собиқ маслаҳатчиси Сауд ал-Қаҳтонийлар ҳам бор. Улар одамларни қасдан қотилликка рағбатлантирганликда айбланмоқдалар.

Тергов маълумотларига кўра, журналистнинг мурдаси парчаланиб, консуллик биносидан олиб чиқиб кетилган. Жасад парчалари ҳали ҳам топилган эмас.

Ўтган йил декабрида Саудия суди Хашогги ўлимида айбланган беш кишини ўлимга ҳукм этган, айбланувчилардан яна уч нафарига қамоқ жазоси берилган. Маҳкама ёпиқ эшиклар ортида ўтган.

Ўтган йил апрелида АҚШ Давлат департаменти ал-Қаҳтоний дохил 16 нафар саудияликни Қўшма Штатларга кириши тақиқланган шахслар рўйхатига киритган. АҚШ разведкаси вакиллари сўнгги пайтларда Қўшма Штатларда яшаб, Washington Post газетаси билан ҳамкорлик қилиб келган Жамол Хашогги ўлими ортида шахсан шаҳзода Салмон турган бўлиши мумкинлиги ҳақида ўз мулоҳазаларини билдирганлар.

Қозоқ-ўзбек чегарасида яна юзлаб муҳожир йиғилиб қолди

"Жибек Жўли" НЎП яқинидаги автовокзалида йиғилиб турган муҳожирлар, 2020 йил 3 июли.

Коронавирус пандемияси туфайли бир неча ойдан бери ёпиқ турган Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасида аксариятини тожикистонлик ва ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ташкил этган мингдан зиёд одам йиғилиб қолди. Улар Туркистон вилоятининг Сариағаш туманидаги “Жибек Жўли” назорат-ўтказиш маскани яқинидаги автовокзал ҳудудида тўпланиб турибди.

Улардан айримлари Озодликнинг қозоқ хизмати мухбирига бу ерга келганларига бир ҳафтадан ошганини билдирганлар. “Кундузлари бу ерда қуёш куйдиради, тунлари эса совуқ. Ерларда ётишга мажбур бўляпмиз, одам кўп, жой йўқ, егулик олиб ейишга пулимиз ҳам йўқ”, дейишган улар.

Автовокзалда юрганларнинг кўпчилигини эркаклар ташкил этади, улар орасида ёшлар ҳам, қариялар ҳам бор. Улар Қозоғистонда мардикорлик билан шуғулланиб юрганлари, бироқ карантин туфайли ишсиз қолганлари ва эндиликда туғилган юртларига қайтишга ҳаракат қилаётганларини айтганлар.

Озодликнинг қозоқ хизмати мухбири автовокзал ҳудудидаги одамлар кун бўйи олов пуркаётган қуёшдан қочиб, ўзларига салқин жой топишга уринаётганларига гувоҳ бўлган. У бу ердаги эркаклардан бири ҳолдан тойиб йиқилгани, унга ёнида турган кишилар ёрдам беришга ҳаракат қилганларини кўрган.

Бу ерда тартиб-интизомни таъминлаш учун қозоқ полициясининг ўндан зиёд ходими жалб этилган. Автовокзалнинг бир томонига бир неча катта чодир тикилган. Уларга Тожикистон ватандошлари жойлаштирилган.

Воқеа жойида бўлган Тожикистон элчихонаси ходими бу борада изоҳ беришдан бош тортган. Ўзбекистон элчихонаси ходими Бахтиёр Камолов эса одамларнинг йиғилиб қолишини чегаранинг нариги томонида аввал ўтказиб юборилган одамларни ҳали карантин ҳудудидан чиқаришга улгурмаганлари билан изоҳлаган. Унга кўра, ҳозирда “Жибек Жўли” масканида қарийб 1,5 минг нафар ўзбекистонлик чегарадан ўтишга рухсат кутиб турибди.

Қозоғистон чегара хизматининг ўз номини айтишни истамаган ходими Озодлик мухбирига чегарадан ўтказилажак одам сонини Ўзбекистон белгилашини билдирган. “Кунига 300, баъзан эса 500 нафар одам ўтказяпмиз. Бугун эрталаб 300 га яқин одам ўтди”, деди у.

