Линклар

Шошилинч хабар
30 сентябр 2020, Тошкент вақти: 10:14

Ургутликлар "жарима режа"сини бажаришга келган ИИБ ходимларини ҳайдаб юборди


Ғусликлар ИИБ ходимлари ўтирган машинани қуршовга олди.

2 август куни Самарқанд вилояти Ургут тумани Ғус қишлоғи аҳолиси кўчада турган автомобилларга жарима ëзаëтган ИИБ ходимларини қишлоқдан ҳайдаб юборди.

Озодликка бу ҳақда хабар берган ғусликларга кўра, ИИБ ходимларининг карантин даврида "жарима режаси"ни бажариш мақсадида қилаëтган ҳатти-ҳаракатлари норозиликка сабаб бўлган.

Ургут тумани ИИБсидан олинган маълумотга кўра, Ғусдаги воқеа бўйича суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Ғус қишлоғидаги воқеа гувоҳларидан бирининг Озодликка айтишича, ИИБ ходимлари билан қишлоқ аҳли ўртасидаги можаро 2 август куни соат 11 лар атрофида содир бўлган.

“Саккиз нафар ИИБ ходими иккита гражданский машинада келишди. Уларнинг ёнида эвакуатор ҳам бор эди. Улар ҳар куни келиб, одамларнинг кўчада турган машиналарини эвакуаторга юклаб олиб кетишяпти. Нимага машина кўчада турганини сўраб ҳам ўтиришмаяпти. Ҳатто бировнинг уйи олдида турган машинасини ҳам олиб кетган ҳолати бўлди. Кимдир аптекага келган бўлиши мумкин, унинг машинасини ҳам олиб кетяпти. Кейин одамлар фалонча пул тўлаб машиналарини олиб чиқяпти. Ҳар куни шу аҳвол. Шунга кеча одамларнинг жаҳли чиқиб, уларга қаршилик билдиришди”.

Воқеа гувоҳларидан яна бири Ғусдаги воқеа тафсилотларини сўзларкан, ИИБ ходимларига ёрдам кучи келганини ҳам айтди.

“Одамлар тўполон қилиб, бақириб-чақиргач, битта машинада Миллий гвардия ходимлари ва яна битта машинада ИИБ ходимлари етиб келди. Лекин одамлар бўш келмади, ҳеч кимни тарқата олишмади. Кейин уларнинг ўзи қочиб кетишди. Кеча уларни ҳайдаганимиз учун бугун ҳеч ким келмади. Бўлмаса ҳар куни ўнтача одамнинг машинасини олиб кетишаётганди”.

Озодликка воқеа жойидан йўлланган видеода ўнлаб одамнинг ИИБ машинаси ёнига тўпланиб, бақир-чақир қилаëтгани акс этган.

Тасвирларда ўнлаб одам қуршаб олган ИИБ машинасининг қаттиқ сигнал бераётгани¸ сўнгра машинанинг катта тезликда ҳайдаб кетилгани ҳамда одамларнинг хурсандчилик билан бақиргани эшитилади.

Ургутликлар норозилик сифатида ИИБ ходимларини қишлоқдан ҳайдаб юборди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:02 0:00

Ургут туман ИИБ ходимларидан бирининг отаси Озодлик билан суҳбатда ИИБ ходимларига карантин давомида “кунлик режа” берилгани боис қишлоқма-қишлоқ машина овлаб¸ “жарима қоғозлари”ни тўлдиришга мажбур бўлаëтганини билдирди.

“Хабарингиз бор, ҳозир Интернетда ҳам ИИБчиларга берилган “план”лар ҳақида ошкора аудиолар чиқиб кетди. Ургутда ҳам шу аҳвол. Ургутдаги ИИБ ходимлари кунлик “план”ни бажариш учун қишлоқларга чиқишга мажбур бўлишяпти. Агар улар “план”ни бажармаса, кечқурун раҳбарият қаттиқ гапиради. Шунинг учун уларни ҳам тушуниш керак. Ўғлим ярим кечаси итдай чарчаб келиб, овқатланмасдан ҳам ухлаб қолади”.

Ургут туман ИИБсининг Озодлик боғланган ходими, Ғусдаги воқеадан “раҳбариятнинг хабари борлиги, ҳозирда суриштирув ишлари олиб борилаётгани”ни айтиб, бошқа маълумот бера олмаслигини таъкидлади.

Кейинги пайтда ижтимоий тармоқларда ИИБ ходимларига “кунлик режа” берилишига оид бир қанча хабарлар тарқалди.

Жумладан, 26 июль куни Телеграм канали орқали Тошкентнинг Олмазор тумани ИИБ катта инспектори, подполковник Фаррух Холовнинг туман ходимларидан “план”ни тўлдириш учун ҳар куни 5тадан маъмурий баённома тузишга топшириқ бергани акс этган аудио тарқалди.

28 июль куни тарқалган бошқа бир аудиода эса ўзини ИИБ ходими деб таништирган шахс ҳам “план бажариш” талаб қилинишини айтган.

29 июль куни АОКАда ўтган брифингда Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов ички ишлар тизими “бундай номақбул иш услубидан аллақачон қутулган”ини иддао қилди.

“Ҳозирда ходимларимизга бундай талаблар қўйилмайди. Агар кимда бу ҳақда маълумот бўлса, 11-02 ишонч телефонига қўнғироқ қилишини сўраймиз. Биз ижрочига ҳам, раҳбарига ҳам қатъий чора кўрамиз. Шахсингиз сир сақланиши кафолатланади”.

Шарҳларни кўринг (2)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG