Линклар

Шошилинч хабар
18 август 2022, Тошкент вақти: 16:07

Ўзбекистон хабарлари

ИИВ: Қийноққа солинган шахс ўлгани ортидан 3 ходим қамоққа олинди, 5 киши ишдан бўшатилди

32 ёшли А.Абдукаримов ​11 июнь куни ҳаётдан кўз юмган.

Андижондаги ҳолат юзасидан уч нафар ички ишлар ходимига нисбатан Жиноят кодексининг 206 -(мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш), 234 -(Қонунга хилоф равишда ушлаб туриш ёки ҳибсга олиш) ва 235-моддалари (Қийноққа солиш) билан айб эълон қилиниб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди. Беш киши лавозимидан бўшатилди ва 19 кишига интизомий жазо қўлланилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги 14 июнда хабар берди.

Вазирликнинг билдиришича, хизмат текшируви тайинланиб, 32 ёшли А.Абдукаримовнинг ички ишлар бўлимида ноқонуний ушлаб турилганлиги ва бошқа ноқонуний ҳолатлар аниқланган.

Текширув натижасида Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сон ички ишлар бўлими жиноят-қидирув гуруҳи тезкор вакиллари — катта лейтенант Ф.Ҳусанбоев, катта лейтенант Э.Райимжонов ва катта лейтенант Қ.Қодиров ички ишлар органларидан бўшатилган.

Андижон шаҳар ИИО ФМБ бошлиғи подполковник Содиқ Усмонов ва Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ бошлиғи подполковник П.Мамажонов эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.

Бундан ташқари, 19 нафар раҳбар ва ходимга турли кўринишдаги қатъий интизомий тартибдаги жазолар қўлланилган.

13 июнь куни Ўзбекистон Бош прокуратураси Андижон шаҳар ИИБсининг уч нафар ходими мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш, қонунга хилоф равишда ҳибсга олиш, гумонланувчини қийноққа солиш ҳамда шафқатсиз муомала қилишда айбланиб, қамоққа олинганини билдирган эди.

Озодлик радиоси 13 июнь куни шу йилнинг 30 майида Андижон шаҳар ИИБсининг 4-бўлимидан қийноқ белгилари билан кома ҳолатида касалхонага ётқизилган 32 ёшли А.Абдукаримов ​11 июнь куни ҳаётдан кўз юмгани тўғрисидаги маълумот ижтимоий тармоқларда пайдо бўлгани ҳақида хабар берган эди.

Кун янгиликлари

Криптопровайдерларга лицензия бериш бўйича янги тартиб тасдиқланди

Иллюстратив сурат

Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги криптобиржаларга лицензия бериш тартибини тасдиқлади.

Агентлик қайдича, янгиланган лицензия талаблари ва шартларига мувофиқ, лицензиялар фақат Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлган юридик шахсларга берилади.

Мазкур тартибга кўра, крипто-биржалар устав жамғармасига (капитали), захирага қўйиладиган қисмига талаблар қисқартирилган, лицензия олиш учун талаб этиладиган ҳужжатлар рўйхати камайтирилган.

Шу билан бирга, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида халқаро стандартларининг (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш бўйича молиявий чоралар ишлаб чиқувчи гуруҳнинг Тавсиялари) талабларига мувофиқ баъзи чекловлар белгиланган.

“Бундан ташқари, лицензиатларнининг устав жамғармасида (капиталида) оффшор ҳудудларда рўйхатдан ўтган компанияларнинг иштирок этиши тақиқланган”, дейилган агентлик хабарномасида.

Аввалроқ Озодлик Ўзбекистонда хорижий криптобиржалар блоклангани, бунга мазкур электрон платформаларнинг тегишли лицензияларга эга бўлмагани сабаб бўлгани ҳақида хабар қилган эди.

Ўзбекистон билан Саудия Арабистони ишбилармонлари ўртасида 14 миллиард долларлик шартномалар имзоланди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони подшоҳлиги валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон билан, Жидда, 2022 йил 17 августи

Ўзбекистон-Саудия Ишбилармонлар кенгашининг 17 август куни ўтказилган йиғилишида энергетика, кимё, электротехника, инфратузилмани ривожлантириш, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, ахборот технологиялари ва транспорт соҳаларида умумий қиймати 14 миллиард доллардан ортиқ бўлган келишув ва шартномалар имзоланган. Бу натижа Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Саудия Арабистони подшоҳлиги валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон билан 17 август куни Жидда шаҳрида бўлиб ўтган учрашувида қайд этилган.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, Жиддадаги учрашувда томонлар Ўзбекистон билан Саудия Арабистони ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар соҳалардаги ўзаро манфаатли алоқаларни янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилганлар.

Унда президент Мирзиёев Саудиянинг етакчи компанияларини Ўзбекистондаги тижорат банклари, йирик саноат ва инфратузилма объектларини хусусийлаштириш жараёнида фаол иштирок этишга чақирган.

Учрашувда Саудия тараққиёт жамғармаси иштирокида Ўзбекистон ҳудудларида транспорт, сув таъминоти, электр тармоқларини ривожлантириш бўйича инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш масалалари кўриб чиқилган.

Шунингдек, хавфсизлик соҳасида мулоқотни йўлга қўйиш, Афғонистонда тинчликни мустаҳкамлаш ва иқтисодиётни тиклашга кўмаклашиш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш юзасидан якдил фикр билдирилган.

Музокаралар натижалари бўйича имзоланган ҳужжатлар алмашилган.

Ўзбекистон билан Саудия Арабистони ўртасида кенг қамровли шериклик муносабатларини янада кенгайтириш тўғрисида Қўшма баёнот қабул қилинган, икки мамлакат ҳукуматлари ва вазирликлари ўртасида энергетика, божхона, фуқаро авиацияси, туризм, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, меҳнат муносабатлари каби соҳаларда ҳамкорликка доир 15 та ҳужжат қабул қилинган.

Ўзбекистон президенти 17-18 август кунлари давлат ташрифи билан Саудия Арабистонида бўлиши, мазкур сафарни Мадинаи Мунавварадан бошлаган Ш. Мирзиёев чоршанба куни Масжидун-Набавий зиёратида бўлгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.

Омбудсман офиси Қорақалпоғистондаги норозиларга қарши қўлланилган қийноқ эҳтимолидан баҳс этди

Нукусда 1 июль куни намойишга чиққан норозилар

Ўзбекистон омбудсмани офиси Қорақалпоғистонда июль ойи бошида содир бўлган воқеаларни тергов қилишда ҳибсга олинганларга нисбатан қийноқ қўлланилган бўлиши мумкинлиги ҳақида маълумот тарқатди.

Қорақалпоғистондаги воқеаларни тергов қилиш бўйича парламент комиссиясига раҳбарлик қилаётган омбудсман Феруза Эшматова офиси қайдича, тергов ҳибсхонасида ҳимояси остидаги шахслар билан учрашиш бўйича тўсқинлик қилиш, ушлаб турилган шахсларга яқин қариндошлари томонидан йўқловлар киритиш ҳолатлари, тергов ҳаракатлари давомида қийноққа йўл қўйиш ҳолатлари бўйича ҳимоя остидагилар хусусида маълумот олинган.

Хабарномада айтилишича, омбудсман 16 август куни Нукус воқеалари юзасидан қўзғатилган жиноят ишлари бўйича айбланаётган шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилаётган адвокатлар билан учрашган.

Нукусга ташриф чоғида, шунингдек, тергов хоналарининг видео кузатув камералари билан таъминланганлиги ва адвокатларнинг видеоёзувларни сўраб олиш ҳуқуқидан фойдаланганликлари бўйича маълумот олинган.

Бу орада парламент комиссиясининг бошқа бир аъзоси – “Миллий тикланиш” партияси лидери Алишер Қодиров “Қорақалпоғистонда ҳеч қандай репрессия ва босим йўқ”лигини урғулаб баёнот берди.

Депутатга кўра, Қорақалпоғистонда мингдан ортиқ инсон айбсиз бўлгани учун эмас, яхши ният намойиши сифатида қўйиб юборилган. “Қолган қисм билан тергов якунланмади”, деган А. Қодиров Қорақалпоғистондаги воқеалар билан қизиқаётганларга суриштирувга халақит бермасликни тавсия қилган.

Энергетиклар Тўрақўрғон ИEС фаолияти тўхтатилгани туфайли электр таъминотидаги эҳтимолий узилишлардан огоҳлантиришди

Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси (Энергетика вазирлиги фотоси)

Наманган вилоятидаги “Ўзтрансгаз” АЖга қарашли магистрал газ қувури ўтган ер майдонида номаълум шахслар томонидан келишмасдан ерни қазиш ишлари олиб борилгани натижасида газ қувурига шикаст етказилган.

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги матбуот хизмати қайдича, Тўрақўрғон иссиқлик электр станциясини ёқилғи билан таъминлайдиган мазкур газ қувурига етказилган шикаст натижасида ИЭС фавқулодда тўхтатилган.

“Ҳозирги вақтда носозликларни бартараф этиш, шунингдек, электр таъминоти учун захира қувватларини ишга тушириш бўйича барча чоралар кўрилмоқда. Бошқа электр станцияларида захира энергоблокларини улаш бўйича ишларни бажариш учун маълум вақт зарурлигини инобатга олган ҳолда, айрим ҳудудларда электр таъминотида қисқа муддатли узилишлар кузатилиши мумкин”, дейилган вазирлик хабарномасида ҳолат юзасидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилаётгани қўшимча қилинган.

Мирзиёев Саудия Арабистонига йўл олди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 17 август тонгида давлат ташрифи билан Саудия Арабистонига жўнаб кетган.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, ташриф “икки муқаддас масжид ходими”, Саудия Арабистони подшоҳи Салмон бин Абдулазиз ас-Сауднинг таклифига биноан амалга оширилмоқда.

Ташриф дастурига мувофиқ, Мирзиёев даставвал Мадинаи Мунавварага боради. Куннинг иккинчи ярмида эса Ўзбекистон президенти Жидда шаҳрига боради.

“Бу ерда олий даражадаги Ўзбекистон-Саудия саммитининг расмий тадбирлари бўлиб ўтади”, дейилган президент матбуот хизмати хабарномасида.

Мирзиёев 17-18 август кунлари Саудия Арабистонида бўлиши, ташриф доирасида Маккаи Мукаррама ва Мадинаи Мунавварага ҳам бориб, Умра зиёратини амалга ошириши мумкинлиги ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.

Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасида қиймати 26,5 миллион доллардан ошган шартномалар имзоланди

Ўзбекистон ва Тожикистон расмийлари Сурхондарё ва Хатлон вилоятлари ҳокимият органлари ва тадбиркорлари ўртасидаги ҳамкорликка оид 23 та шартнома имзолашган. Бу ҳақда “Ховар” миллий ахборот агентлиги хабар қилди.

Қайд этилишича, ҳужжатларни имзолаш маросими ўтган ҳафта якунидаги форум доирасида бўлиб ўтган. Шартномалар орасида туризм соҳасидаги ҳамкорлик бўйича англашув меморандуми ва “йўл харитаси” бор.

Маросимда, бундан ташқари, умумий қиймати 26,6 миллион доллар бўлган маҳсулот етказиб бериш бўйича олтита шартнома ҳамда 15 та инвестицион контрактга қўл қўйилган.

Швейцариядан Гулнора Каримованинг $131 миллионини қайтаришга оид якуний битим имзоланди

Жорий йилнинг 16 август куни Берн шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ва Швейцария Конфедерацияси ўртасида “Ўзбекистон Республикаси ва Швейцария Конфедерацияси ўртасидаги Швейцария Конфедерацияси ҳудудида конфискация қилинган ноқонуний орттирилган активларни Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг манфаатларида қайтариш йўллари тўғрисида”ги битим имзоланган.

Адлия вазирлигининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълумотига кўра, битимни Ўзбекистон Республикаси номидан адлия вазири Р. Давлетов ва Швейцария номидан ушбу мамлакатнинг президенти И. Кассис имзо чеккан.

“Битимнинг имзоланиши илгари Г. Каримова бошчилигидаги уюшган жиноий гуруҳ томонидан ноқонуний равишда орттирилган ва Швейцарияда легаллаштирилган 131 миллион АҚШ долларининг Швейцария томонидан Ўзбекистон халқига дарҳол қайтарилишини англатади”, дейилган вазирлик хабарномасида.

Битимга мувофиқ, ноқонуний орттирилган активларни қайтаришнинг қуйидаги асосий принциплари белгиланган:

- очиқлик ва ошкоралик, реституция тўғрисидаги ахборотни жамоатчиликка очиқ эълон қилиш;

- ушбу жараёнда фуқаролик жамиятининг иштироки;

- қайтарилган маблағларни пировардида ижтимоий соҳага, хусусан, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларига йўналтирилиши;

- Ўзбекистон ва Швейцария ўртасида реституция масалалари бўйича доимий, самарали ва ўзаро ҳурматга асосланган мулоқотнинг давом эттирилиши.

