Линклар

Шошилинч хабар
22 октябр 2020, Тошкент вақти: 10:39

Андижонда ИИБ ходимлари фермерларни қиммат уруғлик картошка сотиб олишга мажбурламоқда


Андижон, уруғлик картошка

Андижон вилоят, Андижон тумани фермерлари Россиядан келтирилган уруғлик картошкани бозор нархидан икки баравар қимматга сотиб олишга мажбурланяпти

Бу ҳақда Озодликка арз қилган фермерларнинг айтишларича, туман ИИБ ходимлари фермерлардан картошка сотиб олиш ва экиш ҳақида тилхат ёздириб олмоқда.

Фермерларнинг айтишича, нарх қимматлигидан ташқари, Россиядан келтирилган уруғликнинг 30 фоизи чириган ва картошка етиштириш учун сув йўқ.

Туман фермерлар кенгаши раиси, сув муаммоси борлигини тан олар экан, уруғлик картошка сифатли эканлигини айтди.

Ҳокимлик томонидан тазйиқ бўлишидан чўчиб, исми сир қолишини сўраган фермерлардан бирининг Озодликка айтишича, айни пайтда уларга картошка уруғлиги мажбурлаб соттирилмоқда:

Уруғлик оламан, картошка эканман деб, тилхат ёзиб бердик.

“ИИБ бошлиғи ўринбосари раҳбарлигида бир гуруҳ орган ходимлари далага фермерларни йиғиб, картошка уруғлиги келгани, ҳар бир фермер камида бир гектар ерга экиши ҳақида тилхат ёздириб олди. Кўпчилик фермерлар, буғдойдан бўшаган ерга аллақачон такрорий экинни экиб бўлишган, ернинг ўзи йўқ. Уруғлик оламан, картошка экаман деб, тилхат ёзиб бердик. Милисанинг фермерларга ниманидир экишни мажбурлашдан бошқа иши йўқми? Яна бизнинг ҳудуд ИИБ бошлиғи секторига қарашли деган фикрга борманг, бизнинг секторнинг раҳбари туман ҳокими Улуғбек Исомиддиновнинг ўзлари”.

Фермерларнинг айтишича, туман ички ишлар бўлими ходимлари улардан картошка олиш ва экиш ҳақида тилхат олмоқда.
Фермерларнинг айтишича, туман ички ишлар бўлими ходимлари улардан картошка олиш ва экиш ҳақида тилхат олмоқда.

Фермернинг айтишича, уруғлик картошка қаердан олиб келингани, қайси фирма сотаётгани ҳақида маълумот берилмаган:

Бир килоси 5200 сўмдан экан. Шунча пулга олсак, унинг 30 фоизи ахлатга чиқиб кетса, бизга қанчадан тушади?

“Российский уруғлик дейишяпти. Нега бизга буни тиқиштиришяпти, билмаймиз. Ҳар бир тўрқопдан қарийб 30 фоиз чиригани чиқяпти. Расмда ҳам буни кўришингиз мумкин. Бир килоси 5200 сўмдан экан. Шунча пулга олсак, унинг 30 фоизи ахлатга чиқиб кетса, бизга қанчадан тушади? Қарийб 7 минг сўмданми? Бозорда эса сараланган уруғлик потологи 3000 сўм. Бозордан икки баравар қимматга тушиб кетяптику.?! Шуни била туриб, фермерларга оласан, экасан деб, мажбурлашяпти. Юқорида турган қайси бир корчаллоннинг чўнтаги қаппаяди, фермернинг эса шўри қурийди. Бор гап шу”.

Андижонлик фермерлар картошка уруғини саралаганда 30 фоизи чириган чиқмоқда.
Андижонлик фермерлар картошка уруғини саралаганда 30 фоизи чириган чиқмоқда.

“Ўзбекистон” массивида ишлайдиган, исми сир қолишини сўраган бошқа фермернинг айтишича, уларнинг ерига картошка экиш манфаатли эмас:

Бу картошкани эккан тақдиримизда ҳам унга сув топиб беролмаймиз.

“Ҳозир кун қайнаб ётибди. Бизнинг ерлар шағал, тош аралаш. Картошка яхши бўлмайди. Картошка юмшоқ ерларда юқори ҳосил беради. Барча фермерга бир бошдан картошка экасан деб мажбурланиши, ана шу уруғликни соттириб пул қилиш учун бўляпти. Бунинг устига бугун бизда сув муаммо бўлиб қолди. Массивлар навбат билан сув оляпти. Бу картошкани эккан тақдиримизда ҳам унга сув топиб беролмаймиз. Булар қачон фермерни ўз ихтиёрига қўйиб, шароитга қараб ўзи хоҳлаган экин экишига йўл берадилар экан? Каримов давридан бери бу ҳолат бизда давом этиб келяпти”.

Андижон тумани Фермерлар кенгаши раиси Нурбек Қосимов Озодлик билан суҳбатда фермерларга урғлик картошкани қайси фирма сотаётганини билмаслигини айтди:

Мен 2-3та фермерникини кўрдим, ҳар йилгидан сифатли. Чириган нарса йўқ.

- Мен ўзим ҳам фермерман. Уруғлик картошка олмаганим сабабли қайси фирманики эканлигини билмайман. Мен 2-3 та фермерникини кўрдим, ҳар йилгидан сифатли. Чириган нарса йўқ. Сув ҳар йилгидақа зўр эмасу, лекин сув бор. Бозорда 5200 сўмдан бор дейишди, ўзим бориб тополмай келдим. Агар 5500 сўмдан бозорда уруғ бўлса ўзим ҳам олиб экаман.

Озодликнинг “нега сиз бозордан излайсиз, ана 5200 сўмдан Россиядан келтирилган уруғлик бор эканку, ўшандан олмайсизми”, деган саволига Нурбек Қосимов шундай деб жавоб берди:

- Мен кредитга комбайн олганман. Счетимда пул йўқ. Уруғлик картошка эса кредитга оформление бўляпти. Банк кредитим борлигига қўшимча кредит бўлмайди, деди.

Андижон туман ҳокимлиги мулозими ҳокимлик ахборот хизмати раҳбарининг ўзи биз билан боғланишини айтиб, телефон рақамларимизни ёзиб олди. Аммо кун давомида ҳокимликдан қўнғироқ бўлмади.

Андижон тумани ИИБ бошлиғи Жасурбек Худойберганов билан боғланишнинг имкони бўлмади.

Ўзбекистонда фермерларга чириган ва бозор нархидан икки баравар қиммат уруғлик картошка мажбурлаб сотилгани ҳолатлари ҳақида бундан аввал маҳаллий матбуот ҳам хабар берган эди.

Кун.уз Телеграм канали 16 июль куни Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида фермерларга чириган картошка уруғи тарқатилгани ҳақида ёзган эди. Фермерлар «Агробанк»нинг йиллик 24 фоизлик кредити асосида, ҳар гектарига 3 тонна ҳисобида тарқатилаётган бу уруғнинг 70 фоизи яроқсиз эканлигидан шикоят қилган эдилар.

XS
SM
MD
LG