Линклар

Шошилинч хабар
27 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:09

Президент Мирзиёев Россиядаги мунозарали референдумни қўллаб-қувватлагани Путинга қўл келади


Россия президенти Владимир Путин ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан. Тошкент, 2018, 19 октябрь.
Россия президенти Владимир Путин ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан. Тошкент, 2018, 19 октябрь.

Эътиборингизга таҳлилчи Умида Ҳошимованинг The Diplomat нашрида 13 июль куни эълон қилинган мақоласини ҳавола қилаяпмиз.

24 июнь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Москвада Иккинчи жаҳон уруши якунланганининг 75 йиллиги муносабати билан Москвада ўтказилган тадбирларда иштирок этди. Ҳарбий парад COVID-19 пандемияси туфайли 9 майдан 24 июнга кўчирилди. Параддан бир кун олдин Мирзиёев президент Владимир Путин билан қисқа муддатга учрашди. Учрашув чоғида Мирзиёев 25 июнь – 1 июлга белгиланган ва конституцияга ўзгартишлар киритишга доир референдумни қўллаб-қувватлашини билдириб, Путинга омад тилади. Бу орада Россия Марказий сайлов комиссияси овоз берганларнинг 78 фоизи конституцияга ўзгартишлар киритилишини қўллаб-қувватлаганини маълум қилди.

Кремль эълон қилган билдирувга кўра, Мирзиёев Россия раҳбари билан учрашуви давомида шундай деган:

- Бу фурсатдан фойдаланиб, сизга муваффақият тиламоқчиман. 1 июль янги Россия учун тарихий кун – конституцияга ўзгартишлар киритилади. Менинг фикримча, одамлар буни тўғри тушунмоқда. Биз ҳозир кўриб турган ва гапираётган ишларни аллақачон қилиш керак эди. Ҳозир бунинг вақти келди. Бу ўзгартишлар Россия халқига хизмат қиладиган ўзгартишлар бўлади, деб ўйлайман. Шунинг учун янги Россия учун бу янги кун муваффақиятли ўтишини хоҳлайман.

Мирзиёев конституцияга киритилаётган қайси ўзгаришларни қўллашини очиқламади. Россия конституциясига киритилган энг муҳим ўзгартириш Путинга 2036 йилгача ҳокимият тепасида қолиш имконини беради. Аммо Мирзиёевнинг шарҳларидан у Путиннинг аввалги ва келажакдаги президентлик муддатларига ижобий муносабатда эканлиги, Путинни Россия учун энг яхши раҳбар ўлароқ кўриши ошкор бўлди. Шунингдек, Мирзиёевнинг шарҳларидан у Путиннинг ички ва ташқи сиёсатини қўллашини хулоса қилиш мумкин.

Путин энди ҳокимият тепасида камида яна 16 йил қолади. Бу эса Тошкент ва Россиянинг бошқа ҳамкорлари учун муҳим аҳамиятга эга. Кузатувчиларнинг айтишича, конституцияни ўзгартиришни Россия халқи қўллагани Путинни Евросиёдаги неоимпериал сиёсатини давом эттиришга ундашини кутиш мумкин. Қолаверса, расмий Москванинг кейинги пайтда яширмаётган ревизионистик қарашлари Тошкентнинг геосиёсий йўл танлашини мушкуллаштиради. Ўтган ойда президент Путин собиқ совет мамлакатлари Россия «туҳфа» қилган ҳудудларга эга бўлиб олганини таъкидлади. Президент бу билан Қозоғистонни назарда тутгани айтилмоқда.

Москва Марказий Осиё давлатларига ўз қудратини тез-тез эслатиб туради, Путин эса минтақадаги давлатларни Москвага бўйсунувчи давлатлар ўлароқ кўриб келади. Ўзбекистонда ўзбек тилида иш юритмаган давлат мансабдорини жаримага тортиш кўзда тутилган қонун лойиҳаси ортидан ўзбек ва рус расмийлари ўртасида юзага келган зиддият бунга яққол мисол бўла олади. Бошқа бир мисол – 2018 йилда Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Қозоғистон Россия билан маслаҳатлашмасдан АҚШ фуқароларига визасиз мамлакатга кириш имконини берганини танқид қилди.

Шунингдек, Лавров беш Марказий Осиё давлати ҳамда АҚШни бирлаштирувчи C5+1 форматининг мақсади минтақани Россияга қарши қайраш эканлигини таъкидлади. 2019 йилда Россия расмийлари айни руҳдаги фикрни билдириб, Европа Иттифоқини Россиянинг минтақадаги фаолиятини «ҳурмат қилишга» чорлади.

Ўзбекистон ҳамда унинг қўшнилари Москва уларга неоимпериал муносабатда бўлганида сукут сақлаб ёки қатъиятсиз жавоб қайтариб келади. Москва эса минтақа унга содиқ қолишини таъминлаш учун курашмоқда. Шундай қилиб келган, қилишда давом этади. Путин ҳукмронлиги даврида Россиянинг Марказий Осиёни бошқариш истаги яна кучайди. Мирзиёев ҳокимиятга маҳкам чирмашиб олган Путинга айтган гаплар эса Россия раҳбарини минтақа ишларига янада кўпроқ аралашишга руҳлантиришини кутиш мумкин.

XS
SM
MD
LG