Хабарномада Ўзбекистон, Швейцария ва БМТ иштирокидаги уч томонлама реституция механизмига алоҳида эътибор берилиши алоҳида урғуланган.

Ўтган ойда Гулнора Каримованинг адвокатлари Швейцария судида ишни ютиб чиққани хабар қилинган эди. Ўша пайтда судда қозонилган ғалаба Г. Каримованинг Швейцарияда музлатиб қўйилган 303 миллион доллар маблағини қайтариб олиши учун қонуний асос яратиши мумкинлиги ҳақида айтилган.

Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора 2015 йилда беш йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган, кейин эса 2019 йилда колонияга ўтказилган. 2020 йил март ойида у “давлат маблағларини ўзлаштириш ва Ўзбекистон манфаатларига зид бўлган шартномалар тузиш, шунингдек, ўта йирик миқдорда товламачилик йўли билан ўзгаларнинг мулкини эгаллаб олиш” фактлари бўйича яна 13 йилу 4 ойга озодликдан маҳрум этилганди.

Ўзбекистонда икки даражали “Имом Бухорий” ордени таъсис этилади

“Олий даражали Имом Бухорий” ва "Имом Бухорий" орденлари (Адлия вазирлиги фотосурати)

Ўзбекистонлик сенаторлар Олий Мажлис Сенатининг 16 август куни бўлиб ўтган ялпи мажлисида “Имом Бухорий” орденини таъсис этиш тўғрисида”ги қонунни муҳокама қилишган. Бу ҳақда юқори палата матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Мажлисда сўзга чиққан сенаторлар фуқароларни Ўзбекистондаги илм-фан ва маданият, жумладан, ислом маърифати ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аллома ва мутафаккирларнинг ҳаёти ва илмий меросини ўрганиш ҳамда халқаро майдонда кенг тарғиб қилишда катта ютуқларга эришгани учун тақдирлаш мақсадида “Имом Бухорий” орденини таъсис этишни даврнинг ўзи тақозо этаётганини қайд этганлар.

Қайд этилишича, “Имом Бухорий” ордени икки даражадан иборат бўлади – “Олий даражали Имом Бухорий” ордени ҳамда “Имом Бухорий” ордени. “Олий Даражали Имом Бухорий” ордени “Имом Бухорий” орденидан юқори даражада ҳисобланади.

“Олий даражали Имом Бухорий” ордени билан асосан хорижий давлатлар ва ҳукуматлар раҳбарлари, хорижий мамлакатлар парламентлари вакиллари, халқаро ташкилотлар, дипломатик ваколатхоналар, консуллик муассасалари ҳамда уларга тенглаштирилган бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари ва вакиллари, шунингдек хорижий арбоблар ва олимлар, Ўзбекистоннинг атоқли давлат ва жамоат арбоблари, диний-ижтимоий соҳадаги раҳбарлар ва етук уламолар, атоқли олимлар, адиблар, педагоглар ва илмий тадқиқотчиларни, “Имом Бухорий” ордени билан эса асосан маҳаллий тадқиқотчиларни мукофотлаш кўзда тутилган.

“Олий даражали Имом Бухорий” ордени билан мукофотланган шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг етмиш баравари (21 млн сўм) миқдоридаги бир марталик пул мукофоти, “Имом Бухорий” ордени билан мукофотланган шахслар эса базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баравари (15 млн сўм) миқдоридаги бир марталик пул мукофоти берилади.

Сенаторлар сешанба кунги ялпи мажлисда мазкур орденни таъсис этиш тўғрисидаги қонунни маъқуллашган.

Қаршида тери заводи фаолиятидан норози фуқаро ўзини ёқиб юборди

Қашқадарё вилояти маркази бўлмиш Қарши шаҳрида Qarshi Leather деб номланган тери заводи олдида корхона фаолиятидан норози бўлган фуқаро устига бензин сочиб, ўзини ёқиб юборган. БП матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълумотига кўра, айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан Қарши шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тери заводи фаолиятидан норози бўлган одамлар эътирози акс этган видео аввалроқ ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида тарқалган эди. Унда тўпланганлар корхонадан бадбўй ҳид тарқалаётганидан шикоят қилишган.

Видеода киракашлик билан шуғулланишини айтган йигит завод маъмурияти вакиллари томонидан, хусусан Акмал исмли шахс томонидан ўзига таҳдидлар бўлганини иддао қилган.