Ўзбекистон ўз чегараларини коронавирус пандемияси туфайли март ойи охирида ёпган. Шу важдан у аввал ҳам қўшни мамлакат ватандошларининг ўз ҳудуди орқали ўтиб кетишига рухсат берган эмас. Натижада юзлаб тожикистонлик Ўзбекистон орқали ватанига ўтиб кетиш илинжида бир неча ҳафта чегара яқинида туриб қолган. Улар автовокзал ҳудудини июнь ойи бошларида тарк этишга муваффақ бўлганлар.

Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ) 19 июнь куни 635 нафар тожикистонлик 14 та автобусда “Жибек Жўли” назорат-ўтказиш масканини тарк этганини маълум қилганди. ХМТ маълумотига кўра, йўловчиларнинг қарийб 15 фоизи хотин-қизлардан иборат бўлган. Мазкур сафарни ХМТ Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистон расмийлари билан келишган ҳолда уюштирган.

Ҳабиб Нурмагомедовнинг отаси коронавирусдан вафот этди

Абдулманап Нурмагомедов.

UFC бўйича жаҳон чемпиони бўлган россиялик спортчи Ҳабиб Нурмагомедов отаси Абдулманап Нурмагомедов 57 ёшида Москвада вафот этди.

“Дўстлар, менга Абдулманап Нурмагомедов оламдан ўтгани ҳақида қайғули хабарлар етиб келди. Бутун чечен халқи номидан Абдулманап Магомедовичнинг оиласига самимий таъзия тилакларимни билдираман!..” деб ёзди Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Телеграм тармоғидаги ўз каналида.

Нурмагомедовнинг Инстаграмда 9 ҳафта аввал қолдирган сўнгги пости остида таъзия сўзлари изҳор этилган юзлаб ёзувлар пайдо бўлди.

Абдулманап Нурмагомедов Доғистоннинг Сильди қишлоғида 1962 йилда туғилган. У эркин кураш бўйича СССР спорт устаси бўлган. Россияда хизмат кўрсатган мураббий А. Нурмагомедов чемпион ўғли Ҳабибга ҳам ўзи устозлик қилган. Мураббийлик фаолияти давомида у 18 нафар жаҳон чемпиони етиштирган.

Абдулманап Нурмагомедов апрель ойи охирида пневмония ташхиси билан Махачқалъа касалхоналаридан бирига ётқизилганди. Май ойи бошида унинг аҳволи оғирлашганидан сўнг махсус учоқ билан Москвага олиб кетилган ва ўша ерда у комага тушганди.

Май ойи ўрталарида Ҳабиб Нурмагомедов отасининг коронавирус инфекциясини юқтириб олгани тасдиқлангани ҳақида маълум қилган. Июнь ойи ўрталарида матбуотда А. Нурмагомедовнинг аҳволи яхшилангани ҳақида хабарлар пайдо бўлган эди.

Қозоғистон пойтахтида Нурсултон Назарбоевга ҳайкал қўйилди

Қозоғистон пойтахти Нур-Султондаги Миллий мудофаа университетида мамлакатнинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевга ҳайкал қўйилди. Бу ҳақда Қозоғистон президентининг расмий сайти маълумот тарқатди.

Президент Қасим-Жомарт Тоқаев ҳайкалнинг очилиш маросимида онлайн режимда қатнашган. Унга кўра, Миллий мудофаа университетида Назарбоевнинг ҳайкали ўрнатилиши “ўта рамзий ҳодиса” бўлиб ҳисобланади, чунки Қозоғистон Қуролли кучлари айнан мамлакат мудофаа салоҳияти мустаҳкамланишига алоҳида эътибор қаратган Назарбоевнинг фармони билан ташкил этилган.

Тоқаев Назарбоевни замонавий Қозоғистоннинг асосчиси, деб атади. Унга кўра, Назарбоев мамлакат “тараққиётининг стратегик йўлини белгилаб берган” ва “халқни жипслаштирган”.

