Линклар

Шошилинч хабар
14 июл 2020, Тошкент вақти: 01:23

Чехия рицин ҳужуми ҳақида бўхтон тарқатган рус дипломатларини бадарға қилади


5 июнь куни Чехия ташқи ишлар вазири Томаш Петршичек билан биргаликда матбуот анжумани  ўтказган Бабиш икки рус дипломати бадарға қилинишини билдирди.

Чехия бош вазири Андрей Бабиш ҳукумати Россиянинг Прагадаги элчихонасда ишловчи икки ходимни persona non grata (исталмаган шахс) деб эълон қилди.

5 июнь куни Чехия ташқи ишлар вазири Томаш Петршичек билан биргаликда матбуот анжумани ўтказган Бабиш ушбу чорага "рицин фитнаси" сабаб бўлганини айтди.

Март ойида айрим чех нашрлари Россия разведкаси зобити Прагага рицин заҳарини олиб боргани ҳақда хабар қилган эди.

Аслида эса бу уйдирма экани, Россиянинг Чехиядаги элчихонаси ишчилари ўртасидаги келишмовчилик натижасида ўйлаб топилгани ошкор бўлди.

- Уларнинг бири BIS (Хавфсизлик ва маълумот хизматига) чех сиёсатчиларга қарши режалаштирилаётган ҳужум ҳақида атайин ёлғон маълумот юборган, - деди бош вазир.

Матбуот анжумани давомида Бабиш ва Петршичек мухбирлардан савол олмади. Шунингдек, улар бадарға қилинаётган Россия элчихонаси ишчилари исмларини ошкор қилмади.

Россия элчихонаси Чехиянинг бу қарорини "дўстона бўлмаган қадам" дея атади.

Март ойида Чехия матбуоти Прагадаги Россия фан ва маданият маркази директори ўринбосари Андрей Кончаков Прагага рицин олиб боргани, бундан мақсад Прага мэри Зденек Ҳриб ҳамда шаҳар туманлари мэрлари Ондржей Коларж ва Павел Новотнийларни заҳарлаш эканлигини хабар қилган эди.

Хусусан, Чехиянинг Respekt журнали хавфсизлик хизматидаги шахсини ошкор қилмаган манбасига таяниб, Чехия пойтахтига Россия разведкаси зобити дипломатик паспорт билан келгани ва унинг жомадонида рицин заҳари бўлганини ëзди. Кейинчалик бу шахснинг исми Андей Кончаков эканлиги ошкор бўлди.

Бу хабарлар ортидан юқорида исми тилга олинган уч расмий полиция ҳимоясига олинди.

Учала сиёсатчи ҳам Кремль ғазабини келтирган чораларни кўрган.

Хусусан, Ҳрибнинг Прагадаги Россия элчихонаси олдидаги майдонни Россия президенти Владимир Путиннинг ашаддий мухолифи ва танқидчиси бўлган марҳум Борис Немцов номи билан аташ ҳақидаги қарорни қўллаб-қувватлагани Кремлнинг қаттиқ қаҳрига учради.

Коларж эса совет маршали Конев ҳайкалини ўзи бошқарадиган тумандан олдириб ташлагани учун Россия медиаси ва сиëсатчилари ғазабига дучор бўлди.

Ниҳоят, Новотний ўз бошқарувидаги туманда Кремль сотқин деб атайдиган генерал Власов дивизиясига ёдгорлик ўрнаттирди.

Россия чех сиёсатчиларини заҳарлашни режалаштиргани ҳақидаги иддаоларни рад этиб, бу айбловларни Россияни ёмон отлиқ қилиш уринишлари доирасида ўйлаб топилган уйдирма деб атади.

Россия бундан олдин бир неча марта хорижда ўз душманларига ҳужум қилишда айбланган.

Хусусан, 2018 йилда Буюк Британияда Россия махфий хизматининг собиқ ходими Сергей Скрипаль ва унинг қизи Юлиянинг заҳарланиши ортидан Россияга қарши қатор мамлакат санкция жорий қилди.

XS
SM
MD
LG