“Шу Акмални деб яшагим келмаяпти”, деган йигит ўзига ўт қўйиб юборган. Йиғилганлар қий-чув билан оловни ўчиришга муваффақ бўлишган. Жабрланувчининг кейинги тақдири ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.

БП қайдича, фуқаронинг ўзини ёқиб юбориши сабаблари аниқланмоқда.

Бу Ўзбекистонда фуқароларнинг ўзига ўт қўйиши бўйича жорий ой бошидан бери жамоатчиликка маълум бўлган иккинчи ҳолатдир. 2 август куни Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи ишчиси Санобархон Ҳайдарова ёқиб юборгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган. Жабрланувчи 10 август куни шифохонада вафот этган эди.

Хитойдан Ўзбекистонга янги йўналиш бўйича юк поезди келмоқда

Иллюстратив сурат

Хитой шарқидаги Цзянсу вилоятига қарашли Уси шаҳридан Марказий Осиёга 13 август куни юк поезди йўлга чиққан. Бу ҳақда Хитойнинг “Жэньминь жибао” газетаси хабар қилди.

Нашр қайдича, юк поезди умумий қиймати 30 миллион юань (тақрибан 4,4 миллион АҚШ доллари) бўлган, маиший техника буюмлари ва автомобилларнинг эҳтиёт қисмлари дохил минг тонна товар олиб келмоқда. Мазкур поезд 20 кундан кейин Ўзбекистон ва Қозоғистонда бўлиши айтилган.

“Уси шаҳри Ғарбий вокзалининг логистика парки ходимларига кўра, пандемия бошидан бери ўз товарларини экспортга чиқариб келган маҳаллий корхоналар молларини четга чиқаришда қийинчиликларга дуч келаётган эди, темир йўл орқали юк ташиш бўйича янги йўналишнинг пайдо бўлиши эса бу корхоналар учун янги имкониятлар очиб беради”, дея қўшимча қилинган газета хабарида.

“Синьхуа” агентлиги ўтган йил декабрида Хитойнинг Шэньси вилоятидан Ўзбекистон ва Қозоғистонга юк поезди қатнови йўлга қўйилгани тўғрисида хабар қилган эди.

Айни пайтда сўнгги ҳафталарда Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темир йўли лойиҳаси бўйича ҳам ҳаракатлар бироз жонлангандек кўринмоқда. Мазкур лойиҳа юзасидан аввалроқ Ўзбекистон ва Қирғизистон президентлари ҳамда икки давлат ҳукуматларининг айрим расмийлари баёнотлар беришган.

Мирзиёев жорий ҳафтада Умра ибодатини адо этиши мумкин

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 17-18 август кунлари подшоҳ Салмон бин Абдулазиз ас-Сауднинг таклифига биноан давлат ташрифи билан Саудия Арабистонига боради. Бу ҳақда президентнинг матбуот котиби Шерзод Асадов 15 август куни журналистлар учун Тошкентда ўтказилган брифингда маълум қилди.

Ташриф дастурига мувофиқ, Жидда шаҳрида икки давлат раҳбарининг музокаралари бўлиб ўтиб, унда Ўзбекистон билан Саудия Арабистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинади.

“Яшил иқтисодиёт”, юқори технологиялар ва рақамлаштириш, инновациялар, кичик бизнес ва тадбиркорлик соҳаларига қаратиладиган саммит якунида, Асадовга кўра, икки томонлама ҳужжатларнинг катта тўплами имзоланиши кутиляпти.

Шунингдек, Ўзбекистон президенти Саудия Арабистонига ташрифи доирасида Маккаи Мукаррама ва Мадинаи Мунавварага ҳам боради. Гарчи Ш. Асадов бу ҳақда айтмаган бўлса-да, мазкур сафар чоғида Мирзиёев Умра зиёратини адо этишини тахмин қилиш қийин эмас.

Ўтган ой Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ҳам Саудия Арабистонига сафари чоғида Умра ибодатларини адо этган эди.

Биржага ун чиқармаган бешта ширкат буғдой харид қилиш бўйича савдодан четлатилди

Жорий йил июль ойида Ўзбекистонда ун маҳсулотини биржа савдоларига чиқармаган 5 та хусусий корхона буғдой харид қилиш бўйича савдодан четлаштирилган. Бу ҳақда Монополияга қарши курашиш қўмитаси матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, қўмита ўзига берилган ваколатлардан фойдаланган ҳолда бу борада “Ўзбекистон Республикаси товар-хом ашё биржаси” АЖга кўрсатма берган.

Хабарномада қўшимча қилинишича, Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан олиб борилган ўрганишлар давомида 6 та корхона томонидан ун маҳсулотини биржа савдоларига қўйиш бўйича графиклар тақдим этилмаганлиги, 16 та корхона томонидан нормага нисбатан кам ҳажмда график тасдиқланганлиги ва 2 та корхона томонидан график умуман бажарилмаганлиги аниқланган.

“Ўзметкомбинат” йилига 1 млн тонна пўлат лист ишлаб чиқарадиган лойиҳани ишга туширмоқчи

Бекободдаги Ўзбекистон металлургия комбинати

Ўзбекистон металлургия комбинатида 2024 йилдан эътиборан йилига 1 миллион тонна пўлат листлар ишлаб чиқариш бўйича лойиҳа ишга туширилади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 12 август куни Бекободга ташрифи чоғида айтилди.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, “Ўзметкомбинат”га ташрифи чоғида Ш. Мирзиёев Қуюв прокат мажмуаси қурилиш майдонида бўлган. 672 миллион евролик ушбу лойиҳа амалга оширилиши ортидан комбинат қувватлари 2 бараварга ошиши айтилмоқда.

Ўзбекистон президенти лойиҳада иштирок этаётган Туркиянинг “Renaissance Heavy Industries” ва Италиянинг “Danieli” компаниялари раҳбарлари билан суҳбатлашган.

“Ўз вақтида бу комбинат учун 800-900 минг тонна иккиламчи қора металлни қайта ишлаш етарли эди. Лекин бугунги кунда иқтисодиётимизда қора металлга бўлган талаб 4 миллион тонна. Унинг ҳам 50 фоизи импорт ҳисобидан қопланмоқда. Шунинг учун бу корхонани тезроқ ишга туширсак, иқтисодиётимизга катта манфаат беради”, деган Мирзиёев лойиҳа билан танишиш давомида.

Президент шу кунда 11 минг ишлаётган корхонада амалга оширилаётган бошқа лойиҳалар билан ҳам танишган.

Петербургда 46 ёшли ўзбекистонлик ҳамюртини ўлдириб қўйганликда гумонланмоқда

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида 23 ёшли ўзбекистонликнинг жасади топилган. Бу ҳақда “Фонтанка” нашри хабар қилди.

Дастлабки суд-тиббий экспертиза хулосасига кўра, Ўзбекистон фуқароси бошига берилган зарба натижасида вафот этган. Ҳодиса ортидан маҳаллий ҳуқуқ-тартиботчилар киши ўлимига сабаб бўлган баданга қасддан оғир шикаст етказиш моддаси бўйича жиноят иши очишган.

Қотилликда гумонланиб 46 ёшли ўзбекистонлик ушланган. Қайд этилишича, 9 август куни ётоқхонада у ва мақтул ўртасида жанжал чиққан, ўзаро муштлашув чоғида вафот этган шахснинг бошига тепилгани айтилмоқда.

Гумонланувчи қўлга олиниб, вақтинча сақлаш изоляторига қамалган, айни пайтда унга нисбатан қандай эҳтиёт чораси кўриш масаласи ҳал қилинмоқда.

Чиноздаги нефтни қайта ишлаш заводи сотувга қўйилади

Иллюстратив сурат

Чинозда нефтни қайта ишлаш заводи тўлалигича сотувга қўйилади. Давлат активларини бошқариш агентлиги шу йилнинг 11 август куни “Чиноз нефтни қайта ишлаш заводи” МЧЖ устав капиталидаги 100 фоиз улушини хусусийлаштириш бўйича профессионал консалтинг компанияси танлаб олиниши юзасидан танлов эълон қилган.

Танловда иштирок этмоқчи бўлган талабгорлардан ўз тижорат таклифларини 27 август маҳаллий вақт билан соат 18:00 га қадар тақдим этиш сўралган.

Агентлик қайдича, асосий вазифаси нефтни қайта ишлаб бензин, керосин, мазут, дизел ёқилғиси ва мойларга айлантиришни ташкил этишдан иборат бўлган “Чиноз нефтни қайта ишлаш заводи” йилига 117 минг тоннадан зиёд углеводород хомашёсини қайта ишлаш имконини берувчи замонавий технологик ускуналар билан жиҳозланган.

Агентлик танловда нефт саноати соҳасида тегишли билим ва тажрибага эга бўлган маслаҳатчига устунлик берилишини қўшимча қилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG