Линклар

Шошилинч хабар
10 июл 2020, Тошкент вақти: 08:22

Тадбиркорлар: COVID-19 борасида юклатилган жавобгарлик "мантиқсиз"


Бозорлар ҳудуди ва йирик муассасалар биноларга кириш дарвозалари ёнига қўйилган дезинфекция туннели, 2020

Уч ойлик карантиндан сўнг, республиканинг яшил ва сариқ ҳудудларида иш бошлаган айрим тадбиркорлар, COVID-19 юқишига сабабчи бўлиб қолса, беморни даволаш ва карантин харажатларини зиммасига олишдан бош тортмоқда.

Махсус комиссия қарори билан, тадбиркорлар ўзига тегишли ҳудудда ёки кўрсатилган хизматидан бирор кишига коронавирус юққани аниқланса, беморни даволашга кетадиган сарф-харажатни ўзлари тўлаши лозим. Бундан ташқари, бозор маъмуриятига ҳам жарима солинади.

Аксар тадбиркорлар карантин даврида даромадини йўқотгани боис, бундай маблағни тўлашга тайёр эмаслигини¸ айримлари эса, коронавируснинг айнан қайси ҳудудда юққанини аниқловчи механизм йўқлиги боис тадбиркорнинг ноҳақ жазоланишидан хавотир борлигини айтмоқда.

Тошкент шаҳри, Сурхондарё, Навоий вилоятларидаги деҳқон бозорида ишловчи тадбиркорларнинг Озодликка айтишича, улардан COVID-19 инфекцияси тарқалиши олдини олиш учун барча эҳтиёт чорасини кўриш – савдо нуқтасини дезинфекция ва вирусдан ҳимоя воситалари билан таъминлаш талаб қилинмоқда.

Айрим жойларда эса¸ агар тадбиркорга тегишли савдо нуқтасида кимгадир коронавирус юққани тасдиқланса, беморни даволаш ва бошқаларни карантинда сақлаш учун кетадиган сарф-харажатни зиммасига олиш ҳақидаги тилхатга имзо қўйиш талаб қилинаётгани иддао қилинмоқда.

Жумладан, Навоий шаҳридаги “Наврўз” деҳқон бозори ҳудудида озиқ-овқат ва қандолат маҳсулотларини сотадиган тадбиркор Насимбек Ўринов бу бозорда шундай талаб бўлаëтганини билдирди.

“Шахсан менга хали тилхат қўл қўясиз, деб айтишмади ҳали. Лекин бошқаларга айтишибди. Бу мантиқсиз талаб ахир: харидор менинг дўконимга киргунча, яна 10 тасига кириб-чиққан бўлиши мумкин. Бозорга киргунча ҳам, бошқа жойларни айланган бўлиши мумкин. Уни қандай аниқлайди? Шунинг учун, мен бунақа ҳужжатга асло қўл қўмайман”.

Ушбу бозорда савдо қилувчи бошқа бир тадбиркорга кўра, бозор маъмуриятига ҳам¸ вирус шу ҳудудда тарқалгани аниқланса¸ энг кам иш ҳақининг 5 баробаригача жарима солиниши айтилган.

“Бозорқўмларга айтишибди: очиш мумкин, фақат бозор маъмурияти ва тадбиркор, вирус чиқадиган бўлса, беморни даволаш учун кетадиган харажатни зиммасига олиши керак, деб. Бозор маъмурияти энг кам иш ҳақини 5 баробаригача жарима тўларкан, бозорчилар эса, кимнинг дўконида чиққан бўлса, касалга кетадиган харажатни тўларкан. Шунга бозорчиларни ўзи очилишга қўрқяпти ҳозир. Ҳеч қанақа тилхатга имзо чекмаймиз, дейишяпти”.

“Наврўз” деҳқон бозори маъмуриятидан бу борада бирор изоҳ олишнинг имкони бўлмади. Зарафшон шаҳар ҳокимининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари Анвар Шоҳмирзаев билан ҳам боғланиб бўлмади.

Айни мазмундаги мурожаатлар бошқа вилоятлардаги озиқ-овқат ва деҳқон бозорларида ишлаётган тадбиркорлардан ҳам келмоқда.

Айни пайтда, 3 ойлик карантин – савдосиз-даромадсиз ўтган катта танаффусдан сўнг иш бошлаётган кийим-кечак ва маиший буюм бозорларидаги тадбиркорларга ҳам қатор талаблар қўйилган.

Жумладан, Тошкентнинг “Ўрикзор” бозорида савдо қилаётган тадбиркорнинг айтишича, бозор маъмурияти ҳар бир сотувчидан ўз дўконини целлофан билан тўсиш¸ бундан ташқари, аптечка, термометр, дезинфекция воситалари билан таъминлашни талаб қилган.

“Ўрикзор”га киришда 4 та туннель қилинган, лекин ҳар бир дўконда ҳам бу нарсалар бўлиши шарт, харидор дўкон ичига фақат биттадан киритилиши шарт, дейиляпти экан. Акс ҳолда 7 млн сўм жарима, дейилган. Ҳамма талаблар оғзаки, ҳеч қандай ҳужжатга қўл қўйдирилмаган”.

Айтилишича, бозорларга эрталаб соат 7 дан очилиш, бунга қадар соат 6да савдо мажмуаси ҳудудини хлор қоришмаси билан тозалаш талаб қилинмоқда.

Айни пайтда, бундай бозорлардаги тадбиркорлар ҳам бозор дезинфекция қилинган, мажмуага кириш олдида эса дезинфекция туннеллари ўрнатилган бўлса, дўконлардан яна қўшимча ҳимоя воситаларини талаб қилиш шартми, деб эътироз билдирмоқда.

Хусусан, бу воситаларни уларда ижара пули ва патта пулини олаётган бозор маъмурияти эмас, балки тадбиркор ҳисобидан қилинаётгани, шунингдек, бозор ҳудудидан вирус чиққан тақдирда, беморни даволаш ва карантин харажатлари ҳам айнан тадбиркор зиммасига юкланаётгани эътирозларга сабаб бўлмоқда.

Республика Махсус комиссиясининг 14 июнь кунги қарори билан:

"Карантин чекловлари шароитида фаолият юритишига рухсат берилган тадбиркорлик субъектларига (қурилиш, умумий овқатланиш, хизмат кўрсатиш объектлари ва б.) тегишли объектларда белгиланган санитария-гигиена талабларига риоя этмаслик оқибатида коронавирус инфекцияси аниқланган тақдирда ушбу объектларни ва шахсларни карантинга олиш ҳамда сақлаш билан боғлиқ харажатлар мазкур субъектлар ҳисобидан қопланиши белгиланди".

Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабековнинг изоҳлашича, коронавирус қайд этилган тақдирда, аввало эпидемиологик суриштирув ўтказилади ва касаллик қаерда юққани ўрганилади.

"Тадбиркорлик субъектига касаллик юқтиргани айбини қўйиш асосий мақсад эмас. Тадбиркорлик субъектлари касаллик юқтириш учун шарт-шароит яратиб бермаганини исботлаш имконига эга. Буни санитария ҳолатини назорат қилиб турадиган масъуллар ҳам кўриши мумкин", деди бош санитар инспектор Отабеков 15 июнь куни АОКАда бўлиб ўтган брифингда.

Бош инспектор жавобидан тушунилишича, тадбиркорлар вирус айнан ўз савдо нуқтасида харидор ёки ўзига юқмаганини исботлаши учун барча чораларни кўриши, хусусан, видеокамера кузатувини ўрнатиши мумкин.

Айни пайтда ҳуқуқшунослар юқиш эҳтимоли жуда юқори ва кенг бўлган коронавирусни маълум бир тадбиркорга тегишли объектда юққан ёки юқмаганини юридик жиҳатдан исботлаш қарийб имконсизлигини эътироф этмоқда.

"Шундай экан, бугунги оғир шароитда фаолиятини энди қайта тиклаган тадбиркор-ишбилармонларга мантиқсиз қарор орқали ортиқча харажатларни юклаш қанчалик тўғри бўлишини яна бир бор ўйлаб кўриш зарар қилмайди. Йўқса, бу ҳам карантин қоидаларини бузган ҳайдовчилару, уларнинг жарима майдонларида қолаётган машиналари каби қонунсиз амалиётга айланиб кетмаслигига кафолат йўқ", деб шарҳлади бу талабни ҳуқуқшунос Аббос Салайдинов Kun.uz нашрига.

Зарафшонлик тадбиркор Насимбек Ўринов, карантин даврида, у ҳам автомобилидан фойдаланиш учун махсус рухсатнома ололмай қийналгани, яқинда чекланган соатларда фойдаланиш учун рухсатнома олса-да, барибир машинаси жарима майдончасига тушиб қолганини айтди.

Айтишича, бу тадбиркорнинг дўконида Зарафшондаги бозорлар ёпилмасидан сал аввал сотиб олинган катта ҳажмдаги озиқ-овқат ва қандолат маҳсулотлари қолиб кетган:

- Печенье, шоколад каби маҳсулотларнинг муддати ўтмаса ҳам, қотиб қолиши мумкин. Шуларни сотиб олиш учун югура-югура, охири чекланган соатларда ҳайдаш учун машинамга рухсатнома олдим. Кечки соат 4 дан 8 гача, ҳафтанинг бир неча кунида доставка учун рухсат беришди. Лекин, тарқатиладиган маҳсулотни тайёрлаш учун эрталаб соат 10ларда машинамда кетаётган пайтимда, ИИВ ходимлари тўхтатиб, машинамни жарима майдончасига олиб бориб қўйишди. Тушунтиришга уриндим, лекин бўлмади. Ҳужжат бўйича улар ҳақ, тўғри. Аммо, амалда бундай чора тадбиркор учун ноқулайда! Муҳими, яна менинг маҳсулотларим қолиб кетяпти, ҳадемай бузилса, мен шунча маҳсулотга куйиб қоламанми?! - дейди Насимбек Ўринов.

Қуйида тадбиркор билан суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин:

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:49 0:00
Бевосита линк

Ўзбекистонда жорий йилнинг 16 мартидан бошлаб, коронавирус эпидемияси олдини олиш мақсадида карантин жорий қилинган. Карантин чоралари сифатида аҳолининг шахсий автомобилидан фойдаланиши ҳам чекланган, бирламчи озиқ-овқат маҳсулотларини сотадиган тадбиркорларга эса, ўз машинасидан фойдаланиши учун махсус рухсатномалар жорий қилинган.

Ўзбекистонда коронавирус эпидемияси ёйилиши ва бунинг олдини олишга қаратилган карантин тадбирларига оид бошқа маълумотлар билан Озодликнинг жонли блогида танишишингиз мумкин:

XS
SM
MD
LG