Назарбоев шарафига Қозоғистон пойтахти Остонанинг номи Нур-Султон, деб ўзгартирилган. Биринчи президент номи пойтахтдаги аэропортга ҳам берилган. Мамлакатдаги вилоят марказлари ҳисобланмиш Олмаота, Павлодар, Қарағанда, Ақтау, Чимкент, Петропавловск, Атирау, Ўрал ва Ўскемен шаҳарларида Назарбоев номидаги кўчалар бор.

Назарбоевга Қозоғистонда аввал ҳам бир нечта ҳайкал қўйилган, шунингдек, миллий валютанинг йирик купюраси бўлмиш 10000 тангада ҳам биринчи президент портрети акс этган.

Қозоғистонни қарийб 30 йил бошқарган Нурсултон Назарбоев кейинги ҳафта 80 ёшини қарши олади. Икки ҳафта муқаддам унинг коронавирус инфекциясини юқтириб олгани хабар қилинганди, аммо бугунги кунда у хасталикдан фориғ бўлгани айтилмоқда.

Назарбоев шу кунда мамлакат Хавфсизлик кенгашининг раҳбари ва ҳукмрон “Нур Отан” партияси раиси бўлиб ҳисобланади. Парламент томонидан унга берилган “элбоши” мақоми унинг ҳар томонлама дахлсизлигини таъминлайди.

Назарбоевнинг танқидчилари унинг ўз вориси – президент Қасим-Жомарт Тоқаев хатти-ҳаракатларини назорат қилиш орқали мамлакатни бошқаришда давом этаётганини иддао қиладилар.

Франция бош вазири истеъфога кетди

Эдуар Филипп.

Франция бош вазири Эдуар Филипп ўз ҳукумати истеъфосини сўради ва бу илтимос мамлакат президенти Эммануэль Макрон томонидан қабул қилинди.

Янги ҳукумат шакллантирилгунига қадар ҳукуматнинг амалдаги таркиби ўз ишини давом эттириб туради.

Франция ҳукуматида кадрлар алмашиши кутилаётган ҳодиса эди. Президентлик муддати тугашига икки йил қолган Макрон яқинда “янги команда” тузилишини очиқлаганди, дея қайд этади Radio France Internationale. Бунга сабаблардан бири коронавирус эпидемияси оқибатлари бўлгани айтилмоқда.

Айрим тахминларга кўра, президент айни пайтда ўз сиёсатини кўпроқ ижтимоий ҳимояга қаратиб, ўз ҳукумати асосан бизнесни дастаклашга йўналганига оид тасаввурни ўзгартиришга ҳаракат қиляпти.

Елисей саройи янги бош вазир исми яқин соатлар ичида эълон қилинишини билдирган.

Эдуар Филипп Франция бош вазири лавозимида 2017 йил 15 майидан бери фаолият кўрсатиб келаётган эди. 2010 йилгача у Гавр шаҳри мэри бўлиб ишлаган. Жорий йил 28 июнида Филипп Гавр шаҳри маъмурияти раҳбари сайловида яна ғалаба қозонган.

Новосибирскдан Бишкекка 186 нафар қирғизистонлик қайтарилди

Москвадан Бишкекка келган чартер рейси (архив сурати).

Жорий йилнинг 3 июль куни Россиянинг Новосибирск шаҳридан Қирғизистон пойтахти Бишкекка чартер рейси учиб келди. Бу ҳақда Республика тезкор штаби маълум қилди.

Мазкур рейс билан Бишкекка 186 нафар қирғизистонлик қайтган, улар орасида ёш болалар, ҳомиладор аёллар, талабалар ва ногиронлар бор.

Аввалроқ Қирғизистоннинг Россиядаги элчихонаси 20 мартдан бери Қирғизистонга россиядан 11 минг 784 киши қайтганини маълум қилган. Яна 7 мингдан зиёд қирғизистонлик юртига қайтиш истагини билдирган.

Коронавирус пандемияси ортидан чегаралар ёпилгани туфайли кўплаб қирғизистонлик ватанига қайтолмай қолган. Ҳукумат улар учун турли мамлакатлардан чартер рейслари уюштириб келмоқда.

АҚШда ўсмирларни жинсий алоқага мажбурлаган миллиардер Жеффри Эпштейннинг ёрдамчиси қўлга олинди

Гислейн Максвелл Ню-Хемпшир штатида 2 июль куни қўлга олинган.

АҚШда ўсмирларни жинсий алоқага мажбурлаганлик айблови билдирилгани ортидан ўтган йилнинг августида қамоқхонада ўзини ўлдирган миллиардер Жеффри Эпштейннинг собиқ дугонаси ва ёрдамчиси Гислейн Максвелл ҳибс қилинди. Федерал тергов бюроси уни Нью-Хемпшир штатида 2 июль куни қўлга олган.

Максвелл тўрт ҳолатда жинсий алоқа учун ўсмирларни сотиб олганликда ва уларни транспортировка қилганликда, икки ҳолатда ёлғон гувоҳлик берганликда айбланмоқда. У 35 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Миллиардер Эпштейн 2019 йилнинг июлида балоғатга етмаганлар билан жинсий алоқа қилганликда ва уларни бошқа нуфузли одамлар билан жинсий алоқа қилишга мажбурлаганликда айбланиб қўлга олинганди. Миллиардер айбловни тан олмаган.

Орадан бир ой ўтгач Эпштейн Нью-Йорк қамқохонасида осилган холда топилган. Максвелл эса миллиардер ҳибсга олингач, қочиб кетган эди.

Қирғизистонда бир кунда коронавирусдан ўн бемор вафот этди

Сўнгги бир сутка ичида 506 одамда коронавирус аниқланди.

Қирғизистонда коронавирус юққанлар орасидаги ўлим ҳолати бўйича бир кунлик энг юқори кўрсаткич қайд этилди. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 3 июлда билдиришича, бир кунда ўн нафар бемор вафот этди.

Хабарда айтилишича, Иссиқота туман касалхонасида 64, 66, 80 ёшдаги уч эркак ва 62,63 ёшдаги икки аёл, жами 5 киши ўлган.

Бишкекдаги Қирғиз-Турк касалхонасида 58 ёшли аёл, Республика юқумли касалликлар клиникасида 54 ёшли эркак, Новқат туман касалхонасида тиббиёт ходими бўлган 59 ёшдаги аёл, Ўш шаҳар касалхонасида 33 ёшдаги аёл, Қизилқия шаҳар касалхонасида 33 ёшли эркак вафот этди.

Бу билан Қирғизистонда коронавирус ҳолати илк маротаба аниқланганидан то шу кунгача 76 киши вафот этди.

Сўнгги бир сутка ичида 506 одамда коронавирус аниқланди. Коронавирус юққан жами беморлар сони 6767га етди. Улардан 2655 нафари соғайди.

Хитой билан зиддиятга киришган Ҳиндистон Россиядан ҳарбий самолётларни сотиб олади

МиГ-29 ҳарбий самолёти.

Ҳиндистон Хитой билан муносабатлари мураккаблашган бир паллада Россиядан 33та ҳарбий самолёт сотиб олади ва яна 59та самолётини модернизация қилдиради. Мазкур шартноманинг умумий қиймати 2 миллиард 400 минг долларни ташкил қилади.

Ҳиндистон Мудофаа вазирлиги 2 июль куни Россиядан 21 та МиГ-29 ва 12 та Су-30 MKI самолётлари сотиб олинишини билдирди. Бундан ташқари Ҳиндистон армиясида мавжуд бўлган 59 та МиГ-29 модернизация қилинади.

Хабарда айтилишича, самолётларни сотиб олиш масаласи 2 июлда Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Модининг Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқоти пайтида келишилган.

15 июнь куни сўнгги 45 йилда Хитой ва Ҳиндистон ўртасидаги биринчи отишма содир этилган эди. Галван водийсида Хитой аскарлари билан тўқнашув пайтида Ҳиндистоннинг камида 20 ҳарбийси ҳалок бўлди. Отишмада томонлар бир-бирларини айблаган.

Ҳиндистон ва Хитой ўртасида мазкур баҳсли ҳудуд учун 1962 йилда уруш бўлган эди. Бу урушда Ҳиндистон мағлуб бўлган. Ҳиндистон Хитойни 38 минг квадрат метр майдонни босиб олганликда айблаб келади.

Ўтган 30 йил давомида бу масалада ўтказилган музокаралар чегарадаги баҳсли ҳудудлар муаммосини ҳал қила олмади.

Нурсултон Назарбоевнинг коронавирус инфекциясидан халос бўлгани айтилмоқда

Нурсултон Назарбоев.

Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг коронавирус инфекциясига топширган тести натижаси манфий чиққан. Бу ҳақда Назарбоевнинг матбуот котиби Айдос Укибай 2 июль куни Twitter микроблогидаги ўз саҳифаси орқали маълум қилди.

Укибайга кўра, Назарбоев айни пайтда, врачлар тавсиясига мувофиқ, ўзини ўзи яккалаш тартибига амал қилишда ва масофадан туриб ишлашда давом этмоқда.

Қозоғистоннинг собиқ президенти COVID-19 инфекциясига чалингани ҳақида 18 июнь куни маълум бўлганди. Бу маълумот очиқланганидан кейин Назарбоевни яхши таниган узоқ-яқиндаги давлат лидерлари унга тезроқ соғайиб кетишни тилаб, қўлларидан келган ҳар қандай ёрдамга тайёр эканларини билдиргандилар ва улар орасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам бор эди.

Росавиация халқаро авиақатновларга тақиқ муддатини 1 августгача узайтирди

Росавиация мунтазам халқаро авиапарвозларга қўйилган чеклов муддатини август ойи бошигача узайтирди. Аввалроқ муассаса халқаро қатновларни 15 июлдан бошлашни таклиф қилганди. Август ойигача Россияга хорижликлардан кўпчилигининг киришига тақиқ қўйилган.

РБК хабарига кўра, тақиқ муддати узайтирилгани ҳақида Росавиация ўзининг аэропортларга йўллаган телеграммасида маълум қилган. Бу маълумотни агентликнинг ҳукуматдаги манбаси ҳам, Домодедово аэропорти вакили ҳам тасдиқлаган.

Июнь ойи бошида “Интерфакс” агентлиги манбаси Россия аввало МДҲ ва Евросиё иқтисодий ҳамжамиятига аъзо мамлакатлар – Беларус, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Ўзбекистон билан чегараларни очишини маълум қилган.

Аммо ўша пайтда РБК манбаси Росавиация даставвал Европа мамлакатлари, Туркия, Хитой ва Жанубий Корея билан чегараларни очишни таклиф қилишини билдирган.

Сахалинда террорчиларни молиялаштирганликда айбланган ўзбекистонлик 9 йилга қамалди

Россиянинг Сахалин вилоятида 30 июнь куни Шарқий округ ҳарбий суди томонидан “терроризмни молиялаштириш орқали террорчилик фаолиятига кўмаклашганлик”да айбланган ўзбекистонликка ҳукм ўқилди. Бу ҳақда Сахалин вилоят прокуратураси матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, суд исми ошкор қилинмаган ўзбекистонликнинг 2018 йил октябрь-декабрь ойларида Россия Федерациясида фаолияти тақиқланган халқаро террорчилик ташкилотини молиялаштириш мақсадида тўлов терминаллари орқали “QIWI” ҳамён электрон ҳисоб рақамига боғланган телефон рақамига пул ўтказганини аниқлаган. Судланувчи томонидан жами 24 минг 600 рубль ўтказилган.

Суд давлат қораловчиси далолатини эътиборга олган ҳолда ўзбекистонликни 9 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарган. Ҳукмга мувофиқ, у жазони қаттиқ режимли колонияда ўтайдиган бўлган.

Туркия суди Истанбулдаги Аё София ибодатхонаси мақомини қайта кўриб чиқади

Истанбулдаги Аё София ибодатхонаси.

Туркия Олий маъмурий суди Истанбулдаги Аё София ибодатхонасини жомеъ масжидга айлантириш-айлантирмаслик масаласини кўриб чиқади. “Онадўли” агентлиги хабарига кўра, бунга оид қарор 2 июль куни ёки 15 кун ичида қабул қилиниши мумкин.

Мазкур ибодатхона 532-537 йилларда Византия императори Юстиниан I буйруғига кўра қурилган. Аё София қарийб минг йил давомида Христиан оламининг энг катта черкови бўлган.

1204-1261 йилларда грек православ черкови ибодатхонаси рим-католик ибодатхонасига айлантирилган. Бу Лотин империяси даврида содир бўлган.

1453 йили Истанбул Усмоний империяси томонидан фатҳ этилганидан кейин ибодатхона масжидга айлантирилган. Бино атрофида тўрт минора қад ростлаган. 1934 йили Аё София музейга айлантирилган. Ҳозирда ибодатхона ЮНЕСКО жаҳон мероси рўйхатида туради.

Бино мақомини яна ўзгартириш ва уни масжидга айлантиришга Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон чақирмоқда. Мухолифат партиялари президент бу билан ватандошларни иқтисодий бўҳрон ва коронавирус пандемияси муаммоларидан чалғитишга уринмоқда, деб ҳисоблайдилар.

Аё София ибодатхонасига ҳар йили миллионлаб турист ташриф буюради. Истанбул расмийларига кўра, биргина 2019 йилнинг ўзида меъморий обидага 3,7 миллион турист ташриф буюрган.

Помпео: АҚШ бундан буён ҳам Марказий Осиё мамлакатлари мустақиллигини дастаклашда давом этади

АҚШ Давлат котиби Майк Помпео.

АҚШ Давлат котиби Майк Помпео “C5+1” форматида 30 июнь куни марказий осиёлик ҳамкасблари билан ўтказилган онлайн учрашувни юқори баҳолади.

Помпео Твиттердаги ўз саҳифасида АҚШ бундан буён ҳам Марказий Осиё давлатлари мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини дастаклашда давом этиши ҳақида ёзди.

АҚШ ва Марказий Осиёнинг беш давлати (C5 + 1) ташқи ишлар вазирларининг галдаги учрашуви сешанба куни онлайн шаклда ўтказилган. Учрашувда АҚШ Давлат котиби Майк Помпео, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов, Қирғизистон Ташқи ишлар вазири Чингиз Айдарбеков, Қозоғистон Ташқи ишлар вазири Мухтар Тлеуберди, Тожикистон Ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин ва Туркманистон Ташқи ишлар вазири Рашид Мередов иштирок этганлар.

Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати маълумотига кўра, учрашувда томонлар минтақавий иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, замонавий таҳдид ва хатарларга, жумладан, коронавирус тарқалишига қарши курашнинг долзарб масалаларини муҳокама қилганлар.

Ташқи сиёсат идоралари раҳбарларининг нутқларида “C5+1” шакли Марказий Осиёда тинчлик, барқарорлик ва тараққиётни илгари суриш платформаси сифатида ўзининг аҳамияти ва долзарблигини намойиш этишда давом этаётганлиги тасдиқланган.

Айни пайтда АҚШ томони Марказий Осиё минтақасини иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш ва савдо-сотиқни кенгайтириш учун ўз потенциалини ишга солишга ҳозирлигини билдирган.

“C5+1” гуруҳи учрашувлари 2015 йилдан бери ўтказиб келинади. Гуруҳнинг илк учрашуви Ўзбекистоннинг Самарқанд шаҳрида ўтказилган эди.

Қозоғистонда 5 июлдан икки ҳафтага карантин чоралари кучайтирилади

Олмаота шаҳридаги йўловчилар, 2020 йил 29 июни.

Қозоғистонда ҳукумат комиссияси “эпидемиологик вазиятни барқарорлаштириш” бўйича 5 июлдан 14 кунлик карантин чораларини жорий этиш ҳақидаги қарор қабул қилди. Мазкур чоралар оммавий тадбирларни тақиқлаш, кўча, боғ ва хиёбонларда уч нафардан кўп одам бирга юришини чеклаш кабиларни ўз ичига олади. Таклиф этилаётган чоралар тафсилотларини 2 июль куни бўлиб ўтган комиссия мажлисида соғлиқни сақлаш вазири Алексей Цой очиқлади.

Чораларда ҳудудлараро йўловчи ташийдиган транспорт алоқасини тўхтатиш, шаҳарлар ичидаги транспорт фаолиятига чеклов киритиш кўзда тутилган. Ҳудудлараро авиаалоқа ва темирйўл алоқаси “чекловлар билан” сақлаб қолинади, халқаро авиаалоқани ҳам мамлакатлар рўйхатини кўпайтирмаган ҳолда сақлаб қолиш таклиф этилмоқда.

Қозоғистон бош вазири Аскар Мамин ўз чиқишида режаланаётган чеклов чоралари “мамлакатдаги эпидемиологик вазият ривожидан келиб чиққан ҳолда” узайтирилиши ёки кучайтирилиши мумкинлигини билдирди.

Тахминларга кўра, гўзаллик салонлари ва сартарошхоналар, фитнес-марказлар, ҳовуз ва аквапарклар, ёпиқ бозорлар (озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат), маданий ва диний объектлар фаолияти тўхтатилади. Буларга оид тўлиқ рўйхат Қозоғистон бош вазири сайтида ёйинланган.

Ташкилотлар олдига ходимларнинг камида 80 фоизини масофадан туриб ишлатиш талаби қўйилмоқда.

Тиббиёт марказларига олдиндан навбатга ёзилиш тартиби бўйича бориш мумкин бўлади. Дорихона, озиқ-овқат дўконлари ва очиқ бозорлар эса ишини давом эттираверади.

Ёзги майдончаси бўлган кафе ва ресторанлар, йирик қурилиш ва саноат корхоналари, хизмат кўрсатиш объектлари (шу жумладан автомобилларни ювиш шохобчалари), аҳолига хизмат кўрсатиш марказлари, тижорат банкларига эса кучайтирилган санитария-дезинфекция тартибига риоя қилган ҳолда чекланган вақт оралиғида ишлашга рухсат берилади.

Ҳафта бошида Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев минтақа раҳбарлари билан ўтказилган онлайн-учрашувда март—май ойларида бўлгани каби “қаттиқ карантин” жорий этиш зарурлиги ҳақида билдирганди. Жорий йил 13 мартида коронавирусга чалиниш билан боғлиқ илк ҳолат қайд этилганидан кейин мамлакатда қарийб икки ой фавқулодда вазият тартиби амалда бўлган. Ўша пайтда кишиларнинг ҳаракатланиши чекланган, оммавий тадбирлар тақиқланган.

ФВ амалда бўлган пайтда Қозоғистонда ижтимоий ва сиёсий фаоллиги билан танилган шахслар дохил бир қанча киши қўлга олинган ва маъмурий жазога тортилган. Улар “фавқулодда вазият тартибини бузганлик” ва “ФВ даврида ёлғон маълумот тарқатганлик”да айбланган.

Ҳозирда Қозоғистонда коронавирусга чалинганлар сони 42,5 минг нафардан ошган, 14 мингга яқин бемор соғайиб кетган, 188 нафар бемор эса ҳаётдан кўз юмган.

Қирғизистон: Азимжон Асқаровнинг адвокати БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасига мурожаат қилмоқчи

Азимжон Асқаров, 2017 йил.

Қирғиз суди томонидан умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилган ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровнинг адвокати Валерьян Вахитов адвокати БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасига мурожаат қилиш ниятида.

“Қирғизистон халқаро шартномаларни имзолаган, шунинг учун ҳам у мазкур шартномалардаги талабларни бажариши шарт. Олий суд Чуй вилоят суди қарорини ўз кучида қолдирди. Биз барча материалларни йиғиб, БМТга мурожаат қиламиз”, дея иқтибос келтиради Озодликнинг қирғиз хизмати адвокат Вахитов сўзларидан.

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси 2016 йили Асқаров иши бўйича ўз хулосасини тақдим этган. Унда Азимжон Асқаров ҳибсда бўлган пайтда қийноқларга дучор этилгани ҳамда тиббий ёрдам ва холис судлов ҳуқуқидан маҳрум этилгани айтилган. Шу муносабат билан ҳуқуқ фаоли жорий йил февралида Бишкек туманлараро судига мурожаат қилиб, ҳукумат БМТ қўмитаси қарорини бажармаётганини билдирган. Олий суд 15 июнь куни Бишкек шаҳар маъмурий суди Асқаровнинг Қирғизистон ҳукуматига қарши даъво аризаси бўйича маҳкамани тўхтатгани ҳақида маълум қилган.

Ёши 70 ни қоралаган жалолободлик ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров 2010 йил июнь воқеалари чоғида оммавий тартибсизликлар уюштирганлик ва милиция ходимини ўлдирганликда айбланиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. Биринчи инстанция суди ҳукми кейинчалик юқори инстанцияларнинг барчаси томонидан ўз кучида қолдирилган.

АҚШ Сенатига Россия президенти Путинга санкция жорий этиш тўғрисидаги қонун тақдим этилди

Афғонистондаги АҚШ ҳарбийлари.

АҚШ Сенатига 1 июль куни Афғонистонда америкалик ҳарбийларнинг ўлдирилиши учун мукофот пули тўлаган россияликларга нисбатан санкциялар жорий этиш тўғрисидаги қонун лоийҳаси тақдим этилди.

Қонун лойиҳаси Афғонистонда АҚШ аскарларини ўлдирган жангариларга Россия мукофот пуллари тўлагани тасдиқланган ҳолатда қабул қилинади. Лойиҳада президент Владимир Путин ва мудофаа вазири Сергей Шойгуга ҳам санкциялар жорий этиш назарда тутилган.

Қонун лойиҳасида бу шахсларнинг АҚШдаги активларини музлатиб қўйиш, уларнинг АҚШга киришини тақиқлаш каби санкциялар таклиф этилмоқда. Санкциялар Владимир Путинга яқин бўлган олигархлар, Россия сиёсий арбоблари ва уларнинг оилаларига нисбатан ҳам қўлланилади.

26 июнь куни The New York Times газетаси исми ошкор қилинмаган АҚШ расмийлари Россия ҳарбий разведкаси - ГРУ ўтган йилда Толибонга алоқадор жангариларга АҚШ ва АҚШ етакчилигидаги коалиция қўшинларига ҳужум қилиш эвазига мукофот таклиф қилгани ҳақида хабар берган эди.

Вашингтондаги Россия элчихонаси The New York Times мақоласини дарҳол «асоссиз ва аноним айбловлар» дея рад этди.

Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасида юзлаб тожикистонлик тўпланиб қолди

Чегара яқинидаги автовокзалда яшаётган тожикистонликлар.

Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасидаги “Жибек Жоли” назорат-ўтказиш пунктида чегаралар ёпиқлиги сабабли уйига қайтаётган юзлаб тожикистонлик тўпланиб қолди. Бу ҳақда Озодлик радиоси тожик хизмати- Радио Озоди хабар берди.

Тожикистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси 1 июль куни “асосан кексалар ва болалардан иборат тахминан юзга яқин” тожикистонлик уйига жўнатилганини билдирган эди. Бунга қадар улар бир неча ҳафта чегара -ўтказиш пункти яқинидаги автовокзалда яшашга мажбур бўлишган.

Тожикистон элчихонаси 1 июлда жўнатилган тожикистонликлар ўрнига яна Россиядан бошқа юзлаб ватандошлар етиб келганини маълум қилди.

Тожикистонликларнинг айтишларича, ҳозирда чегара пунктида камида 300 киши қолмоқда.

19 июнь куни Халқаро миграция ташкилоти АҚШ, Норвегия ва ЮНИСЕФ молиявий қўлловида Тожикистоннинг 635 фуқаросини 14та автобусда Қозоғистондан уйига элтиб қўйган эди. Бу тадбир Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукумати билан келишилган ҳолда амалга оширилган.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG